Category Archives: Дунё қишлоқ хўжалиги

8a2cb375daea18a0f98073c1ba2b0d8f

КЛАСТЕРЛАР ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАДИ

Ишни ташкил этишнинг эскича усулларидан тамоман воз кечиб, ер-сув деҳқонга берилгани, эмин-эркин ишлаш учун шароитлар яратилиб, қатор имтиёзлар жорий этилгани туфайли фермер хўжаликлари иқтисодий жиҳатдан қаддини тиклаб, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини йил сайин ошириб боришаяпти. Президентимизнинг вилоятларга ташрифида қишлоқ хўжалиги соҳасида ислоҳотлар стратегиясини изчил амалга ошириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини янада тараққий эттириш, уларнинг моддий-техника таъминотини тубдан яхшилашга доир таклиф ва тавсиялар берилиб, ҳудудларда синов тариқасида  “кластер” усулини қўллаган ҳолда хомашёдан тайёр маҳсулотгача  бўлган жараёнларнинг қамраб олиниши назарда тутилган эди. Шундан  келиб чиқиб бошқа вилоятларда бўлгани каби воҳамизда ҳам кластерлар ташкил этилаяпти. Жумладан, Қумқўрғон туманидани “Amudar Textile”, Денов туманида “Baxt Navoiy”, Шўрчи туманида “Nortex Siytc”, Сариосиё ва Шеробод туманлари ерлари ҳисобига “Sherobod Textile Lnvest”, Ангор туманида “Ангор Сурхон Ғурури” масъулияти чекланган жамиятлари тузилиб, бу жамоаларга  47947 гектар ер ажратиб берилди.

Энди иш бошлаётган мазкур кластерлар фаолиятини уч йўналиш бўйича олиб боришади. Ўзларига бириктирилган заминда ишчиларни, техникани жалб қилиб, қишлоқ хўжалик экинлари ўстириб, сифатли ва экспортбоп маҳсулотлар етиштиришади. Шунингдек, тайёр ҳосилни ўз корхоналарида қайта ишлайдилар. Олинган даромад ишчи-хизматчиларни рағбатлантириш ва такрор ишлаб  чиқаришга йўналтирилади.

Кластерларнинг иккинчи йўналиши шундан иборатки, бунёд қилинган қайта ишлаш корхоналарини узлуксиз ишлатиш учун йил давомида хомашё билан таъминлаш мақсадида вилоятдаги мустақил равишда фаолият кўрсатиб, пахта, ғалла ва бошқа зироатлар ўстираётган фермер хўжаликларидан фьючерс  (қўшимча даромад олиш учун истиқболли келишув) шартномалари асосида хомашё қабул қилади.

— Кластерлар жамоаси далаларда экин-тикин ишларини бажариб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириши,  техникалар харид қилиши ва ишлатиши учун кредитлар ажратилади, — дейди вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бўлим бошлиғи Алишер Исмоилов. — Албатта, энди иш бошлаётган кластер корхоналари учун ишни ташкил этиш бироз машаққатли бўлиши мумкин, лекин ишга жалб қилинадиган мутахассислар шу пайтгача тармоқда ишлаб бой тажриба тўплаган.

У. НОРМАТОВ

pista1

ТОМОРҚАДА ПИСТА ЎСАЯПТИ

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Глобал экологик жамғармаси “Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида экотизим  функциясини мувофиқлаштириш ва қўллаб-қувватлаш учун қишлоқ хўжалигида биохилмахилликни сақлаш ва самарали фойдаланиш” мавзусидаги грант лойиҳаси доирасида вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши билан ҳамкорликда Шеробод тумани Қорабоғ, Қизилолма ва Шалқон қишлоқларида бу йил  эрта  иш бошлади.

Лойиҳанинг мақсади, аҳоли хонадонлари ва фермер хўжаликларида парвариш қилиниб келинаётган мевали боғларнинг нав турларини кўпайтириш орқали табиий офат ва зарарли ҳашаротларга чидамлилигини ошириш, шунингдек, экспортбоп мевалар етиштириш ва аҳоли даромадларини оширишдан иборатдир.

Лойиҳага кўра, танлаб олинган қишлоқлар  аҳоли хонадонлари ва фермер хўжаликларида парвариш қилинаётган ҳар хил мевали дарахтлар ҳолати ўрганилди. Аҳоли томорқаларида 200 туп писта ва 200 туп бодом кўчати экилди, 3 жойда бодом кўчатчилик питомниги ташкил этилди.

Қорабоғ ва Қизилолма қишлоқларида боғдорчилик маданияти, пайванд лаш ва зарарли ҳашаротларга қарши курашиш усулларига бағишланган семинар-тренинглар ўтказилди.

Лойиҳа 5 йил давом этади ва келажакда барча турдаги мевали дарахтлар бўйича кўчатчилик питомникларини кўпайтириш режалаштирилган.

Инокуляция ёхуд уруғларни “уйғотиш”нинг янги усули

инокуляция1

Ўзбекистонда кўпгина  қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан икки ва уч маротаба ҳосил олиш мумкин. Зеро, сара уруғ тайёрлаш бўлажак ҳосилни асосини ташкил этади. Шу билан бирга уруғга ишлов бериб, яхши натижаларга эришилади. Уруғнинг ўлчами келажакда ўсадиган ўсимликдан юзлаб, айрим ўсимликлар учун ўн минглаб марта кичик бўлгани учун унга ишлов бериш кенг далага ишлов беришга нисбатан кам меҳнат ва кам препаратлар талаб қилади, арзонга тушади.

Уруғларга ишлов беришнинг кенг қўлланиладиган усли протравка деб аталади ва травить – заҳарлаш сўзидан олинган. Маҳсус танланган кимёвий воситалар билан уруғлар экинларни касалликлари ва зараркунандаларга қарши ишлов берилади. Амалиёт бундай ишлов берилмаса донли экинларни ниҳоллари фузариум ва бошқа касалликлардан баъзи ҳолларда ярмигача ҳалок бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Протравка амали донли ва бошқа экинларни ҳосилдорлигини 10% гача ошириши қайд этилган.

Инокуляция – уруғларга ишлов беришнинг иккинчи усули бўлиб, протравкани инкор қилмайди, балким унга қўшимча амал бўлади. Инокуляция бевосита экиш олдидан уруғларни уйғотиб юбориш учун, унувчанлиги ва ўсиш энергиясини орттириш учун бажарилади. Шу билан бирга инокуляция учун қўлланиладиган айрим воситалар экинларни турли касалликларини олдини олиш учун, экинларни ҳашоратларга қаршилик қилиш қобилиятини ошириш учун ҳам хизмат қилади.

Ўсимлик ўсиши учун ердан турли минералларни олади, агар зарурий минераллардан бири етишмаса, бошқа барча барча минералларнинг етарли ва ортиқча бўлиши буни ўрнини босмайди. Илмий тажрибалар шуни кўрсатадики, етишмайдиган минералларни экинларни устига сепиш ҳам қониқарли натижа бермай, етишмайдиган минералларни айнан экилган уруққа етказиб бериш зарур экан. Иккинчи тарафдан кўп микроэлементлар ўсимликларга микроскопик кичик миқдорларда керак бўлгани учун етишмайдиган элементларни таҳлил қилгандан кўра уруғларни табиий минераллар аралашмаси билан инокуляция қилиш мумкин. Бундай воситаларни бири сифатида “Йод-шифо” Ўзбекистон табиий минерал сувлари концентрати  қўлланиши  (бир литри 1-3 м3 сувда эритилиб) мумкин. Юртимизда “Фитовак” стимулятори яратилган. Ўсимликларни биологик жараёнларни чуқур ўрганиш натижасида яратилган бу восита ўсимликлардаги биокимёвий жараёнларни тезлаштиришдан ташқари ўсимликларни имун системасини, деярли барча касалликларга қаршилик кўрсатиш қобилиятини кучайтиради. Фитовак препаратини қўланиши самарадорлиги юқори эканлиги кенг далаларда тасдиқланган. Инокуляция мақсадида бир литр препарат билан 2-3 м3 эритма тайёрланади.

Ернинг табиий унумдорлиги ердаги микроорганизмлардан бошлаб чувалчанглагача бўлган тирик мавжудодлар яратади. Айнан уларнинг тинимсиз фаолияти билан ернинг донадор тузилиши, ҳаво ва сув сингдирувчанлиги вужудга келади. Уларнинг ҳаётий фаолияти туфайли ўсимликлар учун зарур бўлган беҳисоб биологик актив органик бирикмалар вужудга келади, озуқавий моддалар ердаги зарралардан эритмага ўтади. Афсуски замонавий агротехналогиялар туфайли: ерни ағдариб ҳайдалиши, турли пестицид ва минерал ўғитларни кенг қўлланиши натижасида ердаги жониворлар тизимига оғир талофат етказилган, далаларда чувалчанг топилиши қийин, далада қолган ўсимлик қолдиқларини чириши қийин бўлиб қолган. Шунинг учун экинларни уруғини фойдали микроорганизмлар билан инокуляция қилиш ернинг табиий унумдорлигини тиклашга ёрдам беради, микрооорганизмлар уруғ билан бирга ерга тушиб кўпаяди ва экин илдизлари атрофида фойдали ризосфера ҳосил қилади, ўсимлик ва микроорганизмлар симбиози ҳосил бўлиб, ҳосилдорликни оширади.

Фойдали микроорганизмлар орасида ҳаводаги молекуляр азотни боғловчи бактериялар муҳим, чунки ўсимликлар илдизлари билан фақат боғланган азотни ютиши мумкин. Бундай бактериал препаратлардан масалан ризоторфинни эсга олиш мумкин. Препаратни идиши очилиши билан бир соат ичида инокуляция бажарилиши ва яна бир соат ичида уруғ ерга экилиши керак. Лекин гектарига 0.4л препарат қўлланилиб бу амал бажарилар экан, масалан сояни умуман минерал ўғитлар қўлламасдан етиштириш мумкин бўлади. Яна Ўзбекистон ФА Микрабиология институтида яратилган фосфор парчаловчи микроорганизмлар ва сув ўтларидан иборат экологик соф ўғитлар инокуляция учун қўлланилганда катта самарадорликка эга. Масалан бу препаратлар арпа-буғдой каби донлар ҳосилдорлигини 25% ошириш қобилиятига эга.

БайкалЭМ1” микробиологик препарати саксондан ортиқ фойдали микроорганизмлар симбиозидан иборат бўлиб, ернинг табиий унумдорлигини оширишга ҳам, бевосита ўсимликларни ривожланишига ҳам комплекс тарзда таъсир этади. Экинларни ривожланишига, ҳосилдорлигига ижобий таъсир этишдан ташқари уларни касалликларга нисбатан турғунлигини, зарарли ҳашоратларга қаршилик қобилиятини оширади. Инокуляция учун қўлланилганда препаратнинг бир литридан 0.5-1 м3 ишчи эритма тайёрлаб ишлатилиши мумкин.

Турли яшил ўсимликлардан сувли экстракт ҳосил қилиниб, экинларга фойдали қўлланиши эскидан маълум. Лекин “Байкал ЭМ1” препарати яратилганидан сўнг бундай экстрактларни ҳосил қилинишида препаратни қўллаш билан экстрактни таъсирчанлигини янада ошади.

Экстракт тайёрлаш учун кўм-кўк ўтларни эрта тонгда тайёрланади (ўрилади), улар қанчалик турли-туман бўлса, шунчалик яхши. Беда, қичитқон, укроп, кашнич, подарожник, райхон, сельдр, шалфей каби ўсимликлар яхши самара беради. Ўтлар темир ёки пластик бочкага топилганича солиниб, тоза хлорсиз сув билан тўлдирилади, 0.2-0.5 л. “Байкал ЭМ1” препарати аралаштирилиб, усти ҳаво кирмайдиган қилиб, плёнка билан пишиқ бекитилади. Ўтларни ферментланиши (микробиологик қайта ишланиши ва микроорганизмларни кўпайиши) ҳароратга қараб 7-10 кун давом этади. Бочкада ҳосил бўлган газларни 2 кунда бир аралаштириб, чиқариб юбориш керак. Сувдан “Байкал ЭМ1” ҳиди келса, жараён тўғри кетишидан дарак беради. Ҳосил бўлган экстрактни экинларни суғориш, баргларига сепиш учун фойдаланилади. Идишда қолган ўтларни қўл билан олиб, молга берилади, ЭМ-препарат каби экинларни остига кўмилади, ёки экинларни орасига мульча каби ташлаб қўйилади. Идишнинг тагида қолган экстракт кейинги экстракт учун ачитқи бўлади.

Миришкорлардан бири бир бочкадан бошлаб, кейин бочкалар сонини 5 тага етказганини, уларда кетма кет экстракт тайёрлашини ва экинлари гуллаб яшнашини ёзади. Бошқа фермер экстрактни 3 кублик темир идишда тайёрлаб, уни электр насос ва қувурлар ёрдамида томорқасига сепиб юборишини ёзади.

ЭМ-технологияларни таъсирчанлиги ҳақида бир мисол келтирайлик. Хоразм вилояти, Гурлан туманидаги Сапарвой фермер хўжалигида ЭМ – технология 2011 йилдан буён турли экинларга комплекс (инокуляция, тупроққа ишлов бериш, барг орқали озиқлантириш) қўлланилмоқда. Биринчи йилдаёқ технологияни фойдали эканлиги маълум бўлган. 2012 йили препарат ҳислатларини ҳисобга олиб, қўлланиладиган азот ўғитларини 30% камайтирилди. Меҳнат ва бошқа ресурсларни сарфи ошмасдан шоли ҳосили илгари ҳеч қачон эришилмаган даражада юқори бўлди. Шолининг навига қараб ҳосилдорлик 120-180 ц/га ташкил этди. Шолидан гурунч чиқиши одатдаги 50-55% эмас, балким 80% ни ташкил этди. Пахта, буғдой ва бошқа экинларда ҳам препарат ўз фойдали ҳислатларини тасдиқлади.

Султонмурот Орифжонов

МИКРООРГАНИЗМЛАР ТУПРОҚНИ УЧ МЕТРГА ЮМШАТДИ

soil (1)

Замонавий агротехника биринчи навбатда минералл ўғитларга, экин касалликлари ва зарарли ҳашоратларга қарши кимёвий воситаларга асосланган. Далани экишга тайёрлаш ва бундан кейин қотиб кетишдан асраш учун қувватли техника кўп марталаб қўлланилади. Бир фермер пахтадан юқори ҳосил етиштириш учун 17 марта культивация бажарганини фахрланиб айтган. Лекин бундай тупроқда микроорганизмлар ва ҳашоратлар фаоллиги бутунлай издан чиқади, қуриган пайтда унда маҳкам кесаклар ҳосил бўлади. Плуг ости қаттиқ қатламини йўқотиш йўлини ҳеч ким билмайди. Экин илдизлари оғир ахволда қолиб, ҳосилга путур етади. Ернинг табиий унумдорлиги пасайиб бориб, ҳосил минерал ўғитларни кўп қўлланиши ҳисобига етиштирилади. Экинлар кўп касал бўлиб, ҳосил етиштириш учун борган сари кўпроқ кимёвий воситалар қўлланилади, дала ва оқава сувларнинг, етиштирилган ҳосилнинг экологик ахволи бузилади.

Республикамизнинг кенг далаларда ўтказилган амалий тажрибаларда эса “Байкал ЭМ1” препарати билан тупроқнинг юксак табиий унумдорлиги 20 йилда эмас, 1-2 йилда тикланиши мумкинлиги тасдиқланди.

“Байкал ЭМ1”  микробиологик препарат.  Унда неча ўнлаб турдаги фойдали микроорганизмлар тирик ҳолда яшаб, жуда кўп турдаги фойдали органик бирикмалар яратади. Улар орасида ферментлар, витаминлар ва бошқа биологик актив моддалар учрайди. Препарат қўлланилган муҳитда бу моддалар ўсимликлар, фойдали ҳашоратлар ва ҳайвонларни организмларини ривожланиши учун ижобий таъсир этади. Аксинча препаратдаги фойдали микроорганизмлар кўпайган жойда зарарли микроорганизмлар кескин камайиб, касалликларни олди олинади. Препаратдаги фойдали микроорганизмлар шолипоя сувига, тупроқнинг нам қатламларига, ўсимликнинг нам таналарига ёки жониворларнинг қорнига кирганида кўпайишни давом этишига шароит бўлиб, препаратнинг фойдали таъсири узоқ вақт давом этади. Тупроқдаги органик модда, экин қолдиқлари микроорганизмлар учун энг яхши озуқа ва яшаш ҳудуди бўлади.

Умуман ер сиртидаги унумдор тупроқ қатлами микроорганизмларни, ўсимлик ва ҳайвонат дунёсинимиллионлаб йиллар давомидаги фаоллиги туфайли вужудга келган. Шунинг учун тупроқни юмшатиш учун ҳам табиий усуллардан фойдаланиш мантиқан тўғри  бўларди. Но-тилл технологиясида тупроқ бирон марта ағдариб ҳайдалмайди, юмшатилмайди. Унда плуг ҳам, плуг ости қаттиқ қатлами муаммоси ҳам йўқ. Лекин экин таналарини 90 % далада қолдирилади. Бу органика тупроқни қуёш нурларидан асраб, ердаги намликни асраб, фойдали микроорганизм ва ҳашоратларни кўпайишига шароит яратади. Ер остида қоладиган экин илдизлари ҳам бу жараёнда муҳим ўринга эга. Натижада ернинг структураси ва табиий унумдорлиги йилдан йилга ортиб бориши кузатилади. Масалан 20 йил ичида минерал ўғитларни қўллаш икки марта камайганига қарамай, жўхори ҳосилдорлиги икки марта ортиши амалда тасдиқланган. Но-тилл қўллаётган америка давлатлари эса бутун дунёгаарзон дон махсулотлари ва пахта толаси сотмоқда. Но-тилл технологиясида “Байкал ЭМ1” каби фойдали микроорганизмлар препаратлари қўлланилса, янада кўзга кўринар натижаларга эришиш мумкин.

“Кюссей ЭМ1” препаратини яратган япон олими Хига Теруа ва “Байкал ЭМ1” препаратини яратган россиялик олим Пётр Шаблинлар тупроқнинг табиий унумдорлигини ундаги ҳаётий жараёнларни фаоллаштириш ҳисобига тиклашни режалаштирганлар. Ва улар буни амалга оширадиган микроорганизмлар комплексини яратишга мувофиқ бўлганлар. Ушбу препаратлардаги турли микроорганизмлар тупроқда кўпайиб, у жойдаги органик моддаларни қайта ишлаб, тупроқни турли биологик фаол моддалар билан бойитади, тупроқ структурасини яхшилайди, тупроқни зичлигини камайтиради, юмшатади.    “Байкал ЭМ1” тупроққа таъсир этиши учун энг мақбул амал – препаратни кузда далага сепишдан иборат (гектарига 10 литр). Мавжуд техникага таяниб препаратни ер сиртига сепиш мумкин, микрорганизмларни дастлабки вақтдан ернинг ички, ҳавфсиз қатламларига туширадтиган техникни яратилиши ва қўлланилиши амалнинг таъсирчанлигини янада оширади. Кузги-қишки-баҳорги мавсумда тупроқ намликка бой бўлгани учун, микроорганизмлар кўпайиб, органик моддани қайта ишлаб, тупроқни ички қатламларига кириб бориб, барча имкониятларини намоён қилади. Тупроқ температураси нисбатан ортиб (2-50С), экишга эртароқ тайёр бўлади. Эртапишар экин етиштирадиган дехқонлар ҳосилни 1-2 ҳафта эрта пишиши қанча қўшимча даромад келтиришини яхши биладилар.

Баъзи фермерлар “Байкал ЭМ1” препаратини ўзимиз ўстиришимиз мумкинми деб сўрашади. Уларга “Байкал ЭМ1” билан компост тайёрлашни тавсия этамиз. Бир литр “Байкал ЭМ1” ишлатиб, бир тонна ЭМ-компост тайёрлаш мумкин. Бу компост тупроқ унумдорлигини тиклашда асл препаратдан ҳам ортиқ хизмат қилади. Компост бевосита шарбат чуқурларида тайёрланса, меҳнат тежалади.

Султонмурод ОРИФЖОНОВ

ЭМ-технологиялар эксперти

1-3

ЧЎЛНИ БЎСТОН ҚИЛАЙЛИК ЁХУД СУҒОРМАСДАН ЭКИН ЕТИШТИРИШ ИМКОНИЯТЛАРИ

Ўрта Осиё минтақасида тоғларнинг мавжудлиги, уларда Амударё ва Сирдарё каби серсув дарёларни шаклланиши табиатнинг буюк неъматидир. Дарёларнинг сув ресурсларига асосланган Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги 32 млн. ахолини боқишга ҳам, экспортга ҳам махсулот етказиб бермоқда. Лекин ётиб есанг тоғ ҳам чидамас экан, сув етишмаслиги туфайли Орол денгизи саёзлашиб, уч қисмга ажралиб кетди, улардан бири – Катта Орол бутунлай қуришга ҳам улгурди. Экин далаларининг бир қисми ҳам сув етишмовчилиги туфайли экилмай қолмоқда. Бундай шароитда лалмикор далаларда экин экиш ахамияти янада кўтарилиб бормоқда.

Ўзбекистонда экин даларининг деярли 760 минг гектари суғорилмайдиган, лалмикор ерлардан иборат. Бу ерларда биринчи навбатда кузги дон экинлари, асосан буғдой экилиб, табиий ёғингарчилик билан ҳосил етиштирилади. Бундай даларда табиий намликни сақлашга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширилиши янада муҳим. Тоғли минтақаларда табиий намлик билан мевали ўрмонлар – бодом, писта, олма, ёнғоқ ва бошқа дарахтлар, узум экилади. Ўзбекистон водийларида, чўлларида ёғингарчилик деяли икки марта камроқ. Лекин бу соҳаларда дарахтларнинг илдизлари ер ости сувларига етиб олишининг имкониятлари кўпроқ.

Умуман олганда лалмикор ерларда фақат мевали дарахтларни, ҳосил берувчи экинларни етиштиришни мақсад қилиб қўйиш тўғри эмас. Жумладан қумли чўлларда саксовул экиш асосан экологик аҳамиятга эга. Чўл зоналари кенгайиб бораётган ҳозирги замонда бу жараённи тўхтатиш ва орқага чекинтириш, иқлимни ўзгаришини салбий оқибатларини олдини олиш озуқавий хавфсизлик каби муҳим масаладир. Бундай мақсадларга эса биринчи навбатда мевасиз дарахтлар, мевасиз буталар, биз “бегона” деб номлайдиган ўтлар жавоб беради.

Экин ва дарахтларни чуқурларда ўстириш. Ёқуб Савадогони Сахрои Кабирни тўхтатган одам дейишади. Сахрони жанубида яшаган Ёқуб қабиласида экинларни чуқурларга экиш агротехникаси қўлланилган. Маълум бўлишича ҳатто бу саҳрода ҳам баъзан ёмғир ёғар экан. Лекин ёмғир суви саҳрони тошдек қаттиқ сирти бўйлаб оқиб, фойдасиз кетарди. Миришкор чуқурларни тайёрлаб, чуқурларни маҳаллий ўғит ва турли органика билан бойитади, биринчи ёмғирдан кейин бу чуқурларга экин экиш яхши натижа беради. Фойдали экиндан ташқари даласига сувсизликка чидамли дарахт уруғларини эка бошлайди ва миришкорнинг дарахтли далалари сахро бостириб келишини тўхтатади. Ёқуб Савадого эса ўз тажрибасини Америкага бориб, ЮНЕСКО ташкилотида ҳам тарғиб қилади. Африкалик камбағал фермер ўз қўллари билан қилган бу мўъжизани техника билан қуролланган ўзбек фермерлари Республика сахроларида боғу – ўрмонлар яратиш учун такрорлай олмайдими?

Валоканава тизими. Бу тушунча учун ўзбеча ном яратилмагани учун, рус тилидаги номидан фойдаланиб турамиз. Унинг мазмуни ариққа ўхшайди, лекин у сувни оқизиш учун эмас, балким тепалик ёки тоғ ён бағри бўйлаб оқиб тушаётган сувларни тўплаб, ерга сингдириб, дарахт ва бошқа экинларнинг илдизлари соҳасида сақлаб қўйишга, тупроқни сувга тўйинтиришга бағишланади. Валоканавада сув оқмаслиги учун уни горизонтал қилиб очиш керак, бунга геодезик асбоблар ёрдам беради. Натижада валоканава тепалик ён бағрини шаклини такрорлайди, мураккаб эгри чизиқдан иборат бўлади. Чиққан тупроқ ариқнинг қуйи қирғоғига қўйилади, юқори қирғоқ эса оқава сувларни келиб тушиши учун очиқ қолади. Ёмғир сувларини тўсган валоканава қияликдаги эрозия жараёнларига тўлиқ барҳам беради, қияликни қуйи соҳасини сув билан тўйинтиради ва бу ерда мевали ва манзарали дарахтлар, кўп йиллик бута ва ўтлар экиш учун шароит яратади. Дастлабки ўсимликлар экилганидан сўнг инсон иштирокисиз ҳам йиллар давомида табиий жароёнлар давом этиб, валоканава бўйлаб яшил экосистема вужудга келади! Валоканава тубида эса сув келтирган органик ва ноорганик моддалар, барглар, ўсимлик қолдиқлари тўпланади ва ажойиб мульчага айланади, мульчанинг кўплаб афзалликлари намоён бўлади

Қиялиги кичик бўлган жойларда табиий сувларни тўплаш учун валоканава вазифасини бажарувчи тўғон қуриш мумкин. Тўғон учун тупроқ қияликнинг юқори тарафидан олиниб, сатҳи кенг, лекин чўқурлиги кичик (масалан 0.5 м) бўлган ҳовуз ҳосил қилинади. Ҳовуз фақат ёмғирлар пайтида сувга тўлиб, сўнгра сув ерга сингиб кетади. Бу сув ҳисобига чўл ўртасида ҳам дарахт ва бошқа ўсимликлардан иборат яшил водий ҳосил қилиш мумкин. Қуйидаги расмларда Америкада 80 йил илгари қурилган тўғон туфайли вужудга келган табиий экосистемани ва атрофдаги чўлни кўришимиз мумкин. Бу жойда тарихан қисқа вақтда шундай унумдор тупроқ ҳосил бўлганки, уни кетмон билан эмас, қўл билан олиш мумкин! Бу водийга мевали дарахтлар ва бошқа экинлар экиб, каналдан сув олиб келмасдан, органик ва сунъий ўғитлар сарфламасдан ҳам йилдан-йилга кўпроқ маҳсулот берувчи хўжалик яратиш мумкин.

Импринтер. Чўл ва саҳроларнинг кенгайиб бориши ҳақида кўп марта эшитамиз, ўқиймиз. Бунинг мазмуни нимадан иборат деган савол туғилади? Жавоб шундан иборатки, турли сабабларга кўра ердаги ўсимлик дунёси тез ёки секин камайиб боради, пайти келиб уни чўл ёки саҳро деб атай бошлаймиз. Агар етти миллиард аҳолини боқишга етарли маҳсулотлар етиштираётган фермерлар чўлга ўтлар ва бошқа ўсимликлар эка олса, ва бу амал қиммат тушмаса саҳро чекинди деб айтардик. Дунёда шундай мисолларни топишимиз мумкин экан. Боб Диксон – агроном-олим, яратган машинасини импринтер деб атаган. Машинанинг ишчи элементи катта метал цилиндрдан иборат бўлиб, унинг сиртига метал бурчаклар (уголок) пайванд қилинган. Трактор цилиндрни ер сирти бўйлаб тортганда бу тишлар ерда чуқурчалар қолдиради. Бир вақтнинг ўзида машина ўтларнинг уруғини ва органик ўғит сепади, улар, албатта, чуқурчалар тубига тушади. Бу ерда уруғ униб чиқиш учун энг мақбул шароитни топади. 1. Чуқурча уруғни кучли қуёш нурларидан қмсман асрайди. 2. Унинг ёнида оз бўлса ҳам ўғит бўлади. 3. Шамол олиб келган чанг (бу чанг унумдор тупроқдан иборат) ва уруғлар чуқурча тубига тушиб, ундаги уруғни бекитади. 4. Ёмғир ёққанда сув биринчи навбатда шу чуқурчага тўпланади. 5. Чуқурча туби тупроқнинг энг зичлашган соҳаси бўлиб, физика қонунлари бўйича каппиляр кучлар атрофдаги намликни шу ерга, уруғнинг ёнига тортади. Ҳуллас, сепилган уруғ бир кун албатта униб чиқади.

Импринтер ёрдамида Боб Диксон меҳнат ва вақтини аямай ўзининг Аризона чўлидаги ерини қумлоқ саҳродан ўт ва дарахтлар билан қопланган унумдор ерларга айлантирган. Етарли уруғ тайёрланган бўлса импринтер бир соатда бир гектар ерга уруғ экиши мумкин. Йилнинг тўрт фаслида экишни давом этиш мумкин. Маданий бўлмаган ўсимликлар шундай юксак ҳаётий кучга эгаки, ерда баъзан йиллаб ётгандан кейин ҳам шароит тўғри келган пайтда униб чиқади. Ўзбек миришкорларига ҳам бу техникани ўзлаштириб, чўлларни кўм-кўк унумдор ерларга айлантиришни тилаймиз.

Дарахт кўчатларини қути билан ўралган ҳолда етиштириш. Исроил давлати Яқин Шарқда жойлашган, унинг 2/3 қисми дастлаб чўлдан иборат бўлган, инсон ёрдамисиз бу ерда бирон нарса ўсмаган. Ватан қадрига етган ҳукумат бу чўлларда ўрмон ўстириш учун олимларга топшириқ беради. Лекин улар маълум муддатдан сўнг бунинг иложи йўқ деган хуллоса чиқарадилар. Топшириқ бошқа мутахассисларга берилади ва улар муаммонинг ечимини топади. Ҳозирги пайтга келиб Исроил ҳудудининг 8% қўлда экилган ўрмонлардан иборат. Солиштириш учун қўшни Мисрда ўрмонларнинг ҳиссаси 11 марта камроқ – 0.7%.

Топилган ечим шундан иборатки, экилган дарахт кўчати бошқа ишлардан ташқари метал ёки пластик коробка билан ўраб қўйилади. Коробканинг фақат юқори қисми очиқ бўлгани учун унинг ичидаги ҳаво намлиги юқори бўлади ва кўчатдан, айниқса у кичкина бўлганида, сув буғланишини чеклайди, уни қуриб қолишдан асрайди. Иккинчи ҳосса янада муҳим. Чўл қуёши нурларидан коробка кундузи қизийди, кечаси кескин совийди ва мана шу жараёнларда пластик сиртида сув конденсацияланиб, кўчат илдизларини ёнига оқиб тушади. Исроил денгиз қирғоғида бўлгани учун у ерда ҳаво намлиги юқори бўлиб, бундай атмосфера ирригацияси яхши ишлайди ва чўл шароитида кўчатларнинг 80% тутиб кетишига эришилган.

Султонмурод Орифжонов.

20459345672d

ЭКИН ДАЛАСИДА СУВНИ ТЕЖАШ УСУЛЛАРИ

Далада сувни тежаш учун бирон чора кўрмаган дехқон

ариқда сув етишмаслигидан нолишга хақлими?

water_issues

            Экинларни сув билан таъминлаш муаммолари суғориладиган далаларда ҳам, суғрилмайдиган далаларда ҳам муҳим. Бунинг устига иқлимни ўзгариши туфайли, Орол сувларини камайиб кетиши туфайли, давлатлароро муаммолар туфайли экинларни суғориш масаласи янада актуал бўлиб қолмоқда. Ушбу мақолада экин даласида сувни тежашнинг қуйидаги усулларини муҳокама қилинади: 1. Биологик активлиги юқори бўлган қордан эриган ва ёмғир сувларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш. 2. Атмосфера ирригациясидан фойдаланиш. 3. Тупроқнинг мульчаланишини намликни асрашдаги аҳамияти. 4. Ўсимликларнинг кўмир ангидриди билан таъминланганлигининг сув сарфланишига таъсири. 5. Тупроқни қуёш нурларидан беркитилишини намликни тежалишига таъсири. 6. Қандай суғориш тежамкор ва экинларга ёқади? 

  1. Биологик активлиги юқори бўлган қордан эриган ва ёмғир сувларини фойдаланиш самарадорлигини ошириш.

Сувдан сувнинг фарқи бор. Шунинг учун “тирик сув”, “ўлик сув”, “шифобахш сув”, “оби зам-зам” ибораларини ишлатамиз. Тоғ бағридаги чашмадан олинган сув кунда ишлатиладиган водапровод сувидан кескин фарқ қилади. Сув молекулалари электр диполь моментига эга бўлиб, бир-бири билан таъсирлашади, енгил боғланиб қолади, улар кластерлар деб аталади. Муздан эриган сувда, буғдан конденсациялашган сувда нисбатан кичик кластерлар кўп бўлиб, шундай сув биологик актив ҳоссаларга эга бўлади, одам ва ҳайвонларнинг организми учун фойдали бўлади. Аксинча идишларда узоқ сақланган, водапроводдан олинган, туриб қолган сувларда кластерлар йирик бўлиб, бундай сув инсон организми учун ёқимсиз бўлади. Бундай сув ичилганида ҳам организм уни ўз эхтиёжаларига мослаш учун, кластерларини майдалаш учун кўп энергия ва вақт сарфлайди. Сувда эриган моддалар ҳам сувнинг ҳоссаларига кескин таъсир этади.

Далаларга ёғадиган ёмғир, шудринг сувлари, қор ва қировдан эриган сувлар ҳам табиатнинг инъоми сифатида юксак биологик активликка эга. Бу сувларнинг активлиги ариқлардан келадиган сув сифатидан ер билан осмонча фарқ қилади. Баҳорда тупроқнинг исиши ва баҳорги ёмғирлар таъсирида ердаги экин уруғлари ҳам, бегона ўтларнинг уруғлари ҳам қийғос униб чиқади, табиат яшнаб кетади. Ёз пайтида ерни қанча ариқ суви сарфлаб суғормайлик, ўсимлик дунёсини бундай яшнаб кетишига эришолмаймиз. Шунинг учун дехқончиликда ерга атмосферадан тушадиган табиий намликдан тўлиқ фойдаланиш, уни сақлаб қолиш учун барча чораларни кўриш керак. Бунга кузги, эртанги экинлар улушини кўпайтириш билан, пахта каби кеч экиладиган экин далаларига кузги ва баҳорги сидератлар экиш билан эришиш мумкин. Сидератлар биологик актив сув ва қуёш нурларидан баҳра олиб, кўплаб биомасса тўплайди, тупроқ тузилишини яхшилайди, тупроқни соғломлаштиради, сўнгра экинлар учун органик озуқа бўлади. Май ойига қадар сидератларни актив ўсиши учун қулай бўлган икки – уч ойдавомида экин экилмай ётган даларни кўриб, одам афсусланади. Табиий намликни афзаллигини кўрсатиш учун эртанги ва кечки картошка етиштиришни солиштириш мумкин. Миришкорлар эртанги картошкани 1-2 суғориш билан, айрим ҳоллларда суғоришсиз ҳам етиштиради, кечки картошка етиштириладиган ер эса уруғ экилишидан аввал суғорилиши, картошка экилганидан кейин ҳам 2-3 марта суғорилиши зарур.

Но-тилл бўйича уруғ қадалаётган бу дала ёмғир сувини тўлиқ ушлаб қолишига шубҳа йўқ

Табиий намлик далаларга текис тақсимланиб тушади, инсон эса уни экин майдонларидаги тупроқда ушлаб қолиниш чораларини кўриши керак. Тоғ ва тепаликларнинг ён бағрида биологик актив ёмғир сувлари оқиб кетмасдан тупроққа сингиши айниқса муҳим. Бунда ерни ағдариб ҳайдашдан воз кечиш, бунинг ўрнига ер ҳайдамасдан ҳосил етиштириш (но-тилл) ёки ернинг фақат сирт қатламига ишлов бериш, сидератларни экиш, ер сиртини мульчалаш, экинларни таналарини далада қолдириш амаллари қўл келади, Эдвард Фолкнер тупроқларни фақат икки турга бўлади: органика билан тўйинган унумдор тупроқлар ва органика етишмайдиган, унумдорлигини оширилишини талаб қиладиган тупроқлар. Органикага тўйинган далалар ҳосил етиштиришни турли муммолари қатори табиий намликни ютиш ва асраш вазифасини ҳам ҳал қилади.

  1. Атмосфера ирригациясидан фойдаланиш

Экинларни атмосфера намлиги билан таъминлашнинг иккинчи усули 19-аср буюк рус агрономи И.Е.Овсинскийнинг илмий – амалий меросида баён этилган. Иван Евгеньевич шундай ёзади: “Тупроқни икки дюймли юпқа юмшатиш – қийналиб кетган дехқон елкасидан қурғоқчиликни оғир тошини олиб ташлаган ўша сирли ёрдамчи бўлади. Энди мен дехқончиликнинг бу офатини фақат ҳотиржам эмас, балким маълум даражада қониқиш билан кутиб оламан”.

Биз совуқ кунларда шудринг ва қировни кузатамиз, бу намлик осмондан тушмасдан, ҳаво ўсимлик барглари, тупроқ билан бевосита таъсирлашганида уларнинг сиртида конденсациялашган намликдан иборат. Овсинский эса шароит яратилса тупроқнинг ички қатламларида ҳам бундай шудринг ҳосил бўлиши мумкинлигини амалиётда аниқлади. Бунинг устига фақат совуқ кунларда эмас, балким жазирама иссиқ ёз кунларида, қурғоқчилик пайтида! Бунинг учун Овсинский қандай сирли шароит яратган? У ерни чуқур ағдариб ҳайдашнинг ўрнига икки дюймли (5 см) юпқа юмшатишга ўтган. Бунда меҳнат ўн карра енгиллашганидан ташқари юмшатилган, ёзги кунда қуруқ турадиган бу қатламни сирти ва ости орасида кескин температуралар фарқи сақланган, ёз кунида ҳам бу қатлам остида тупроқнинг температураси паст бўлган, сув буғларини конденсацияси учун шароит бўлган. Кондесациялашган намлик эса пастки, юмшатилмаган тупроқ қатламининг тор каппилярларига сингиб, экин илдизларига етиб борган. Юмшатилган қатлам эса кўрпа сингари пастдаги намликни иссиқ кунда буғланиб кетишдан асраган.

Овсинский ҳисобига кўра Россиянинг жанубидаги ёз давомида атмосфера ирригацияси тупроққа 12 см қалинликда биологик актив сув етказиб берган, бу ҳар квадрат метрга 120 литр, бир гектар майдонга 1200 куб метр дегани. Бу эса тўғри агротехника билан кўпчилик экинларни қўшимча суғришсиз етиштириш мумкинлигини билдиради. Шундай йўл билан Овсинский қўшни далалардаги экинлан қуриб қолган қурғоқчилик йилларида ҳам ўз далаларида юқори ҳосил етиштирган.

Атмосферада молекуляр азот кўп, лекин экинлар ундан фойдалана олмайди. Атмосферадаги физик жараёнларда (масалан яшин таъсирида) азотнинг бошқа моддалар билан боғланган ҳолати ҳосил бўлади. Газ ҳолатидаги бундай боғланган азотни ёмғир эритиб, ерни маълум даражада ўғитлайди. Лекин қурғоқчилик пайтида бунинг иложи йўқ. Фақат сув кондесацияси учун Овсинский яратган шароитда боғланган азот кондесацияланиши учун ҳам шароит вужудга келади. Шундай йўл билан бир гектар майдонга Овсинский ҳисобига кўра 60 кг боғланган азот моддаси етказиб берилган.

Шундай қилиб тупроқ сирти юмшатилган, ости эса ҳайдалмаган, фақат экин илдизлари билан кўп йиллар давомида юмшатиб борилган тупроқ сув ва ҳаво учун сингдирувчан бўлиб, бу тупроқ атмосфера ирригацияси механизми ҳисобига экинларни намлик билан шундай таъминлаб турадики, суғориш билан бундай миқдорда ва бундай текис таъминлашни илжи йўқ. Овсинскийнинг тўғри агротехникаси меҳнатни енгиллаштиришдан ташқари экинни суғорган ва азот билан таъминлаган, даланинг табиий уномдорлиги йилдан-йилга камаймаган, балким аста секин ортиб борган. Овсинскийнинг бу тежамкор технологияси Россиянинг айрим вилоятларида кенг майдонларда қўлланилиб, далаларнинг унумдорлигини органик ва минерал ўғитларсиз ҳам ошириб бормоқда.

Плуг билан ҳайдалган ерни ёзги қуёш тиғида ётиши – намликни исроф бўлишига, тупроқдаги ҳар қандай биологик активликни сўнишига, тупроқни унумдорлигини  пасайишига, тошдек қаттиқ кесакларни ҳосил  бўлишига олиб келади.

  1. Тупроқнинг мульчаланишини намликни асрашдаги аҳамияти

Мульча – экинлар орасидаги тупроқ сиртига қопланган органик қопламадан иборат. Мульча сомон, барглар, юлиб ташланган бегона ўтлар, пичан, майдаланган шохлар, гўнг, компост, қоғоз ёки картон, кул, кўмирнинг майдаси, ишлаб чиқаришда ҳосил бўлган органик чиқиндилардан иборат бўлиши мумкин. Тупроқ учун мульча кўрпа вазифасини бажаради. Жумладан уруғ қора плёнка остига экилганда плёнка мульчанинг айрим вазифаларини бажаради. Келажакда  далада қотиб қоладиган кўпиксимон мульча яратилса ажаб эмас. Хитойда органик чиқиндилардан мульчага ишлатиладиган намат яратиш техналогияси мавжуд. Кузги сидератлар билан мульчаланган бундай тупроқ ҳар қандай ёмғир сувини сингдириб олади, мульча остида табиий юмшаб, етилиб боради

Мульчанинг турли афзалликларини санаб ўтиш ҳам 3 бетни талаб қилади, бу ерда уларнинг айримларини санаб ўтайлик.

  • Мульча ерни сув ва ҳаво эррозиясидан сақлайди;
  • Ердаги намликни буғланишига тўсқинлик қилади, намликни сақлайди. Кўп ҳолда мульчанинг остида ернинг намлигини кўриш мумкин;
  • Мульча ёмғир, шудринг, суғориш сувларини шимиб олади ва сақлайди. Ортиқча сувни ерга сингиши учун оптимал шароит яратади;
  • Мульча остидаги тупроқ намликни сақлаб ҳеч қачон кесак бўлиб қотиб кетмайди ва юмшатишни талаб қилмайди;
  • Ғовак мульча қатлами иссиқликни ёмон ўтказади, ёзда ерни қаттиқ исиб кетишдан, қишда музлашдан асрайди;
  • Мульча қатламини сиртки ва остки қатламлари орасида ҳосил бўлган температуралар фарқи атмосфера ирригацияси учун, сув буғларини тупроққа конденсацияланиши учун шароит яратади. Ер қор — ёмғирсиз, суғоришсиз ёзги кунда ҳам атмосферадан намлик олиши мумкин;
  • Ердаги бегона ўтларни уруғлари униб чиқиши учун ёруғлик ҳам зарур, қалин мульча остидан бегона ўтларни ўсиши кескин камаяди;
  • Мульчанинг пастки қатламида намлик ва кислород таъсирида чириш микробиологик жараёни кетади. Бу жараёнларда ҳосил бўлган СО2 гази ўсимлик баргларидаги фотосинтез учун керак. Атмосферада бу газ жуда кам бўлгани учун (0.04%) ўсимликларнинг илдизини ёнида ҳосил бўлган бу газнинг ахамияти катта. Айниқса ёпиқ иссиқхоналарда бу газни ҳосил бўлиши янада муҳим, чунки ўсимликлар ёпиқ ҳажмдаги озгина СО2 газни ҳам ишлатиб, фотосинтез тўхтаб қоларди, иссиқхона экинлари ривожланмасди;
  • Мульчада ҳосил бўлган СО2 газнинг иккинчи фойдали тарафи шундан иборатки, газ тупроқдаги намлик билан бирлашиб, H2CO3 кислотасини ҳосил қилади, тупроқни кислоталик даражаси ортиб, ундаги турли минералларни (азот, фосфор, калий, кремний,…) эришига олиб келади, ўсимликларни озиқланиши яхшиланади ва бундан ташқари барглар орқали сув буғланиши кескин камаяди. Шунинг учун мульчани қуруқ иригация деб аташ мумкин.

Томорқада экин етиштираётган миришкорлар мульча учун хашак излаш уларнинг асосий ташвишига айланганини айтишади. Тўғри, томорқага мульчани четдан олиб келиш мумкин. Кенг далада дехқончилик қилаётган фермер мульчани қайдан етказади? Масалан бир гектар далани 5 см мульча билан қоплаш учун 500 куб метр органика зарур. Лекин шу сабабли мульча ҳақидаги билимлардан воз кечиш керак эмас, унинг элементларидан фойдаланиш керак. Масалан, чигитни қора плёнка остига экиш ҳам ерни намини асрайди, бегона ўтларни ўсишини чеклайди. Донли экинларни эрта баҳорда кўкартириб олиш ерни қуёш нурларидан асрайди, ердаги сувни тежайди. Ер экиндан бўш пайтида унга зич сидерат экиш ерни мульча каби асрайди, сидератда жамланган минераллар, синтез қилинган органик моддалар сидерат ерга ҳайдаб юборилгач, асосий экинга қимматбаҳо кўк озуқа бўлади. Маҳсус танланган сидератлар эса тупроқни турли касалликлардан даволайди.

Ерни мульча билан қоплаш имкони бўлмаган дехқон лаоқал ерни ҳайдаб ташламасдан, ўз ҳолатида қолдирсин. Ер сиртида қолган экинларнинг қолдиқлари мульча вазифасини бажаради. Пайти келиб, ерни плуг билан хайдаш ўрнига диск билан ишлов берса, экин қолдиқларининг бир қисми ер сиртида қолиб, ерни қуёш нурларидан асрайди, намликни асрайди. Но-тилл технологиясида эса асосан донли экинлар етиштирилади, экин қолдиқларини 90% ер сиртида қолдирилиб, сувни тежашга ва тупроқ унумдорлигини тиклага хизмат қилади. Овсинский технологиясида ҳам ер донларнинг сомони ҳисобига бойитилади.

  1. Ўсимликларнинг кўмир ангидриди билан таъминланганлигининг сув сарфланишига таъсири.

Ўсимликлар томонидан сув сарфланишига кучли таъсир этадиган ҳодисага К.А.Темирязев эътибор берган. Ўсимлик баргларидан нафас олиш учун тешиклар мавжуд бўлиб, ўсимликлар уларни зарурат бўйича очади, ёки ёпади. Ҳаводаги ўсимлик учун зарур бўлган корбанат ангидрид гази фақат 0.04% (яъни 2011 йил ҳолати бўйича ҳаво ҳажмининг 0.0004 қисми) бўлгани учун, ўсимлик бир қисм корбанат ангидрид ютиши учун ўз “ўпкасидан” 2.5 минг қисм ҳавони ўтказиши керак бўлади. Баргнинг ички ҳажмига кириб чиққан бу ҳаво сув буғларига тўйиниб чиқади – ўсимлик сув сарфлайди. Лекин ўсимлик фотосинтез учун зарур бўлган корбанат ангидридни бошқа йўл билан топса – баргдан нафас олишни тўхтатиб, сувни тежаши мумкин. Умуман олганда, юқори ҳосиллар етиштириладиган экин далалари учун ҳавонинг пастки қатламларидаги корбанат ангидриди умуман етарли эмас, демак бу далалардаги ҳосил биринчи навбатда тупроқда ҳосил бўлаётган углерод ҳисобига етиштирилади.

Маълумки, тупроқдаги ўсимлик қолдиқлари сопрафит микроорганизмлар томонидан қайта ишланганида совуқ ёниш, фотосинтезга нисбатан тескари жараён боради, корбанат ангидриди ажралиб чиқади. Ҳавога нисбатан 1.5 марта оғир бўлган бу газ биринчи навбатда тупроқ ичида еғилиб туради, ва бу жойдаги зичлиги атмосферадагидан юз марта ортиб кетиши мумкин. Тупроқдаги сув бу газни эритиб, “газланган сувга” айланади. Ўсимлик илдизлари билан тупроқдаги намликни шимиб олар экан, сув билан бирга ўзига зарур бўлган корбанат ангидридини ва бошқа озуқаларни ютади, натижада ҳаводан нафас олишига зарурат камаяди, сув сарфи ҳам кескин камаяди. Ерда оганик моддалар миқдори қанчалик кўп бўлса – ўсимлик шунчалик кам сув буғлатади! Ердаги органикани ҳам ернинг қуришига тўсиқ сифатида, ҳам экинларни сув буғлатишига тўсиқ сифатида қуруқ суғориш воситаси, ҳам органик ўғит деб қарашимиз мумкин.

5. Тупроқни қуёш нурларидан беркитилишини намликни тежалишига таъсири.

            Тупроқ сирти экин соясида қолса, қуёш нурларидан қизимаса, ундаги намликни йўқотилишини олди олинади. Шу билан бирга экинларни барглари орқали сув буғланиши ҳам ўн карра қисқарар экан!

Барглар орқали сувни буғланиши туфайли ўсимликлар иссиқ кунда ўзларини совутиб туради, барглардаги биологик жараёнлар учун оптимал шароит яратишга ҳаракат қилади. Кун қанчалик исиса, буғланиш шунчалик кучаяди, барглардаги ҳарорат 8-10 градус камайтирилади. Бунда икки ҳил шароитни фарқлаш керак: барглар қуёш нурларини тўлиқ тўсса, уларни соясида салқин шароит вужудга келиб, барглар фақат юқоридаги иссиқ билан курашадилар, намлик нисбатан кам сарфланади. Агар ўсимликлар якка – якка турса, уларнинг барглари туташиб кетмаган бўлса, қуёш нурлари ерга тушиб уни қиздиради, қизиган тупроқ ҳам инфроқизил нурлар чиқариб, ҳам ердаги сувни буғлатиб, ҳам ҳавони иситиб қуёш энергиясини сарфлайди. Барглар фақат юқори сиртидаги ҳарорат билан курашмай, остидаги иссиқлик билан ҳам курашиш учун кўплаб сув буғлата бошлайди. Бу мантиқан тўғри бўлсада, биринчи бор амалиётда, шу кунларда О.А.Войнов томонидан ўрганилди (“Зерно”, № 9, 2010 г.) ва экин барглари ерни тўлиқ тўсиши ҳисобига ўсимликлар буғлатувчи намлик миқдори ўн марта қисқариши ҳақида ҳуллоса чиқарилган. Бундай баргланиш даражасига донли экинларда улар найчаланган даврда, кунгабоқар ва жўхорида – ҳосил элементи пайдо бўлиш даврида эришиш зарур. Экин остини соялаш учун ўсимликларни орасига баланд ўсмайдиган сидератлар экиш, пайти келиб уларни ўриб ташлаш, бегона ўтларни маълум чегарада ўсишиги қўйиб бериш, сабзавотларнинг орасига жўхори, кунгабоқар ёки оқ жўхори экиш мумкин.

6. Қандай суғориш тежамкор ва экинларга ёқади?

Маданий экинлани суғориб етиштириш агротехниканинг энг муҳим амалларига айланган. Минтақамизда суғоришнинг ананавий усули – тартиб билан экилган экинларни жўяклар бўйича таралган сув билан суғоришдан иборат. Бу усул дехқонларга яна узоқ хизмат қилади.  Лекин бу усулнинг камчиликлари ҳам маълум. Жўякнинг юқори қисми узоқ вақт сув ичади, қуйи қисми – қисқа. Турли жўяклардаги сув жўяк оҳирига баробар етиб бормайди, барча жўяклар охиригача сув ичиши учун бошқаларидаги сув оқавага кетади. Сувнинг умумий сарфи катта бўлиб, тежамкорлик талабларини қаноатлантирмайди. Сув қўйиш оғир меҳнат бўлиб, меҳнат кучи талаб қилади. Органик модда камайиб кетган пахта даларида ҳар бир суғоришдан кейин қатқалоқни йўқотиш учун культивацияга зарурат вужудга келади. Интенсив суғориш ерости сувлар сатҳини кўтариб, даларни шўрланишига олиб келмоқда. Шўр ювиш эса янада оғир амалдан иборат ва сувни исроф бўлишига олиб келади.

Техник тарзда томчилаб суғориш усули бир қатор афзалликларга эга бўлиб, келажакда жўяклар бўйича суғоришни ўрнини босиши мумкин. Бу тизим қўлланилганида жўяк тортиш заруратининг ўзи йўқолади, экин тартиб билан экилиб, уларни орасига томчилаб суғориш қувури ётқизилади, икки қатор экинга бир қувур етарли. Қовоқ, қовун-тарвуз, бодринг каби экинларга, боғ ва узумзорларга томчилаш сув қувурлари айниқса кам керак бўлади. Тизим сувни бевосита илдиз тизимига етказиб бергани учун, сув жўяклардан суғориш усулига нисбатан 2-5 мартагачан тежалади, ер ости сувларини сатҳини кўтарилиши рўй бермайди, ернинг шўрланиши кузатилмайди. Сарфланган сув юқори самарадорлик билан ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади. Томчилаб берилган сув ер сиртида қолмай, тупроққа сингиб кетгани учун, қатқалоқ ҳосил бўлиши кузатилмайди, демак чопиққа, культивацияга зарурат йўқолади. Шу билан бегона ўтларни униб чиқиши ҳам камаяди. Бунинг боиси шундаки, ўтларнинг уруғлари тупроқ ҳажмида бўлади, ҳар культивация пайтида уларнинг бир қисми ер сиртига яқинлашиб, намлик ва ёруғлик таъсирида уна бошлайди. Сув билан уруғлар етиб келмаслиги учун суғориш тизимининг бошида фильтр қўйилади. Экин орасида оз миқдордаги ўтларни ўсиши эса ҳосилга зарар етказмайди.

Томчилаб суғориш тизимида сувда эритилган озуқа, биологик ва кимёвий воситаларни бевосита сув билан бирга экин илдизларига етказиб бериш имконияти вужудга келади. Бу эса озиқлантиришни самарадорлиги ва тежамкорлигини оширади,

Суғоришнинг анъананавий услубида тупроқнинг намлик тутиши катта тафовутга эга, чунки суғориш оралиғи узоқ давом этса, бир марта суғоришда жуда кўп миқдордаги сувдан фойдаланилади. Ўсимликлар бир сафар тупроқда намликнинг етишмаслиги сабабли, кейинги сафар ортиқ даражада намланиш сабабли кучли стрессга дучор бўлади.Томчилатиб суғориш тизимлари сувни кам миқдорларда ва қисқа оралиқларда етказиб бериш имконига эга. Натижада тупроқ намлигининг нисбий бир хиллигига эришилади. Агар суғориш тез-тез ўтказилса, тупроқ намлиги билинар-билинмас тебранишга эга бўлади, чунки бунда ўсимлик эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда сувдан аниқ миқдорларда ва жадвал асосида фойдаланиш имкони бўлади. Бу эса сувнинг тежалишидан ташқари экиннинг ўсишини, ҳосилдорлигини ва ҳосил сифатини кучайтиради.

Шундай қилиб, томчилаб суғориш тизими дастлабки харажат ва меҳнатни талаб қилсада, сўнгра ҳосилдорликни кескин оширишга ва меҳнатни тежашга хизмат қилади. Кўп ҳолда суғоришни амалга ошириш учун сув насосини ёқиш ва ўчириш етарли бўлади.

Ўрта Осиё минтақасида тоғларнинг мавжудлиги, уларда Амударё ва Сирдарё каби серсув дарёларни шаклланиши табиатнинг буюк неъматидир. Дарёларнинг сув ресурсларига асосланган Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги 32 млн. ахолини боқишга ҳам, экспортга ҳам махсулот етказиб бермоқда. Лекин ётиб есанг тоғ ҳам чидамас экан, сув етишмаслиги туфайли Орол денгизи саёзлашиб, уч қисмга ажралиб кетди, улардан бири – Катта Орол бутунлай  қуришга ҳам улгурди. Экин далаларининг бир қисми ҳам сув етишмовчилиги туфайли экилмай қолмоқда. Шундай шароитда далада сувни тежаш учун бирон чора кўрмаган дехқон ариқда сув етишмаслигидан нолишга хақлими?

Султонмурод  Орифжонов

polevaya-trava

ЯРАТУВЧАН ТУПРОҚ ҲАҚИДА БУЮКЛАРНИНГ ФИКРЛАРИ

pochva_2-650x520

Унумдор тупроқ донадор тузилишининг аҳамияти ҳақида тупроқшунос олимларни ҳаммаси билади. Россия тупроқшунослик фанининг асосчиси В.В.Докучаев тупроқ ҳақида шундай ёзган: “Плуг ёки омоч остидан эмас, балким ҳайдалмаган даштдан олинган қора тупроқ ўзининг донадор тузилиши билан ажралиб туради, у гўёким энг ғовак жисм каби беҳисоб тирқишлар билан қопланган, сув ва ҳавони ажойиб равишда ўзидан ўтказа олади. Қора тупроқнинг энг катта афзаллиги ана шу тузилишида. Қора тупроққа азалий унумдорликни қайтариш – унга ҳайдалмаган дашт тупроғини тузилишини қайтаришдан иборат. Ўғитлар ҳақида эмас (таҳлил кўрсатишича, қора тупроқда узоқ йилларга етарли озуқавий моддалар бор), балким тупроқнинг ажойиб донадор тузилишини чангга айлантирган ноқобил ишлар оқибатини йўқотиш ҳақида ўйлаш керак.

Биз эса бундай ажойиб тупроқни энг майда қора унга айлантирамиз, предплужник, тупроқни ағдарувчи ва чуқур юмшатувчи қисмлари бўлган оғир плуг билан сурамиз, ортидан борона ва метал тўсин тортамиз. Қонун чиқарувчи ва тупроқни ишлов сифатини назорат қилувчилар галасига эса донадор тупроқ етарли калтакламаган туюлади: улар интенсив агротехника системасини яратиб, унинг зўрлигидан тупроқ инграб ва қалтираб ётибти”.

Тупроқшунос агрономлар, кимёгарлар, олимлар тупроқни асраш бўйича нодир билимларни аниқлашган. Мана Овсинский тупроқларида минерал ўғитларсиз икки дюйм юмшатилган тупроқ остида бактериялар энг яхши шароитга эга бўлиб, “тасаввур қилиб бўлмайдиган тарзда тез кўпайишган, шу билан тупроқни унумдор қилишган, кўп ҳолда жуда унумдор”. Мендилеев эса, тупроқни “ҳеч қандай ҳайдовсиз етилиши” ҳақида ёзаркан, бу етилиш, яни унумдорлик, тупроқдаги жониворлар ва микроорганизмларни ҳаётий фаолияти билан яратилади деб назарда тутган. Золотарёв тупроқларида эса, 1956 қурғоқчилик йилида ҳам ҳимоя қатлами остида температура ва намликни қулай шароити сақланиб, ҳар квадрат метрда 15-20 чувалчанг саналган. Фолкнер эса сидератлар танасини тупроқ остига ҳайдаб юбормай, балким тупроқни сирт қатламига киритиб, энг унумсиз тупроқларни қисқа вақтда унумдор қилган, унумдорликни ўз қўли билан яратган. Япониялик Фокуока эса, тупроқини бирон марта ҳайдамай, юмшатмай, сеялка билан эмас, қўлда уруғ сепиб, минерал ўғитлар ишлатмай, ҳашоратларга қарши заҳарли дорилар сепмай, тупроқни сомон ва ўсиб турган дон сояси билан ҳимоялаб ҳар йилда ҳам шоли ҳосили, ҳам арпа ҳосили олган. Ҳосилининг ҳар бири Япониядаги олди ҳосилларга тенг бўлган.

Аксинча, Прянишников ўқувчиси бўлган академик Гунар ёзадики, ҳосилдорликни минерал ўғитлар ёрдамида янада оширишга фаннинг кўп йиллик уринишлари зое кетган. Никольская азотли ўғитларни тупроқ ва ўсимликларга, оқибатда одамлар соғлиғига ҳам зарарли таъсири ҳақида бонг урган. Бугунги кунда эса академик Кирюшин гербицид ва фунгицидларни тупроқдаги зоосферага зарарини, Янович эса бу зоосферага тупроқни ҳайдаш, бороналаш, плоскорезлар билан чуқур ёки юпқа юмшатиш, устини босиб текислаш амалларини зарарини ўрганган.

Чанг қилиб эзиб ташланган тупроқ эшикни тақиллатади, баъзан зорланиб, баъзан ғазаб билан ҳаётга қайтаришни талаб қилади. Чанг эса – бор йўғи унумдор тупроқ учун материал ҳолос. Афсуслар бўлсин, чанг табиий унумдор тупроқ эмас, яратишга қодир эмас. Бу жойда тупроқшуносликда маълум ва обрўли А.Бертран ва Г.Конке сўзларини келтирса бўлади:  “Гўшт майдалагичдан ўтган ҳайвон – тирик организм эмас, фақат ҳайвон материали ҳолос”. Ҳудди шундай унумдор ва яратувчан тупроқ (“животворящее и естественноисторическое тело”) ағдариб ҳайдовчи плуг ва унинг ортидаги кўплаб механизмлар орасидан ўтиб, унумдор ҳам, яратувчан ҳам бўлмайди.

Фолкнер айтадики, “биз ҳақиқий унумдор тупроқ қандай бўлишини унутиб қўйганмиз, унинг ҳоссаларини билмаймиз. Унумдор тупроқ даларимиздаги тупроққа ўхшамайди. Қоп-қора, донадор, сингдирувчан ва эластик, у ҳеч қачон қатқалоқ ҳосил қилмайди, ёмғир кетидан ҳам унга ишлов бериш мумкин.

Унинг ҳислатлар шундай. 1. Агар сиз, эркатой шаҳарлик, унда яланг оёқ юролмасангиз, у ҳақиқий унумдор тупроқ эмас. 2. Агар уни қийналмасдан ҳовучлаб ололмасангиз, у унумдор тупроқ эмас. 3. Уни юмшатиш учун чопишга тўғри келса, у унумдор тупроқ эмас. 4. Уни қўлга олиб, қум, лой ва чўкиндиларни фарқлай олсангиз, у унумдор тупроқ эмас. Бу талаблар ортиқчага ўхшасада, улар аниқдир. Бундай тупроқдан бир арга эга бўлсангиз, озиқланиш бўйича ўзингизни тўлиқ мустақил ҳисоблашингиз мумкин.”

Яна Фолкнер айтадики, унинг унумдор далаларида етиштирилган экинлари касалликлардан ҳоли бўлган, ҳашоратлар, ҳатто колорадо қўнғизи ҳам, уларни ҳалок қилмаган. Етиштирилган ҳосил эса фойдали моддаларга шундай бой бўлиб борганки, одамда апельсин шарбатига талаб йўқолган.

Муҳими, Фолкнер кенг далаларни унумдор қилиш сирини очган: биринчидан – ер ҳайдашдан воз кечиш, иккинчидан экин таналари қолдиқларини тупроқ сиртида қолдириш. Ҳозирги кунга келиб, Фолкнер ғояларига асосланган no-till технологияси дунёнинг турли қитъаларида 100-110 миллион гектар майдонларда қўлланилмоқда,тупроқдаги намликни асрамоқда, органик ўғитлардан воз кечиш ва минерал ўғитлар сарфини бир неча марта камайтириш имконини бермоқда, ҳосилни орттирмоқда, ҳаражатларни камайтирмоқда. Дунёдаги энг рақоботбардош махсулотлар no-till кенг қўлланувчи Шимолий ва Жанубий Америкада етиштирилмоқда.

Тупроқ унумдорлигини тиклашдаги янги имконият –самарадор микроорганизмлар препарартларини (“Кюссей ЭМ1”, “Байкал ЭМ1”) яратилиши билан боғлиқ. Уларни қўлланиши тупроқ унумдорлигини тикланишини но-тилл технологиясига нисбатан ўн-ўнбеш (10-15!) марта тезлатди. Шундай қилиб, 50-300 йил давомида ҳосилдорлигини камайтириб борган далалар унумдорлигини 1-3 йилда тиклаш имконияти яратилди. Бундай технологияни давлат миқёсида қўллаш – қишлоқ хўжалигида инқилобий ўсишга келтиради, авлодларга унумлорлиги тикланган далаларни қолдиради, бу эса авлолар учун энг олий мерос бўлади С.ОРИФЖОНОВ

ЦИКЛАМЕН: ҲАМ ДОРИВОР ҲАМ ГЎЗАЛ

275px-Alpenveilchen_Cyclamen_1

Қадимги Грецияда гиацинт ва лилияга бағишланган, Францияда эса атиргул ва бинафшага атаб байрамлар ўтказилган, февраль ойида эса мимозанинг туғилган куни байрам қилинган. Немис халқи эса март ойининг биринчи якшанбасини «Бинафша

Цикламен гули хакида суз борганда  гул шайдолари албатта турфа рангларда очилувчи нафис чечакли ўсимликни кўз олдига келтиради. Бирок кўпчилик унинг альп  фиалкаси, альп бинафшаси каби у кадар оммалашмаган номлари борлигини билмаса керак. Манзарали ўсимлик сифатида хонадонларда ўстирилувчи цикламен наврўздошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўтсимон ўсимликлар туркумидан. Ўрта денгиз ва Ғарбий Осиёда 15 тури, Қрим ва Кавказда 8 тури маълум. Маданий ҳолда энг кўп тарқалгани форс цикламенидир. Бўйи 40—50 см, барглари кўп, барг банди узун ушбу ўсимлик кеч куздан эрта баҳоргача гуллайди. Цикламен оқ, пушти, бинафша, қизил рангларда гуллайди. Европа цикламени хам бетакрор ва ғоят кўркам, нафис гуллари билан мафтун этади.

cyclamen

Ушбу ўсимлик пиёзчасининг диаметри 15 см.гача булиб, ундан фақат битта бута усади. Унинг баргларидан, шохидан қаламча олиб кўпайтириш имкони йўқ. Шу боис тугунагини чиришига, шикастланишига йул қўймаслик мухим. Бу табиийки, ўсимликнинг нобуд булишига олиб келади.

OLYMPUS DIGITAL CAMERA

Ёруғликда альп бинафшаси янада ёрқин рангда очилади. Чечаклари офтоб тафти билан тирик. Гуё Қуёшдан илхом олади. Бирок, ёруғликни Қуёшнинг тик тушувчи нуридан изламаслик керак. Офтоб тигида колган цикламеннинг япроклари сарғайиб, куркини йўқотади.  Қуёшнинг тонгги ва кечки пайтда сочувчи нурлари ўсимликка хуш ёқади. Ҳарорат эса кишда 10-14 даража иссик булиши талаб этилади. Ундан юқори иссикликда ўсимлик ноҳуш вазиятга тушади. Хонада керагидан юқори харорат  булса, гулга сув пуркаб туриш тавсия этилади. Бироқ тувакда сув йигилиб колмаслигини катъий назорат килиб турилади. Акс холда ўсимлик тугунаги чириб кетади. Бошқа вазиятларда эса цикламенга сув пуркамаган маъқулроқ.

            Хонаки ўсимликлар ҳар битта гулнинг ўзига хос хусусиятидан, ўсиш шароитидан келиб чиққан ҳолда суғорилади. Цикламен тугунаклари эса умуман сувни ёқтирмайди. Гултуваги ликопчасига сув қуйилади ёки суғоришдан олдин тугунаги атрофига тупроқ уйиб солинади. Кичкина тувакдаги гулларга тез-тез сув қуйиб турилади. Катта тувакдаги ўсимликлар эса камроқ суғорилади.

tsiklamen11

            Гулларни суғоришда икки қоидага амал қилиш кифоя. Бу қоида: ўта қуритиб куймаслик ва ўта сувга буктириб юбормаслик. Шунингдек, сувни тугунак ва баргларнинг тепасидан эмас, тувак деворидан секингина қўйишга алоҳида эътибор бериш зарур.

Бугун гул дўконларида асосан форс цикламенини, баъзида европа, косский, неаполитанский и бошка турларини учратамиз. Уларнинг бари жуда бетакрор. Аксарият хонаки гуллар каби цикламен хам инжиқ, парваришлашда кийинчиликлар бор. Шунга карамай бу ўсимлик чидамли, унга зарур шароит яратиб берилса, бир нечта талабларига жавоб берилса, хона иклимига мослашиши осон кечади.

Хонаки гуллар учун сопол, ёғоч, пластмасса туваклардан фойдаланиш мумкин. Янги сопол туваклар намликни яхши сақлаши учун, улар 1 соатга сувга  солиб қўйилади. Агар тувак олдин ишлатилган бўлса, уни иссиқ сувда совунлаб ювиш, сўнг содали сувда қайнатиб, чайиш талаб этилади.
Альп бинафшасини экишда гултувак танлашга алоҳида эътибор каратилади. Тувак ўсимликнинг  ёшига караб танланади. Катта тувакка утказилган цикламеннинг гуллаши сустлашиб, чиришни бошлайди. Илдизпоя ва гултувак девори орасидаги масофа 2-3 см дан ошмаслиги керак. Бу цикламен парваришида ута мухим жиҳат. Уни экканда пиёзни бутунлай кўмиб қўймаслик лозим. Тугунакнинг учдан бир қисми, хаттоки ярми тупрокнинг сирига чикиб туриши керак. Бу келгусида ўсимликнинг баракали гуллашини таъминлайди. Зеро барча коидаларга амал килган холда, тугри парваришланган ўсимлик 20-25 йилгача хар йили нафис гуллари билан дилингизни хушнуд  этади.

            Бу каби антиқа, ноодатий гултувакка экилган гулларни исталган хона бурчагига, офисларга жонли ва фойдали безак буюми сифатида жойлаштириш мумкин. Ландшафт дизайнерлар хонага мос ўсимлик танлашда девор ва гулнинг ранггига алоҳида эътибор қаратадилар.

cyclamen - seramis (2)

Хона деворлари оч рангда бўлса, хона рангига уйғунлашадиган ёрқин қизил гулли ўсимликларни шу жойда ўстириб парвариш қилиш керак. Агар хона деворлари гулқогози ранг-баранг гулли бўлса, бундай хонада оқ рангда гуллайдиган ўсимликларни ўстирган маъқул.

Қиш манзараси деразангиздан мўралаб турган бир пайтда, токчангизда альп бинафшаси яшнаб очилиб турса, мана буни мусаввир табиатнинг мохирона дизайни десак бўлади.

Ёзнинг жазирама кунлари келиб цикламен гул ва баргларини батамом тўкиб юборади ва ўсимлик уйкуга кетади. Бу вакт мобайнида цикламен тугунаги озуқа заҳирасини ғамлайди. Мазкур ҳолат баъзи тажрибасиз гул шайдоларини чалгитади. Улар гулни қуриб қолган таҳмин килиб ташлаб юборади. Шу боис хар бир ўсимликни парваришлаш олдидан у ҳақда батафсил маълумот тўплаган маъқул. Такдири худди цикламенники каби глоксиния номли яна бир хонаки гул бор. Факат улар орасидаги фарқ цикламен ёзда глоксия кишда уйкуга кетади. Август ойига келиб яланғоч новдаларда майда барглар курина бошлайди. Бу вақтда цикламен янги  тупроқли аралашмага кўчириб ўтказилади. Бу аралашма: хазонли чиринди тупроқ, торф ва қумдан иборат. Тупроқли аралашмани ўсимлик кушандалари зарарламаслиги учун буғлаш керак. Ёки тайёр аралашмани дўкондан сотиб олсангиз хам бўлади. Бунда Лола гули учун тайёрланган махсус аралашма цикламенга мос келади.

Цикламен пиёзи ва уруғидан кўпаяди. Форс, европа ва неаполитан цикламени уруғи кеч кузда, юмшоқ ерга сепилади. Бу вақтда энг муҳими ҳароратни мўтадиллаштиришдир. Уруғ ундирилаётган хона ўта исиб кетса улар нобуд бўлиши мумкин. Уруғ униб, иккита япроқ чиқаргандан кейин тувакка олинади. Форс цикламенининг кўп навлари 15-18 ойда, паст буйли шакли 6-8 ойда гулга киради. Гуллаш давомийлиги канча қисқа бўлса, гуллари шунчалик чиройли очилар экан.

Цикламеннинг куриган, сарғайган баргларини кайчи ёки пичоқда кесиб олишга шошилманг. Кераксиз япроқларни аста секин, эхтиёткорлик билан қўлда қайириб, узиб олиш тавсия этилади.

Қадимги Римда цикламен гулини ёвузликдан химояловчи тумор деб билишган. Гиппократ эса бу ўсимликдан турли шамоллаш касалликларини даволовчи, шифобахш гиёх сифатида фойдаланган.

Абу Райҳон Берунийнинг «Китоб Ас сайдана фит-тиб» асарида хам хонадонларда ўстирилувчи жуда кўп ўсимликларнинг дориворлиги ҳақида маълумотлар келтирилиб, ўша даврларда бу ўсимликларни қандай номланиши, қайси дардларга даво бўлиши тўғрисида сўз боради. Алоэ, папирус, арум, аспарагус, фикус, драцена, плюмбаго каби ўнлаб ўсимликлар каторида цикламеннинг хам шифобаҳшлиги баён қилинади. Абу Али Ибн Сино асарларида ҳам шундай маълумотлар келтирилган. Демак, ўша вақтлардаёқ ота-боболаримиз бу ўсимликларнинг дориворлик хусусиятларидан хабардор бўлишган ва фойдаланишган. Шунинг учун ҳам бу ўсимликларни уйларида сақлаб кўпайтиришган, деган фикрга келиш мумкин.

Цикламен гулидан халк табобатида гайморитни  даволашда қўлланилади. Бу усулдан қадимдан фойдаланиб келинган. Унинг нечоғли самарали экани юз йиллардан бери синаб келинади. Ўсимлик шунингдек, бир қанча нафас йўллари хасталикларида, бош оғриғи ва шамоллашни даволашда яхши самара беради. синусит, полип, аденоид, Цикламеннинг тугунаги ҳам шифобаҳш гиёҳ сифатида ишлатилади. Цикламен яхшигина антисептик восита бўлиш билан бирга, гормонлар тизими фаолиятини номаллаштиради, қувватни оширади.

Цикламеннинг даволовчи ҳусусиятидан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш керак. чунки ушбу ўсимликнинг таркибида заҳарли модда мавжуд. Шунинг учун цикламен шарбатини сув билан қўшиб ичиш тавсия этилади.

Цикламеннинг доривор хусусиятидан албатта, мутахассис билан маслахатлашган холда фойдаланиш лозим. Уни узбошимчалик билан куллаш саломатлигингизга акс таъсир курсатиши мумкин.

Бугун хонаки ўсимликларнинг манзарали, одамнинг бахри дилини очувчи чиройли турлари шу кадар кўпки, уларни гулдаста урнида такдим этиш анъанаси оммалашиб кетди. Албатта гултувакда барқ очилиб турган жонли гуллар кимга хам ёкмайди дейсиз. Совгабоп хонаки гуллар орасида цикламенга талаб катта. Совгани кабул килган киши ям-яшил майса ва япроклар уртасига капалаклар  куниб олган деб уйлаши хеч гап эмас. Мана шу манзаранинг узиёк, ўсимликка нисбатан илк эътибор ва мухаббат уйғотади. Энг асосийси, бу гузаллик сизни гулдасталар каби факат 5-10 кунгача эмас, бир неча йил мобайнида хушнуд этиб, кадрдонингиз ва уша унутилмас қувончли кунингизни такрор ва такрор  ёдга солади.

Кайси оилада таъсирчан, мулойим, бироз журъатсиз, узгарувчан  феъл атворли кишилар булса, айнан мана шу хонадонда альп бинафшаси парваришлаш тавсия этилади. Сабаб ушбу ўсимлик кайфиятни кутаришга, ақлни чархлаш, теран мулоҳаза қилишга ёрдам бериб, кишига жўшқинлик баҳш этар экан. Ишонаверинг, бунча фазилатга сиз цикламеннинг нафис гулчаларидан олган қувват ёрдамида эга бўласиз. Бундан ташқари цикламен сабаб, уйингизда тоза ҳаво, осойишта шароит юзага келади. Ва албатта бир-бирингизга қандайдир ёкимли, ширин тилак билдириш истаги туғилади.

Қандай бўлмасин уйингизда ўсимликлар парваришлашни тавсия этамиз. Улар хонангизга кўкр беради, хона ҳавосини тозалайди. Ва албатта эстетик завқ бағишлайди.

Хуршида Ғуломова

САБЗАВОТЧИЛИКДА ДЕКАБРДА БАЖАРИЛАДИГАН ЮМУШЛАР

Vegetables and Fruits Arrangement

Ҳосилдан бўшаган майдонлардан келгуси йилда мўл ҳосил етиштириш ушбу майдонларни сифатли  ҳайдаб,   ўсимлик қолдиқларини оддий сеткали ёки зигзаг бороналар ёрдамида майдон ташқарисига чиқариб ташлаш, кейин майдонларнинг нотекис қисмини П-4 ёки ПА-3 русумли мосламалар билан текислаб чиқиш лозим.   Ушбу майдонга совуққа чидамли сабзавотлардан сабзи, пиёз, ош лавлаги, кашнич, петрушка ҳамда салат каби ўсимликлар тўқсонбости усулида экиш  келгуси йилда исталган миқдорда эртаги сабзавот маҳсулотлари йиғиб олиш имкониятини яратади. Тўқсонбости усулида экилган. сабзавот экинларининг уруғи эрта кўкламда ердан жуда барвақг униб чиқади ва тез авж олиб ўсиб ривожланади.

Экилган  эгатлар устини чириган махаллий ўғитлар билан ёпилса ёки қипиқ билан мулчаланса  сабзи, пиёз, ош лавлаги ҳамда кўкат сабзавотлар уруғлари жадал ўсиб, ривожланиб,   эрта баҳорда экилганларига қараганда   28-40 қун олдин пишиб етилади шунингдек, 15-20 фойиз кўпроқ ҳосил беради.

Республиканинг марказий қисмида жойлашган вилоятларда   юқорида таъкидланган сабзавотлар уруғини тўқсонбости усулида экиш тадбирини ноябрь ойининг иккинчи ўн кунлигидан декабрь ойини биринчи ўн кунлиги охирларигача, республика жанубида   эса 20 декабргача экиш тавсия этилади.

Экиш учун тоза навли, биринчи тоифа уруғларидан фойдаланиш лозим. Юқори ҳосил олиш учун сабзини “Шантане”, “Нантская”, “Зийнатли”, пиёзнинг – “Испанский-43”, “Истиқбол” ва “Зафар” навларини,  ош лавлагини “Бордо-237”, “Бикорес”, укропнинг – “Узбекский 243”, “Орзу”,   каби совуққа чидамли навлари экиш тавсия этилади.

Юқорида тавсия этилган сабзавот навлари уруғларини тўқсонбости усулида катга майдонларга экишда “СОН-2,8А” русумли сабзавот экиш мосламаси билан лента шаклида, қўш қаторлаб   ёки   сочма усулда экиш мумкин. Кичик майдонларга эса уруғлар қўлда сепилиб, кетидан ҳаскашлаб чиқиш лозим.   Ҳар 1 гектар майдон ҳисобига сабзи уруғи 8 кг. пиёз уруғи 16 кг. ош лавлаги 20 кг. кашнич, петрушка уруғлари 10 кг. гача сарфланади. Экиш чуқурлиги 2-3 см.дан ошмаслиги лозим. Экиш билан бирга суғориш эгатлари ҳам тортиб чиқилади.

Оқ бош карамдан   юқори ҳосил етиштириш учун республиканинг жанубий ҳудудларида (Сурхондарё, Қашқадарё) карам кўчатини декабрь ойининг учинчи ўн кунлигида дугали плёнка қопламаси остига экиш тавсия қитинади. Бунда “Фарао Ғ1” ва “Балбро Ғ1”  дурагайлари экилса, ҳосил  апрель ойида пишиб етилади.

Декабрь ойида бодринг экилган иссиқхоналардаги ўсимликларни озиқлантириш, суғориш, шакл бериш, микроэлементлар билан озиқлантириш, касаллик ҳамда зараркунандалар билан зарарланишининг олдини олиш учун профилактик чора-тадбирни амалга ошириш шарт.    Оқ қанот, занг кана ва минёр пашша, пахта совкаси каби зараркунадаларга қарши биологик усулда трихограмма, трихопорус, олтинкўз ҳамда хонқизи каби фойдали ҳашаротларни қўллаш зарур. Бундан ташқари ўсимликларнинг пастки қисмидаги сарғайиб қолган барглари ва мўйловини олиб ташлаш   лозим бўлади.

Кузги-қишки ҳамда оралиқ мавсум учун иссиқхоналарга экилган помидорни  ҳам озиқлантириш, суғориш зарур.   Унинг мева тугишини тезлаштириш учун  экин майдонига “ТУ” ёки  “Томатон”, “ Полистимулин-2”, “ Ренгулит” каби препаратлар билан ишлов берилиши керак.

Бундан ташқари ўсимликларни парваришлашда, уларнинг бачки новдаларини олиб ташлаш,   шпагатга ўраб чиқиш каби тадбирлар амалга оширилиши лозим.

Дилфуза Қўзиева тайёрлади