Category Archives: Иқлим ўзгариши

Фарғона водийсида томчилатиб суғориш

alt

Олис  1968-йилда   Наманган  вилоятида  ёш агроном олим  Жамолиддин Болтабоев далага йўл олар экан,  ўғлини ҳам бирга олиб кетди. Мақсади – унга томчилатиб суғориш тизимини ўрнатган дастлабки бир гектар ерни кўрсатишдан иборат эди.  Абдулвоҳид  шу тарзда  томчилатиб суғориш тизими билан танишди. Томчилатиб суғориш  -  бу сувни ва зарур ўғитларни бевосита суғорилаётган экиннинг  илдиз олди зонасига узатадиган  тизимдир. 

alt

Отаси ясаган биринчи тизим жуда оддий эди – боққа тортилган шлангларда ҳар бир дарахт остида қизитилган отвертка билан тешик ясалиб, унга икки тешикли оддий тугма ўрнатилар эди. Тешиклардан бири ҳам отверка билан эритиб, ёпилиб қўйилар, иккинчи тешикдан сув дарахтнинг илдизига томчилатиб турар эди.

Сўнгра Абдулвоҳиднинг отасини яхши ташкилотчи ва мутахассис сифатида  вилоятдаги қатор туманларга раислик лавозимларига тайинлашди ва у ўзининг орзуси – томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш ишларини амалга оширишга улгурмади. Буни Абдулвоҳиднинг ўзи уддалади.

 

alt

Ишлаб чиқариш цехида

Бу ерда  кўримсиз грануларни найчалар ва томизгичларга айлантириш ҳамда  Ўзбекистон шароитига мослаштирилган, маҳаллий томчилатиб суғориш тизимларини яратиш  ишлари амалга оширилади. Фотосуратда ўнг томонда – сигарет тутиб турган эркак:  Абдулвоҳид Болтабаев – наманганлик  ирригация «устаси» ва «қимматбаҳо томичлар» билимдони. Унинг ортида томизгичлар ёки эммитерларни ишлаб чиқарувчи пресс-форма, кадрда чап томонда – найчаларни ишлаб чиқарувчи линия жойлашган.  

Абдулвоҳид – касби  мухандис, айни пайтда ўзининг фермер хўжалигига эга, уни отасининг шарафига  «Жамолиддин -Сардор Ҳамкор» деб атаган, номиданоқ (Сардор) Абдулвоҳиднинг мураккаб ҳозирги шароитда   табиий ресурслардан фойдаланишга илғор ёндашувини пайқаш  мумкин. Унга отасидан томчилатиб суғоришга доир китоблар, айрим ишланмалар мерос бўлиб қолган. Бир неча йиллик машаққатли изланишлар давомида у кўп усулларни синаб кўрди. Қўл остидаги материаллардан ўзининг пахта даласида 5 гектар ерда томчилатиб суғориш тизимини ўрнатганда, у дастлабки муваффақията эришди.  Таъкилаш керакки, унинг даласи дарёнинг собиқ ўзанида жойлашган, у ерда шағал кўп, ҳосилдорлик паст, ернинг балл-бонитети  30 га тенг. Абдулвоҳиднинг ерига қўшни ерларда фермерлар 1 гектардан  5-15 центнер пахта олмоқда. У эса 38 центнерлик ҳосилдорликка эришди. Буни ютуқ деса бўлади.

 

alt

Абдулвоҳид  ўзининг пахта даласида 

Вилоятдаги сув ресурсларига оид вазият бирмунча мураккаб. Содир бўлаётган иқлим ўзгаришлари туфайли Наманган вилояти ҳудудидан ўтувчи ва фермерлар даласига сув берувчи Норин дарёсида сув йил сайин  камайиб бормоқда.  Қатор Ўрта Осиё дарёлари  уларнинг ҳудудида бошланувчи қўшни мамлакатлар, ўз навбатида Ўзбекистон ҳудудида оқиб келаётган сувнинг миқдорига ва таркибига таъсир кўрсатмоқда. Шунга қарамай кўпчилик фермерлар  ўз ерларни эскичасига суғориб келмоқда. Сувни қандай қилиб тежаш кераклиги ва яхши самарага эришиш йўллари ҳақида ҳамма ҳам бош қотирмайди. Асосан томчилатиб суғориш ҳақида одамлар бироз маълумотга эга эди. Ҳатто катта вилоят миқёсида ҳам бу ерда бошқача фикрлайдиган, бир неча йилдан буён далаларини ўзи ясган томчилатиб суғориш тизими ёрдамида суғораётган фермер тажрибаси ҳақида биладиганлар сони унчалик кўп эмас.

- Ҳудуддаги бошқа вилоятларга нисбатан  Наманган вилоятида сув кўп, шу сабабли тежамкорлик ҳақида кўпчилик ўйламайди,  — дейди Абдулвоҳиднинг ўзи. Шунга қарамай, туман ҳудудидаги  чексиз далалар ва  ранг-баранг манзаралар орасида ботартиб, европача қишлоқ манзараларини эслатувчи жойлар ҳам бор. Бу яна бир янгилик тарафдори  Носиржон Сайфуллаевнинг ерлари, биз унинг манзилини кўзлаб, йўл олдик. Йўл шимолий Наманган канали бўйлаб давом этади, насослар ишламоқда, адирларга сув тортиб чиқарилмоқда.

 

alt

Деҳқон  Носиржон Сайфуллаев – «помидор ва бодиринглар ҳукмдори»

Носиржоннинг иккита иссиқхонаси бор, умумий майдони  12 сотих атрофида, биттасида  у помидор, иккинчисида бодиринг  етиштиради. Бу йил Абдулвоҳиднинг ёрдамида у томчилатиб суғориш тизимини ўрнатди. Абдулвоҳид уни ўрнатиш тартибини тушунтирди, Носиржон эса мустақил равишда иссиқхоналарига ана шу тизимни ўрнатди. Уникига меҳмонга борганимизда, ҳали помидорлар хом эди, бодиринг эса етилган бўлиб, мезбон уни татиб кўришни таклиф қилди. Иссиқхонадаги ҳарорат 34 даража иссиқ, юқори намлик, бодиринглар эса илиқ, лекин жуда мазали эди. — Мен кунига   35 кг  гача бодиринг йиғиб оламан ва ҳосил йиғиш  август ойининг охиригача давом этади, — дейди  Собиржон. У ҳали тизимни тўлиқ мавсумий синовдан ўтказмаган, айни пайтда натижалардан жуда мамнун, келгусида тизимни очиқ далага ўрнатишни режалаштирмоқда. У ерда деҳқон сабзовот ва полиз экинларини етиштиради. Иссиқхоналардан ташқари унинг 2 гектар ери бор, у ерда қатор маҳаллий деҳқонлар сингари экинларни ўзига хос  ариқчалардан – тарновсимон эгилган руберодидлардан  суғоради.

 

alt

Абдулвоҳид Болтабоев  сув узатиладиган, ярим суюқ ўғитлар аралаштириладиган идишнинг ёнида (ўғитлар бу шаклда чўкинди ҳосил қилмайди ва тизимнинг ифлосланиб қолишга сабаб бўлмайди), ундан сўнг бойитилган сув суғоришга йўналтирилади – жонбахш томчига айланади.  

Сабзовот етиштирувчи деҳқоннинг ерлари  Уйчи туманидаги  адирларда жойлашган бўлиб, авваллари анъанавий суғориш усулида сув насослар ёрдамида тортиб олинар, ва сув ариқлардан назоратсиз узатилар эди. Сув ерга сингиб, натижада чуқур ўпқонлар ҳосил бўлар эди. Маҳаллий аҳолининг айтишича, шундай ҳолатлар ҳам бўлганки,  далаларда машина ва тракторлар ботиб қолган. Руберодид-ариқлар  муаммони тўла ҳал эта олмайди, ўпирилиш хавфи сақланиб қолади. Шу сабабли деҳқонлар ўз ерларини томчилатиб суғориш тизими билан жиҳозлашга қизиқмоқда.  Зеро, томчилатиб суғориш тизимидан фойдаланиш ҳам фойдали, ҳам истиқболли эканлигини тушунишди. Бир марта ўрнатилган тизим кўп йиллар давомида самара беради. Абдулвоҳиднинг сўзларига кўра, одамлар ҳосилнинг чўғига қараб, хулоса чиқармоқда. Айни пайтда, одамлар томчилатиб суғориш пайтида тупроқнинг ҳосилдор қатлами ювилиб кетмаслигига, ёввойи ўтлар ва меҳнат сарфи кам бўлишига ишонч ҳосил қилди.

Абдулвоҳид томчилатиб суғориш тизими – Ўзбекистондаги суғориладиган деҳқончиликнинг келажаги эканлигига ишонч ҳосил қилгач, у ўзини ушбу технологияни оммалаштиришга бағишлашга, вилоят, водий ва мамлакат фермерлари учун ана шундай тизимни ишлаб чиқаришга қарор қилди.

Шундай қилиб, Абдулвоҳид билан 2010 йилда танишдик. Абдулвоҳид ускунани сотиб олишга ва томчилатиб суғориш тизимини ишлаб чиқарадиган линияни ишга туширишга қарор қилди. Банкдан кредит олишга бир неча бор уринди. Кўп хатти-ҳаракатлардан сўнг у ўзи истаган ускунани харид қилиш учун кредит олди. ГЭЖ КГД ишлаб чиқаришни ишга тушириш, бирламчи зарур хом ашёни харид қилишга кўмаклашмоқда.

Нима сабабдан ГЭЖ КГД ушбу ташаббусга ёрдам кўрсатмоқда. Жавоби аниқ:

  • Суғориш пайтида фойдаланиладиган сув деярли тўлиқ ҳажмда экинларининг илдизига етиб боради. Сувдан фойдаланиш самарадорлиги қарийиб 90 фоизга етади. Бунда суғориш учун фойдаланиладиган сув миқдори 2-5 баравар камаяди. Бу Ўзбекистон учун ниҳоятда муҳим масала эмас-ми?!;
  • Экин ўсиши учун зарур бўлган сув ва минерал моддалар сарфи оптимал даражага етмоқда. Экинларнинг ҳар қандай тури учун қулай сув режими ва қулай озуқа муҳити яратилади;
  • Етиштирилган экинларнинг сифати ва ҳосилдорлиги 30 — 50 % га ортади. Экинлар анча эрта етилади;
  • Минерал ўғитларни харид қилиш харажатлари камаяди. Бунинг сабаби озуқавий моддаларнинг бевосита экиннинг илдиз тизимига етказиб берилишига боғлиқлигида.  Минерал ўғитларнинг тежалиши   30-40% га ошади;
  • Экинларни ҳимоялашга харажатлар керак бўлмайди. Микросуғориш сув йўналиши билан бирга ўсимликлар қаторидан оқиб боради. Шу тарзда, қатор оралиғидаги ер қуруқ қолади, ёввойи ўтларнинг ўсиши учун қулай муҳит яратилмайди. Бундан ташқари экинларининг шох-шаббаси қуруқ қолади, бу эса касалликлар ривожланишининг олдини олади;
  • Энергияга сарфланадиган харажатлар жиддий равишда камаяди. Таклиф қилинаётган усул бошқа усулларга нисбатан электроэнергияни  50 — 70 %  га кам талаб этади;
  • Далаларда ишлаш учун ишчи кучини жалб этиш зарурати йўқолади. Бу меҳнат харажатлари қисқаришининг гарови ҳисобланади;
  • Сувни узатиш тизимларига талаблар энг кам даражада;
  • Тизимларга минераллашган сув узатиш орқали суғориш варианти ҳам мавжуд. Сувнинг бу туридан бошқача усулларда фойдаланиб бўлмайди;
  • Микросуғориш тизимидан зарар ниҳоятда кам, ёки умуман мавжуд эмас. Тизимдан фойдаланиш ниҳоятда қулай, уни ўрнатиш ва унга хизмат кўрсатишга катта харажатлар талаб қилинмайди;
  • Маҳаллий сув манбаларидан (булоқ, дарёчалар ва кўллар) суғориш имкониятлари мавжуд.

 

alt

Қисқа вақт ичида эришилган ижобий натижалар томчилатиб суғориш тизимининг дунё мамлакатларида кенг оммалашувига сабаб бўлган. Ёмғирлатиб суғоришдан фарқли равишда, томчилатиб суғориш сувнинг кам миқдорда экиннинг илдиз олди зонасига етиб боришига асосланган, сув узатиш миқдори ва даврийлиги экинларнинг талабига кўра тартибга солинади. Сув барча экинларга бир текисда ва бир  хил миқдорда етиб боради. Яъни экинга қанча керак бўлса, шунча юборилади, бунда тупроқнинг балчиқланиши ва сув йўқотилишига йўл қўйилмайди. Айни пайтда сув экинга етиб боргунча бўлган жараёнда буғланиш туфайли сувнинг катта ҳажмда йўқотилишига йўл қўйилмайди.

Ҳозирги кунда фермер Болтабаев томчилатиб суғориш тизимларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ва улар бир неча боғларда ва пахта далаларида ўрнатилган. Боғ учун мўлжалланган тизимнинг нархи 1 гектар учун  ўртача  4.600.000 сўм, ва пахта далалари учун 1 гектарга  6.900.000 сўм, сувни фильтрация қилиш тизимининг нархи бунга кирмайди.

Манба: http://sgp.uz

Хоразмда тўқайзорларни сақлаш учун нималар қилинмоқда?

dsc00989_bОхирги 30 йил давомида Ўзбекистондаги тўқайзорларнинг ҳажми қарийиб 90% га қисқариб кетди! Буни тасаввур қилишнинг ўзи даҳшат! Яна бир неча йил аҳвол ўзгаришсиз қолса, биз ноёб ўрмонларимизни ва улар билан бирга тўқайзор экинларини ҳамжамиятини йўқотиб қўйишимиз мумкин. Дарахтлар аёвсиз кесиб юборилмоқда.  Ноёб ўрмонларимиз маҳаллий аҳоли томонидан иситиш учун фойдаланилмоқда. Ўрмонларни тиклаш ишлари билан эса ҳеч ким шуғилланмайди. Янги дарахтларни экиш ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаяпти. Фақат қурилишда ишлатиш мақсадида тераклар экилади, холос.

Кундалик жараёндан бир лаҳза…

Яқинда ГЭЖ КГД томонидан қўллаб-қувватланган Хоразм вилояти маҳаллий агросаноат хўжалиги қолдиқларидан ёқилғи брикетларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа  ўрмонларни кесишнинг муқобили сифатида агросаноат чиқиндиларидан ёқилғи манбаларини яратишга ва технологиялар самарадорлигини намойиш этишга йўналтирилган. Ушбу ташаббус билан дастурга Урганч Давлат университети мурожаат қилди, ҳозир унинг ўқув хўжалигида лойиҳа тадбирлари ва вазифалари бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Ҳанузгача ҳудудда энергиянинг асосий манбаи табиий газ бўлиб кеган, аммо иқтисодиётнинг ўсиши энергия манбаларига бўлган талабни оширади, бу эса заҳираларнинг муқаррар равишда қисқариб кетишига олиб келади. Газ таъминотидаги муаммолар Хоразм вилоятига ҳам ўз таъсирини кўрсатди, бу ерда айниқса, қиш фаслида аҳоли фавқулодда чораларни қўллашга мажбур бўлмоқда. Ўз уйларини иситиш учун улар дарахтларни кесмоқда. Ҳолбуки, ўрмон дарахтларини кесиш қонунга хилоф! Аммо маҳаллий аҳоли ҳамон бу ишни давом эттирмоқда. Тут, жийда ва бошқа дарахтлар ўтинга ишлатиб юборилмоқда. Амалда ўтин сифатида ишлатилиши  мумкин бўлган барча  ўрмон экинлари кесиб юборилмоқда. Тўқайзорлар кўз ўнгимизда йўқолиб бормоқда…

Тўқайзор ўрмонлар — табиий меросимиздир, ўрмонларимизни ва ноёб табиий ҳудудларни йўқолиб кетишдан сақлаш учун комплекс ёндашув талаб қилинади.

Биринчидан, доимий равишда ўрмонларни тиклаш билан шуғилланиш керак, жумладан Бухоро вилояти «Жайрон» экомаркази ҳамда  Сурхандарё вилояти емирилган ер участкалари мисолида дашт экотизимларини тиклаш бўйича лойиҳа ходимлари  бу иш билан муттасил шуғилланиб келмоқда. Бу ишларни  лойиҳа доирасида амалга ошириш билан чекланмасдан, барча жойларда дарахтларни экиш керак. Бизнинг бир мақоламиз қуйидаги мавзуга бағишланган эди: Сени эслаб қолишлари учун нима қилиш керак?

Иккинчидан, арзон ва фойдаланиш мумкин бўлган муқобил энергия манбаларини ишлаб чиқариш бўйича технологияларни жорий қилиш ваоммалаштириш.

Учинчидан, аҳоли, шу жумладан, тўқайзорлар яқинида яшайдиган аҳоли ўртасида  илмий-оммабоп ва маърифий фаолият билан шуғилланиш.  Муқобил технологиялар, мамлакатимизнинг бугунги куни ва келажаги учун ўрмонларнинг аҳамияти ҳақида сўзлаш керак.  Инсон ушбу тизимнинг бир қисми эканлиги, унга эътиборсиз бўлиш ўзимизни ҳалокатга маҳкум этиш, «ўтирган шохни арралаш билан тенг эканлигини» тушунтириш лозим.

Ёқилғи брикетларга қайтсак. Ёқилғи брикетлари — бу нима?  Айни пайтда қандай қилиб брикетларни ишлаб чиқариш Қуйи Амударё тумани тўқайзорларини ҳалокатдан қутқариши мумкин?

 

alt

Дарахтларни кесманг!
Муаммонинг ечими бор!

Ёқилғи  брикетлари — моҳиятига кўра  биоёқилғи бўлиб, уни тайёрлаш жараёнида махсус ускуна ёрдамида у ёки бу шакл берилади.  Брикетлар қишлоқ хўжалиги (сомон, шелуха, маккажўхори ва б.), ёғонга ишлов бериш (қиринди, парраха ва б.) соҳаларининг турли қолдиқлари, торф, писта кўмир ва б. маҳсулотлардан тайёрланади.

Ёқилғи брикетлари турли шаклдаги печлар учун қаттиқ ёқилғи сифатида қўлланилади. Ёқилғи брикетлари  экологик соф маҳсулот бўлиб, ёнганда деярли тутамайди. Уй-жойлар, ҳаммом, иссиқхона, сабзовот омборлари, палаткалари ва ҳ.з.ларни истишда ёқилғи брикетлари ниҳоятда қулай.

Хоразмда режалаштирилаётган ёқилғи брикетларини ишлаб чиқариш технологияси асосини  олдиндан яхшилаб майдаланган (шелуха, кунгабоқар, қамиш, қизилмия, янтоқ ва б.) чиқиндиларни юқори босим ва ҳарорат остида (200 до 250 °C) пресслаш ташкил этади. Натижада юқори ҳарорат таъсири остида ёғочсимон экинлар таркибидаги табиий лигнин эрийди ва совуши пайтида устида қотиб қолиши оқибатида брикетни мустаҳкамлайди, шу сабабли брикетларни қотиришда сунъий моддалардан фойдаланилмайди. Шу тарзда, таркибидаги лигнин моддаси ёрдамида экологик соф маҳсулот ҳосил қилинади.

Манба:http://sgp.uz

Иқлим ўзгариши — атроф-муҳитга ва аҳоли соғлиғига таъсири

climate_policy

Бугун барча ОАВларида иқлим ўзгариши мавзуси чин маънода глобал муаммога айланганлиги ва у борган сари беқарорроқ бўлиб бораётганлиги тўғрисида тинимсиз бонг урилмоқда.  Кўпинча иқлим ўзгаришига глобал исиш нуқтаи назаридан қаралади. Глобал исиш 1995 йилда БМТнинг Ҳукуматлараро Мадрид конференциясида илмий далил асосида эътироф қилинди. Кўпчилик нашрларда ва расмий ҳужжатларда иқлим ўзгаришларини иқлим исишига олиб келиб тақайдилар, бу эса унчалик тўғри эмас.

Иқлим ўзагриши нафақат иқлим исиши билан, балки табиий офатлар сони ва кучининг ошиши, об-ҳаво-иқлимий аномалияларнинг ошиши, қурғоқчиликлар, селлар, сув тошқинлари, довул ва қуюнлар, ҳароратни кескин ўзгариши каби бошқа ноанъанавий ҳодисалар билан ҳам боғлангандир. Сўнгги 20 йил ичида бу ҳодисалар сони 40%га кўпайган. Ҳозирги вақтда кузатилаётган иқлим ўзгариши атроф-муҳитнинг турли ташкил этувчиларига ҳамда уларнинг алоҳида тавсифларига, шунингдек аҳоли соғлиғига таъсир кўрсатмоқда. Иқлим ўзгаришининг – доимий музликларнинг эриши, турли касалликларнинг тарқалиши ва бошқалар каби турли ҳолатлари иссиқроқ иқлимнинг тўғридан-тўғри таъсирига қараганда анчагина каттароқ зарарга олиб келади.

Ангрен шаҳрида бўлиб ўтган “Иқлим ўзгариши — атроф-муҳитга ва аҳоли соғлиғига таъсири” мавзусидаги давра суҳбатида ушбу мавзу атрофлича таҳлили қилиниб, ўринли мулоҳазалар, таклифлар ўртага ташланди. Куннинг долзарб мавзусига айланган мазкур тадбирни Ангрен ҳудудий табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи Бакир Расулов кириш сўзи билан очиб, иқлим ўзгариши жараёнларига умумий тушунча бериб ўтди.

Шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Наргиза Назарова тадбирнинг нечоғли муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлаб, соғлиқни сақлаш тизимида аҳоли ўртасидаги тарғибот ишларини янада жонлантириш кераклигини қайд этди. Шаҳримиз МИЗга айлантираётганлиги муносабати билан экология соҳасида ҳам жуда кўплаб ишлар амалга оширилиши ва бу йўлда барча тизимларда ҳамкорликни қўлдан бермасликни таъкидлади.

Бутунжаҳон ташкилотлари эксперти доктор Кристи Эби, шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Наргиза Назарова, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш Бош бошқармаси бош мутахассиси Анвар Шабанов, лойиҳа раҳбари Наргиза Ходжаева, Тошкент вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси инспекция бошлиғи Адҳам Қурбонов, Оҳангарон ҳудудий табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси, шаҳар “Саломатлик” маркази вакиллари, ТВДПИ биология-экология кафедраси ўқитувчилари, экология соҳасининг мутахассислари, метереология лаборантлари, шаҳар депутатлари,  ОАВ ходимлари иштирок этган ушбу давра суҳбатида иқлим ва об-ҳаво ҳозирни ўзида соғлиққа кучли таъсир кўрсатаётганлиги факт ва рақамлар асосида батафсил таҳлил этилди. Об-ҳавонинг тез-тез, қисқа муддатли ўзгаришлари юрак ва нафас йўллари касалликларидан ўлим кўрсаткичларини ошириши мумкин бўлган иссиқликдан қаттиқ асабийлашиш ёки ҳаддан ташқари совқотишни келтириб чиқариб, саломатлигимизга жиддий таъсир кўрсатиши мумкинлиги қайд қилинди.

Доктор К. Эбининг сўзларига кўра, давом этаётган иқлим ўзгариши озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳаво ва сув каби соғлиқнинг айрим асосий детерминантларига энг ноқулай шаклда акс этади… аммо биз бу вазиятга онгли равишда ёндашишимиз, иссиқдан ўлмаслигимиз керак. Аҳолига ҳар қандай вазиятда эҳтиёткорликни бой бермасликни сингдиришимиз керак. Икки кун аввал Сирдарёда ўтказилган тадбир яхши натижалар берганига аминман. Ушбу лойиҳанинг аҳамияти муҳимлигини бугунги тақдимотлар орқали билиб оласиз, дея таъкидлади маърузачи ўз сўзида.

Иқлим ўзгариши ўзида одамлар соғлиғига сезиларли янги таҳдидни ифода этади ва бизнинг заиф популяцияларни қандай қилиб ҳиомя қилишимиз лозимлиги ҳақидаги тасаввуримизни ўзгартириб юборади. Иқлим ўзгаришлари билан келиб чиққан глобал исиш соғлиқнинг айрим энг муҳим негиз шароитлари: сув, ҳаво муҳити ва озиқ-овқат маҳсулотларига деструктив оқибатларга эга.

Ўзбекистон табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутахассиси Умид Абдукаримов Ангрен шаҳар ҳокимлигига миннатдорчилик билдирар экан, тадбирдан ҳар бир шахс ўзига тегишли хулоса чиқариши кераклигини айтиб ўтди: “бутун дунёда сув етишмаётганини ҳозирни ўзида ҳар ўн кишидан тўрттаси сезмоқда. Сувни етишмаслиги ва унинг ёмон сифати гигиена ва соғлиқ учун хавф туғдириши мумкин. Бу ҳар йили 2,2 млн.га яқин одамнинг ёстиғини қуритувчи ич кетиш(диарея), шунингдек, трахома (кўрликка олиб келиши мумкин бўлган кўз инфекцияси) ва бошқа касалликларни ривожланиш хавфини оширади…”

Экожурналист Наталия Шулепинанинг “Орол таассуротлари” видеоролигини қизиқиш билан томоша қилган иштирокчилар ўзлари учун катта таассурот олдилар.

Ишчи гуруҳ раҳбари Анвар Шабанов иқлим ўзгаришининг таъсирини аҳолига янада содда ва равон тилда тушунтириш, уларнинг энг қуйи қатламларигача етказиш лозимлигини айтиб, қатор мисоллар келтириб ўтди. Тарқатма материаллар, видероликлар орқали таълим тизимларида кенг тарғибот ишларини олиб бориш зарурлигини уқтирди. Ташкилотчилар томонидан тайёрланган иқлим ўзгаришига оид видеороликларнинг аҳамиятини изоҳлади. “Энергия самарадорлигини ошириш”, “Энергияни тежаш”, “Ўзбекистонда иқлим ўзгаришининг олдини олишда кўрилаётган чора-тадбирлар” каби видеороликлар намойиши давра суҳбати иштирокчиларини баҳс-мунозараларга чорлади. Иштирокчилар кенг кўламда ўтказилаётган мазкур тадбирнинг кейинги босқичларига саноат корхоналаридан раҳбарларни ҳам жалб қилиш зарурлиги таклифини киритиб ўтдилар.

ЖССТ маълумотларига кўра, иқлим ўзгариши билан боғлиқ бўлган касалликлар жабрининг 85%идан кўпроғи ривожланаётган мамлакатлар болаларига тўғри келади. Сув тошқинлари ва экстремал ҳароратлар натижасида жароҳатлар ва ўлим, ҳавонинг ифлосланиши натижасида борган сари кенгроқ тарқалаётган кўксов (астма) ва нафас йўллари касалликлари, шунингдек, иқлим ўзгариши билан боғлиқ бўлган ич кетиш, безгак ва озиқ-овқатни етишмаслиги болаларга таҳдид солмоқда.  Тадбирдан кўзланган мақсад шуки, иштирокчилар иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини кенг жамоатчиликка етказибгина қолмай, уларни огоҳликка, масъулиятни ҳис этишга, қолаверса, ўз келажаги учун астойдил қайғуришга чорлайди.

Иқлим билан боғлиқ нафас олиш органи касалликлари сонини қисқартириш мақсадида, биринчи навбатда, атмосфера ҳавосининг зарарланиш ҳолатини яхшилаш, олдинадан иқлимга боғлиқ бўлган ҳодисалар тўғрисида маълумотлар бериш ва буларга соғлиқни сақлаш тизимининг тайёр туриши лозим бўлади. Бунда, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш тавсияларига асосланган атмосфера ҳавосининг сифатига қўйилган стандартларга амал қилиш катта аҳмиятга эгадир. Соғлом атроф-муҳит — соғлом ҳаёт гаровидир. Атмосфера ҳавоси, сувлар зарарланишини ва бошқа кимёвий зарарланишни камайтириш, тўртдан бир миқдоридаги глобал миқёсдаги касалликлар олдини олинишига сабабчи бўлади.

Нигора ШОФАЙЗИЕВА.

АҚШ ХУКУМАТИНИНГ ЯНГИ ЭКОЛОГИК ДАСТУРИ 2015 ЙИЛДА КУЧГА КИРАДИ

CO2E image

Душанба куни АҚШ Президенти Барак Обама ўзининг “экологик” дастурини эълон қилди. Унга кўра  2030 йилга қадар мамлакатдаги турли хил ҳавога чиқариладиган газларнинг ҳажми 30 фоизга қисқартирилади.  АҚШнинг Атроф-муҳит муҳофазаси агентлиги (EPA) томонидан ишлаб чиқилган 645 бетлик мазкур ҳужжат “иқлим ўзгариши”нинг олдини олишга қаратилган. АҚШ Президенти илк маротаба  38 фоизга кўмирда ишлайдиган электростанциялар томонидан заҳарли газларнинг  чиқарилишига чеклов  қўйди. Ушбу ҳужжат 2015 йилдагина кучга киради ва америкаликларга мазкур йўналишда қонунчилик базасини ишлаб чиқиш имконини беради. Бу ўз навбатида қайта тикланадиган энергия ҳажмини кўпайтириш ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликда  самарали экологик дастурларни ишлаб чиқиш имконини беради. Ҳужжатга кўра ҳар бир штат учун улуш белгиланиб, ўртача у 2020 йилгача  25 фоизни, 2030 йилгача эса 30 фоизни ташкил этади.  EPA 2016 йилнинг июнига қадар ҳар бир штат заҳарли газларни чиқаришни камайтириш борасидаги дастурларини тақдим этишини талаб қилмоқда.

АҚШ Савдо палатасининг берган маълумотларига кўра ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши Америка иқтисодиётидан  ҳар йили 51 млрд. доллар ажратилиши ва 224200 нафар ишчи ўрнини яратилишини талаб қилади. Аммо EPA мутахассисларининг фикрига кўра, мазкур маълумотлар асосланмаган. Янги қоидалар электр қуввати нархининг 8 фоизга камайишига олиб келади.  Ва EPA раҳбари Джина Маккартининг фикрича,  хукумат ва саноат сектори иқлим ўзгаришининг олдини олиш бўйича “аҳлоқий мажбурият”га эгадирлар.

Наргис ҚОСИМОВА

Issiq

Иқлимнинг кескин исиб кетишига нима сабаб бўлди?

Иқлимнинг мeъёридaн бирoз исиб кeтиши нимa? У қaндaй сoдир бўлиши мумкин? Бу жaрaённинг кeчиши қaндaй фaктoрлaргa бoғлиқ? Ўзи қaчoн юз бeрaди вa қaнчa вaқт дaвoм eтaди? Нaҳoтки иқлимнинг ўзгaриши шунчaлaр xaвфли бўлсa?

Давоми