Category Archives: экотаълим

dolphins19

4-июль – Халқаро тутқунликдаги дельфинларни ҳимоя қилиш куни

Бутун дунё ҳамжамияти 4 июль куни тутқунликдаги дельфинларни ҳимоя қилиш кунини нишонлайди. Дельфинлар сутэмизувчилар синфининг китсимонлар  гуруҳига мансуб жониворлар бўлиб, ўта ҳаракатчан, асосан тўда бўлиб яшовчи, балиқ еб кун кўрувчи, инсонга энг яхши муносабатда бўлган  сутэмизувчидир. Дельфин сўзи юнон тилидаги δελφίς (delphis), сўзидан олинган бўлиб “янги тўғилган чақалоқ” маъносини англатади.  Ушбу атама дельфиннинг овози янги тўғилган чақалоқ овозига ўхшашлигидан келиб чиққан бўлса ажаб эмас.  Дельфинлар қўшилгач, 10—18 ой  модаси ҳомилани кўтариб юради. Дельфинлар дунёга фақатгина биттагина бола келтириб, 25-30 йилда вояга етади. 1970- йилда бир гуруҳ олимларнинг аниқланишича,  дельфинлар ухлаганда миясининг фақатгина бир томони ухлайди, иккинчиси уйғоқ бўлади. Дельфин мияси  танасига нисбатан анча катта бўлиб, 1700 грамм келса, инсон миясининг ўртача оғирлиги эса 1400 граммдир. Шунингдек, дельфинлардаги мия бурмалари  одамникидан икки баробар кўпдир.  Дельфинларнинг сўз бойлиги 14000  тагача товушлардан иборат бўлиб, уларнинг ўзаро мулоқотга киришишини таъминлаб беради. Дельфин танасининг узунлиги 2 метр, оғирлиги эса 40 кг. атрофида бўлади.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, 1960 йилларда АҚШ ва собиқ Иттифоқда дельфинлардан  ҳарбий мақсадларда фойдалана бошлашган. Махсус ўргатилган дельфинлар денгиз ва океанларда миналар, ўқув торпедаларини қидиришган ва кўпчилиги портлаш  оқибатида ҳалок бўлган. Совет Иттифоқи парчалангач, бу усулдан воз кечилди, аммо АҚШда ҳануз Ҳарбий денгиз қўшинларининг бешта марказида дельфинларни милитаристик мақсадларда фойдаланиш учун тутқинликда ушлаб, ўргатилади. Кўпгина дельфинлар кўнгилочар мақсадларда фойдаланиш учун дельфинарий ва океанариумларда боқилади. Табиатда дельфинлар 100 км.дан кўпроқ масофани бир кунда босиб ўтиб, 200 метр чуқурликкача тушишади. Албатта дельфинарийлар бундай имкониятга эга эмас. Улар томонидан чиқариладиган ультратовуш  аквариум деворларига урилиб, дельфиннинг ўзига қайтади ва соғлиғига зарар етказади. Хлорланган сув эса сутъмизувчиларнинг терисини зарарлаб, кўриш қобилиятини пасайтиради. Оқибатда дельфинларнинг ҳаёт давомийлиги 5–6 марта қисқаради.

Мазкур халқаро кунда биолог ва экологлар  денгиз ҳайвонларини озодликда яшашига имкон яратиб бериш, инсон ўз эҳтиёжларини қондириш мақсадида улардан фойдаланмасликка, тутқинликдаги дельфинларни озодликка қўйиб юборишга чақиради.

Дельфинлар билан боғлиқ қизиқ фактлар
- Ҳиндистон ҳукумати Коста-Рика, Венгрия ва Чилидан сўнг  расмий равишда дельфинларни ҳайвонлар қаторидан чиқариб, уларга “инсон турига оид бўлмаган шахс” мақомини берди ва уларнинг ақлий даражаси ва ўзлигини англай олишини тан олди. Шунингдек Ҳиндистон ҳукумати дельфинларни ўлдириш, қийнаш, улар иштирокидаги барча кўнгилочар тадбирларни тақиқлади;
- сувга ҳомиладор аёл тушса, дельфинлар   унинг ҳомиласи борлигини дарҳол аниқлашади ва уни қутқаришга ҳаракат қилишади;

- дельфинлар сувдан 6 метр баландликкача сакрашлари мумкин;

- тарихда инсонларни дельфинлар қутыариб қолгани ҳақида жуда кўплаб фактлар мавжуд. 2007 йил 28 августда  Калифорния қирғоқларида Родди Хэндрюс га  оқ акула ҳужум қилганида уни бир тўда дельфинлар ўлимдан қутқариб қолишган.

Н.ҚОСИМОВА тайёрлади

 

«ЖАМИЯТНИНГ ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТИНИ ОШИРИШДА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИНИНГ РОЛИ»

Мазкур мавзудаги семинар-тренинг пойтахтимизда   Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ва Қирғизистон Республикасининг медиакоммуникациялар ўқув маркази билан ҳамкорликда ўтказилиб, унда  бугунги куннинг долзарб муаммоси- ОАВда  мультимедиа воситалари ёрдамида экологик муаммоларни ёритиш масалаларига бағишланди.

IMG_4604

Ўзбекистон сингари Қирғизистон ҳам ҳудуддаги мавжуд экологик муаммолардан азият чекмоқда. Экологик таназзулнинг келиб чиқишига асосий сабаб эса иқтисодий ўсиш ва жамиятнинг истеъмолчилик салоҳиятининг ошганлигидир. Яна бир муаммо, ҳануз жаҳон ҳамжамияти глобал биосферадан фойдаланишнинг ҳуқуқий мақомини белгилагани йўқ. Инсониятнинг умумий бойлиги бўлган табиатдан оқилона фойдаланишнинг якдил механизми ишлаб чиқилмади. Она Сайёрамиз заҳираларидан фойдаланишнинг аниқ ҳисоби олиб борилмаяпти. Ернинг биосфера қобиғидан фақатгина энг ривожланган давлатларгина фойдаланишмоқда. Агарда атрофга боқсангиз дунё барқарор ривожланишга тескари равишда ҳаракат қилмоқда. Инсон фаровонлигини экологик инқироз ҳисобига ошириш яқин келажакда ўзининг салбий оқибатларини кўрсатиши аниқ. Унинг ягона йўли экологик иқтисод ёки яшил иқтисодга ўтишдир.

photo_2017-05-26_09-50-36

Бугунги кунда юртимизда экологик хавфсизликни таъминлаш учун изчил институционал ва ташкилий чоралар кўрилмоқда. Айтиш жоизки, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган ҳамда тегишли халқаро нормаларга мос ҳуқуқий база яратилган. Мамлакатимиз БМТнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор тараққиёт соҳасидаги энг муҳим конвенциялари, Барқарор Ривожланиш Мақсадларига қўшилиб,  зиммасига олган барча мажбуриятларни бажариб келмоқда. Табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчиликни амалга ошириш механизми ишлаб чиқилган, мақсадли давлат дастурлари, миллий ҳаракат режалари ҳаётга татбиқ этилаётир. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим қисми бўлган ушбу хайрли ишларда жамоат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

IMG_4601

-Ушбу семинар-тренинг муҳим аҳамиятга эга, дейди семинар қатнашчиси Ю.Черногаев. –Биз бу ерда нафақат тажриба алмашдик, балки бугун аудиторияни экологик муаммоларга эътиборини қаратишнинг янги усуллари билан танишдик.

-Ўзбекистон Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан экологик муаммоларни ҳал этиш борасида етакчи, дейди “Аргументы недели. Кыргызстан” газетасининг муҳаррири Мария Орлова. — Электрон чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилишни ҳам Ўзбекистон биринчи бошлади. Айнан чиқиндилар муаммоси давлат тассаруфида бўлиб, бу борада қабул қилинган Президент қарорлари Ўзбекистон барқарор тараққиёт мақсадлари йўлида дадил ҳаракат қилаётганидан далолат беради.

Юқорида қайд этилган семинар-тренингда ўзбек ва қирғизистонлик журналистлар бугунги кунда мамлакатлардаги мавжуд экологик муаммолар, уларни ечимини топиш, аҳолининг экологик маданиятини шакллантиришдаги мақбул усуллар хусусида мулоқот қилиб, экологик мавзуни янги, мультимедиявий сторителлинг кўринишда узатиш борасида фикр алмашдилар. Семинар-тренинг доирасида журналистлар учун маиший техника ишлаб чиқарувчи “Артель”  корхонаси ҳамда “Toshrangmetzavod recycling” МЧЖ га медиатур уюштирилиб, Ўзбекистонда электрон-маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизациялаш билан танишдилар.

Н.ҚОСИМОВА

черепаха

23 МАЙ -БУТУНЖАҲОН ТОШБАҚАЛАР КУНИ

Тошбақалар 300 ёшгача умр кўришади, деган нақл аслида афсона холос, улар турларига қараб 30 йилдан 130 ёшгача яшашади. Қадимшунослар 220 млн. ёшга тенг қолдиқларини топишган. Бугунги кунда дунёда 328 та тошбақа тури мавжуд бўлиб, уларни 26 та оилага бўлиш мумкин. Шундан фақат 12 оилага мансуб турларгина бугунги кунда яшамоқда. Бошқа ҳайвонлардан фарқи хоҳ сувда хоҳ қуруқликда яшамасин, улар бирдек тошбақа деб аталди. Унинг уяси, яъни тошкосаси душманлардан ҳимоя қилувчи асосий воситадир. Тошбақаларнинг ширин гўшти ва косасидан турли хил маиший буюмларнинг ясалиши натижасида улар овланиб, йўқолиб кетмоқда. Шу сабабли Американинг тошбақаларни қутқариш жамияти 2000 йилда 23 майни Бутунжаҳон тошбақалар куни деб эълон қилди. Ташкилот 1990 йилда АҚШнинг Калифорния шатидаги Малибу шаҳрида вужудга келган эди. Ташкилот кўнгиллилари нафақат қуриқликдаги тошбақаларни ҳимоя қилиш, одамларни тошбақа гўштини емасликка чақириш билан биргаликда, океан қирғоқларида денгиз тошбақалари тухум қўйишга чиққанида уларни ҳимоя қилишга ҳам бел боғлашган.

Тошбақа кўпгина халқлар маданиятида рамзий белги сифатида жой олган. Жонивор узоқ умр кўриш, донолик рамзи сифатида қадимдан қадрланган. Бугунги кунда фанда тошбақа ва унинг турларини ўрганувчи махсус фан бўлиб, у герпетология деб аталади.

Дунёдаги энг катта тошбақалар Dermochelys coriacea бўлиб, улар денгизда истиқомат қилишади ва узунлиги 2,5 метр, оғирлиги 900 кг.гача етади. Чучук сувда яшовчи тошбақалар бир мунча кичикдир. Энг йириги Pelochelys cantorii нинг узунлиги 2 метрдан ошмайди. Қуруқликдаги йирик тошбақалар Сейшел ва галапагос оролларида истиқомат қилишади. Узунлиги 187 смоғирлиги —400 кг. Атрофида бўлади. Энг кичик тошбақалар Жанубий Африкада истиқомат қилувчи Homopus signatus бўлиб, узунлиги11 см., оғирлиги эса 241 граммдир. Бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам тошбақалар ҳимояга муҳтождир. “Қуш бозор”ларида уларнинг назоратсиз чўллардан териб келиб сотилиши, гўшти ва косаси учун овланиши бу беозор жониворларнинг юртимизда қирилиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Наргис ҚОСИМОВА

Mellivora-capensis_11

ҲИНД АСАЛХЎРИ (Индийский медоед)

5fed39b3a0a9b40dc9a1bcabb862f4c1

Ҳинд асалхўри Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган бўлиб, бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида турган локал тарқалган кенжа тур саналади.

Мазкур сутэмизувчи Ўзбекистонда Жанубий Устюрт, Сариқамиш ботиғи, Хоразм воҳаси атрофларида тарқалган. Ўзбекистондан ташқарида Туркманистон, Қозоғистон, Эрон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистонда учраши маълум. Африка, Ироқ, Яқин Шарқда бошқа кенжа турлари яшайди.

Mellivora capensis2

Ҳинд асалхўрининг яшаш тарзи етарлича ўрганилмаган. Улар тунги пайтда фаол, қиш ва баҳор ойларида  кундуз ҳам фаол ҳаёт кечиради. Ушбу жонзот йилнинг аксар қисмида кўчиб яшайди. Уясида, кичик ғорларда беркиниб ётади. Октябрь-ноябрь ойларида жуфтлашади ва апрель-май ойларида 1-2 тагача болалайди. Ҳинд асалхўри ҳашаротлар, судралиб юрувчилар,  майда сутэмизувчиларва қушлар, шунингдек, сернам мева илдизмевалар билан озиқланади. Ҳакёт давомийлиги 26 йил.

Ушбу жонзот совуққа чидамсиз бўлиб, қаҳратон, кўп қорли қиш фаслларида ҳалок бўлади. Бундан ташқари, бўрилар ва дайди итлар томонидан таъқиб қилиниши ҳам улар сонининг камайиб кетишига олиб келмоқда.

Ҳинд асалхўри дунёнинг бир қатор ҳайвонот боғларида кўпайтирилмоқда. Уларни овлаш қатъиян ман этилган. Мавжуд популяциялари муҳофазасини ташкил этиш, ареали, сони ва яшаш тарзини мукаммал ўрганиш лозим.

Г. МЕНГЗИЯЕВА  тайёрлади

s300

15 апрель – Халқаро экологик билимлар куни

05_konkurs

Экологик билим бугунги кунда муҳим аҳамиятга эга, зеро дунёда кўпайиб бораётган экологик муаммолар инсоният келажагига хавф солмоқда. Ҳар йили дунёнинг кўплаб мамлакатларида Экологик билимлар куни нишонланади. Бу кун 1992 йил Рио-де-Жанейро шахрида ўтказилган БМТ конференциясида атроф-муҳит муаммолари  муҳокама қилинганида, инсониятнинг хаёти ва  барқарорлиги,  учун  бутун дунё аҳолиси ўртасида экологик  тарбия  катта аҳамиятга эгалиги таъкидланди. Бу байрамнинг асосий мақсади-экологик билимларни олдига суриш, аҳолида экологик маданиятни ривожлантириш,  жамиятни экологик хавфсизлиги ҳақида  маълумотлантириш, хамда хар бир фуқарони экологик фикр юритишда тарбиялаш ва тайёрлаш. Бу масалани муҳимлилиги хеч кимни шубҳалантирмайди ва қатор мамлакатларда тарбия ва  таълимнинг асосий йўналишларидан хисобланади. ҳитни асраш, аҳолини экологик маданиятини шакллантириш йўлидаги фаолиятлар — инсоният келажаги гаровидир. “Экология” термини (юнон тилида «оикос»-уй, «логос» -фан ) илк бор 1866 йили немис биологи Эрнст Геккел томонидан киритилди. Бугунги кунда экология — организмларни ўзаро ва атроф-муҳит билан бўлган муносабатларини ўрганадиган фан. Инсониятни кун сайин ўсиб бораётган эҳтиёжлари  ва сайёрамизда камайиб кетаётган  имкониятлари ўртасидаги мувозанатни  ушлаб туриш , табиатни мущофаза қилиш учун  хар биримиз экологик билимларга эга бўлмоғимиз зарур.  Экологик таълим ва билим, табиат муҳофазасидаги муаммоларни ечими  усули сифатида  халқаро тан олинди. Ўзбекистонда ҳам экологик тарбия ва таълим умум таълим муассасаларининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади, Сайёрамиз келажаги ўсиб келаётган авлоднинг  экологик маданиятига боғлиқ. Глобал экологик муаммоларни  давлатлараро ва дунё миқёсида  биргаликда ечиш мумкин, аммо яшаб турган жойининг экологиясини яхшилаш хар бир инсон вазифасидир. Ушбу кунда умумтаълим муассасаларда давлат идоралари, оммавий ахборот воситалари хамкорлигида турли тадбирлар ўтказилади. Экологик маданиятни  одамлар онгига сингдириш-келажак авлодни соғлигини сақлаш гаровидир.

Наргис ҚОСИМОВА

63530994242

23 МАРТ – ХАЛҚАРО МЕТЕОРОЛОГИЯ КУНИ

Бугунги ҳаётимизни об-ҳаво маълумотларисиз тасаввур қила олмаймиз. Ҳозир интернет тармоғи, радио ёки телевизор орқали кунлик, ҳафталик об-ҳаво маълумотларидан бохабар бўлиш имконияти мавжуд. Ушбу маълумотларни аҳолига етказиш мураккаб жараён. Бундай масъулиятли вазифани эса метеорология ходимлари сидқидилдан бажариб келмоқда. 1950 йил 23 март куни Халқаро метеорология ташкилотига асос солиниб, шу сана Халқаро метеорология куни деб белгиланган. 190 дан ортиқ мамлакат аъзо бўлган ушбу ташкилот, энг аввало, об-ҳаво, иқлим ва сув масалалари билан шуғулланади. Унга аъзо давлатлар эса қуруқликда, океан, денгиз, дарё ва кўллар атрофидаги атмосфера ҳолати юзасидан тезкор ахборот алмашинувини йўлга қўйган бўлиб, ана шу маълумотлар асосида тез фурсатларда об-ҳаво прогноз қилинади, аҳоли хавфли гидрометеорологик ҳодисалардан огоҳлантирилади.

Метеорология – Ер атмосфераси ва унда содир бўладиган физик жараёнларни ўрга- надиган фан. Атмосфера физикаси метеорологиянинг асосий бўлими. Атмосферадаги кимёвий жараёнларни кимё атмосфераси, атмосфера омилларининг биологик жараёнларга таъсирини эса биометеорология ўрганади. Атмосфера Ер сирти билан доимо ўзаро таъсирда бўлгани сабабли метеорология сув ҳавзаларининг устки қатлами ва тупроқнинг иссиқлик режими, ҳавонинг тупроқ ёки сув билан иссиқлик алмашуви, буғланиш ва бошқа ҳодисаларни ҳам ўрганади. Шунингдек, атмосфера учун ягона энергия манбаи бўлган қуёш нури оқими масалалари билан шуғулланади. ХХ асрнинг 30-йилларида атмосферанинг юқори қатламларини ўрганиш мақсадида коинотга радиозондлар учирилиши метеорология соҳасининг ривожланишида муҳим ўрин тутган. Бу даврда об-ҳавони ўрганишда авиация хизматига талаб орта бошлаган. Метеорологик кузатиш тармоқлари ва хизмати океанларда, тропик минтақа, Арктика ва Антарктикада кенг ёйила бошлади. Об-ҳаво хариталарини ва бошқа материалларни максимил узатишда телеалоқадан фойдаланиш кенгайди, автоматлашган метеорологик станциялар пайдо бўлди. Ўзбекистонда метеорологик кузатувлар илк бор 867 йилнинг декабрь ойида Тошкентда йўлга қўйилган. 1870 йилнинг март ойида Тошкентда чоп этиладиган Туркес-танские ведомости” газетаси илк бор об-ҳаво маълумотларини эълон қилган. 1873 йилда Тошкент физика ва астрономия обсерваторияси иш бошлаган. 1876 йилнинг сентябрь ойида эса Тошкент метеостанцияси очилган. Ўзбекистонда гидрометеорология хизмати 1921 йилнинг май санасида расмий мақомга эга бўлган. 1992 йилда Ўзбекистон гидрометеорология хизмати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги гидрометеорология бош бошқармаси мақомини олди. 2004 йил апрель ойида мазкур хизмат ташкилий-тузилмавий жиҳатдан такомиллаштирилиб, унга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази (“Ўзгидромет”) мақоми берилди. Гидрометеорология хизмати нафақат иқлим ўзгариши, дарёлардаги сув миқдори ва об-ҳавони олдиндан қисқа ва узоқ муддатли прогноз қилиш асалалари билан шуғулланади, балки мазкур прогнозларнинг аниқлигини таъминлаш, сифатини ошириш, иқтисодиётнинг турли соҳаларини гидрометеорологик маълумотлар билан таъминлаш, соҳага оид илмий-тадқиқот шларини олиб бориш ҳамда давлат гидрометеорологик кузатувлар тизимини такомиллаштириш ҳамда ривожлантиришни амалга оширади. Ҳозирги метеорологик кузатувлар замонавий асбоб-ускуналар воситасида олиб борилаётганлиги боис, аниқлик даражаси анча юқори.

Гулсара МЕНГЗИЯЕВА

259b5550ae698b288c30d87027821895

22 МАРТ – ХАЛҚАРО СУВ РЕСУРСЛАРИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ КУНИ

Ҳар йили 22 март куни жаҳон аҳли  Халқаросув ресурсларини муҳофаза қилиш кунини нишонлайди.  Илк маротаба ушбу фикр  1992 йили Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган  БМТнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ривожлантириш конференциясида илгари сурилган эди. Зеро нафақат инсоният, балки  бутун тирик табиат сувсиз яшай олмайди.  Ер шарининг 70 фоизи сув билан қопланган бўлсада, бугунги кунда кўпгина мамлакатлар айнан сув етишмовчилигидан азият чекишмоқда, чунки ушбу сувнинг 95 фоизи шўрдир. Қолган 5 фоизнинг 4 фоизи музликлар бўлса, инсоният фойдаланадиган сув умумий сув миқдоридан 1 фоизниг7ина ташкил этади. ХХ асрга келиб одамлар томонидан сувдан фойдаланиш 6 баробар кўпайди. Дунёнинг кўпгина мамлакатларда 30 фоизгача ичимлик суви турли хил сабаларга, қувурларнинг эскириши, сувдан фойдаланиш маданиятининг пастлиги  натижасида йўқотилади.   Сув заҳиралари фақат истеъмол учун эмас, балки жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий ривожи учун ҳам ўта зарур ва муҳим. БМТнинг Бош Ассаммблеяси мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, 1993 йили 22 февраль куни 47/193 резолюциясини қабул қилди ва 22 март кунини Халқаро сув ресурсларини муҳофаза қилиш куни деб, эълон қилди. Ушбу кун бутун дунёда 1993 йилдан бошлаб нишонлана бошланди. БМТга аъзо давлатлар БМТ тавсияларидан келиб чиққан ҳолда миллий даражада сувни тежаш борасида фаолиятни олиб бориши зарурдир. 22 март куни инсониятга яна бир маротаба сувнинг томчиси ҳам сувлиги, унинг қадрига етмоғимиз лозимлиги, ҳар томчи сувни тежаб ишлатишимиз кераклигини эслатиб турувчи кундир. Чунки бугунги кунда  дунёда  663 миллион нафар одам сувсизликдан азият чекмоқда.  Ишлатилган сувнинг 80 фоизи эса оқизиб юборилмоқда. Дунёдаги  1,8 миллиарга яқин одам эса ифлосланган сувни истеъмол қилишга мажбур. ЖССТнинг  маълумотларига кўра биргина  2016 йили тозаланмаган сувни истеъмол қилиш оқибатида турли хил касалликлардан  842 000  нафар одам вафот этган.

Сув ҳақида қизиқарли маълумотлар

Сув ҳидсиз, рангсиз, таъмсиз суюқлик.

Бир кунда ҳар бир одамнинг ҳаёт кечириши учун камида 2,5 литр сув зарур.

Сув дунёда энг кўп тарқалган суюқлик.

Сувнинг 97 фоизи –бу океан ва денгизлардир.

Беш  дақиқа душ қабул қилиш учун 114-230 литр сув сарфланади.

Тиш ювишга 9 литр сув сарфлаймиз. Шунинг учун тишингизни юваётганингизда кранни ёпиб қўйинг ва бир стаканга сув тўлдириб, уни оғиз чайқаш учун ишлатинг.

Идишларни ювишга эса  91 литр сув кетади. Агарда идишларни тоғорачага сув тўлдириб ювилса сув сарфи 60 литрга камаяди.

Инсон танасининг 66 фоизи, товуқнин 75 фоизи, фил танасининг 70 фоизи сувдан иборат.

Помидор энг серсув сабзавотдир. У 95 фоиз сувдан иборат.

Наргис ҚОСИМОВА

Derevy_less

21 МАРТ – ХАЛҚАРО ЎРМОНЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КУНИ

Мана, бир неча йилдирки, 21 март – Халқаро ўрмонлар куни сифатида нишонланади. Курраи заминда яшовчи барча инсонларга сайёрамиз экологиясининг қалқони бўлган ўрмонларнинг аҳамиятини эслатиб туриш, ўрмон ресурсларидан оқилона фойдаланиш заруратини англатиш мақсадида 1971 йили Европа қишлоқ хўжалиги конфедерацияси мазкур санани таъсис этиш ташаббуси билан чиқди. БМТнинг Бош ассамблеяси эса бу ғояни маъқуллаган ҳолда 2012 йилдан унга расмий мақом берди. Шундан буён БМТ раҳнамолигида ҳар йили 20 ёки 21 март –    Халқаро ўрмонларни ҳимоя қилиш куни   (International Day of Forests) сифатида нишонланади. Ушбу эко- логик санани нишонлашдан мақсад инсониятни ўрмонларни муҳофаза қилиш қай даражада зарурлиги тўғрисида хабардор қилишдан иборат. Мазкур байрамни нишонлаш Жанубий яримшар аҳолиси учун кузги, Шимолий яримшар аҳолиси учун эса баҳорги тенгкунлик санасига, яъни, 21 мартга тўғри келади. Ўрмон Антарктидадан ташқари ҳамма қитъаларда мавжуд. Ер шаридаги қуруқликнинг 38 миллион квадрат километр (учдан бир қисми) ҳудудини ўрмонлар ташкил этади. Табиатнинг “яшил қўрғони” ҳисобланмиш ўрмонлар майдони кун сайин камайиб бормоқда. Ўрмонлар муҳофазаси, унинг бойликларини асраш глобал экологик муаммолар қаторидан ўрин олганига анча бўлди. Шунга қарамай, инсоният ўз эҳтиёжлари йўлида ўрмонларни аёвсиз кесишда давом этмоқда. Кўплаб ўрмонлар бутунлай йўқолиш арафасида турибди. Ўрмонларнинг барҳам топишига йўл қўймаслик, уларни асраб-авайлаш инсоният бурчи эканлигини унутмаслигимиз даркор.

Гулсара МЕНГЗИЯЕВА

 

1458464322_1

21 МАРТ – УМУМЖАҲОН КУРРАИ ЗАМИН КУНИ

Умумий уйимиз бўлган курраи замин инсониятни қанча сийлагани сайин, бунга жавобан биз инсонлар унга фақат азият етказмоқдамиз. Атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, биологик хилма-хилликни сақлашга қанчалик ҳаракат қилинмасин, айрим одамларда экологик онг ва маданият етишмаслиги сабабли табиатга озор бериш ҳамон давом этмоқда. Жумладан, турли ёқилғилардан фойдаланиш туфайли сайёрамизда йилига бир неча миллиард тонна кислород беҳуда сарф бўлаётгани, қишлоқ хўжалигига яроқли ерлар ва чучук сувларнинг аксарият қисми ўзлаштирилгани, ўрмон билан қопланган майдонлар йилдан-йилга камайиб, чўл зоналарининг майдони ортиб бораётгани ташвишли ҳолдир. 21 март – Умумжаҳон курраи замин куни деб эълон қилинишига ҳам глобал экологик муаммолар сабаб бўлди. Экологик муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш – соғлом ва фаровон ҳаёт кечириш имконини берибгина қолмай, она сайёрамиз жозибасини сақлаб, тириклик учун яроқсиз бўлиб қолишдан асрайди. Мамлакатимизда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф табиий муҳитни асраб-авайлаб, келгуси авлод учун соф ҳолда етказиш борасида муҳим йўналишлар белгилаб олинган. Шунингдек, Ўзбекистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик барқарорликни таъминлаш бўйича БМТ конвенциялари ҳамда бошқа халқаро ҳужжатларни ратификация қилиб, барча мажбуриятларини бажариб келмоқда.

Гулсара МЕНГЗИЯЕВА

Машғулотлар малака ва маҳоратни оширади

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузурида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишида фаолият кўрсатаётган ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ўз фаолиятини бошлади. Марказ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 сентябрдаги 321-сон қарори билан ташкил этилган бўлиб, унинг Низомига мувофиқ марказга давлат, идоравий, ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга ошириш ваколати берилган. Бу ўз навбатида экологик нормативлар лойиҳаларни ишлаб чиқувчи ташкилотларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фаолият юритувчи мутахассисларини қайта тайёрлаш ва салоҳиятини ошириш заруратини белгилайди.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтишнинг мажбурий ва ихтиёрий шартлари Марказда ўқитиладиган таълим йўналишининг муҳим томонлари ҳисобланади. Низомга кўра мутахассисларни қайта тайёрлаш уларнинг фаолияти давомида, малакасини ошириш эса ҳар 5 йилда амалга оширилади. Шу ўринда айнан кимлар, қайси соҳадаги мутахассислар мазкур Марказда таълим оладилар, деган савол тўғилади.

Марказда биринчи навбатда, экологик назоратни амалга оширишга масъул бўлган, шу жумладан ушбу вазифаларга жавобгар бўлган барча мансабдор шахслар, экологик хизмат ходимлари, экологик нормативларни тайёрлашга ихтисослашган корхона ва ташкилотларнинг мутахассислари, экологик назоратни амалга оширувчи жамоатчи инспекторлар тизимли равишда ўқитиб борилади.

Мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш буюртманомага, яъни Марказ ва буюртмачи ўртасида тузилган шартномага мувофиқ, тўлов асосида амалга оширилади. Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг мутахассислари Марказнинг малака ошириш курсларида бепул, қайта тайёрлаш курсларида эса тўлов эвазига ўз билимларини оширадилар. Давлат экологик назоратини амалга ошириш ваколати берилган давлат органларининг ҳузурида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ташкил этилган бўлса, уларнинг мутахассислари ушбу курсларда таълим олиши мумкин.  Жамоатчилик экологик назоратини амалга оширувчи шахслар ва бошқа шахслар Марказнинг курсларида тўлов-шартнома асосида, ихтиёрий равишда таълим олишга ҳақли.

Яна бир муҳим ҳолат, мутахассисларни ўқув курсларида ўқитиш ишдан ажралган ҳолда амалга оширилади. Ўқув курслари давомида мутахассисларнинг доимий иш жойидаги лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланади.

Ўқув курсларида ўқиш бошлангандан сўнг 5 кун мобайнида Марказга етиб келмаган мутахассислар, сабабларидан қатъи назар, курсларга қўйилмайди. Ўқув курсларига узрли сабабларга кўра етиб кела олмаган мутахассислар кейинги босқичларда ташкил этиладиган курсларда таълим оладилар. Ўқув курсларига узрли сабабларсиз келмаган мутахассислар курслардан ўтмаган ҳисобланади ва буюртмачилар томонидан тўланган тўлов суммалари қайтарилмайди.

Қайта тайёрлаш курслари 10 ҳафтадан, малака ошириш курслари эса камида 2 ҳафтадан иборат.  Мутахассислар ўқув курсларини якунлаганларидан сўнг аттестация комиссиясида битирув лойиҳа ишини ҳимоя қилади. Аттестация комиссияси ўз қарорини мутахассисларни суҳбатдан ўтказиш натижалари асосида, шунингдек касбий фаолият кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилади. Аттестация комиссиясининг қарори асосида Марказ томонидан мутахассисларга тегишлича диплом ёки сертификат берилади. Аттестация синовларидан ўта олмаган мутахассислар бир йил мобайнида шартнома асосида курсда такроран ўқиши ва аттестация синовларини топшириши шарт. Мутахассислар аттестация синовларидан такроран ўта олмаган тақдирда Марказ томонидан уларнинг иш берувчи ташкилотларига аттестация синовларидан ўта олмаганлик сабаблари кўрсатилган ҳолда хабарнома юборилади. Умуман олганда, ташкил этилган ушбу ўқув маркази мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги эзгу тадбирларнинг яна бир муҳим омили бўлиб қолади.

 

Саидали МУХТОРАЛИЕВ,

Марказ директори