Category Archives: Муқаддас қадамжолар

жоме масжид

ЕТТИ ПИР ЗИЁРАТИ

 

накшбанд

Қадим Бухоро шаҳрига келган киши ушбу муқаддас заминда қўним топган етти буюк авлиё – пирлар қабрини зиёрат қилиши мақсадга мувофиқ. Неча замонлардан буён бу анъана давом этиб келмоқда. Бунинг учун Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний (Ғиждувон), Хожа Ориф Моҳитобон Рeвгарий (Шофиркон), Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий (Вобкент), Хожа Али Роминатий (Ромитан), Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий (Ромитан) ва Хожа Муҳаммад Баҳовуддин Нақшбандий (Когон) қабрлари жойлашган масканлар кетма-кетликда зиёрат қилинади.

Гиждувоний

Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний ҳазратлари 1103 йили Ғиждувонда туғилиб, 1179 йилда вафот этган. Хожагон тариқатининг асосчиси ҳазрат Абдуҳолиқ авлиёларнинг султони ва бошқа номлар билан шарафланган. Хизр алайҳиссалом, Юсуф Ҳамадоний, Имом Садриддин, Ниёз Хоразмидан таълим олган. Ғиждувонийнинг оталари ҳазрат Имом Абдулжамил асли румлик бўлиб, Имом Молик (713-795) авлодларидан. Манбаларда келтирилишича, Ғиждувоний ҳазрати Нақшбандийнинг иккинчи маънавий устози бўлиб, Хожагон тариқатига асос солган. Айни шу тариқат Нақшбандий томонидан такомиллаштирилиб, унинг номи билан Нақшбандия номи билан атала бошлаган. Барчамизга маълум “Даст бакор, дил баёр!”(“Қўлинг ишда, қалбинг Аллоҳда бўлсин!”) шиори ҳам биринчи марта Абдуҳолиқ Ғиждувоний томонидан айтилган.

Абдуҳолиқ Ғиждувонийнинг “Рисолаи Сохибия”, “Рисолаи тариқат”, “Васиятнома”, “Маслак ал орифин”, “Мақсад ас-соликин”, “Аз суфар Хожа Аҳмад Абдуҳалил Ғиждувоний”, “Мақомат Хожа Юсуф Хомадоний” каби асарларида илму одоб, инсон ва унинг жамиятдаги ўрни, дин ва дунёвий муносабатлар тўғрисида фикр юритилган.

Зиёратни ўз одоб-қоидалари бор. Улар ҳақида ҳар бир зиёратгоҳда махсус пешлавҳа тайёрланиб, ёзиб қўйилган. Баҳоли қудрат амал қилган ҳолда зиёратни якунлаб, иккинчи манзил – Шофиркон туманига йўл олдим. Ғиждувоний зиёратгоҳи ёнидан ўтган тўғри йўл билан кетилса, Шофиркон шаҳрига яқинроқ чиқилар экан. Йўл текис, икки чети қуюқ тутзор (ҳар йили шохлари кесиб олинадиган). 16-18 километрлар чамаси юрилганидан сўнг йўлнинг ўнг томонида яна бир зиёратгоҳ борлиги ҳақида кўрсаткич  чиқади.

самосий

Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий ҳазратлари улуғ авлиё, илм, ҳилм, тақво, риёзат ва ибодат аҳлидан. Хожа Ориф Моҳитобон номи билан машҳур. Шофирконнинг Ревгар қишлоғи таваллуд топган. Умр бўйи деҳқончилик билан шуғулланган. Хожа Ориф Ревгарий 100 йил ҳаёт кечирган. Алишер Навоийнинг “Насойимул муҳаббат” асарида бу зот ҳақида маълумотлар келтирилган.

Барча зиёратгоҳ мажмуалари яқин икки-уч йил ичида обод қилинган бўлиб, мақбара, масжид, таҳоратхона, салқин айвонлар, қулай ўриндиқлар ва бошқалар қурилган. Барчасида қудуқ суви учун махсус жўмракли иншоотлар барпо этилган.

Махмуд анжар

Учинчи зиёратгоҳ Вобкент туманида, шаҳарга етмасдан ўнг томонга кириб кетган йўлда жойлашган. Бу масканда Хожа Ориф Ревгарийнинг шогирди, улуғ авлиёлардан бўлмиш Маҳмуд Анжир Фағнавий қўним топган. Силсилаи олиянинг ўн биринчиси, Бухоронинг Фағна қишлоғида таваллуд топган, 1315 йилда вафот этган. Меъморчилик билан шуғулланган.

сайид амир кулол

Навбатдаги икки авлиёнинг қабри Ромитан туманида жойлашган.Вобкентдан Янгибозор, Ибн Сино туғилган Афшона қишлоғи ва Роминат шаҳри орқали Бухоро-Газли йўлига чиқиб, уни кесиб ўтилса, тўғрида Хожа Али Ромитаний ҳамда Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий зиёратгоҳларига элтадиган йўл чиқади. Ичкагира бир километрча юрилганидан сўнг айлана йўлдан тўғрига 300 метрлар юрилса, ўнг томонда дастлабки зиёратгоҳ дарвозаси  келади. Хожа Али Ромитаний 1191 йили Ромитан туманидаги Қўрғон қишлоғида таваллуд топган. Хожагон-нақшбандия тариқатидаги улуғ авлиё, аллома, кароматпеша, юксак маънавий мақом соҳиби, қутби замон Хожа Али Ромитаний тасаввуф таълимотини ҳаётга яқинлаштириш ва тарбия воситасига айлантиришга улкан ҳисса қўшган. Мато тўқиш касби билан шуғулланиб, ҳалол меҳнат билан кун кечирган ва тўқувчиларнинг пири ҳисобланган. Тариқатдаги устози Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий бўлса, Муҳаммад Бобойи Самосийга устозлик қилган. Халқ ва тасаввуф аҳли орасида Хожаи Азизон ва Ҳазрати Азизон номлари билан машҳур бўлган. Румий, Жомий ва Навоий асарларида бу зот ҳақида маълумотлар келтирилган. 1321 йилда вафот этгани айтилади (130 ёш).

накшбанд1

Хожа Али Ромитаний зиёратидан чиққандан сўнг озгина ортга қайтиб, айлана йўлдан чапга бурилиб, 5 чақирим босиб ўтилганида эса иккинчи манзил мунтазир кутади.

Муҳаммад Бобойи Самосий хожагон – нақшбандия тариқатидаги улуғ авлиё, соҳибкаромат валиюллоҳ. 1259 йилда Ромитан туманидаги Самос қишлоғида таваллуд топган, боғбончилик билан тирикчилик қилган, деҳқонларнинг пири бўлган. Саййид Амир Кулол ҳазратларининг устози ҳисобланади. Халқ орасида Шамси Ҳақ, Ҳазрати Бобо номи билан машҳур. Муҳаммад Боқир (“Мақоми Шоҳи Нақшбанд”), Мавлоно Шаҳобиддин (“Мақомоти Саййид Амир Кулол”), Абдураҳмон Жомий (“Нафоҳатул унс”), Алишер Навоий (“Насойим ул муҳаббат”), Носириддин Тўра (“Туҳфат аз зоирин”) асарларида у киши ҳақида маълумотлар келтирилган.

Хожи Мухаммад ориф

Кейинги куни дастлаб Бухорои Шарифнинг хожагон-нақшбандия тариқати машҳур 7 пирининг олтинчиси Саййид Амир Кулол зиёратгоҳига борилади. Саййид Амир Кулол 1287 йилда Бухоро яқинидаги Сухор қишлоғида таваллуд топган. Бу зот кўплаб авлиёларни тарбиялаган бўлиб, уларнинг 100 нафари пирлик даражасига етишган.  Зиёрат хаёлида суратга олишни ёддан кўтарибман. Саййид Амир Кулол зиёратидан сўнг охирги манзил – Хожа Баҳовуддин Нақшбандий зиёратгоҳига йўл олинади. Таомилга кўра, бу зот зиёратига келганлар дастлаб оналарининг қабрига бориш керак.

баховиддин накшбанд

Шундан сўнг ҳазрати Баҳовуддин Нақшбандий зиёратига йўл олинади. Нақшбандий зиёратгоҳи аввалгиларидан анча обод, анчагина гавжум. Мажмуанинг жами майдони 20 гектардан ошади. Бу ерда зиёратчилар, намозхонлар учун қулай шароитлар яратилган, ҳам зиёрат қилиб қалбингиз таскин топади, ҳам томоша қилиб кўзингиз қувнайди. Аммо бутун зиёрат мобайнида бир нарса кўнглимни хира қилиб, бош кўтариб юришимга халал берди. Ҳа, эски, оғриқли масала: кўпчилик аёлларнинг зиёрат одобига риоя қилмаслиги. Қандай буюк зотлар қаршисига қандай мақсад, орзу-ниятларда келишаяптию, қандай кийинишган? Афсус, афсус.

Етти пир зиёратига икки кунни бағишладим. Мазмунли сайр ва зиёрат қалбимни нурга тулдиргандек бўлди.

Санжар САЙИД.

МАМЛАКАТ ТАРАҚҚИЁТИДА ЭКОТУРИЗМНИНГ РОЛИ

экотуризм

ХХ асрнинг иккинчи ярми – ХХI аср бошларида туризм дунёдаги кўпгина давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий ва сиёсий тараққиётини таъминловчи етакчи йўналишлардан бирига айланди.            Таҳлилларнинг кўрсатишича, ҳозирги вақтда бутун жаҳон миқёсида қуйидагилар туризмнинг энг истиқболли турлари ҳисобланади:

маданий маърифатга оид туризм;

фаол туризмнинг ҳар хил турлари;

ихтисослашган туризм (экологик, таълим, даволаш ва соғломлаштириш);

амалий ва ҳодисалар билан боғлиқ туризм.        Экспертларнинг таъкидлашича, яқин 10 йил ичида жаҳон туризмининг йиллик ўсиши 4-5 фоизни ташкил этади. 2020 йилга бориб халқаро туризм ташрифлари сони 1,6 млрд.гача ошиши кутилмоқда, бу 2010 йилдаги кўрсаткичдан 2 баравар ортиқдир. Халқаро туризм сафарларидан келадиган даромад 800 млрд. доллардан 2020 йилда 2 трлн. долларга етади.

Ўзбекистонда туризм турларидан бўлган экотуризм билан боғлиқ бетакрор гўзал табиат, ландшафтлар, хилма-хил ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, табиий ёдгорликлар мавжуд. Экотуризмни ривожлантиришнинг ижобий томони шундан иборатки, унда юқори даражадаги хизмат кўрсатилувчи меҳмонлар талаб қилинмайди. Табиат билан мулоқотда бўлиш учун палаткаларни жойлаштириш ва кемпингларни ўрнатиш кифоя. Бундан ташқари экологик турларни таклиф этувчи фирмаларнинг барча ҳаракатлари табиатни муҳофаза қилиш бўйича қонунчилик талаблари асосида олиб борилиши керак.

Экотуризм – соғлом ҳаёт тарзи шакли ҳамдир. Экологик турлар кўпинча спорт билан шуғулланиш, соғломлаштириш муолажаларини кўзда тутади.

Ўзбекистон дам олиш масканларининг соғликни тиклаш билан боғлиқлиги туристларни ўзига чорлайди. Экологик туризм туризм индустриясининг махсус тармоғи бўлиб, у табиат ҳудудларига зиён етказмаган ҳолда ўрганиш, унинг объектлари ва ҳодисаларини тушунишга кўмаклашади. Айнан ушбу объектлар ҳамда ҳодисаларнинг мавжудлиги мазкур йўналишни ривожлантиришни таққозо қилади. Ўтган асрнинг 80-йиллари бошидан кенг жамоатчилик фикри ҳамда экологик дунёқарашнинг ривожланиши таъсирида саёҳатчиларнинг эҳтиёжларида ўзгариш кузатилди. Одамлар саратон иссиғида табиий ўрмонларни, йирик шаҳар иншоотлари ўрнига маҳаллий аҳоли турар жойларини афзал кўришмоқда. Бу эса охирги ўн йиллик давомида экологик туризм шаклланганлигидан далолат беради. Экотуризм бутун туризм бозорининг 10 фоиздан кўпроғини ташкил этади, унинг ўсиш суратлари эса бутун туризм индустриясининг ўсиш суратларидан 2-3 марта юқорироқдир. Экологик туризмнинг анъанавий туризмдан фарқи табиат ҳудудига зиён етказмаган ҳолда ўрганиш, табиий ҳодисаларни тушуниш, табиат қўйнида фаол дам олиш туристларнинг устивор қизиқишларидадир. Туризмнинг бу турида анъанавий ҳордиқ чиқариш ва маиший қулайликлар иккинчи даражали бўлади.

Экологик туризмнинг маъноси ҳанузгача тўла очиб берилмаган бўлса ҳам, дунёнинг кўплаб мамлакатларида оммабоп бўлиб қолди. Бу ҳолат экология ва туризмнинг тамойиллари ҳамда мақсадлари ҳар доим бир-бирига мос келмаслиги билан боғлиқ. Экологик туризм туристларнинг экологик маданиятини ошириш мақсадида қилинадиган саёҳатлар, табиатда экологик мувозанатни сақлаб туриш учун инсон цивилизацияси етиб бормаган табиатнинг экологик тоза ҳудудларига йўналтирилган саёҳатлар ва инсоннинг хўжалик фаолиятидан муҳофаза қилинган табиий ҳудудларга йўналтирилган саёҳатлардан иборат бўлиб, экотуристларнинг асосий мақсади барча кўринишдаги табиат яъни ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, маҳаллий аҳолининг яшаш муҳити ҳамда турмуш тарзи билан бевосита танишишдир. Айнан шу нарса шаҳардаги ҳар кунги ҳаёт тарзидан чарчаган, ҳаво ва сув ифлосланиши ҳамда шовқин ва ижтимоий можароларнинг салбий таъсирини доим сезиб юрган туристларни ўзига чорлайди.

Экотуризм мамлакатга маҳаллий ва хорижий туристлар ҳамда сармояларни жалб қилишнинг истиқболли йўлларидан бири ҳисобланади. Демак, Ўзбекистон учун самарали экотуризм стратегиясини яратиш – кейинчалик янги иш жойларини ташкил этиш ва ноёб обидаларни муҳофаза қилиш ҳамда қайта тиклаш учун маблағларга эга бўлиш демакдир.

Мамлакатимиз бутун дунёга ўзининг минерал ресурслари, ландшафтларининг гўзаллиги – табиат бойликлари, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг хилма-хиллиги ҳамда қулай иқлим шароитлари билан танилган. Ўзбекистон иқлим шароити бўйича дунёдаги энг машҳур курортлардан ҳам олдинги ўринда туради. Сабаби мамлакатнинг деярли барча вилоятлари оммавий табиий туризм марказлари бўла олади. Экотуризм чоғида Ўзбекистонннинг энг қизиқарли маъданлар кўриниши ва заҳиралари, бой флора ва фаунаси билан танишиш мумкин.

Юртимизда табиий ўсимликлар ва ўрмонлар, саҳро ва чўллар ҳудудларининг 85 фоизини, тоғлар 13 фоизини эгаллайди. Ўзбекистонда экотуризмнинг аҳамиятли томони шундаки, саёҳатларни деярли бутун йил давомида ташкил этиш мумкин. Туристларни жалб этиш учун биринчи навбатда қулай хизмат кўрсатиш шароитларини яратиш, уларни транспорт билан таъминлаш ва Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини чет элларда тарғиб қилишни амалга ошириш зарур. Ўзбекистонда экологик туризм ривожланиб бораётган бўлсада, унда овчилик, балиқчилик каби шакллари кўпроқ тарқалган. Аммо уларнинг самараси табиий ҳудудлар ва миллий парклар учун жуда паст, чунки топилган даромадлар бузилган экологик мувозанатни тиклаш ва сақлашга доим ҳам сарфланавермайди. Шу билан бирга, саёҳатларнинг атроф-муҳитни ўрганиш ва уни туристик сарф–харажатлар ҳисобига қўллаб қувватлашга қаратилган экологик шаклларни ҳам ривожлантириш лозим.

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар экотуризмни ривожлантиришга ҳам катта ҳисса қўшади ва туризм соҳасининг яна бир тури экотуризмнинг янада  ривожланишини таъминлайди.

 

С. Садуллаев,

Самарқанд вилояти

табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси

Ахборот маркази мутахассиси

 

Ҳазрати Башир зиёратгоҳи

Хазрати Бешир зиёратгохиЎзбек ҳалқи  маънавий қадриятларининг таянч устунларидан бири бўлган муқаддас қадамжо ва ва зиёратгоҳлар азиз-авлиёлар, буюк инсонлар ҳаётидан ибрат олишга, одамларни  яхшилик қилишга, инсофли-диёнатли, меҳрли, сабрли ва саҳоватли бўлишга ундаб, асрлар мобанийда ўзига хос маънавий тарбия вазифасини бажариб келган.  Биргина  Қашқадарё вилоятида бугунги кунда жами 1022 та моддий -маданий мерос объекти бўлиб, улардан археологик объектлари 775 та, меъморчилик объектлари 173 та ва ҳайкалтарошлик объектлари 54 та, зиёратгоҳлар 20 тани ташкил этади.   Ана шундай зиёратгоҳлардан бири Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида хушманзара тоғ бағридаги Ҳазрати Башир қишлоғида жойлашган. Зиёратгоҳ қишлоқнинг ўртасида Ниёзтепа номи билан аталган тепаликда қад ростлаган. Ниёзтепадан қайнаб чиқаётган булоқ  дунёнинг турли чеккаларидан ташриф буюрадиган минглаб зиёратчиларга куч бағишлаб, бу ерда ўсган улкан чинорлар, ёнғоқ, бодом дарахтлари кишининг баҳри-дилини очади.

Хазрати БеширҲазрати Башир шахси хусусидаги маълумотлар унчалик кўп бўлмасада, унинг кароматлари,  зиёратгоҳ ҳудудидан чиқаётган булоқ сувининг шифобахшлиги тилларда достон. Аҳмаджон Чориевнинг “Ҳазрати Султон тарихи ва Ҳазрати Башир миноқиби” китобида (Т., “Шарқ” нашриёти, 1996 й.) келтирилишича,  Соҳибқирон Амир Темурнинг Сайид Барака ва Сайид Неъматуллоҳ исмли ака-ука маслаҳатчилари бўлиб, саройдаги тинимсиз иғво ва фитналардан безган шайхлар уни тарк этишади. Аммо Соҳибқирон уларнинг орқага қайтишини  буюради. Сайид Барака буйруққа итоат этиб ортга қайтади, унинг укаси Неъматуллоҳ эса тоғдан ошиб, Китоб томон йўл олади ва тоғ этагидаги Қоплотун қишлоғига киради. Бу ерда пиёз ўтоқ қилаётган деҳқон Ҳожи Хасан Отага дуч келиб, каромат қилган ҳолда пайкалларни бир зумда бегона ўтлардан тозалайди. Ҳожи Хасан Ота эса: “Эй тақсир, нотўғри қилдингиз, меҳнат билан тозалансаа ширин бўлур эди” , дейди.  Сайид Неъматуллоҳ Ҳожи Хасан Отаникида маълум муддат меҳмон бўлади ва мезбоннинг фарзанди йўқлигидан куйинишини кўриб, унинг аёли Биби Малокотни дуо қилади. Ҳазрати Башир Отанинг ибратли ҳаёт йўли битилган форс тилидаги “Мири ҳақиқат” қўлёзмасида (Китоб туманидаги мачитнинг имом-хатиби мулла Сайфуддин Қамариддин ўғли томонидан ўзбек тилига ўгирилган) қайд этилишича, орадан 9 ой ўтгач, таҳминан 1379 йилда оилада ўғил фарзанд тўғилади ва унга Султон Сайид Аҳмад дея исм қўядилар. Ота-онаси қари бўлганлиги сабабли чақалоқ кўкрак сутидан маҳрум эди. Шу сабабли, уни кичиклигиданоқ Бешир, яъни сутсиз деб атайдилар ва у булоқ сувини ичиб катта бўлади, табиат унинг иккинчи онаси бўлиб, Ҳазрати башир бир умр табиат қўйнида истиқомат қилади.

Ҳазрати Башир 4-5 ёшларигача ота-онаси билан яшагач, сўнг мустақил равишда  Ғори Ҳакимда умргузаронлик қилади. Қулёзмада келтирилишича, “Шайхи Бузрукворнинг (Ҳазрати Башир) ёшлигиданоқ одамлар девона деб айтардилар. Аммо у жуда ҳам ақли расо, парҳезкор, мутаккий эдилар. Аллоҳнинг ибодатига ниҳоятда мустаҳкам бўлиб, инсонларнинг ҳақидан парҳез қилганлар. Агарчи бир дон бўлса, шуни ҳам етим-есирларга берганлар”. 25 ёшларида Ҳазрати Башир қишлоқдан 10 чақирим юқорида, Қизилқояга кўчиб ўтади. 35 ёшида унинг илми, кароматининг довруғи Самарқандга етиб боради. У Хожа Аҳмад Яссавийни ғойибдан ўзининг пири деб ҳисоблагани боис, унинг дунёқарашида тасаввуф ғоялари кучлидир. Юртининг турли гўшаларига сафар қилар экан Ҳазрати Башир маълум муддат Андижонда истиқомат қилади, у ердан қайтгач, Мирзо Улуғбек билан ёзишмада бўлади, улар турли илмлар борасида фикр алмашишади. Қайд қилинишича, Мирзо Улуғбек Самарқанд хирожининг бир қисмини Ҳазрати баширга бериб турган, у бўлса ушбу  маблағни ҳозирги Панжикенда катта масжид қуриш учун сарфлаган. Ҳазрати Башир ота қарий бошлагач Сандиқтош деган жойга кўчиб келади ва ривоят қилишларича, яшаб турган жойидан қўлидаги арчадан қилинган ҳассани отади. У Ниёзтепага қадалиб қолади. Вақт ўтиши билан ҳасса кўкаради ва у ҳозир ҳам Ҳазрати Башир Ота мақбараси ёнида яшнаб турибди.

Тахминан саксон ёшларида унинг олдига Самарқанддан  Али Қушчи келиб, бу ерда 7 йилча яшайди Аммо Улуғбек сафдошларининг уламолар томонидан қувғинга олиниши натижасида Ҳазрати Башир Отанинг маслаҳатига биноан у Она- юртини тарк этади. Ҳазрати Башир Ота умри давомида одамларни меҳрли, оқибатли, диёнатли  бўлишга, ҳалол ризқ топишга, ўз қўл кучи билан яратилган маҳсулотни истеъмол қилишга чақирган ва ўзи ҳам бунга ўрнак бўлиб келган. У ўз шогирдлари ва муридлари ёрдамида одамларни тўғри йўлга бошлаган. “Мири ҳақиқат”да ёзилишича, “Ҳазрати Шайх пуранвор бекорликни ёмон кўрарди. Дарвешлар бирлан даштга чиқиб, ҳар йили беш мин ман ун, минг ман ҳалво тайёрлар ва беҳ узар, уларни бозорларга юбориб, соттирар эрди. Пулининг бир қисмини рўзғорга харж қилур, қолганини бева-бечораларга тақсимлаб берурди”

Ҳазрати Башир Ота 96 ёшида оламдан ўтган. Унинг қабри арча кўкарган тепаликка қўйилиб, Қашқадарё вилоятининг энг машҳур муқаддас қадамжоларидан бирига айланди.

Наргис ҚОСИМОВА,