Category Archives: Дунё қишлоқ хўжалиги

ГЕРМАНИЯНИНГ БИОДИНАМИК ВА ОРГАНИК ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ

Eberhard Riecke lines up his harvested p Ижарага томорқа

Германиялик фермер Лутц Герике даромаднинг янги манбаини топди. Энди у еридаги ҳар бир эгатни шаҳарликларга ижарага бермоқда. Чунки Европада озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ошиши натижасида томорқани ижарага олиб, сабзавотлар етиштириш шаҳарликларга арзонроққа тушмоқда. Бундан ташқари, тоза ҳаводаги жисмоний меҳнат, сабзавотларнинг кимёвий ўғитлар билан заҳарланмаганлигига ишонч ҳосил қилиш  ижарачилар ижарачиларга жуда мақбулдир. Ижара 40 квадрат метр учун бир йилга 180 евро туради. Шаҳарликларнинг ўз қўллари билан етиштирган сабзавотларнинг таннархи анча арзон ҳам.

Лутц Герике  ерини ижарага беришдан илгари асосан сотишга исмалоқ етиштирган. Аммо  ҳамма шаҳарликлар ҳам ерда меҳнат қилишнинг уддасидан чиқа олмайдилар. Лутц Герикенинг фикрича, уларнинг баъзилари биринчи кундан сўнг мутлақо фермер хўжаликларида  қайтиб қораларини кўрсатмайдилар.  Германияда томорқани ижарага бериш тобора оммалашмоқда. Бугунги кунда  14 та немис шаҳарлари  яқинидаги фермер хўжаликлари мазкур тажрибани қўллашаётир.

Келажак бугундан бошланади

6c930bc421bb252d5f5436da74e

Тупроқ, сув, атроф-муҳит турфа хил кимёвий ва маиший чиқиндилар билан заҳарланаётган, етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг таркиби ўзгариб, инсоният соғлиғи хавф остида қолаётган бир пайтда муаммонинг ечими сифатида экологик тоза қишлоқ хўжалиги майдонга чиқади ва у атроф-муҳитни ифлосланишидан сақлаб қолиш учун энг мақбул йўналиш ҳисобланади. Германияда экологик тоза қишлоқ хўжалиги 1920-йилларда  Рудольф Штайнернинг  “биодинамик” фалсафий қарашлари ҳамда органик-биологик деҳқончилик ҳаракати асосида  вужудга келган оқим асосида яратилди.

Германия Федератив Республикасида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда биодинамик қишлоқ хўжалиги танланган  бўлиб, у ернинг унумдорлигини сақлаб қолган ҳолда юқори ҳосил етиштириш, табиатдаги биохилма-хилликни тиклаш ва ундаги уйғунликни сақлаш, тупроқнинг биологик фаоллигини ошириш,  пестицид, гербицид ҳамда бошқа кимёвий ўғитлардан воз кечиб, фақатгина унинг органик турини ишлатиш  имконини берди. Шу билан бирга органик-биологик деҳқончиликдан кенг фойдаланилиб,  унинг пойдевори XIX асрнинг охири XX асрнинг бошларида Ханс Мюллер аграр сиёсати натижасида  қўйилади. Унга асосан қишлоқ хўжалиги корхоналари мустақил равишда фаолият юритиб,  ўғитлар, ем-хашак, зараркунандаларга қарши кураш воситаларини ўзлари ишлаб чиқаришлари ва “тупроқ ҳосилдорлигини ўз кучлари билан оширишлари” зарур эди. Ишлаб чиқарилган маҳсулот “истеъмолчи соғлиғи ва табиатга зарар етказмаслиги” шарт қилиб белгилаб қўйилганди. Бугунги кунга келиб мазкур йўналиш қўллаб-қувватланиб, унинг асосий мақсади:

-                      юқори қийматга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш;

-                      табиий экотизимни сақлаган ва унга зарар   етказмаган ҳолда  фаолият олиб бориш;

-                      деҳқончиликда микроорганизмлар, тупроқ флораси ва фаунаси, ўсимликлар ва ҳайвонлар дунёсидан иборат бўлган биологик циклларни рағбатлантириш ва мустаҳкамлаш;

-                      тупроқ унумдорлигини узоқ муддат сақлаш;

-                      деҳқончиликда қайта тикланадиган манбалардан кенг фойдаланиш;

-                      қорамол ва чорвани табиий ҳаёт тарзига монанд сақлаш ва ривожлантириш;

-                      чорвани даволашда антибиотиклардан фойдаланмаслик;

-                      қишлоқ хўжалиги фаолияти натижасида атроф-муҳитнинг ифлосланишига йўл қўймаслик;

-                      деҳқончилик тизимида ирсий  биохилма-хилликни сақлаш.

Ушбу усуллар 1972 йилда  Францияда ташкил этилган IFOAM (International federation of organic agriculture movement) Органик қишлоқ хўжалиги учун халқаро ҳаракат  федерацияси томонидан белгиланган бўлиб, бугунги кунда IFOAM га 108 та мамлакатдан 750 таси ташкилот аъзодир. Германиянинг экологик қишлоқ хўжалиги ёпиқ циклга эга. Қорамолчилик ва чорвачиликдан олинадиган органик ўғитлар ерга киритилгач, тупроқдаги азот миқдорини ошириш учун дуккаклилар билан алмашиниб экиш усулидан фойдаланилади. Экологик мувофиқликнинг яна бир омили ўсимликлар ҳимоясининг янги тизими ишлаб чиқилганидадир. Бу айнан касалликка, намгарчиликка чидамли қишлоқ хўжалик экинларини яратишдан иборат.

1994  йилдан экологик қишлоқ хўжалиги  Европа Иттифоқининг қарорига асосан молиявий кўмакка эга бўлди.  2007 йилнинг 1 январидан эса  мазкур давлат кўмаги Европа Иттифоқининг қарорига асосан  Европа иқтисодий жамғармасидан доимий равишда кўмак олиши белгиланди.

2008 йили экологик тоза қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун 121 млн. евро сарфланган бўлса, 2013 йили  мазкур маблағ 130 млн. еврони ташкил этди.  2002 йили Германияда экологик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун федерал дастур (Bundesprogramm Ökologischer Landbau, BÖL)  қабул қилиниб, унга кўра фермер хўжаликларида қайта ишлаб чиқариш, маҳсулотни сотувга тайёрлаш ва экологик маҳсулотни сотиш учун 15 йилга қўшимча 29 млн. евро маблағ ажратилди.

Бугунги кунда Германия 38% табиий озиқ-овқат маҳсулотларининг йирик экспортёри ҳисобланади.  Европа Иттифоқининг ягона қишлоқ хўжалик сиёсатига кўра, агарда маҳсулот барча талабларга жавоб берса унга  «organic»  ёки «oekologisch» деган тамға қўйилади. Мамлакатда фермерлик ассоциациялар томонидан Европа Иттифоқини тўлдирувчи турли хил стандартлар ишлаб чиқилган. Ассоциациялар маҳсулотни сертификатлайдилар ва табиий маҳсулотларга Bioland, Demeter, Naturland каби белгиларни қўядилар. Ҳозирда Германияда 22 та хусусий назорат ташкилотлари фаолият юритиб,  шундан 10 таси, яъни  ABCert, Agreco, BCS, EcoControl, GfRS, IMO, Lacon импортерларни назорат қилиб, миллий белгисини Bio-Siegel ни қўйиш ҳуқуқига эга.

Малакали фермерлар кўпаймоқда

Luchshaya-korova-Belarusi-6-iynya-2013-10

 Европа Иттифоқи давлатлари ичида фақат Германияда энг кўп касб малакасига эга бўлган фермерлар фаолият юритади. Шунингдек, айнан Германияда фермерлар, тадбиркорларга давлат муассасалари, федерал ерлар ҳокимиятлари малака ошириш бўйича турли хил курслар ва тадбирларга таклиф этилади. Юқори тезликка эга бўлган интернетга уланган фермер хўжаликлари зарур маслаҳатларни масофадан туриб олишлари, шунингдек ўз малакаларини ҳам масофавий таълим орқали оширишлари мумкин. Айнан мунтазам равишда ўз устида ишлаш, жаҳон тажрибасини ўрганиш, янги инновацион усулларни қўллаш Германия фермерларининг даромадини ошиши омилларидан бири бўлаётир.

Бугунги кунда мамлакатда деҳқончилик билан шуғулланадиган фермер хўжаликлари кўпчиликни ташкил этиб, тарихий манбаларда Германияда деҳқончилик билан шуғулланиш эрамиздан аввал I асрга бориб тақалиши қайд этилган. Қишлоқ хўжалигининг  ушбу йўналиши Зигерланд ва  Шварцвальдда ривожланиб, иккинчи жаҳон урушига қадар  оддий деҳқончилик сақланиб қолган. Шимолий ҳудудларда XIX асргача Moorbrandwirtschaft — ботқоқликларни қуритиб, экин экишга тайёрлаш кенг тарқалган. XVIII—XIX асрларда алмашлаб экиш тизими  жорий этилади, чунки деҳқонлар фақат битта  экинни экиш ер унумдорлигининг пасайишига олиб келишини тушуниб етишади. Деҳқончиликда 1939 йилга қадар  сули, арпа, буғдой ва картошка, техник экинлардан  шакар лавлаги, тамаки, зиғир, рапс, канакунжут,  қулмоқ етиштирилган. Иккинчи  жаҳон  урушидан сўнг мазкур экинларни экиш кўпайган. Сабзавотлар ичида энг кўп етиштириладиган экинлардан бири карам, спаржа, дуккаклилар бўлиб, улар асосан қайта ишланиб, экспорт учун консерваланади. Гулкарамнинг кичик “ватани” бўлган Эрфуртда мазкур сабзавотнинг 5 дан ортиқ тури экилади. XIX аср ўрталаригача мамлакатда асосан ерга ишлов бериш учун омоч ишлатиларди. Сўнг ёғоч омоч ўрнини кўплаб фабрикаларда ишлаб чиқариладиган темир омочлар ва бороналар эгаллайди. Ҳосил ўроқ ва чалғи ёрдамида йиғилган. 1920- йиллардан бошлаб деҳқонлар ўз ерларига трактор ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникаси билан ишлов бера бошлайдилар. 1959 йилдан эса экиш, ўриш, янчиш ва ташиш ишлари такомиллашиб бораётган техника  воситасида бажарилади ҳамда 1970 йилга келиб қишлоқ хўжалигида қўл меҳнатидан деярли фойдаланилмайди.

Узумини егину…

Германияда сўнгги йилларда боғдорчиликка алоҳида эътибор берилмоқда ва аксарият ҳолатларда шаҳар атрофлари ва шаҳарларда у ландашафт дизайнининг бир бўлагига айланаётир. Боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари унчалик кўп бўлмасада, улар етиштираётган маҳсулот бемалол аҳоли эҳтиёжини қондирмоқда. Иссиқхоналарда етиштирилаётган цитрус, субтропик ва тропик мевалар бемалол Испания, Португалия, Греция, Африка мамлакатларидан келтирилаётган мевалар билан рақобатлашмоқда. Фермерлар кўпроқ олма, нок, олча, гилос, олхўри дарахтларини экишади, чунки уларнинг ҳосилдорлиги табиий шароитда ҳам анча юқоридир. Жанубий ва шарқий  федерал ерларда кўпроқ узум етиштириш йўлга қўйилган бўлиб, асосан унинг винобоп, нордон навлари экилади.

Германия қишлоқ хўжалиги юқори интенсивдир. Бу ерда бир гектар ерга АҚШ, Франция ва Англиядан кўра кўпроқ органик ўғитлар киритилади. Шу сабабли, қорамолчилик учун етиштириладиган озуқабоп экинларнинг ҳосили мўл.  Замонавий техника ва фан ютуқларидан доимий равишда самарали фойдаланиб келаётган фермерлар аҳолини 90 фоизга сифатли гўшт ва 100 фоизга сут маҳсулотлари билан таъминлайдилар.

Сут маҳсулотлари учун боқиладиган қорамолчилик асосан Альп тоғлари ёнбағрида яхши ривожланган. Бу ердаги табиий яйловларда мамлакатнинг 35 фоиз сигирлари боқилади.  Қорамолчиликдан сўнг 2 ўринни эгаллаган Германия чўчқачилиги сон  жиҳатидан (20 миллион бошдан ортиқ) Европа мамлакатлари ичида етакчидир.

Ирсий модификацияланмаган бройлер жўжалар

Бройлер жўжа гўшти деганда аввало 20 дақиқа ичида пишадиган ва табиий товуқ гўшти таъмидан анча йироқ бўлган парранда гўшти тушунилади. Дунё истеъмолчиларининг эътиборини ҳам унинг айнан шу жиҳатлари тортади. Германияда паррандачиликни ривожлантиришда бройлер жўжаларини озиқлантиришга, уларнинг озуқасига кимёвий моддалар аралаштирмасликка  катта эътибор берилади Натижада бутун дунёда Гнермания экспорт қилаётган парранда гўшти ирсий модификацияланмаган, дея тан олинган. Паррандачилик билан  кичик фермер хўжаликлари шуғулланиб, товуқ, ўрдак, ғоз кўпайтирилади.

Ҳукумат томонидан  иқтисодиётнинг мазкур муҳим йўналишига катта эътибор берилаётган бўлсада, юқори  ривожланган замонавий техникага эга бўлган Германия қишлоқ хўжалигида муаммолар  етарлича.  Шулардан бири фермер хўжаликларига ажратилган ерларнинг кичиклигидир. Бу ерда ўртача ер майдони бор йўғи 15 гектарни ташкил этади. Сўнгги йиллардаги молиявий инқироз сабабли уларнинг кўпчилиги синиб, мутахассисларнинг фикрига кўра, фақатгина йирик  фермер хўжаликлари рақобатда ғолиб бўлишлари мумкин.  Майдони 80 гектар, йирик қорамолчилик ва паррандачилик фермаларига эга бўлган фермер хўжаликларидан атиги 5-6 гектар ерга эга бўлган ва тоғли ҳудудларда жойлашган фермер хўжаликлари азият чекмоқда. Германияда қишлоқ хўжалик маҳсулотларига давлат томонидан ягона нарх тарифи белгиланганлигини инобатга оладиган бўлсак, кичик фермер хўжаликлар  рақобат бозорига дош бера олмай, ёпилмоқда.

От спортининг таянчи

 Мамлакатда от спорти ва пойгага мўлжалланган, йирик ва оммабоп от зотларини кўпайтириш яхши йўлга қўйилган. Иккинчи жаҳон уруши йиллари отга бўлган талабнинг кучлилиги, йилқичиликни ривожлантиришга замин яратди. Маълумки, ХХ асрнинг биринчи ярмида авж олган техника инқилоби даврида соҳа ривожли паст даражага тушиб кетиши мумкинлигини олдиндан билган немислар, отларни кўпайтиришга янгича ёндошувларни излай бошлашган эди. Олмон йилқичиларининг асосий эътибори спорт мусобақаларида қатнашадиган отлар селекциясини яратишдан иборат бўлди. Ушбу йўналиш ҳаётий зарурият бўлиши билан бирга, йилқичиликни кенг кўламда ривожлантиришга ҳам хизмат қилди.

Айни пайтда ҳам ёш урғочи қулунлар орасидан селекция ишлари учун яроқлилари саралаб олиниб кўпайтирилмоқда. Бунда ҳар бир от зоти ветеринария кўригидан ҳамда манеждаги ҳаракатлари, қаттиқ ерда юриши ва тўсиқлардан сакрай олиши бўйича синовдан ўтказилади. Синов якунлангач, Наслчилик иттифоқи ҳар бир қулун учун алоҳида қарор қабул қилади. Насл учун яроқсиз қулунлар бошқа мақсадларда фойдаланишга жалб этилади.

Немис йилқичилигининг ажралиб турадиган яна бир жиҳати уни минтақавий ташкил қилиш ёки Наслчилик иттифоқи орқали юритишдир. Бу тажриба фақатгина Германияда жорий этилган. Наслчилик иттифоқлари бир ҳудудда яшовчи хўжалик юритувчиларни бирлаштирган.   Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатда наслчилик материали доимий равишда янгиланиб турилади. Кўпайтириладиган зотлар Германия вилоятларининг номи билан юритиладики, бу нафақат зотларни, балки улар кўпайтириладиган жойлар номини ҳам билдиради. Булар сирасига Ганновер, Ольденбург, Мекленбург, Брансидебург вилоятларида яратилган зотли отларни мисол қилиб келтириш мумкин. Ушбу йўналишда ишларнинг тўғри йўлга қўйилиши натижасида германияликлар йилқичилик соҳасида олдинги ўринлардан бирини эгаллаб келишмоқда.

                    Германия ва Ўзбекистон –ўзаро самарали ҳамкорлик

1 Германия Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритиш борасида муҳим рол эгаллаган давлатлардан бири саналади. Хусусан, молиявий ва техникавий жиҳатдан кўмак бериш соҳасида Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти ҳамда Германия тараққиёт банки билан ҳамкорликда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни рағбатлантириш ҳамда мамлакатнинг чекка ҳудудларини иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга Ўзбекистонда фермерлар учун яратилган қулай иқтисодий шарт-шароитларда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик аграр соҳа вакиллари германиялик шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишдан ҳамиша манфаатдордир.

Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида Германия сармоялари иштирокидаги юздан зиёд корхона фаолият юритмоқда. Германиянинг экспортга йўналтирилган юқори сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқарадиган “МАН”, “Кнауф” ва “Клаас” сингари етакчи компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилган қўшма корхоналар ана шулар жумласига киради.

Жорий йилнинг май ойида Германия Таълим ва илмий изланишлар федерал вазирлиги порталида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги илмий ўқув дастур ва лойиҳалари бўйича ҳамкорликка бағишланган мақола чоп этилди. Унда Евроиттифоқнинг «Ўзбекистон учун аграр менежмент бўйича барқарор ўқув дастури» (Sustainable Agrarian Management Studies for Uzbekistan/SAMUz) янги таълим лойиҳаси ҳақида сўз юритилади. Германиянинг Юстус Либих номидаги Гиссен университети ушбу лойиҳанинг координатори вазифасини бажармоқда. Лойиҳа раҳбари, Гиссен университети профессори Михаэль Шмитцнинг маълум қилишича, SAMUz лойиҳасининг ўзига хослиги шундаки, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги талабалари ва ёш тадқиқотчилари нафақат Германиянинг, балки Европадаги бошқа қўшни давлатларнинг бой илмий-техник тажрибаси билан танишиши мумкин бўлади. Лойиҳа 2014—2016 йилларга мўлжалланган бўлиб, Евроиттифоқнинг «Темпус» дастури томонидан молиялаштирилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 750 минг долларни ташкил этади.

Гул учун жарима — 50 евро

 

Германияда 5000 турдаги пиво, 1500 хил колбаса, 300 хил нон ва 500 хил минерал сув ишлаб чиқарилади.

Дунёнинг ҳар учинчи пиво заводи Баварияда жойлашган.
Сақич илк маротаба Германияда Ханс Ригел томонидан кашф этилган.

Дунёда биринчи марта ёзги вақтга  1916 йили Германияда ўтилган.
“Аспирин” ҳам Феликс Хоффман  (Bayer AG) томонидан  1897 йили Германияда кашф қилинган.

Германияда ҳар қандай нарсани таъмирлаш жуда қиммат туради, ундан кўра уни ташлаб юбориб, янгисини сотиб олиш арзонроққа тушади.

Болаларнинг ҳар қандай салбий хатти -ҳаракати учун ота-оналар айбдордир.
Бола мактабга велосипедда бориши учун уни ҳайдаш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши керак.

Чекилган сигарет қолдиғини ерга ташлаганлар учун жарима 20 евро, гулни узиб олганлик учун эса 50 еврони ташкил этади.

Наргис ҚОСИМОВА

ИНСОНИЯТНИ ҚУТҚАРГАН САБЗАВОТ

640.234_99_67

Картошканинг сабзавот сифатида етиштирила бошлаганлигига минг йилдан ошган  бўлсада, ҳудудимизда уни 19 асрнинг иккинчи ярмидан истеъмол қила бошлаганлар.Унгача ўзбек таомларини тайёрлашда сабзавотлардан асосан шолғом, сабзи, карам, қовоқ, лавлаги ишлатилган.

Илк бора картошкани эрамиздан аввал  10  асрда Жанубий Америка ҳиндулари  аввалига унинг ёввойи ҳолатидаги навларини териб, истеъмол қилишган. Кейинчалик картошка маданийлаштирилган. У пайтлари картошка майда, таъми аччиқ бўлиб, уни истеъмол қилиш учун сувда бир неча кун ивитилиб, қуёшда қуритилган, сўнг талқон ҳолатига келгунига қадар туйилган. Натижада, узоқ муддат сақлаш мумкин бўлган “оқ чуньо” ҳосил бўлган. Картошка ўз “саёҳати”ни кўчманчи қабилалар билан бирга бошлаган. Аммо 1500 йилга қадар у Кордельера тоғларидан фақатгина  қирғоқбўйларигача тушган. Испан босқинчилари ҳиндуларнинг картошка далаларини  пайҳон қилиб, унумдор тупроқ остида қандай бойлик яширинганини  билишмаган ҳам.

Европаликлар  биринчи маротаба картошка ҳақидаги маълумотга  Сиеса де Лионенинг “Перу хроникаси”ни ўқиб, эга бўлишди. 1551 йили антиқа сабзавот ҳақида император Карлга ҳисобот беришади. 1565 йили қулжаллоб Хоукинс томонидан картошка Ирландия ва Шотландияга олиб келинади. Аммо ирландияликлар уни овқатга ишлатишга қўрқишади. Хатто буюк Байрон ўз асарларида “мазкур сабзавотни овқатга ишлатиш, заҳарланишга олиб келиши мумкинлигини” қайд этади. 1586 йили машҳур адмирал Фрэнсис Дрейк картошкани ўз боғига экади. Аммо унинг боғбонига картошка гуллагач, унинг ўрнида пайдо бўладиган кўм-кўк меваларнинг аччиқ таъми ёқмай,  картошкаларни у томири билан суғуриб ташлайди ва тупроқ остида ҳақиқий, ширин таъмга эга бўлган сабзавот борлигини кўриб, ҳайрон қолади.  Европанинг айрим давлатларида 1616 йили картошкани қирол ва императорлар  истеъмол қила бошлагачгина, таомномадан жой олди. Аммо французлар узоқ вақт картошка истеъмоли заҳарланишга олиб келинишига ишонишган. Руҳонийлар уни “шайтон олмаси” деб атаб, айнан картошка жаннатдан Одам Ато ва Момо Ҳавонинг қувилишига сабаб бўлганлигига ишонишган. Фақатган фармацевт кимёгар Антуан Огюст Пармантье мазкур сабзавот камбағалларни тўйдиришига ишонган ва уни аҳоли ўртасида тарқтаиш учун картошка экилган далани панжара билан ўраб, қоровуликка зобитларни қўйган.  Бундай ажабланган французлар тунда барча картошкани ковлаб, ўғирлаб кетишган. Картошка гуллари эса бозорда сотила бошланган. Хаттоки  қирол Людовик XVI саройда мунтазам ташкил этиладиган байрамларда ёқаси картошка гуллари билан безатилган либосда қатнашган.  1793 йилга келибгина французлар картошканинг ҳақиқий қийматини тушуниб етишди. Айнан шу йилларда мамлакатдаги очарчиликдан аҳолини картошка қутқарди. Картошканинг асосий тарғиботчиси Антуан Огюст Пармантьега унинг она шаҳрида ҳайкал ўрнатилиб,  “Инсоният қутқарувчиси”га деган ёзув зарҳал харфлар билан ёзиб қўйилди. Айнан картошкадан таом тайёрлашга ихтисослашган ресторан эгалари ва ошпазларни бирлаштирувчи академия олимнинг номи билан аталади.

f15515        Картошкани турли халқлар  ҳар хил ном билан атайдилар: пом-де-терр (ер олмаси), папас, потетес, тартуфель. XIX асрнинг охирларида рус шоири Александр Пушкин номи билан аталган «картофель а ля Пушкин» таоми машҳур бўлган. Қовурилиган картошкани шоир яхши кўриб, тановвул қилганини  ҳамма ҳам билмаса керак. Бир куни уйига кеч қайтган шоир энагаси Арина Радионовна безовта қилгиси келмай, қайнатилган совуқ картошкани сариёғда қовуради. Таомнинг таъми унга жуда ҳам ёқиб тушганлиги боис, кейинчалик уни дўстларига ҳам таклиф этади ва улар  таомга “Картофель а ля Пушкин”  деб ном қўйишади.

Наргис ҚОСИМОВА

ДАНАКСИЗ ОЛХЎРИ ВА АНАНС ҲИДЛИ БЕҲИ

 

Burbank_Shaw_c1902

                   Дунёда  аҳоли фаровонлигининг ортиши ва  қишлоқ хўжалигининг ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган олимлар бисёр. Аммо бугунги кунда бизга оддий бўлиб кўринган бўлсада, мураккаб маданийлаштириш ва селекция жараёнини бошидан кечирган қишлоқ хўжалик ўсимликлари талайгина. Америка Қўшма Штатларида селекционер, боғбон Лютер Бёрбенкни  деҳқон ва боғбонларнинг отаси,  деб  аташади. Барча истеъмол қиладиган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг янги навларини яратишда етакчи бўлган селекционер ўз фаолияти давомида нафақат крахмал даражаси юқори бўлган картошка, ўта ширин олма, узоқ вақт сақланадиган нокнинг, балки данаксиз олхўри, тикансиз кактус навларини яратди.

1849 йилнинг 7  март куни Ланкастере шаҳарчасида фермер оиласида 15 та фарзанддан 13 бўлиб дунёга келди. У ўз отасидан фалсафага ва бадиий адабиётга қизиқишни, онасидан эса ўсимлик дунёсига бўлган меҳрни олди. Онаси Оливия Росс жуда ҳам гулларни яхши кўрганлиги сабабли Бёрбенк хонадони доимо унинг меҳр билан ўстирилган гуллари қуршовида эди. Оливия боғ-паркда бо-бон бщлиб ишлагани боис, Бёрбанк доимий равишда боғда унинг ишларига қарашар, сўнг отасининг фермасида молларни боқарди. Улғайиб, мактаб ва коллежни битиргач, Бёрбанк Луненберг қишлоғида 17 акр ер сотиб олиб, у ерда сотиш учун сабзавотлар ва уларнинг уруғларини етиштира бошлайди ва илк бор ўзидан анча тажрибали бўлган деҳқонлар билан рақобатлишига тўғри келади. 1872—1874 йилларда у фаол равишда картошка селекцияси билан шуғулланади ва  1872 йили «Burbank» навли картошкани  яратади. Бугунги кунда Америка ва Европа давлатларида етиштирилаётган картошканинг 55 фоизини ташкил этади. Аммо шимолнинг иқлими унинг селекция ишларига ёрдам бермаслигини тушунгач, ерини сотиб, зарур кийимлари ва янги яратган картошка навидан 10 донасини олиб,  юмшоқ иқлимли Калифорнияга кўчиб  ўтади. 1876 йилнинг кузида у Пеппер иссиқхонасида фаолиятини бошлайди, аммо тезда безгак касаллигига учрайди.  Тузалгач, 1875 йилнинг октябрида дурадгорлик устахонасига ишга киради, кундузи яшаши учун маблағ топиш мақсадида  устахонада ишлаб, тунда ўзи қурган кичкина иссиқхонада  сабзавотларнинг янги навларини яратиш борасида бош қотиради.

Ўзи билан олиб келган 10 дона картошкани экаиб, уларни меҳр билан парваришлайди. Тез орада картошка экилган майдон кўпайиб, бу унга  маблағ орттириш имконини беради. Бёрбанк картошкалари ўша пайти аҳоли томонидан ишлатиладиган майда қизил картошкага нисбатан оқ-сариқ,  йирик ва силлиқ эди. Таъмининг тотлилиги аҳолини тез орада айнан «Burbank» навини сотиб олишга ундайди ва қисқа муддат ичида бутун Калифорния аҳолиси фақатгина Бёрбанк картошкаларини сотиб ола бошлайди.

Картошкадан сўнг Бёрбанк мевали дарахтлар селекциясига қизиқиб қолади ва 1881 йили ўз иссиқхонасида  9 ой ичида 20 минг олхўри дарахтларини етиштириш бўйича йирик плантатор Уорреном Даттономдан буюртма олади. Унинг дўстлари бу фикрни фантастик деб  ҳисоблаб, 9 ойда дарахт ўстириб бўлмаслигини айтишади. Аммо Бёрбанк ўз қарорида қтъийлигини билдиради. Бунинг учун у  тез ўсадиган 20 минг дона бодом данакларини  олиб, уларни яхўи ўғитланган ерга экади. 14 кундан сўнг данаклар униб чиққач, уларни  бир биридан 10 см. узоқликда иссиқхонага экишади. Июль ойида ниҳолларнинг француз олхўриси билан чатиштириб, 10 кундан сўнг бодом шохлари кесиб ташланади. Олхўриларнинг бўйи 30 см.га етгач эса бодом шохлари бутунлай кесилади.  1 декабрга келиб экиш учун 19 500 та  олхўри кўчати экишга тайёр эди.  Хурсанд бўлган буюртмачи Бёрбанкни сеҳргар деб  атаб,  келишилган пулни икки баробар қилиб тўлайди.

Бёрбанк  ўз ниҳолларини  воситачиларсиз сотганлиги сабабли, уларнинг арзон нархи фермерларни қизиқтириб қолади ва тез орада наафақат Калифорния, балки бошқа штатлардан ҳам харидорлар оқиб кела бошлайди. Доимий равишда ўз фаолиятини вайд этиб борган Бёрбанк  қуйидагиларни ёзиб қолдирган эди: “Табиат янги турдаги ўсимликни яратиш бўйича ҳар қандай муаммонинг ечимини  топишга ёрдам беради. Бунинг учун инсон ўз ақлий қуввати билан, қийинчиликдардан қўрқмаган ҳолда бошлаган ишини ниҳоялаши лозим.  Табиат қўрқоқлар ва дангасаларни ёқтирмайди, балки мингйилликнинг янги шаклини яратиш учун ҳаракат қиладиганларни қўллаб-қувватлайди”.

Бўрбанк сабзавот ва мевали дарахтларнинг янги, чидамли навларини яратиш борасида тинмай ишланишлар олиб борди. 1880—1881  йиллари у гейзерлар ҳудудини кўриб, шу ерда ишлашга қарор қилади. 1884 йили Япониядан келтирилган уруғлар унинг янги фаолиятини, экзотик мева  ва сабзавотлар етиштириш даврини бошлаб беради. 1886 йили чоп этилган Чарльз Дарвиннинг “хонаки ҳолатда ҳайвонлар ва ўсимликларнинг ўзгариши” китоби  Бёрбанкда катта таъсурот  уйғотади ва ҳаёти давомида Дарвин ғояларини қўллаб-қувватлайди.  1893 йили у “Гуллар ва меваларнинг янги навларини яратиш” китобини чоп этади. Асар ўша пайтлари машҳур ботаник ва биологларнинг мақтовига сазовор бўлади. 1905 йили У Карнеги институтидан 100 минг доллар миқдорда  янги навларни яратиш учун ёрдам олади.  1914—1915 йиллари АҚШда  Бёрбанк томонидан яратилган 1250 та ўсимликнинг тавсифи, суратларини ўз ичига олган 12-жилдлик китоб нашр этилади. Олим ўз асарларида мева ва ўсимлик барглари ўртасидаги ўзаро боғлиқликка эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлайди. Агарда баргларнинг ранги тиниқ, бирор бир жароҳатсиз бўлса, демак мевалар ҳам яхши бўлади.

Унинг энг кўзга кўринган ишларидан бири 1914 йили плумкот меваси (олхўри ва ўрик чатишмаси), тиконсиз малина кўчати, ананас ҳидли беҳи,  вазни 1 килограмм келадиган ширин пиёз, оқ еживика, юпқа пўстли ёнғоқ,  ежемалина (малина ва еживика чатишмаси)сини, гуллардан: ҳидли георгие, мовийранг лола, магнолия ҳидли георгинлар, икки япроқли лилияларни яратган. Уман олганда машҳур селекционер  10 та олманинг янги нави, еживиканинг 16 та, малинанинг 13 та, мева берувчи кактуснинг 10 та, гилоснинг 10 та, анжирнинг 2 та, узумнинг 4 та, каштаннинг 6 та, беҳининг 11 та, ёнғоқнинг 3 та, олхўрининг 113 та навлари бўлган. Бундан ташқари у  9 хил ғалла ва емга мўлжалланган сабзавотлар, 26 та сабзавотлар ва 91 та манзарали ўсимликларнинг янги турларини етиштирган.

АҚШ ҳукумати Федерал деҳқончилик вазирлигига бёрбанкни бош маслаҳатчи лавозимига тайинлайди. Тез орада унинг ғоясига кўра АҚШ маданий флорасини такомиллаштириш билан шуғулланувчи “Ўсимликлар индустрияси бюроси” ташкил қилинади. Ўз фаолияти давомида Бёрбанк 100 дан ортиқ медаллар соҳибига айланган.

Наргис ҚОСИМОВА

ЛАЛМИКОР ДЕҲҚОНЧИЛИК жаҳон аҳлини тўйдиради

Arid ground and green

Ер юзида иқлимнинг ўзгариши, чўлланишнинг кўпайиши, ичимлик ва суғориш сувларининг камайиши бутун инсоният олдида  сувни тежаш ва сувсизлик шароитида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш масаласини қўймоқда. Ушбу муаммонинг ечими лалмикор ерларни ўзлаштириш ва у ерда экиладиган  экинларнинг ҳосилдорлигини оширишдан иборат. Лалмикор ерлардаги намлик асосан  куз ва қиш фаслларида ёққан ёмғир ва қорнинг ёғиш даражасига боғлиқ. Бутун дунёда бундай ерларнинг майдони ҳар йили намлик даражасига қараб ўзгариб туради. Айнан лалмикор ерлар бугунги кунда улкан аҳамиятга эга бўлиб, суғорилмайдиган ҳудудлардан қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда самарали фойдаланиш имкониятини беради. Бугунги кунда  лалмикор ерлар асосан Афғонистон, Эрон, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Судан, Туркия, Марказий Осиё давлатларида кенг тарқалган бўлиб,  ҳавонинг исиши натижасида музликларнинг эриши, ёғингарчиликнинг кўпайиши сўнгги йилларда лалмикор ерлардаги ҳосилдорликнинг ошишига олиб келмоқда. Бундан ташқари айнан лалмикор ҳудудлар  чорвачиликнинг ривожланишига омил бўлиб хизмат қилади. Кенг яйловлар, кузги буғдойдан бўшаган ерлар қорамол ва майда туёқли чорванинг ривожланиши учун қулайдир. Мутахассисларнинг фикрига кўра, айнан лалмикор ерлардан кузги буғдой йиғиштириб олингач, унинг ўрнига экилган маккажўхорига боқилган чорва ёз фаслининг энг иссиқ ойларида ҳам вазн йиғади.

Ҳиндистон  деҳқон-чорвадорлари мазкур усулдан қадимдан фойдаланиб келишади. Тоғ ёнбағрларидаги суғорилмайдиган ерларда ўстириладиган  иссиққа чидамли экинлар аҳолининг аксарият қисмини зарур қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлабгина қолмасдан йилдан йилга кўпайиб бораётган қорамолларнинг сонини тез суръатларда ўсишига ҳам омил бўлмоқда.  Бунинг асосий сабаби  буддизм динида сигирлар суйилишининг таъқиқлаганлигидир. Йирик шохли қорамоллар мамлакатда асосан ишчи ҳайвон сифатида фойдаланади. Бугунги кунда бир неча ўн миллион қорамолга эга бўлган Ҳиндистон улар учун озуқабоп экинларни  лалмикор ерларда етиштиради. Бундай ерлар мамлакатнинг 57 фоизини ташкил этади. Мамлакат мустақилликка эришгач, ҳукумат томонидан биринчи галда аграр ислоҳотлар ўтказилиб, йирик ер эгалари йўқ қилинди. Ер  майда деҳқонларга бўлиб берилди. Қисқа муддат ичида Ҳиндистон бир йилда 185 млн. тонна буғдой етиштиришга эришди ва дунёда Хитой ҳамда АҚШдан сўнг учинчи ўринни эгаллади. Бугунги кунда Ҳиндистонда шартли равишда бўлинган учта ҳудудда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, суғориладиган Ҳинд-Ганга дарёлари бўйидаги ерларда асосан буғдой, шоли, пахта, шакарқамиш экилса, Панжоб штатида узунтолали пахта, шоли ва буғдойнинг 40 фоизи етиштирилади. Учинчи ҳудуд Декан  тоғ ёнбағирларини  қамраб олади ва бу ерда лалмикор ерларга ихтисослашган  қишлоқ хўжалиги экинлари экилади. Энг қизиғи буғдойдан ташқари ҳинд фермерлари лалмикор  ерларда маккажўхори, жавдар, қисқатолали пахта етиштиришни ҳам яхши йўлга қўйишган. Бошқа ҳудудларга нисбатан ҳосилдорлик бу ерда анча паст бўлишига қарамай, биргина пахтанинг ўзидан ҳар гектардан 26 центнергача ҳосил олинади.

Афғонистонда узлуксиз давом этган ҳарбий ҳаракатлар унинг қишлоқ хўжалигига  салбий таъсирини кўрсатди. Мамлакатда фаолият юритиб келаётган салкам 2,5 млн. фермерларга бир йилда 250 минг тонна уруғли буғдой керак бўлиб,  асосан ғалла лалмикор ерларда етиштирилади. Чунки суғориладиган ерлар кўп бўлишига қарамай, уруш оқибатида буткул яроқсиз ҳолатга келиб қолган ирригация тизимини тиклаш учун анчагина маблағ зарур. Бугунги кунда мамлакатда етиштирилаётган мева ва полиз экинлари ҳам лалмикор ерларда етиштирилмоқда. Бу ўз навбатида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда  инновацион технологияларни, шунингдек полиз экинларини янтоққа пайвандлаш асосида етиштириш кенг йўлга қўйилмоқда.

Эронда Афғонистонга нисбатан бир мунча ўзгача ҳолатни кузатиш мумкин. Ҳайдаладиган ерлар мамлакат ҳудудининг 20 фоизини ташкил этиб, уларнинг асосий қисми шимолда, Каспий денгизининг яқинида жойлашган.  Ҳозирда мамлакатда 7,5 млн. га ер суғорилиб, 46 фоиз  қисмида лалмикор деҳқончилик жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Лалмикор ерларда фермерлар асосан кузги буғдой, арпа, писта етиштириб, айнан мазкур қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортга чиқарилаётир. Шунингдек лалмикор ерларда деҳқончилик қилаётган фермерларнинг аксарият қисми чорвачилик билан ҳам шуғулланиши, қишлоқ хўжалигидаги яйлов учун ажратилаётган ҳудудлар сони камайиб бораётганлиги туфайли, соҳа ривожи учун ҳам лалмикор майдонлардан фойдаланилмоқда.  Бошқа мамлакатлар сингари Эронда ҳам лалмикор ерларда асосан буғдой етиштирилиб, суғориладиган ҳудудларда шоли, пахта, қанд лавлаги етакчилик қилмоқда.  Ўтган асрнинг 60- йилларида ўтказилган аграр ислоҳатлар  айнан буғдой учун ажратилган майдонларни янада кенгайтириш, лалмикор ерларда юритилаётган деҳқончиликда янги технологиялардан фойдаланиш имконини берди. Натижада 1990 йилларда буғдойдан 11 млн. тонна ҳосил олинган бўлса, бугунга келиб унинг ҳажми  3 баробарга ортди. Эрон дунёда юқори сифатли қуритилган мевалар, тоғ пистаси ва зираворлар экспортери саналади. Қир ёнбағрларида ўстириладиган тоғ пистаси ва зираворларнинг айрим турлари сувни тежаш имконини бериб, лалмикор ерларда деҳқончиликни янада ривожланишига олиб келмоқда.
Бугун мамлакатимизда ердан оқилона фойдаланиш, тупроқни муҳофаза қилиш, унинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, табиий захиралардан самарали фойдаланиш масалалари долзарб аҳамият касб этмоқда. Айтиш жоизки, тупроқ унумдорлиги ва ишлаб чиқариш қувватларини ошириш кўп жиҳатдан унга эҳтиёткорлик, тежамкорлик билан муносабатда бўлиш, уни яхшилашга қаратилган ҳаракатларга боғлиқ. Шу боис мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимиз қишлоқ хўжалик инфратузилмасини ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни жадаллаштириш, ердан оқилона фойдаланиш, лалмикор ва суғориладиган ерларнинг ҳосилдорлигини оширишга хизмат қилиб келаяпти.   Лалмикор ерлар майдони 767 минг гектардан зиёд бўлиб, уларга асосан кузги буғдой, полиз экинлари ва узум экилади. Маҳсулот етиштириш учун экин эқиш учун етарли даражада намлик тўплайдиган ерлардан фойдаланилади. Бу ерларнинг катта майдонлари Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент, Жиззах вилоятларида жойлашган. Жорий йилда лалмикор ерларда узумчиликни ривожлантириш бўйича ишлар  олиб бориши кўзда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 20 октябрда қабул қилинган “Озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонларни оптималлаштириш ва уларни етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2013 йил 13 мартдаги “2013-2015 йилларда республикада узумчилик соҳасини янада такомиллаштириш чора –тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида  амалга оширилиб,  Жиззах, Самарқанд ва Тошкент вилоятларининг лалмикор майдонларида узум етиштириш кўзда тутилган. 2013 йилда мамлакатимизда 5500 гектар токзор, 4500 гектар боғ барпо этилиб, қарийиб шунчаси реконструкция қилинган. Паркент, Бўстонлиқ, Янгийўл, Зангиота, Самарқанд, Жомбой, Асака туманларининг мева ва узум етиштиришга ихтисослаштирилганлиги яхши самара бермоқда. Мутахассислар таъкидлашича, юртимизнинг тоғли ҳудудларида лалмикор боғдорчиликни ривожлантириш яхши натижалар беради. Бунда айниқса, Туркистон ва Нурота тоғ тизмаларининг катта ҳудудини эгаллаган Жиззах вилоятининг имкониятлари юқори. Таъкидлаш ўринлики, вилоятнинг Жиззах, Зомин, Янгиобод, Бахмал ва Ғаллаорол туманларида янги бодом навларини экиш, мазкур ҳудудларда лалмикор бодом боғларини барпо этиш ҳам иқтисодга, ҳам вилоятнинг экологик ҳолатини яхшилашга хизмат қилади.

        Республикамизда жами лалмикор деҳқончилик юритиладиган ер майдони 754 минг гектарни ташкил қилади. Юртимизда лалмикор майдонларни  об-ҳаво ҳамда тупроқ таркибига кўра тўртга бўлиш мумкин. Шундан асосийси текисликда жойлашган бўлиб, унда ёғингарчилик  миқдори 250-300 миллиметрни ташкил этади ва асосан ғалла етиштиришга мўлжалланган. Қир-адирларда амалга оширилаётган лалмикор  деҳқончилик иккинчи ҳудудни ташкил этиб, агротехник қоидаларга қатъий риоя этган ҳолда деҳқончилик қилинса барча турдаги лалмикор экинлардан юқори ва сифатли ҳосил етиштириш мумкин. Мазкур деҳқончилик учун энг қулай минтақа тоғолдидир. Ёғингарчиликнинг юқорилиги томири азот йиғувчи экинлар билан ғаллани алмаштириб экиш яхши натижа беради ва  тупроқдаги табиий намликдан ҳамда унинг унумдорлигидан самарали фойдаланишни таъминлайди. Лалмикор ерларда тупроққа ишлов бериш тизимини тўғри олиб бориш ўсимликни бутун вегетацияси давомида намлик, озиқа моддалар билан етарли даражада таъминлашга, тупроқнинг сув-физик хусусиятларини яхшилашда катта аҳамиятга эга. Шу билан бирга тупроққа турли усул ва чуқурликда ишлов бериш орқали уни сув ва шамол эрозиясидан, бегона ўтлардан, касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш мумкин.  Лалмикор деҳқончилик бутун дунёдаги каби кузги ғалла етиштириш учун қулайдир. Бугунги кунда ер шари аҳолиси жадал суръатлар билан ўсаётган бир пайтда аҳолини зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда лалмикор деҳқончилик муҳим роль ўйнамоқда.Албатта, лалмикор ерлардаги деҳқончилик орқали олинаётган ҳосилнинг салмоғини ошириш учун бугунги кунда деҳқонлардан янги технологияларни интенсив равишда ўзлаштириш, куз ва қиш фаслларда ерга тушадиган намликни сақлаб қолиш, ирригация тизимларини такомиллаштириш,  томири узун бўлган  қишлоқ хўжалик маҳсулотлари турини кўпайтириш, суғорилмайдиган ерларда экотизимни сақлаб қолиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва уларга амал қилишни талаб қилади. Ҳозирда лалмикор ерларнинг экомувозанатини сақлаб қолиш муҳим масала бўлиб, ҳосилдорликни ошириш учун тупроққа киритиладиган кимёвий ўғитлар тупроқ таркибини ўзгартириб, экинларга салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўз навбатида экологик жиҳатдан тоза бўлмаган сабзавот ва полиз экинлари, ғалла таркибида кимёвий моддаларнинг кўпайиши уларни истеъмол қилаётганларда турли хил касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Экологик тоза қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш  жаҳондаги асосий масала бўлиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларига биринчи навбатда қўйилаётган талабдир. 

Наргис ҚОСИМОВА

Dehqonchilik

“Ақлли” деҳқончилик сайёра аҳолисини боқади

Олимларнинг эътирофича, Ер сайёраси  йилдан йилга тезкорлик билан кўпайиши, қазилма бойликларнинг камайиши, табиий заҳираларнинг  тугаши, иқтисодий нобарқарорлик натижасида  25 йиллардан сўнг баъзи мамлакатларда очарчилик юзага келиши мумкин. 

Давоми