Category Archives: Табиат дорихонаси

аччик шувок

АЧЧИҚ ШУВОҚНИНГ ИНСОН САЛОМАТЛИГИДАГИ АҲАМИЯТИ

Танти табиат биздан неъматларини дариғ тутмайди. Боғларда ғарқ пишган мевалардан тортиб полизларда палак отиб ётган қовун-тарвузлар табиатнинг бизга инъоми десак муболаға бўлмайди. Табиатда ёввойи ҳолда ўсадиган шундай ўсимликлар ҳам борки,  қадимдан инсоният саломатлиги йўлида хизмат қилиб келмоқда…

Ҳозирга кунда фан-техника жадал ривожланиб бормоқда. Шу билан бирга, турли жабҳаларда ютуқлар кўзга ташланмоқда. Айниқса, тиббиёт соҳасида эришилаётган натижаларни кўриб тасанно айтмай иложингиз йўқ. Тарихга назар ташласак, ибтидоий одамлар орасида ҳам ўз даврининг зукко табиблари бўлганлигига гувоҳ бўламиз, яъни улар орасида касаллик борасида ҳаёт тажрибаси кўпроғи бошқаларига йўл-йўриқ кўрсатган. Кейинчалик, вақт ўтиши билан ўсимликларнинг дориворлик хусусияти аниқланиб, доривор гиёҳлар билан даволаш усуллари такомиллашиб борган. Ҳозирги кунда, айниқса, табиий ўсимликлардан тайёрланган дори воситаларига эҳтиёж кундан-кунга ортиб бораётгани боис, фармацевтика соҳасини ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилмоқда.

Биз қуйида табиий гиёҳлардан бири – аччиқ шувоқ (эрмон) нинг баъзи фойдали хусусиятлари ҳақида маълумот бермоқчимиз. Аччиқ шувоқ кўп йиллик, бўйи 50–100 см га етадиган ўт ўсимлик саналади. Аччик шувоқ ўсимлигининг препаратлари иштаҳа очадиган ва овқат ҳазм қилишга ёрдам берувчи дори сифатида ҳамда жигар, ўт пуфаги ва гастрит касалликларида ишлатилади. Ўсимликданолинганхамазуленбронхиал астма, ревматизм, экзема касалликларива рентген нури таъсирида куйган ерларни даволашда қўлланилади.

Ўсимликдандамлама, настойка вақуюқ экстракт тайёрланади. Ўсимлик иштаҳа очувчи ва ўт ҳайдовчи йиғмалар, яъни чойлар, меъда касалликларида ишлатиладиган таблеткалар ва аччиқ настойка таркибига киради.

Мазкур шифобахш ўсимлик безарарлиги, самарали таъсир кўрсатиши ҳамда арзонлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Шу боис, дунё бозорида аччиқ шувоққа бўлган талаб ортиб бормоқда.

Мехрож ОЧИЛОВ тайёрлади

 

 

 

 

gilos

ГИЛОС – БУЙРАК ВА ЖИГАР ФАОЛИЯТИНИ ЯХШИЛАЙДИ

Гилос Ўзбекистонда энг кўп тарқалган мевалардан биридир. Июнь ойининг охири июль ойларида пишиб, дастурхоннинг кўркига айланади. Бундан 8 минг йиллар муқаддам ҳам инсониятга мўъжизавий кучини ато этиб келган гилос меваларида кўп миқдордаги фойдали моддалар, витамин ва минераллар мавжуд. Гилос меваси ўзининг витаминларга бойлиги билан ҳам ажралиб туради. Вужудимизда кечувчи моддалар алмашинуви жараёнида муҳим аҳамиятга эга бўлган кальций, темир, магний, фосфор, калий, натрий  минералларига ҳам бой ҳисобланади. Шу билан бирга, гилос мевалари органик кислоталар, сахароза (фруктоза, глюкоза), РР ва В6 витаминлари, йод, фтор, хром, кремний, никель, рух, марганец сингари микроэлемент­лар, пектинлар, флавоноидлар гуруҳига мансуб антоцианларни ўзида сақлаб, саломатлигимизни  мустаҳкамлашда кўмаклашади. Гилос мевасидан табобатда кўпгина касалликларнинг олдини олиш ва даволаш мақсадида фойдаланилади. Жумладан:

Гилос буйрак ва жигар фаолиятини яхшилаб, қон айланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Гипертония билан оғриган беморлар учун фаол бирикмаларга бой бўлган тўқ қизил гилоснинг энг фойдали миқдори кунига 250-300 граммни ташкил этади.

Артрит, ревматизм ва подаграда оғриқларни камайтириш учун янги узилган ширин гилос мевасининг 15 донаси ёки қуюқ гилос шарбати  ош қошиқ ёхуд бу меванинг компоти қайнатмасини  кунига уч маҳал истеъмол қилиш тавсия этилади. Ушбу қайнатма қуйидагича тайёрланади: 1 литр сув қайнагандан сўнг унга унча тўла бўлмаган бир ҳовуч мева солинади ва паст оловда 7 дақиқа қайнатилади. Сўнгра оловдан олиниб, оғзи бекитилган ҳолда 20 дақиқа дам берилади. Қайнатмадан бир кунда камида 0,5 литр истеъмол қилиш лозим.

Ичак ворсинкалари фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Шунинг учун гилос мевалари ичаклар атония­си (ичак фаолияти сусайиши), колит (қабзият) ва бошқа ички хасталикларда даво сифатида қўлланилади. Гилос шарбати ва қайнатмаси овқат ҳазм қилиши тизими фаолиятини яхшилайди. Унинг мевалари таркибида кам миқдорда органик кислоталар мавжудлиги сабабли уни истеъмол қилиш меъда шиллиқ қаватининг ялиғланиши (гастрит) билан оғриган беморларда кислота миқдорининг ортишини келтириб чиқармайди.

Шунингдек гилос меваларида темир ва витаминлар кўплиги боис кам­қонликда истеъмол қилиш тавсия этилади.

Гилос қайнатмаси ёки компоти иситма туширувчи, шамоллашда қувват бағишловчи восита сифатида ичилади.

Амаль МУҲАММАДИЕВА тайёрлади

лавр

Дафна дарахти ёхуд хуштаъм лавр

Қадимги Юнонистонда  дафна дарахти муқаддас ҳисобланиб, маҳаллий халқ уни афсонавий қаҳрамон Аполлон дарахти деб ҳисоблаган. Афсонага кўра Аполлон пари Дафнага кўнгил қўяди ва уни доимо таъқиб этади. Шунда Дафна қудратли Зевсга илтижо қилиб, уни дарахтга айлантириб қўйишни сўрайди. Шундан сўнг Аполлон Дафна дарахтининг баргларидан гулчамбар қилиб, ўзининг етиша олмаган севгисининг рамзи сифатида, фақатгина жангда ғолиб чиққандагина тақади. Шу сабабли қадимги шох ва саркардалар ғалаба қозонишганда албатта бошларига  дафна дарахти япроқларидан қилинган гулчамбар тақишган.  

      Дафна ёхуд лавр дарахти буйи -18 метргача борадиган доимо яшил дарахт. Пўстлоғи қўнғир, силлиқ, шохлари қалин, барглари калта бандли ўзига  яраша ҳиди бор. Асосан Грузияда, Краснодар ўлкасида, Қримда, Озарбайжонда, Ўртаер денгизи бўйидаги далатлар ҳудудида ўсади. Март охиридан май охиригача гуллайди.

Кимёвий таркиби: баргларида кўп миқдорда эфир мойлари бор. Меваларидан эфир мойи, мелисс спирти, лауран топилган.

Таъсири ва ишлатилиши:

Халқ табобатида сурункали холециститда, ўт касаллигида, жигар фаолиятини яхшилашда, юқори нафас йўллари шамоллашида қўлланилади. Ибн Сино маълумотларига караганда , дафна фалажларга, жигар, талоқ, бўғим ва бош оғриқларида, қулоқ шанғиллашига   яхши  даводир. Сурункали холецистит ва  ўт-тош касаллигида дафна мойи  10-15 томчидан ичилади.   Кавказда дафна барглари ревматизм, фалажлар, суяк чиқиқлари,йутал, қўтирли яраларни даволашда фойдаланилади. Қуруқ баргларини кунгабоқар мойига қориштириб, артритларда, миозитда  ва невритда баданга суртилади.

Тиббиётда  дафна барглари  микробларга, шамоллаш ва яраларга қарши ишлатилади. Иммунитетни тез кўтаради.

Тайерлаш ва ишлатилиш усуллари:

-Дафна баргларининг 20-25 донасини термосга солиб, устидан қайноқ сув солиб, эрталабгача қолдирамиз. Димламани сузиб олиб 3 кун давомида оз-оздан ичилади. У танани хар хил тузлардан тозалайди. Лекин бу димлама хомиладорликда ва эмизиш даврида мумкин эмас.

- 1-2 қошиқ майдаланган лавр барглари 200 грамм сув билан 5-10 дақиқа кайнатилади ва 2-3 қошиқдан 3 маҳал ичилади. У шамоллашда, ич кетишда, организмда қанд миқдорини камайтиришда фойда.

- 20-30 дона янчилган лавр барглари 400 мл. сув билан 15 дақиқа  қайнатилади. Сузиб олиниб овқатдан олдин  бир қошиқдан кунига 3 маҳал ичилади. У атеросклерознинг олдини олишда жуда фойдали.

Сарвиноз ХОШИМОВА тайёрлади

ялпиз

ЎСИМЛИКЛАР САРАСИ ЯЛПИЗ

Ялпиз лабгулдошлар оиласига мансуб, кўп йиллик майса ўсимлик бўлиб, бу кўп йиллик ўт ўсимлик бўлиб, узунлиги 60-80 см ни ташкил этади. Майда гулли, барглари оқ- яшил, тўқ бинафша хамда қора ранг баргли бўлади. Ёз ойининг иккинчи ярмида июль-август ойларида гуллайди. Ялпиз ўсимлигининг пояси ва барги таркибида глюкоза, эфир мойлари, флавоноидлар, эфир мойи, фитонцид, витамин С ва Р, каротин ва минерал тузларни тутади. Қадимда юнонлар ва яҳудийлар ундан дил қулфини очадиган хушбўй атир тайёрлашган. Меъда-ичак, сийдик йўли хасталиклари, йўтал ва бош оғриғини даволашда ҳамда ҳашарот ва илон чаққанда ҳам ялпизнинг фойдаси кўп. Римликлар эса, асал аралашган ялпиз мусаллас ичилгандан сўнг нафас йўлини тозалашини кашф этишган. Ялпиз чойга ёки таомларга қўшиб истеъмол қилинса, танани бироз қиздиради, қон айланишини яхшилайди, хасталикдан тузалаётганда қувватни оширади.

Ялпиз ўсимлигининг бунчалик дориворлик хусусиятлари унинг таркибидаги хаётбахш омиллар таъсиридандир. Унинг таркибида ментол, ментон, пинен, фландрен, цениол, каротин, бетаин, рамноза, глюкоза ва бошва бир қанча органик моддалар мавжуд. Ялпиз таркибидан ажратиб олинувчи мойлар дорихоналарда мавжуд бўлган анестазол, энатин, зелинин томчиси, валидол, карвалол каби препаратлар  таркибига кириб, бу перепаратлар юрак тож томирларининг хамда юрак мушакларининг хасталиклари билан боғлиқ касалликларини даволашда қўланилади.

Ялпиз мойи хушбўй, терини мустаҳкамлаш хусусиятига эга. Шунинг учун ваннага солинади. Бош айланиш ва ҳушдан кетиш ҳолатида ҳидланади. Артрит ва бўғимлар подаграсида ялпизнинг янги узилган барглари оғриган жойга эзиб боғланади. Ялпиз таркибидаги эфир мойлари, айниқса, камфора ва ментол мойи аъзоларни совуқ урганда, бирор жой тилинган ёки чақа бўлганда газак олиб йиринглашдан сақловчи яхши антисептикдир. Шунингдек, бу мойни нафас йўллари хасталикларида ҳидлаш ва томоқ оғриғини қолдириш учун оғиз чайиш фойда беради. Ялпиз мойи тиш оғриғини қолдиради, бир томчиси қулоқ оғриғига даво.

Ялпиздан тайёрланган дамлама истеъмол этилса, кўнгил ва меъда айнишига хотима бериб, юрак хапқиришига таскинлик беради. Аниқ манбаларга қараганда, бундай муолажа ўт хайдаш хусусиятига эга бўлиб, жигарга ором беради. Ялпизли дамлама қизилчада ижобий натижа бериши билан бирга, гижжа хайдовчи омил сифатида хам ном қозонган.

Қуритилган ялпиз баргини чойга қўшиб ёки дамлаб ичилса, турли меъда-ичак бузилишларида ёрдам беради. Ялпизнинг озишда ҳам нафи кўп. Масалан, қишдан сўнг икки-уч кило озаман десангиз, ҳар икки соатда янги узилган ялпиз баргини ҳидланг. Бу таомдан 23 фоиз кам калория олишга ёрдам беради. Агар янги ялпиз топилмаса, қалампир ялпиз мойидан ҳидлаш кифоя.

Бош оғриганда қора ёки кўк чойни яхшилаб дамлаб, бир чимдим ялпиз қўшинг ва икки пиёлани ичинг. Орадан 20 дақиқа ўтиб бош оғриғини унутасиз. Шамолламаслик учун ҳам ялпизли чой ичиб юринг. Бундай чой руҳий безовталикни, асабийликни даф этади, уйқуни яхшилайди. Дераза токчада гултувакда ялпиз ўстирсангиз шамоллашдан қутуласиз, ўзингизни бардам сезасиз. Бир стакан қайноқ сувга бир ош қошиқ қуритилган ялпиз солиб, ўн дақиқа дамлаб ичган маъқул.

Уч-тўрт кун оқшомлари беш ош қошиқ қуруқ ялпизни дока халтачага солиб, устидан иссиқ сув оқизган ҳолда ванна олиб чўмилсангиз чарчоқ кетади, тетиклашасиз, тери тоза бўлади.

Сарвиноз Хошимова

тут

ТУТ-КАМҚОНЛИКНИНГ ДАЪВОСИ

Тут дарахти Марказий Осиёга Хитойдан тахминан эрамиздан аввал 2-3 минг йилларда келтирилган. Унинг танасидан ясалган бешикларда не-не алломалар катта бўлмаган дейсиз. Чунки дарахт ёғочига қурт тушмаслиги сабабли азиз фарзанднинг ётоғи айнан тутдан ясалган. Бундан ташқари, қадимдан тут дарахтидан мусиқа чолғу асбоблари, ёзув қоғози ишлаб чиқарилади. Барглари ипак қурти учун озуқа бўлишдан ташқари, чангни ушлаб қолувчи, карбонат ангидридни ютиб, кислород ишлаб  чиқарувчи табиий восита. Мевасини таърифлашга эса тил ожиз.

тут

Дунёда тутнинг жами 16 хил тури бор. У нафақат бизнинг ўлкада, балки Россия, Озарбайжон, Осиё қитъаси, Арманистон, Болгария, Африкада ўсади. Тут дарахтини ҳеч иккиланмай узоқ умр кўрувчилар сирасига киритиш мумкин. Чунки тут ўртача ҳисобда 200 ёшгача умр кўриши мумкин. Украинада ўсадиган тут дарахти яқинда 500 йилини нишонлади, деган хабарлар ҳам бор. Бизлар учун бу янгилик эмас. Негаки юртимизда минг йиллик тут дарахтлари ҳам топилади.

Бу мевали дарахтнинг, асосан, икки хил тури истеъмолга яроқли ҳисобланади. Бу оқ тут ва шотут (қора тут). Оқ тутнинг ватани Хитой, шотутнинг эса афсонавий Шом давлати — Эрон ва Афғонистон ҳисобланади.

Тут апрель ойида гуллайди. Гуллари майда кўримсиз.    Барглари тухумсимон ёки буйраксимон шаклли бўлади. Меваси май-июнь ойларида етилади. Тут тўлиқ етилган, сершира, янги узилган ҳолда ёки қуритилган (тут майизи) ҳолида истеъмол қилинади. Яна тутдан турли хилдаги пишириқлар, мураббо ва мармеладлар, қиём, шинни тайёрланади. Айрим халқларда эса мевадан шираси сиқиб олиниб, қолгани қуритилиб, қаҳва сингари дамлаб ичишади.

тут1

Тут меваси серсув, унинг таркибида 82,9-86,2 фоизгача сув бор. Бундан ташқари, у сершира мева — 10,9-12,7 фоизгача қанд миқдорини сақлайди. Тутни қуритиб, истеъмол қилсангиз, шираси янада кўпаяди. Тут   майизда қанд миқдори 73,29-83,71 фоизни ташкил этади. Бундан ташқари, тут В, С, E, К, ПП витаминларига бой. Шунга кўра, уни дармонсиз, тез-тез шамоллайдиган одамлар кўпроқ еб туришлари керак. Минерал моддалардан эса калий, натрий, рух, селен, мис, фосфор, кальций, магний, темирга бой, уруғи 24-33 фоизгача ёғ ва бошқа ошловчи моддалар сақлайди.Таркибида кўп миқдорда фосфор сақлагани боис, тут ақлий фаолият билан шуғулланадиган кишилар учун кони фойда саналади. Айниқса, ўқитувчилар, талабалар, ҳисобчи ва офис ходимлари учун баҳор-ёз мавсумида сархил тут мевасини ҳар куни бир ҳовучдан истеъмол қилиб туриш айни муддао. Ҳомиладор аёллар учун ҳам тут меваси ҳомиланинг яхши ривожланиши учун керакли дармондорилар манбаи ҳисобланади.

Тут меваси иммун тизимни кучайтириб, организмни юқумли касалликларга қарши ҳимоя тизимини мустаҳкамлайди, терига барвақт ажин тушишидан сақлайди, кўриш қобилиятини ошириб, кўз тўрпардасининг зарарланиши каби касалликлардан асрайди.

Халқ табобатида тут қадимдан турли касалликларни даволашда қўлланилиб келинади.

куритилган

Янги йиғилган тут меваси ёки унинг шираси билан халқ табобатида оғиз ярасини самарали даволашган. Бунинг учун мевани қайнатиб, оғиз бўшлиғи чайилган. Тут шираси қонни тозалаш, қонни кўпайтириш мақсадида ҳам кенг қўлланган. Баргининг қайнатмаси эса ангина ва бошқа шамоллаш касалликларида иситмани туширувчи, чанқоқни қолдирувчи восита сифатида қўлланилган.

Тут дарахти пўстлоғи майда туйилиб, кунжут ёғи билан аралаштирилиб, турли хилдаги оғир яралар даволанилади. Дарахт пўстлоғининг қайнатмасида эса шамоллаш ва ўпка касалликларида балғам кўчирувчи восита сифатида қўлланилади.

Шелковица

Илдизининг пўстлоғидан тайёрланган қайнатма эса қуруқ, изтиробли йўтал, бронхит, бронхиал астма (нафас қисиши), қон босимининг кўтарилиши (хафақон, гипертония) касалликларини даволашда қўл келади. Негаки тут дарахтининг илдизи ва пўстлоғида қон томирларини  тозаловчи, қон айланишини меъёрига келтирувчи махсус моддалар мавжуд.  Бундан   ташқари, илдизининг қайнатмаси гижжани ҳайдашда ҳам энг осон даво ҳисобланади. Чилонжийда билан тут мевасидан тайёрланган қайнатма эса бўғма (дифтерия), қизилча (скарлатина) каби касалликларга даво бўлади.

Абу Али ибн Сино ҳам тутдан шифобахш восита сифатида фойдаланган. Ширин тут иссиқ, нордон шотут эса совуқликдир. Тутнинг ширасида, айниқса, унинг мис идишга солиб қайнатилганида, буриштириш хусусияти кучаяди. Шу билан бирга у кучли ва ёмон хилтларнинг аъзоларга оқишини тўхтатади. Бу, айниқса, хом тутга хос бўлади.

Зийнати: агар тут, ток ва қора анжирнинг баргларини ёмғир сувида қайнатиб ишлатилса, сочниқорайтиради. Оқ тут барги томоқ оғриғи, янги узилган барг шираси тиш оғриғига, тут меваси ва унинг шираси оғиз ва томоқдаги шишларга даво бўлади. Тузлаб қуритилган тут эса ичбуруғкасаллигини даволайди. Буйрак, юрак-қон томир касалликларини даволашда эса тут меваси танани ортиқча суюқликдан тозаловчи, сийдик ҳайдовчи воситадир.

Тут мевасини қуритиб, ундан дамлама, компот тайёрлаб ичилса, дармонсизликни даволайди, озишга ёрдам беради, организмни тозалайди. Қишда тут дарахтининг куртагини олиб, тозалаб, дамламасини юракни қувватлаш учун ичиб юрилади. Тут дарахти гуллари ўсимлик ёғи билан аралаштирилиб, қоронғи жойда тиндирилса, теридаги майда ҳуснбузар, доғлар ва сепкилни даволаш учун ажойиб крем ҳосил бўлади. Танадаги эски яра ва шикастланган жойларни даволашда тут барги ва шохчасини майдалаб, ўсимлик ёғи билан аралаштириб суртилса, яралар тез битади, терида ўрни қолмайди.

ок тутОқ тут қалқонсимон без касалликларида кони фойда. Бунинг учун ҳар куни эрталаб соат 9 ларда 3 донагача тут мевасини истеъмол қилиш керак. Сабаби бу вақтда қалқонсимон без жуда фаол бўлиб, дармондорилар таъсирида ўзидан янада кўпроқ йод ишлаб чиқаради. Шотут организмдаги гормонал бузилишни тўғрилаб, жинсий майлни оширади, аёлларнинг яллиғланиш касалликларини даволашда қўл келади. Шунга кўра, у асал билан аралаштириб ейилса, эркаклар саломатлигини тиклайди. Оқ тут таркибида табиий антибиотик — ресвератол топилган. Бу эса унинг кўпгина сурункали касалликларни даволашга ёрдам беришини билдиради. Аёлларда кузатиладиган климакс ҳолатида кўп терлаш, қизиш каби нохуш аломатларни йўқотишда, юрак соҳасидаги оғриқларда кўпроқ шотут ейиш буюрилади.

Анъанавий тиббиётда оқ тут мевасидан камқонлик,  ошқозон-ичак хасталиклари,    гастрит касалликларини даволашда фойдаланилади. Барги ва янги очилган куртаги организмда моддалар алмашинуви бузилганида яхши ёрдам беради. Шифокорлар тутни ўт йўллари дискинезиясида, организмда кечаётган яллиғланиш жараёнларини даволашда буюришади.

Н.ҚОСИМОВА

ЗИЙНАТЛИНИ ЗАҲРИ БОР

oleander-2

Олеандр (Нeриум oлeaндр) — толгул ёки санбитгул деб номланадиган кедрдошларга мансуб бўлган ўсимлик. Бу тик ўсадиган, барглари одатда учтадан ҳалқа бўлиб жойлашган, гуллари йирик, пушти, қизил, оқ, сарғиш доим яшнаб кўм-кўк кўкариб турадиган доимий яшил бутадир. У табиий ҳолда ўрта ер денгиз бўйларида  (Европа, Осиё, Африка) ва Эронда ўсади. Толгул авлоди 3та турдан иборат. Шулардан: толгул (Нeриум oлeaндр) бизда уй шароитида ўстириш учун маданийлаштирилган декаратив, манзарали ўсимликлар қаторида экилади. Шохчалари кичкина, баъзан бу ўсимлик ён тарафларга тарвақайлаб ўсиши, думалоқ кўринишга эга бўлиши учун узун новдасининг учларидан кесиб, бутаб турилади. Толгулнинг бўйи 2 метрдан ортади. У кўркам, чиройли, йирик, пушти ранг гули ва наштарсимон қалин, яшил барглари билан гулчиликда ғоят қадрланади. Ёзда ёруғлик ва иссиқликни кўп талаб қилади. Шунинг учун толгулни жанубга қараган дераза токчасига қўйиш мумкин. Гуллари ўзига хос ҳидга эга. Рангги оқ, пушти, қизил, камдан– кам ҳолларда сариқ бўлади. Толгул йирик ўсимлик бўлгани учун уларни катта тувакларга эккан маъқул. Бу ўсимликнинг тупроғини ҳар йили янгилаш шарт эмас. Фақат баҳор ва ёз ойларида толгулни минералларга бой яхши чиритилган маҳаллий ўғит ва азотли, калийли, фосфорли ўғитлар билан озиқлантириш керак. Маҳаллий ўғитлар берилганда гулнинг ости секин юмшатилиниши лозим.

Толгул доривор ўсимликлар қаторидан ҳам салмоқли ўрин олган. Қора денгиз бўйларида ўстириладиган толгулдан юрак фаолиятининг ишини яхшилайдиган учта модда гликогия олеандрин, адинерин ва нерин ажратиб олинган. Бизнинг тиббиётда толгулдан олинадиган “нериолин” ва “корнеерин”лардан юрак ва  қон томирлари ишини яхшилайдиган дорилар тайёрланади. Ўтмишда толгулнинг заҳарли хусусиятидан хабардор бўлган ерли халқлар ундан ҳайвонларни ўлдирадиган заҳарлар тайёрлашган. Уни ёй ўқининг учига суртиб ўлжаларини нишонга олганлар. Толгул баргларини истеъмол қилган ҳайвонлар, тил тортмай ўлганлиги ҳақида кўпгина маълумотлар бор. Бу ўсимликнинг ҳамма қисмидан чиқадиган шарбати ( суви ёки шираси) заҳарли. Шунинг учун унинг пўстлоғидан тайёрланган дамлама каламуш ва сичқонларни камайтириш учун ишлатилган. Толгул заҳари асал орқали ҳам, кишиларга салбий таъсир қилиши (ўлдириши) ҳамда ундан строфантинга ўхшаш заҳарли модда борлиги аниқланган. Толгулдан ясалган ёғоч сихда пиширилган кабобни истеъмол қилган ўн икки француз офицеридан саккизтаси орадан кўп  вақт ўтмасдан ҳалок  бўлганлиги ҳам рост.

Толгулнинг заҳри унинг барг ва гулларидаги гликозитнинг миқдорига боғлиқ. Шунинг учун унга ишлов бераётганда ўта эҳтиёткор бўлиш талаб қилинади. Айниқса, сувининг кўзга сачрашидан сақланиш керак. Толгулни кўпайтириш жуда осон. Шохларининг юқори қисмидан кесиб олинган баргли қаламчалари сувга солиб қўйилади ёки қаламча илдиз отгунча нам қумга экиб қўйилиши мумкин. Қаламчалар илдиз отгач, махсус тувакларга ўтқазилади. Кишилар учун толгулнинг шираси, хавфлилигини инобатга олиб, боғбонлар ва ҳаваскор гулчилар буни асло эсларидан чиқармасликлари зарур. Ўсимликнинг новдаларини кесгандан сўнг қўлларини ва ишлатган асбобларини дарҳол совун билан тозалаб ювишлари лозим. Толгул билан заҳарланган кишининг қорин соҳаси қаттиқ оғрийди, кўнгли айниб, қайт қилади, ичи кетади, боши айланиб, томирларининг уриши секинлашади. Шунингдек, терида моматалоқ юз бера бошлайди. Нафас олиш қийинлашади ва юрак ишдан чиқиб, кишини ўлишига олиб келади. Унинг чиройли очилган гулларининг ҳиди, киши асабига салбий таъсир қилади ҳамда бошни айлантириб, қаттиқ оғриқни пайдо қилади. Толгул бор жойда унинг шохларини синдиришга гул ва баргларини узмаслик керак. Акс ҳолда гул туваклари остига  огоҳлантирувчи ёзувлар ёзиб қўйиш мумкин. Уни мактабгача таълим муассасаларида, мактаб интернетларида ҳамда ёш болали оилаларда сақлаш анча хатарли. Бироқ коллеж, лицей, олий ўқув юртларида ва бошқа ташкилотларда бемалол бу гулни кўпайтириш мумкин.

Р.РАХМОНОВ, БухДУнинг биология ўқитувчиси,

Н.ОЧИЛОВА, биология таълим йўналиши ИИ босқич талабаси

 

Шифобахш лимон

лимонИлмий – тадқиқотлар ва илғор хўжаликлар тажрибаси шуни кўрсатдики, суғориладиган ҳудудда лимонинг “Мейер”нави сифатли, мўл ва мунтазам ҳосил олиш имконини беради. Бу нав бўйи нисбатан кичиклиги ва эрта ҳосил бера олиши билан бошқа навларидан ажралиб туради. Кўчат экилгач, 2 йилдан сўнг ҳосилга киради. Маҳаллий шароитга кўпроқ мослашган, бироқ совуққа чидамли бўлмаганлиги боис мамлакатимизда асосан иссиқхоналарда етиштирилмоқда. Яхши парвариш қилинганда ҳар тупидан 400-500 тагача лимон мевасини олиш мумкин. Лимон ўсимлигини ўсиши ва ривожланиши учун тупроқ шароити муҳим аҳамиятга эга. Сизот сувлари яқин ерларда ва таркиби соз тупроқларда ўса олмайди. Зичлиги ўртача, сув ва ҳаво ўтказувчанглиги яхши тупроқларда тез улғаяди.

Лимон мевасининг юмшоқ қисмида органик кислаталар, витамин А, В, С, Д, фитоницидлар, натрий, магний, калий, калъций, фосфор, темир каби унсурлар мавжуд. Лимон авитаминоз ва атеросклерозни олдини олишда бебаҳо неъмат. Ужароҳатларнинг битишини тезлаштиради. Шарқнинг машҳур табиби Абу Али ибн Сино ҳомиладор аёлларда токсикозни бартараф этиш учун лимон мевасидан кенг фойдаланган. Унинг шарбати гриппни олдини олишга яхшигина ёрдам беради.Чунки меваси таркибида витамин С кўп бўлиб, иммунитетни яхшилайди. Грипп тарқалган пайтда лимон ва унинг шарбатини овқатга қўшиб истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Лимон шарбати ошқозон тизимини “уйғотиб” таомларни қабул қилишга тайёрлайди. Бор йўғи бир стакан лимонли илиқ сув кун давомида  озиқ моддаларнинг сўрилишини сезиларли даражада яхшилаш мумкин. Лимон кислотаси меъда ширасининг секрециясининг оширади, шунингдек, моддалар алмашинувини яхшилайди.   Мутахассисларнинг таъкидлашларича, озиш ниятида парҳез қилувчиларга ҳам олма истеъмоли тавсия этилади. Аммо бу вазифани лимон ҳам бажаради. Унинг шарбатида пектин моддаси бўлиб, у тўқлик хиссини оширади ва иштаҳанинг йўқолишига олиб келади. Пўстлоғида цитрусли флавоноидлар мавжуд бўлгани учун мева кўплаб ферментлар фаоллигини ўзгартиришга қодир ва антибактериал таъсирга эга. Жисмдан зарарли токсинларни чиқариб юборади ва шунингдек, терининг ҳимоя қатламини, иммун тизимини рағбатлантиради. Дарвоқе, шамоллаганда ва дармон қуриганда юқумли касалликларда малҳам бўлувчи бу ажойиб меванинг қон босимини пасайтирувчи хусусияти бор, қандли диабет касаллигини даволашда ҳам дармон сифатида ишлатиш мумкин.

Хафиза Мамадалиева

Фарғона вилоят табиатни муҳофаза

қилиш қўмитаси инспектори

ОЛМАНИНГ ШИФОБАХШ ХУСУСИЯТЛАРИ

олма

Табиат — шифо манбаи. Унинг неъматларидаги мужассам ноёб хусусиятлар инсонни оғир касалликлардан ҳам халос этишга қодир. Манбаларда келтирилишича, дунёда биргина олманинг  7 мингга яқин нави мавжуд. Бизнинг ватанимизда эса унинг юздан зиёд тури парвариш қилинади.

Олма меваси С, В1, В2, Р, Е витаминларига, марганец, калий минераллари ва темир моддасига бой. Шифокорлар калийнинг қон босимини меёрлаштириши, тиш эмали ва суяк тўқмаларини мустаҳкамлаши туфайли олма истеъмоли организм учун фойдали эканлигини таъкидлашади. Олма таркибидаги пектин моддаси орнинизмдан ортиқча холистерин чиқиб кетишига кўмаклашади. Қолаверса, пектин моддаси сахир касаллиги пайдо бўлиши хавфини камайтиради. Шунингдек, олма таркибидаги пектин юз териси рангини тиниқлаштиришда муҳим роль ўйнайди.

Кўпчилик олманинг пўстини арчиб, кейин истеъмол қилишга одатланган. Бироқ тадқиқотчилар бунинг аксини тавсия қилишмоқда. Сабаби, олма пўстлоғида қонни ортиқча холестериндан тозаловчи элементлар мавжуд экан. Тажрибаларда унинг пўстида саратон ҳужайралари ўсишини секинлаштирувчи оксидантлар мавжудлиги ҳам аниқланди.

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, мияга ўрнашиб, доим кайфиятни хира қилиб турадиган воқеа-ҳодисаларни унутиш учун хушбўй олмани ҳидлаш ва тўйиб-тўйиб истеъмол қилиш кифоя. Олма кишининг иш қобилятини оширади.

Ошқозон-ичак хасталикларида, йўғон ичакнинг сурункали ва ўткир яллиғланишида, дизентерияда олма ёрдамга келади. Бундан ташқари, озиш ниятида парҳез қилувчиларга ҳам олма истеъмоли тавсия этилади.

Биританиялик олимларнинг фикрига кўра, киши кунига 3 дона олма истеъмол қилса, исталган ёшда хотираси мустаҳкам бўлиб, кексалик билан боғлиқ паришонхотирликнинг олди олинар экан.

Юрак-қон томир хасталикларидан азият чекувчилар учун олма фойдали, -деб ёзади фан доктори Е. Маланкина. – Гипертониянинг оғирлашмаган турларини бирор қўшимча дори-дармонларсиз олманинг ўзи билан даволаш мумкин. Дастурхон мевалари орасида олма муайан нисбатларда бўлиши артериал босимни туширибгина қолмай, юрак фаолияти билан боғлиқ шишларни бартараф этади. Британиялик ва италиялик шифокорлар қондаги холестеринни камайтириш ҳамда инфаркт ва инсултнинг олдини олиш учун олмани мунтазам равишда танавул қилишни тавсия этишади. Бироқ ойига биттагина олма ейишнинг ўзи билан иш битмайди, олмани мунтазам истеъмол этиб туриш лозим.

Айни паллада олма бозорларимиз расталарини безаб турибди. Ўзи ва яқинларининг соғлиғига беэътибор бўлмаган кишиларга маслаҳатимиз олманинг шифобахш хусусиятидан баҳраманд бўлинг!

Хафиза Мамадалиева,

Фарғона валоят табиатни

муҳофаза қилиш қўмитаси

инспектори

ОНА ТАБИАТ – ШИФО МАНБАИ

20130122113905

Серқуёш заминимиз шифобахш ўсимликларга бой. Ота-боболаримиз турли касалликларни даволашда улардан унумли фойдаланган. Бугун ҳам пойтахтимизнинг қайси бир дорихонасига кирманг “фитобар” бурчаги ташкил этилганлигининг гувоҳи бўласиз. Бундай доривор гиёҳлардан фойдаланиш барча оилавий поликлиникаларда ҳам йўлга қўйилган. 

image0037
Мутахассисларнинг таъкидлашича, табиий гиёҳлардан тайёрланган дамламалар иммунитетни кучайтиради, турли касалликларнинг асоратларини йўқотади, соғлиқни тез тиклашга ёрдам беради. Мисол учун, лимон ўт – нафас ва юрак-қон томир тизими, жигар фаолиятига ижобий таъсир этиб, овқат ҳазм бўлишини яхшилайди. Наъматакнинг 300 граммини 3 литр сувда 1 соат давомида қайнатиб, қайнатма қулоққа томизилса, қулоқ оғриғи ва шанғиллашини бартараф этади. Иммунитетнинг кўтарилишига яхши ёрдам беради.

shipovnik-poleznye-svojstva-ispolzovanie-v-narodnoj-medicine-i-protivopokazaniya-300x225
– Наъматак, ўрик шарбатининг бир нечта касалликларга даво бўлишини кўпчилик билади, – дейди олий тоифали шифокор Фотима Маҳмудова. – Ёки далачой ўсимлигининг хусусиятларига эътибор қаратсангиз, гиёҳларнинг фойдали жиҳатлари кўплигига амин бўласиз. Бу гиёҳ яра тўқималарини тез битирувчи таъсирга эга бўлиб, тиббиётда меъда-ичак, оғиз бўшлиғи касалликларида ҳамда иккинчи ва учинчи даражали куйишни даволашда ишлатилади. Демак, кундалик турмушда ҳам доимий равишда гиёҳли дамлама ва чойларни истеъмол қилиш соғлиқ учун фойдали.

hypericum
Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб, юртимизда маҳаллий флорага мансуб доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, ўрганиш ва уларни қайта ишлаш асосида табиий шифо воситалари тайёрлашни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Илм-фан муассасаларимизда табиий гиёҳларнинг дориворлик хусусиятларини ўрганиш, табиий ҳолда ўсадиган ушбу бойликлардан рационал фойдаланиш, доривор гиёҳлар етиштириш кўламини кенгайтириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Доривор ўсимликшунослик бўйича мутахассислар тайёрлаш мақсадида Тошкент давлат аграр университетининг ўрмон хўжалиги ва доривор ўсимликлар факультетида доривор ўсимликлар ва экология кафедраси фаолият кўрсатмоқда.
– Соғлиқни сақлаш муассасалари ва фармацевтика саноати корхоналари эҳтиёжини тўла-тўкис қондириш учун маданий ҳолда етиштирилган доривор ўсимликларнинг ўзига хос афзал жиҳатлари бор, – дейди Тошкент давлат аграр университетининг доривор ўсимликлар ва экология кафедраси мудири, доцент Эгамёр Аҳмедов. – Бунда фармацевтика саноати бир хил турдаги ва бир хил ёшдаги доривор ўсимликлар хомашёси билан таъминланади ва бу дори воситаларини тайёрлашда технологик жараёнларни осонлаштиради.
Юртимизда табобат амалиётида ишлатиладиган барча доривор ўсимликлар ҳам ўсмайди. Ана шундай ўсимликлар кўчати ва уруғларини хориждан келтириб, маданийлаштириш ва иқлимлаштириш чоралари кўрилмоқда. Маккаи сано, доривор валериана, мойчечак, қалампир ялпиз, тухумак, тирноқгул, қизил эхинация каби ўсимликлар уруғи иқлим шароитимизга мослаштирилиб, юқори сифатли ҳосил олинмоқда. Бундан ташқари, Филиппин ва Янги Гвинеяда кенг тарқалган тукли эрва, яъни “пол-пола”ни маданий ҳолда етиштириш йўлга қўйилди.

Айни пайтда, кафедрада соҳа бўйича назарий ва амалий билимларни пухта эгаллаб, замон талабига мос, ўз касбининг моҳир устаси бўлган мутахассис ёшлар тайёрланмоқда.

– Ўткир баргли сано етиштириш технологиясини ишлаб чиқиш борасида изланишлар олиб бораяпман, – дейди доривор ўсимликлар етиштириш технологияси йўналиши магистранти Руслан Муродов. – Сано табиий ҳолда Нил водийларида, Қизил денгиз соҳилларида ўсади. Ноёб доривор ўсимлик сифатида мамлакатимизда, Туркманистон, Озарбайжон, Ҳиндистон, Покистон каби давлатларда маданийлаштирилган. Унинг барг ва мевасидан узоқ давом этадиган қабзиятда ичиш учун дори ишлаб чиқарилади. Сано барглари секинлик билан ўт ҳайдаш хусусиятига эга бўлгани учун жигар ва ўт пуфагининг фаолияти бузилганда ичиш тавсия қилинади.
Тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино ҳақидаги ривоятларда буюк табибнинг гиёҳлар билан тиллашгани, табиатдаги барча ўт-ўланлар унга ўз сирларини очгани айтилади. Бу бежиз эмас. Зеро, ота-боболаримиз қадимдан турли хасталикларга давони табиатдан излаган, гиёҳларнинг шифобахш хусусиятлари, фойдали ва зарарли жиҳатларини ўрганиб, улардан кундалик ҳаётда унумли фойдаланган. Ўсимликлар биз учун ҳам озиқ, ҳам шифо манбаи. Фақат уларнинг хусусиятини пухта ўрганиш ва шунга кўра тўғри фойдаланиш кифоя.

Манба: uza.uz

 

ЧАКАНДА

oblepikha_3_600

Ботаник таърифи. Чаканда-жийдадошлар оиласига мансуб, бўйи 2-5м. гача борадиган кичик дарахт ёки бута. Одатда тўқайларда ўсади. Навдалари тангача ва туклар билан қопланган, тиканлари хам бўлади. Барглари навбатма-навбат жойлашган, калта бандли, узунлиги 6-8 см.гача боради. Гуллари бир жинсли, икки уйли, калта бандлари бўлади. Меваси майда, сариқ ва тўқ сариқ ёки қизғиш тусда бўладиган, сершира, хушбой данакли мева. Май ойида гуллаб, август-сентябрда мева тугади ва меваси келаси йил бахоргача ўсимликда тураверади. Бачки, пархиш ва уруғларидан кўпаяди. 

ГЕОГРАФИК ТАРҚАЛИШИ. Ўрта Осиёдаги хамма республикаларда, Қозоғистоннинг жанубий томонларида, шунинг-дек Кавказ, Тува, Олтой, Байкал орти ва бошқа жойларда учрайди. Қимматли сервитамин ва манзарали ўсимлик тариқасида, дарё сохиллари ва жар ёқаларини мустахкамлаш учун экилади.

 КИМЁВИЙ ТАРКИБИ. Асосан меваси ишлатилади. Мевасида 8%гача ёғли мой бўлади. Ёғли мой асосан Олеин, Стеарин, Лимон ва Палметин кислоталарининг триглицеридларидан иборат. Бундан ташқари мевасида изорамнетин – C16Н12О7, каротиноидлар аралашмаси (60мг% гача), витаминлар: C (450мг% гача), В1 (0.035мг% гача), В2 (0.056мг% гача), Е (145мг% гача), фолат кислота (0.79мг% гача), қанд моддаси (3.56%гача), 2.64%гача винокаменная кислота ҳамда ошловчи моддалар бор. Уруғларида 12.5%гача ёғли мой, 0.28мг%гача В1, 0.38мг%гача В2, 14мг%гача Е витаминлар ҳамда 0.3мг%гача каротин бўлади. Баргларида 370мг%гача аскорбин кислотаси, 8%гача ошловчи моддалар ва полифеноллар топилган. Пўстлоғида гиппофаин алкалоиди бўлади. Ҳозирги вақтда селекционер олимлар томонидан тикансиз, юқори махсулот берадиган навлар яратилмоқда.

ТАЪСИРИ ВА ИШЛАТИЛИШИ

 Чаканда ёғи ва шарбати поливитаминли махсулот хисобланиб, оғриқ қолдирадиган, цинга касаллигига даво бўладиган, яра-жароатларни битирадиган восита хисобланади.

 Чаканданинг ёш навдалари ва баргларидан олинадиган “гиппофаин” препарати хавфли ўсмаларнинг ўсишини секинлаштириши, қон босимини пасайтириши аниқланган. Чаканда мойи зарарланган тўқималар эт олиб, битишини тезлаштириши, яллиғланишга қарши ва оғриқсизлантирувчи таъсир кўрсатиши аниқланган.

 ТАЙЁРЛАШ ВА ИШЛАТИШ УСУЛЛАРИ

 Чаканда меваларини ювиб, компотлар, мурабболар таёрланади ва сервитамин махсулот сифатида истеъмол қилинади.

  1. Чаканда мойи ўн икки бармоқ ичакнинг яра касаллигида 1 чой қошидан 3-4 махал ичилади.

  2. Хавончада майдалаб янчилган 500 грамм чаканда меваларини 1 литрли шиша банкага ўтказилади, устига 300-400мл эфир ёғи ва гексан қуйиб, банкани оғзини ёпиб, 20°C дан паст ҳароратда, қоронғи жойда 5 кун сақланади. Сўнгра уч қаватли докадан ўтказиб, сузиб олинади, эритувчини хайдаб чаканда мойи олинади.

  Қ. Ғиёсов, ТошДАУ Олий математика, физика ва кимё кафедраси дотценти

 М. Шорасулова, Ўрмон хўжалиги ва доривор ўсимлилар факультети 1-26 гуруҳ талабаси