Category Archives: экотаълим

велосипед

22 СЕНТЯБРЬ — БУТУНЖАҲОН АВТОМОБИЛСИЗ ЮРИШ КУНИ

Мазкур кунда барча автомобиль ва мотоцикл ҳайдовчиларига бир  кун бўлсада пиёда юриш тавсия этилади. Маълумки автоуловлардан чиқаётган ис газлари таркибига азот оксидалари, бензпирен,  қурғошин ва бошқалар киради. Ис газларини узоқ муддат ҳидлаган инсон заҳарланиши, турли хил нафас йўлларининг касалликлари билан касалланиши мумкин. Бундан ташқари автоуловларнинг кўпайиши иқлим ўзгаришига сабаб бўлаётган омиллардан биридир.

Автомобилсиз бир кун, яъни велосипедлардан фойдаланиш ёхуд пиёда юриш оз бўлсада сайёрамиз ҳавосинининг заҳарланишини камайтиради. Мазкур ғоя 1973 йилда пайдо бўлган бўлиб,  1994 йилда  Испаниянинг Толедо шаҳрида бўлиб ўтган «International Ciudades Accesibles» халқаро конференциясида эколог  Эрик Бриттон бундай акцияларни мунтазам равишда ўтказишга чақиради. “Автомобильсиз бир кун” акцияси илк маротаба Исландиянинг пойтахти Рейкьявик, Буюк Британиянинг Бате ва Франциянинг Ля Рошели шаҳарларида ўтказилади. 1995  йили ушбу кунни қўллаб- қувватлаш учун  World Car Free Days Консорциуми тузилади.  1997  йили Буюк Британияда  Environmental Transport Association ассоциацияси томонидан миллий кампания, 1998 йилда Францияда, 2000  йилда эса Европа Комиссияси томонидан барча Европа давлатларида бир ҳафта давомида ўтказилади. 2000 йилдан бошлаб “Автомобилсиз бир кун” акциялари  қатор дунё мамлакатларида ўтказилиб, кўпгина  жамоат ва давлат арбоблари шу куни ишга велосипедда йўл олишади.

Н. КОСИМОВА

149961

29 июль — Халқаро йўлбарс куни

-e1446398877553

Халқаро йўлбарс кунини нишонлаш 2010 йилда Санкт–Петербургда Ерда йўлбарсларни сақлаб қолишга бағишланган халқаро саммитда белгиланган эди.  Саммитда қатнашган Россия, Хитой, Малайзия, Вьетнам, Таиланд, Индонезия, Камбоджи, Непал, Ҳиндистон бангладеш, Бутан, Лаос давлатлари бир овоздан йўлбарслар истиқомат қиладиган ҳудудларни қаттиқ қўриқлаш лозимлигини таъкидлашди.  Халқаро йўлбарс кунини нишонлашдан мақсад  ҳамжамиятни йўлбарсларни йўқолиб кетаётганидан хабардор қилиш ва уларни ҳимоялаш йўлларини излашдир.

Protivostojanije_1

Ёввойи табиатда йўлбарсларнинг 9 тури истиқомат қилиб, шундан 3 таси инсоният томонидан бутунлай йўқ қилинган. Амур йўлбарси асосан Россия, Хитой ва Шимолий Корея ўрмонларида истиқомат қилиб, бугунги кунда 520 га яқин йўлбарс қолган холос. Амур йўлбарси барча йўлбарслар ичида энг йиригидир. Бенгал йўлбарси Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш, Непал, Бутан, Мьянма давлатлари чангалзорларида истиқомат қилади. Ҳиндистон ҳукуматининг хабарига кўра мамлакат ҳудудида 3000 га яқин йўлбарс яшайди. Ҳиндистонда йўлбарсларнинг йўқолишига уларнинг териси учун ов қилиниши ва яшаш ҳудудларининг қисқариши сабаб бўлмоқда. Ҳиндихитой ва хитой йўлбарси асосан Камбоджа, Хитой, Лаос, Вьетнам ва Малайзия ҳудудида истиқомат қилади. Вьетнам ва Хитойда деярли барча йўлбарсларнинг ички органлари Хитой тиббиётида қўлланилганлиги сабабли ов қилиниши  оқибатида йўқолиб бормоқда. Малая ва суматра йўлбарсларининг соти атиги 400-500 та бўлиб, асосан яшаш ҳудудидаги ўрмонларнинг кўплаб кесилиши оқибатида йўқолмоқда. Ёввойи табиатда охирги хитой йўлбарси 1994 йилда отиб, ўлдирилган эди. Ҳозир дунё ҳайвонот  боғларида 59 дона Хитой йўлбарси қолган, холос.

6edb5e57

Бали, Турон, Яван йўлбарслари эса инсониятнинг бешавқат фаолияти оқибатида аллақачон Ер юзидан йўқолган.

Бугунги кунда йўлбарслар Халқаро Қизил китобга киритилган. Жаҳонда 1947 йилдан бери йўлбарс ови қатъиян тақиқланган. 1955 йили эса йўлбарс болаларини ушлаб, сотиш тақиқланган эди. Аммо шунга қарамай ҳануз ушбу улуғвор ҳайвон браконьерлар томонидан ов қилинмоқда. Айни пайтда ёввойи табиат қўйнида 5 минг дона йўлбарс қолган холос. Сўнгги 100 йил ичида йўлбарсларнинг сони 25 маротабага қисқарган.

tiger

Халқаро йўлбарслар куни турли давлатларда ҳар хил нишонланади. Шу куни Global Tiger Initiativeк  халқаро ташкилоти ҳайвонот боғларида яшаётган тутқунликдаги йўлбарслар шароитини яхшилаш, ёввойи табиатда йўлбарслар популяциясини тиклаш мақсадида 350 млн. доллар миқдорда маблағ тўплаб, 2022 йилга келиб йўлбарслар сонини тиклашга эришиш мумкинлигини билдирди.

Н.Суннатова

табиат ресурс

ТАБИАТ РЕСУРСЛАР ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАСИЗ?

Илмий-техника тараққиёти, ахолининг тез кўпайиши, ишлаб чиқариш тармоқлари ва транспортнинг ривожланиши, инсоннинг табиатга ва унинг ресурсларига бўлган таъсирини йилдан-йилга ошириб бормоқда, яъни инсон ва табиат ўртасидаги ўзаро муносабатлар муаммолари янада мураккаблашмоқда. Жаҳоннинг барча катта-кичик минтақаларида ўзига хос экологик муаммолар вужудга келган. Шу сабабли бугунги кунда табиат ресурсларидан оқилона фойдаланишни, яъни бу ресурслардан тежамкорона фойдаланиш, уларнинг кўпайтириш ва тиклашга қаратилган тадбирларни режаси ва мақсадли равишда амалга ошириш лозим. Инсон ўзининг ҳаётий эҳтиёжи учун зарур бўлган озиқ-овқат, кийим-кечак, ёқилғи энергия хом- ашёларини мехнат фаолияти орқали табиатдан олади. Шу боисдан табиат ва унинг ресурслари инсоннинг ҳаётий ва хўжалик фаолияти учун асосий манбадир. Табиий ресурслар бирор бир табиат ҳодисасига мансублиги, фойдаланиши ва бошқа хусусиятларига кўра бир-биридан фарқланади ва тасниф қилинади.

Табиий ресурслар тугайдиган ва тугамайдиган ресурсларга бўлинади. Тугайдиган ресурслар ўз навбатида тикланадиган ва тикланмайдиган ресурслардан иборат.

Тикланмайдиган ресурсларга мутлақо тикланмайдиган (тошкўлиев, нефть ва б.ш) ёки фойдаланишга нисбатан ниҳоят секин тикланадиган, (торф, кўпкина чўкинди жинслар) ресурслар киради. Шу сабабли тикланмайдиган ресурсларни қазиб олиш, қайта ишлаш ва фойдаланишда тежамкорлик талаб қилинади.

Текланадиган табиий ресурсларга, тупроқ, ўсимлик, хайвонот дунёси, шунингдек минерал ресурсларнинг айрим турлари киради. Бу ресурслардан фойдаланиш жараёнида табиий шароитлар ўзгартирилмаган ҳолларда қайта тикланади. Табиий шароитларнинг ўзгартирилиши қайта тикланиш жараёнларини секинлаштиридаи ёки бутунлай тўхтатиб қўяди. Шу сабабли тикланадиган табиий ресурслардан фойдаланишда уларнинг тикланиш суратлари албатта эътиборга олиниши керак. Акс ҳолда тикланадиган табиий ресурслар тикланмайдиган ресурслар тоифасига ўтиши мумкин. Масалан, ҳайвонлар ёки ўсимликларнинг батомом йўқотилган айрим турларининг эндиликда тиклаш имконияти йўқ. Тугаллайдиган табиий ресурсларга сув, иқлим ва коинот ресурслари киради. Ушбу ресурслардан қанча фойдаланилганда ҳам уларнинг миқдори камаймайди, лекин ишлаб чиқариш жараёнлари туфайли улар ифлосланиши ва сифати жиҳатдан фойдаланиш имкониятларини йўқотиши мумкин. Шу туфайли тугамайдиган табиий ресурсларини муҳофаза қилиш тадбирлари, уларнинг сифат жиҳатдан ёмонлашувига қарши курашга йўналтирилмоғи лозим.

Гўзалхон Артикова,  Фарғона вилоят ўлкашунослик музейи илмий ходими.

Гулноза Тўхтасинова, Фарғона вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспектори 

Буюклар табиат ҳақида

  • Табиат ҳамма нарсани билади, қаерга қарама ундан ўрганиш учун асос топилади.

Леонардо да Винчи

  • Дунёда Яратганга энг яқин нарса-табиатдир.

Астольф де Кюстин

  • Шамол табиатнинг нафасидир.

Козьма Прутков

  • Жамиятда инсоннинг табиат устидан ҳукмронлигини оширувчи ҳар қандай кашфиёт инсонга қувонч эмас, қайғу келтиради.

Лев Толстой

  • Ривожланмаган мамлакатларда сув ичиш, ривожланганларида эса нафас олиш хавфли. Джонатан Рейбан
  • Вақт ёлғон фикрларни йўқотади, табиат фикрларини эса тасдиқлайди.

Марк Цицерон

  • Барча тирик нарса қийноқдан қўрқади, барча тирик жонзот ўлимдан қўрқади. Ўзингни нафақат инсон сифатида, балки табиатни бир бўлаги сифатидан англа. Ҳеч ким ва ҳеч нарсага озор берма, ўлдирма, қийнама. Будда

Табиат қонунларига бўйсинмаган инсон энг аҳмоқ одамдир.

Эпиктет

  • Ўз фаолияти билан инсон табиат устидан ҳукмрон, аммо мақсадлари у билан муштарак бўлмаса, инсон ҳалок бўлади. Георг Гегель 

Н.Қосимова тайёрлади

dolphins19

4-июль – Халқаро тутқунликдаги дельфинларни ҳимоя қилиш куни

Бутун дунё ҳамжамияти 4 июль куни тутқунликдаги дельфинларни ҳимоя қилиш кунини нишонлайди. Дельфинлар сутэмизувчилар синфининг китсимонлар  гуруҳига мансуб жониворлар бўлиб, ўта ҳаракатчан, асосан тўда бўлиб яшовчи, балиқ еб кун кўрувчи, инсонга энг яхши муносабатда бўлган  сутэмизувчидир. Дельфин сўзи юнон тилидаги δελφίς (delphis), сўзидан олинган бўлиб “янги тўғилган чақалоқ” маъносини англатади.  Ушбу атама дельфиннинг овози янги тўғилган чақалоқ овозига ўхшашлигидан келиб чиққан бўлса ажаб эмас.  Дельфинлар қўшилгач, 10—18 ой  модаси ҳомилани кўтариб юради. Дельфинлар дунёга фақатгина биттагина бола келтириб, 25-30 йилда вояга етади. 1970- йилда бир гуруҳ олимларнинг аниқланишича,  дельфинлар ухлаганда миясининг фақатгина бир томони ухлайди, иккинчиси уйғоқ бўлади. Дельфин мияси  танасига нисбатан анча катта бўлиб, 1700 грамм келса, инсон миясининг ўртача оғирлиги эса 1400 граммдир. Шунингдек, дельфинлардаги мия бурмалари  одамникидан икки баробар кўпдир.  Дельфинларнинг сўз бойлиги 14000  тагача товушлардан иборат бўлиб, уларнинг ўзаро мулоқотга киришишини таъминлаб беради. Дельфин танасининг узунлиги 2 метр, оғирлиги эса 40 кг. атрофида бўлади.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, 1960 йилларда АҚШ ва собиқ Иттифоқда дельфинлардан  ҳарбий мақсадларда фойдалана бошлашган. Махсус ўргатилган дельфинлар денгиз ва океанларда миналар, ўқув торпедаларини қидиришган ва кўпчилиги портлаш  оқибатида ҳалок бўлган. Совет Иттифоқи парчалангач, бу усулдан воз кечилди, аммо АҚШда ҳануз Ҳарбий денгиз қўшинларининг бешта марказида дельфинларни милитаристик мақсадларда фойдаланиш учун тутқинликда ушлаб, ўргатилади. Кўпгина дельфинлар кўнгилочар мақсадларда фойдаланиш учун дельфинарий ва океанариумларда боқилади. Табиатда дельфинлар 100 км.дан кўпроқ масофани бир кунда босиб ўтиб, 200 метр чуқурликкача тушишади. Албатта дельфинарийлар бундай имкониятга эга эмас. Улар томонидан чиқариладиган ультратовуш  аквариум деворларига урилиб, дельфиннинг ўзига қайтади ва соғлиғига зарар етказади. Хлорланган сув эса сутъмизувчиларнинг терисини зарарлаб, кўриш қобилиятини пасайтиради. Оқибатда дельфинларнинг ҳаёт давомийлиги 5–6 марта қисқаради.

Мазкур халқаро кунда биолог ва экологлар  денгиз ҳайвонларини озодликда яшашига имкон яратиб бериш, инсон ўз эҳтиёжларини қондириш мақсадида улардан фойдаланмасликка, тутқинликдаги дельфинларни озодликка қўйиб юборишга чақиради.

Дельфинлар билан боғлиқ қизиқ фактлар
- Ҳиндистон ҳукумати Коста-Рика, Венгрия ва Чилидан сўнг  расмий равишда дельфинларни ҳайвонлар қаторидан чиқариб, уларга “инсон турига оид бўлмаган шахс” мақомини берди ва уларнинг ақлий даражаси ва ўзлигини англай олишини тан олди. Шунингдек Ҳиндистон ҳукумати дельфинларни ўлдириш, қийнаш, улар иштирокидаги барча кўнгилочар тадбирларни тақиқлади;
- сувга ҳомиладор аёл тушса, дельфинлар   унинг ҳомиласи борлигини дарҳол аниқлашади ва уни қутқаришга ҳаракат қилишади;

- дельфинлар сувдан 6 метр баландликкача сакрашлари мумкин;

- тарихда инсонларни дельфинлар қутыариб қолгани ҳақида жуда кўплаб фактлар мавжуд. 2007 йил 28 августда  Калифорния қирғоқларида Родди Хэндрюс га  оқ акула ҳужум қилганида уни бир тўда дельфинлар ўлимдан қутқариб қолишган.

Н.ҚОСИМОВА тайёрлади

 

«ЖАМИЯТНИНГ ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТИНИ ОШИРИШДА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИНИНГ РОЛИ»

Мазкур мавзудаги семинар-тренинг пойтахтимизда   Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ва Қирғизистон Республикасининг медиакоммуникациялар ўқув маркази билан ҳамкорликда ўтказилиб, унда  бугунги куннинг долзарб муаммоси- ОАВда  мультимедиа воситалари ёрдамида экологик муаммоларни ёритиш масалаларига бағишланди.

IMG_4604

Ўзбекистон сингари Қирғизистон ҳам ҳудуддаги мавжуд экологик муаммолардан азият чекмоқда. Экологик таназзулнинг келиб чиқишига асосий сабаб эса иқтисодий ўсиш ва жамиятнинг истеъмолчилик салоҳиятининг ошганлигидир. Яна бир муаммо, ҳануз жаҳон ҳамжамияти глобал биосферадан фойдаланишнинг ҳуқуқий мақомини белгилагани йўқ. Инсониятнинг умумий бойлиги бўлган табиатдан оқилона фойдаланишнинг якдил механизми ишлаб чиқилмади. Она Сайёрамиз заҳираларидан фойдаланишнинг аниқ ҳисоби олиб борилмаяпти. Ернинг биосфера қобиғидан фақатгина энг ривожланган давлатларгина фойдаланишмоқда. Агарда атрофга боқсангиз дунё барқарор ривожланишга тескари равишда ҳаракат қилмоқда. Инсон фаровонлигини экологик инқироз ҳисобига ошириш яқин келажакда ўзининг салбий оқибатларини кўрсатиши аниқ. Унинг ягона йўли экологик иқтисод ёки яшил иқтисодга ўтишдир.

photo_2017-05-26_09-50-36

Бугунги кунда юртимизда экологик хавфсизликни таъминлаш учун изчил институционал ва ташкилий чоралар кўрилмоқда. Айтиш жоизки, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган ҳамда тегишли халқаро нормаларга мос ҳуқуқий база яратилган. Мамлакатимиз БМТнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор тараққиёт соҳасидаги энг муҳим конвенциялари, Барқарор Ривожланиш Мақсадларига қўшилиб,  зиммасига олган барча мажбуриятларни бажариб келмоқда. Табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчиликни амалга ошириш механизми ишлаб чиқилган, мақсадли давлат дастурлари, миллий ҳаракат режалари ҳаётга татбиқ этилаётир. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим қисми бўлган ушбу хайрли ишларда жамоат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

IMG_4601

-Ушбу семинар-тренинг муҳим аҳамиятга эга, дейди семинар қатнашчиси Ю.Черногаев. –Биз бу ерда нафақат тажриба алмашдик, балки бугун аудиторияни экологик муаммоларга эътиборини қаратишнинг янги усуллари билан танишдик.

-Ўзбекистон Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан экологик муаммоларни ҳал этиш борасида етакчи, дейди “Аргументы недели. Кыргызстан” газетасининг муҳаррири Мария Орлова. — Электрон чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилишни ҳам Ўзбекистон биринчи бошлади. Айнан чиқиндилар муаммоси давлат тассаруфида бўлиб, бу борада қабул қилинган Президент қарорлари Ўзбекистон барқарор тараққиёт мақсадлари йўлида дадил ҳаракат қилаётганидан далолат беради.

Юқорида қайд этилган семинар-тренингда ўзбек ва қирғизистонлик журналистлар бугунги кунда мамлакатлардаги мавжуд экологик муаммолар, уларни ечимини топиш, аҳолининг экологик маданиятини шакллантиришдаги мақбул усуллар хусусида мулоқот қилиб, экологик мавзуни янги, мультимедиявий сторителлинг кўринишда узатиш борасида фикр алмашдилар. Семинар-тренинг доирасида журналистлар учун маиший техника ишлаб чиқарувчи “Артель”  корхонаси ҳамда “Toshrangmetzavod recycling” МЧЖ га медиатур уюштирилиб, Ўзбекистонда электрон-маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизациялаш билан танишдилар.

Н.ҚОСИМОВА

черепаха

23 МАЙ -БУТУНЖАҲОН ТОШБАҚАЛАР КУНИ

Тошбақалар 300 ёшгача умр кўришади, деган нақл аслида афсона холос, улар турларига қараб 30 йилдан 130 ёшгача яшашади. Қадимшунослар 220 млн. ёшга тенг қолдиқларини топишган. Бугунги кунда дунёда 328 та тошбақа тури мавжуд бўлиб, уларни 26 та оилага бўлиш мумкин. Шундан фақат 12 оилага мансуб турларгина бугунги кунда яшамоқда. Бошқа ҳайвонлардан фарқи хоҳ сувда хоҳ қуруқликда яшамасин, улар бирдек тошбақа деб аталди. Унинг уяси, яъни тошкосаси душманлардан ҳимоя қилувчи асосий воситадир. Тошбақаларнинг ширин гўшти ва косасидан турли хил маиший буюмларнинг ясалиши натижасида улар овланиб, йўқолиб кетмоқда. Шу сабабли Американинг тошбақаларни қутқариш жамияти 2000 йилда 23 майни Бутунжаҳон тошбақалар куни деб эълон қилди. Ташкилот 1990 йилда АҚШнинг Калифорния шатидаги Малибу шаҳрида вужудга келган эди. Ташкилот кўнгиллилари нафақат қуриқликдаги тошбақаларни ҳимоя қилиш, одамларни тошбақа гўштини емасликка чақириш билан биргаликда, океан қирғоқларида денгиз тошбақалари тухум қўйишга чиққанида уларни ҳимоя қилишга ҳам бел боғлашган.

Тошбақа кўпгина халқлар маданиятида рамзий белги сифатида жой олган. Жонивор узоқ умр кўриш, донолик рамзи сифатида қадимдан қадрланган. Бугунги кунда фанда тошбақа ва унинг турларини ўрганувчи махсус фан бўлиб, у герпетология деб аталади.

Дунёдаги энг катта тошбақалар Dermochelys coriacea бўлиб, улар денгизда истиқомат қилишади ва узунлиги 2,5 метр, оғирлиги 900 кг.гача етади. Чучук сувда яшовчи тошбақалар бир мунча кичикдир. Энг йириги Pelochelys cantorii нинг узунлиги 2 метрдан ошмайди. Қуруқликдаги йирик тошбақалар Сейшел ва галапагос оролларида истиқомат қилишади. Узунлиги 187 смоғирлиги —400 кг. Атрофида бўлади. Энг кичик тошбақалар Жанубий Африкада истиқомат қилувчи Homopus signatus бўлиб, узунлиги11 см., оғирлиги эса 241 граммдир. Бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам тошбақалар ҳимояга муҳтождир. “Қуш бозор”ларида уларнинг назоратсиз чўллардан териб келиб сотилиши, гўшти ва косаси учун овланиши бу беозор жониворларнинг юртимизда қирилиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Наргис ҚОСИМОВА

Mellivora-capensis_11

ҲИНД АСАЛХЎРИ (Индийский медоед)

5fed39b3a0a9b40dc9a1bcabb862f4c1

Ҳинд асалхўри Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган бўлиб, бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида турган локал тарқалган кенжа тур саналади.

Мазкур сутэмизувчи Ўзбекистонда Жанубий Устюрт, Сариқамиш ботиғи, Хоразм воҳаси атрофларида тарқалган. Ўзбекистондан ташқарида Туркманистон, Қозоғистон, Эрон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистонда учраши маълум. Африка, Ироқ, Яқин Шарқда бошқа кенжа турлари яшайди.

Mellivora capensis2

Ҳинд асалхўрининг яшаш тарзи етарлича ўрганилмаган. Улар тунги пайтда фаол, қиш ва баҳор ойларида  кундуз ҳам фаол ҳаёт кечиради. Ушбу жонзот йилнинг аксар қисмида кўчиб яшайди. Уясида, кичик ғорларда беркиниб ётади. Октябрь-ноябрь ойларида жуфтлашади ва апрель-май ойларида 1-2 тагача болалайди. Ҳинд асалхўри ҳашаротлар, судралиб юрувчилар,  майда сутэмизувчиларва қушлар, шунингдек, сернам мева илдизмевалар билан озиқланади. Ҳакёт давомийлиги 26 йил.

Ушбу жонзот совуққа чидамсиз бўлиб, қаҳратон, кўп қорли қиш фаслларида ҳалок бўлади. Бундан ташқари, бўрилар ва дайди итлар томонидан таъқиб қилиниши ҳам улар сонининг камайиб кетишига олиб келмоқда.

Ҳинд асалхўри дунёнинг бир қатор ҳайвонот боғларида кўпайтирилмоқда. Уларни овлаш қатъиян ман этилган. Мавжуд популяциялари муҳофазасини ташкил этиш, ареали, сони ва яшаш тарзини мукаммал ўрганиш лозим.

Г. МЕНГЗИЯЕВА  тайёрлади

s300

15 апрель – Халқаро экологик билимлар куни

05_konkurs

Экологик билим бугунги кунда муҳим аҳамиятга эга, зеро дунёда кўпайиб бораётган экологик муаммолар инсоният келажагига хавф солмоқда. Ҳар йили дунёнинг кўплаб мамлакатларида Экологик билимлар куни нишонланади. Бу кун 1992 йил Рио-де-Жанейро шахрида ўтказилган БМТ конференциясида атроф-муҳит муаммолари  муҳокама қилинганида, инсониятнинг хаёти ва  барқарорлиги,  учун  бутун дунё аҳолиси ўртасида экологик  тарбия  катта аҳамиятга эгалиги таъкидланди. Бу байрамнинг асосий мақсади-экологик билимларни олдига суриш, аҳолида экологик маданиятни ривожлантириш,  жамиятни экологик хавфсизлиги ҳақида  маълумотлантириш, хамда хар бир фуқарони экологик фикр юритишда тарбиялаш ва тайёрлаш. Бу масалани муҳимлилиги хеч кимни шубҳалантирмайди ва қатор мамлакатларда тарбия ва  таълимнинг асосий йўналишларидан хисобланади. ҳитни асраш, аҳолини экологик маданиятини шакллантириш йўлидаги фаолиятлар — инсоният келажаги гаровидир. “Экология” термини (юнон тилида «оикос»-уй, «логос» -фан ) илк бор 1866 йили немис биологи Эрнст Геккел томонидан киритилди. Бугунги кунда экология — организмларни ўзаро ва атроф-муҳит билан бўлган муносабатларини ўрганадиган фан. Инсониятни кун сайин ўсиб бораётган эҳтиёжлари  ва сайёрамизда камайиб кетаётган  имкониятлари ўртасидаги мувозанатни  ушлаб туриш , табиатни мущофаза қилиш учун  хар биримиз экологик билимларга эга бўлмоғимиз зарур.  Экологик таълим ва билим, табиат муҳофазасидаги муаммоларни ечими  усули сифатида  халқаро тан олинди. Ўзбекистонда ҳам экологик тарбия ва таълим умум таълим муассасаларининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади, Сайёрамиз келажаги ўсиб келаётган авлоднинг  экологик маданиятига боғлиқ. Глобал экологик муаммоларни  давлатлараро ва дунё миқёсида  биргаликда ечиш мумкин, аммо яшаб турган жойининг экологиясини яхшилаш хар бир инсон вазифасидир. Ушбу кунда умумтаълим муассасаларда давлат идоралари, оммавий ахборот воситалари хамкорлигида турли тадбирлар ўтказилади. Экологик маданиятни  одамлар онгига сингдириш-келажак авлодни соғлигини сақлаш гаровидир.

Наргис ҚОСИМОВА

63530994242

23 МАРТ – ХАЛҚАРО МЕТЕОРОЛОГИЯ КУНИ

Бугунги ҳаётимизни об-ҳаво маълумотларисиз тасаввур қила олмаймиз. Ҳозир интернет тармоғи, радио ёки телевизор орқали кунлик, ҳафталик об-ҳаво маълумотларидан бохабар бўлиш имконияти мавжуд. Ушбу маълумотларни аҳолига етказиш мураккаб жараён. Бундай масъулиятли вазифани эса метеорология ходимлари сидқидилдан бажариб келмоқда. 1950 йил 23 март куни Халқаро метеорология ташкилотига асос солиниб, шу сана Халқаро метеорология куни деб белгиланган. 190 дан ортиқ мамлакат аъзо бўлган ушбу ташкилот, энг аввало, об-ҳаво, иқлим ва сув масалалари билан шуғулланади. Унга аъзо давлатлар эса қуруқликда, океан, денгиз, дарё ва кўллар атрофидаги атмосфера ҳолати юзасидан тезкор ахборот алмашинувини йўлга қўйган бўлиб, ана шу маълумотлар асосида тез фурсатларда об-ҳаво прогноз қилинади, аҳоли хавфли гидрометеорологик ҳодисалардан огоҳлантирилади.

Метеорология – Ер атмосфераси ва унда содир бўладиган физик жараёнларни ўрга- надиган фан. Атмосфера физикаси метеорологиянинг асосий бўлими. Атмосферадаги кимёвий жараёнларни кимё атмосфераси, атмосфера омилларининг биологик жараёнларга таъсирини эса биометеорология ўрганади. Атмосфера Ер сирти билан доимо ўзаро таъсирда бўлгани сабабли метеорология сув ҳавзаларининг устки қатлами ва тупроқнинг иссиқлик режими, ҳавонинг тупроқ ёки сув билан иссиқлик алмашуви, буғланиш ва бошқа ҳодисаларни ҳам ўрганади. Шунингдек, атмосфера учун ягона энергия манбаи бўлган қуёш нури оқими масалалари билан шуғулланади. ХХ асрнинг 30-йилларида атмосферанинг юқори қатламларини ўрганиш мақсадида коинотга радиозондлар учирилиши метеорология соҳасининг ривожланишида муҳим ўрин тутган. Бу даврда об-ҳавони ўрганишда авиация хизматига талаб орта бошлаган. Метеорологик кузатиш тармоқлари ва хизмати океанларда, тропик минтақа, Арктика ва Антарктикада кенг ёйила бошлади. Об-ҳаво хариталарини ва бошқа материалларни максимил узатишда телеалоқадан фойдаланиш кенгайди, автоматлашган метеорологик станциялар пайдо бўлди. Ўзбекистонда метеорологик кузатувлар илк бор 867 йилнинг декабрь ойида Тошкентда йўлга қўйилган. 1870 йилнинг март ойида Тошкентда чоп этиладиган Туркес-танские ведомости” газетаси илк бор об-ҳаво маълумотларини эълон қилган. 1873 йилда Тошкент физика ва астрономия обсерваторияси иш бошлаган. 1876 йилнинг сентябрь ойида эса Тошкент метеостанцияси очилган. Ўзбекистонда гидрометеорология хизмати 1921 йилнинг май санасида расмий мақомга эга бўлган. 1992 йилда Ўзбекистон гидрометеорология хизмати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги гидрометеорология бош бошқармаси мақомини олди. 2004 йил апрель ойида мазкур хизмат ташкилий-тузилмавий жиҳатдан такомиллаштирилиб, унга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази (“Ўзгидромет”) мақоми берилди. Гидрометеорология хизмати нафақат иқлим ўзгариши, дарёлардаги сув миқдори ва об-ҳавони олдиндан қисқа ва узоқ муддатли прогноз қилиш асалалари билан шуғулланади, балки мазкур прогнозларнинг аниқлигини таъминлаш, сифатини ошириш, иқтисодиётнинг турли соҳаларини гидрометеорологик маълумотлар билан таъминлаш, соҳага оид илмий-тадқиқот шларини олиб бориш ҳамда давлат гидрометеорологик кузатувлар тизимини такомиллаштириш ҳамда ривожлантиришни амалга оширади. Ҳозирги метеорологик кузатувлар замонавий асбоб-ускуналар воситасида олиб борилаётганлиги боис, аниқлик даражаси анча юқори.

Гулсара МЕНГЗИЯЕВА