Category Archives: Биз билмаган дунё

ШИРИН КАРТОШКА ҚАЙДA БОР?

Kartoshka-01Ҳар бир ўсимлик ривожланиши, парвариши ўзига яраша табиий шароит талаб этади. Шу сабабли қишлоқ хўжалиги соҳасида экинларни “иқлимга мослаштириш”, “маҳаллийлаштириш” жумлалари кўп қўлланилади. Бугунги кунда республикамизда бир қанча тропик маҳсулотларни парвариш қилиш (иқлим шароти сабаб), мураккаб бўлишига қарамасдан юқори ҳосилдорликка эришилаётгани оддий ҳолатга айланди. Асл ватани Жанубий Америка, Перу ва Чили мамлакатлари бўлган картошка ўсимлиги ҳам юртимиз ҳудудларида 130-140 йилдан буён экиладиган сабзавотдир. Ушбу маҳсулотни етиштириш билан ҳозирда дунёнинг қарийб 140 мамлакатида шуғулланилади. Картошка экиладиган майдонига кўра, Россия, Хитой ва Польша олдинги ўринларда бўлиб, Голландия, Бельгия, Буюк Британия, Дания, Германия каби мамлакатларда ҳосилдорлик ҳар гектар ердан ўртача 350-400 центнерни ташкил этади. Тўйимлилик, фойдалилик даражаси юқорилиги сабабли бу сабзавот дунё деҳқончилигида экиладиган майдон ҳисобига тўртинчи ўринга кўтарилиб олди. Аслида бугунги дунё деҳқончилиги мана шундай ривожланиш шиддатини талаб этмоқда. Чунки бу жараён ер шарида юзага кела бошлаган озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишда асосий омиллардан саналади. Яна бир маълумот: тиббиёт ҳодимларининг тавсиясига кўра ҳам инсон бир йилда 60 килограмм картошка истеъмол қилиши соғлик учун жуда муҳим экан. Бу кўрсаткич жаҳон мамлакатлари орасида Белорусда энг кўп — 170 килограммни ташкил қилади. Италия, АҚШ каби мамлакатларда картошка истеъмоли киши бошига 38-57 килограммга тўғри келади. Ўзбекистонда ҳам аҳоли жон бошига истеъмол қилинаётган картошка миқдори йил сайин ошиб бормоқда, лекин ҳозирча юқорида таъкидланган меъёрдагидан камроқ. Тан олиш жоиз, мустақиллик йилларига қадар республикамизда аҳоли эҳтиёжи ҳамда уруғлик учун картошканинг асосий миқдори чет, аниқроғи асосан Россия ва Болтиқбўйи республикаларидан келтирилган. Ўша пайтларда маҳаллий шароитда экилган картошка аҳоли эҳтиёжининг жуда кам фоизини қопларди, холос. Бунга асосий сабаб эса ўша пайтлардаги пахта яккаҳокимлиги сиёсати ҳозиргидек кўплаб экин турларини етиштириш имконини бермаган. Шу боисдан ҳам мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ Юртбошимиз томонидан халқимизни озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, аҳоли талабини ўзимизда етиштирилаётган экологик ва сифатли мева-сабзавот, полиз, узум ва картошка маҳсулотлари ҳисобидан тўла қондириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари каби мева-сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ташкил этилди. Боғ ва токзорлар асл эгасини топди, ерларнинг унумдорлиги, экинлар ҳосилдорлиги ошишига эришилди. Президентимизнинг 2008 йил 20 октябрдаги «Озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонларни оптималлаштириш ва уларни етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан пахта майдонлари 78,9 минг гектарга, охирги йилларда яна қўшимча қарийб 30 минг гектарга қисқартирилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш учун ажратилди. Хусусан, картошкачиликни интенсив ривожлантиришга ҳам эътибор кучайтирилди. Шу мақсадда жаҳон картошкачилигининг илғор тажрибалари қўлланилиб, эндиликда серҳосил ва мазаси яхши навлар етиштирилмоқда. Натижада мамлакатимизда ялпи ҳосил миқдори мустақилликнинг дастлабки йилларидагига нисбатан уч бараварга ошди. Бунга асосан юқори ҳосилдорлик эвазига эришилди. 1997 йилдан бошлаб эса юртимизга истеъмол учун четдан картошка ташиб келишга бутунлай барҳам берилди. — Кўп ҳосил олиш учун катта-катта майдонларга экин экишнинг даври ўтди, — дейди Ўзбекистон Сабзавот, полиз экилари ва картошкачилик илмий-тадқиқод институти директори Рафиқжон Ҳакимов. — Чунки ерларимиз деярли ўзлаштириб бўлинган, “ортиқча” майдоннинг ўзи йўқ. Ҳатто бўш ётган ерлар учун ҳам эндиликда экстенсив йўл маъқул эмас, бундай усулдан воз кечилганига анча бўлди. Аграр ислоҳотлар қишлоқ хўжалигини интенсив ривожлантиришни талаб этаётгани боис, уруғчилик масаласига жиддий эътибор берилмоқда. Бугун сара уруғ деганда фақат эзилмаган, уринмаган, унувчанлиги юқори уруғликни эмас, ҳосилдор, истеъмоллик хусусиятлари аъло навларни ҳам тушунишимиз керак. Ана шундай навлар бўлмаса, кўзланган натижага эришиб бўлмайди, мўл ва сифатли маҳсулот етиштириш, аҳоли эҳтиёжини қондириш қийин. Юртимизда картошканинг янги ҳосилдор навларини яратиш, деҳқонларни сифатли уруғлик билан таъминлаш йўлидаги изчил изланишлар ўз самарасини бермоқда. Хориждан “Санта”, “Кондор”, “Романа” каби картошка навларининг уруғлари келтирилиб, маҳаллийлаштирилди. Шунингдек, селекционер олимларимиз томонидан яратилган “Тўйимли”, “Ақраб”, “Умид”, “Диёра” навлари ҳосилдорлиги ва мазаси билан истеъмолчиларга манзур бўлмоқда. Дарҳақиқат, юртимизда 1990 йили аҳоли эҳтиёжи учун бор йўғи 300 минг тонна картошка етиштирилган бўлса, ўтган 2013 йилда (республика Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга кўра) бу кўрсаткич 2 миллион 250 минг тоннадан ошди. Бу рақамлардаги сезиларли ўсиш асосан ҳосилдорликнинг ошиши туфайли юзага келмоқда. Мисол учун, мустақилликнинг илк йиллари ҳар гектар ердан ўртача 85 центнердан ҳосил олинган бўлса, ҳозир бу рақам 240-250 центнерга етмоқда. Бугунги кунда соҳа олимлари картошканинг касалликка чидамли, иқлим шароитимизга мос, серҳосил, эртапишар навларини яратиш ва истиқболли агротехник қоидаларини ишлаб чиқиш устида қизғин иш олиб бормоқда. Бу борада Ўзбекистон Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан иссиққа, шўрга, ҳароратнинг кескин ўзгаришларига чидамли навларни яратиш борасидаги изланишлар олиб борилиб, картошканинг янги “Серҳосил”(2011 йил), “Пском”, “Сарнав”(2012 йил), “Умид 2”(2013 йил) навлари яратилди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Сабзавот-полизчиликни, боғдорчиликни, узумчиликни ривожлантириш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш бошқармасидан олинган маълумотларда ўз аксини топган республикамиз ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари давлат реестрига 73 та картошка нави экиш учун киритилган. Картошка нисбатан салқин ва қумлоқ ерларда яхши ўсганлиги боис, у кўпроқ Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон вилоятларининг тоғолди ҳудудларида юқори ҳосил бераётганлиги учун айнан шу ҳудудларда картошкачиликда юқори тажриба тўпланган, десак тўғри бўлади. — Мўл ҳосил етиштириш олинган уруғнинг сифатидан ташқари, деҳқоннинг маҳоратига ҳам боғлиқ, — дейди Самарқанд вилояти Тайлоқ туманидаги “Шаҳзод Ҳумора” фермер хўжалиги раҳбари Ҳусниддин Дўстмуродов. — Хўжалигимиз ер майдонининг 12 гектарига уруғлик ғалла сепамиз. Ҳосил йиғиб олингандан сўнг эса иккинчи экин сифатида картошка экамиз. Бир қарашда бу экинни парваришлаш технологияси кўп жойда деярли бир хилга ўхшаб кўринади. Аслида эса ҳар бир ҳудуднинг экиш муддати ва тартибида, ўғитлаш меъёрларида, суғориш ва қатор ораларига ишлов беришда ўзига хос усулда иш тутилади. Мисол тариқасида айтадиган бўлсам, қайсидир деҳқон ҳаммадан олдин ҳосил йиғиш учун февраль ойидаёқ имкон бўлиши билан картошка уруғини экиб олади. Бошқаси эса март ойида нисбатан юзароқ экиб, олдинроқ ҳаракат қилган картошкачи билан баравар ҳосилни ковлаб олади. Баъзилар эса ҳам ердан унумли фойдаланиш, ҳам кўпроқ ҳосил олиш мақсадида асосан ғалланинг ўрнига иккинчи экин сифатида кузги картошка етиштираяпти. Булунғурлик фермер Баҳодир Мамаражабов эса шундай дейди: — Эътибор бераётган бўлсангиз, ҳар бир деҳқон ўзгача усул қўллашга ҳаракат қилади. Бу жуда яхши. Лекин баъзилар янги навларни парваришлашнинг ўз методига эътибор бермай, эскитдан қўллаб келаётган агротадбирлардан фойдалнишади ва картошканинг сифатига салбий таъсир этиб қўйганларини сезмай қолишади. Ёки кимдир унча катта бўлмаган майдонгами, томорқасигами уруғини суриштирмай картошка экади. Уруғликнинг эскилигига аҳамият бермайди. Мана шу жараёнда бир нарсани ёддан чиқармаслик зарур. Узоқ йиллар қайта-қайта экилаверганидан, ҳатто, айрим навларнинг асл хусусиятлари ўзгариб кетган. Бунинг оқибатида бозорларимиз расталарида кўриниши меъёрий талабларга жавоб берса-да, мазаси тахир, пишиши қийин бўлган картошкалар учраши ҳам балки шундандир. Мана шу каби муаммоларнинг юзага келмаслиги учун, барча деҳқонлар бирдек масъул эканликларини унутмаслигини сўрардим. Ҳақиқатдан ҳам, охирги пайтларда етиштирилаётган картошканинг сифати тушиш ҳоллари кузатилаётгани сир эмас. Бунинг сабаблари ҳақида кўп сонли журналхонларимиз номидан фикрларини сўраб, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академик О. Содиқов номидаги биоорганик кимё институти ҳужайра технологиялири лабараторияси мудири, “Картошка элита уруғчилиги” давлат унитар корхонаси Бош директори Элмурод Холмуратовга мурожаат қилдик. — Эътибор берилса, бугунги замонда барча соҳаларда мислсиз ютуқларга эришилмоқда, — дейди Э. Холмуратов. — Масалан, бир техниканинг юзлаб турларидан хоҳлаганимизни танлаб, ишлатишимиз мумкин. Қувонарлиси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ҳам худди шу вазиятни кузатиш мумкин. Деҳқонларимиз биргина картошканинг қанчадан-қанча навларини етиштириб, аҳоли истеъмоли учун етказиб беришмоқда. Лекин бу ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Қишлоқ хўжалигининг айнан мана шу тармоғига ҳукуматимиз томонидан қаратилаётган жиддий эътибор ҳам бугунги ютуқларимиз асосидир. Мамлакатимизда шу соҳа билан шуғулланувчи минглаб фермер хўжаликлари, томорқачиларимиз борлигини инобатга олсак, баъзан, мазаси тахир, пишиши қийин бўлган картошка маҳсулотларининг бозорларимиз расталарида пайдо бўлиб қолишини тушуниш мумкин. Ана энди, бундай озиқ-овқат турларининг пайдо бўлиши билан боғлиқ бир неча нисбий сабабларга тўхталсак. Энг аввало, айтиб ўтишим керакки, биз картошка уруғчилигига жиддий эътибор беришимиз керак. Афсуски, картошка экишни энди жорий этаётган, бироз тажрибасиз ёш деҳқонларимиз уруғнинг арзон, сифатсизларини экиб, хатога йўл қўядилар. Оқибатда, ҳосилдорлиги паст, сифатсиз маҳсулот олинади. Навбатдаги сабаб эса, картошка экилган майдонларда азот, фосфор, калий каби минерал ўғитлардан фойдаланишда меъёрнинг бузилишидир. Бу пайтда деҳқон маҳаллий ўғитнинг аҳамияти катта эканлигини унутмаслиги зарур. Юқорида келтирилган сабабларга кўра, олинган картошканинг мазаси яхши эмаслигини, узоқроқ муддатга сақлаб бўлмаслигини маҳсулотнинг ташқи кўриниши “айтиб” туради. Лекин шу билан бирга ташқи кўриниши билан ҳаридорни алдаши мумкин бўлган картошкалар ҳам бор. Улар стандарт талабларга жавоб бериб, кесилганда ички қисмида ҳам муаммо йўқдек туюлсада, бироқ барча камчилиги овқатга солингач маълум бўлади. Тахир ёки аччиқ чиқиб, дилингизни хира қилади, иштаҳангизни бўғади. Бундай бўлишининг сабаби нима? Биласиз, картошка тугунаги таркибида 20-40 фоиз крахмал; қандлар — фруктоза, глюкоза, сахароза; органик — лимон, олма, оксалат; кислоталар, витаминлар, оз миқдорда ёғ, оқсил пектин, минерал ва бошқа моддалар бор. Лекин яна унинг таркибидаги гликоалкалоид — соланин сақланишидан кўпчилигимиз бехабармиз. Бу бирикма картошканинг поясидан тортиб, туганаги таркибигача мавжуд. Бирикма заҳарли, лекин картошка тугунаги таркибида ниҳоятда кам миқдорда бўлгани учун истеъмол қилинганда заҳарланиш кузатилмайди. Лекин бир жиҳати борки, меъёрдан ортиқ иссиқлик ёки қуёш нури ҳам картошка таркибидаги ушбу модданинг оз бўлсада ошишига сабаб бўлади. Демак, картошка экиладиган жойнинг кескин ўзгариши, яъни тоғли ҳудудларда — салқин, унумдорлиги юқори бўлган ер майдонларида экиб келинаётган картошка нисбатан иссиқ оддий дала шароитида парваришлана бошланса, мазаси ўзгариши — тахир ёки аччиқ бўлиши эҳтимоллари бор. Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, бугун мамлакатимизда картошка танқислиги муаммоси йўқ. Олинган маълумотларга кўра, картошка ишлаб чиқариш прогнози жорий йилда салкам 2 миллион 400 минг тоннани ташкил этиши кутилмоқда. Бошқача айтганда, аҳолини сифатли картошка билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил тадбирлар ва доимий эътибор самарасида бозорларимизда бу маҳсулотнинг мўл-кўллиги ва арзонлиги таъминланмоқда. Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтишимиз лозимки, етиштирилган картошканинг муайян қисмини қайта ишлаш йўлларини ҳам ўйлаб кўриш зарур. Тиббиёт спирти, крахмал, декстрин ва бошқа маҳсулотлар олиш учун картошка яхши хом ашёлигини ҳисобга олсак, кўп тармоқли фермер хўжаликлари таркибида картошкани қайта ишлаш технологияларининг кўпайиши фақат яхши самара бериши шубҳасиздир.

Икром АВАЛБОЕВ

ҚУШЛАР ҲАМ ДАРАХТ ЭКАДИ

7a4fedcb42fa6959ae5016c86296672fБаҳорнинг майин эсаётган эпкини бутун борлиқни қиш мудроқлигидан оҳиста уйғота бошлади. Қурт-қумурсқалардан тортиб, дов дарахтларгача жон энди. Боғимиз адоғидаги ариқ ёқасини тартибга келтирар эканман эндигина ниш уришга чоғланган ёнғоқ ниҳолига кўзим тушиб, қувониб кетдим. Худди шу ерга ёнғоқ экмоқчи эдима, ҳаёлдан ўтказаман, ўзимча. Кейин ўйланиб қоламан. Бу дарахтни ким экди экан? Шу чоғ мияда яшин чаққандек бўлади. Қарға эккан! Чунки кузда ғарқ пишган ёнғоқни еб, қорни ҳам, кўзи ҳам тўйган қарға, эҳтиёт шарт ёнғоқларни у ер-бу ерга кўмиб яшира бошлайди. Қарабсизки, баҳор келиши билан уруғ униб чиқади…

Назаримда бу табиатнинг оддий қонуни эмас. Қандайдир куч қушларни шу ҳолга ундайди. Бошқаради. Сабаби нимаики ихтиро қилинмасин унинг табиатга, экологияга уйғунлиги бор. Бу бежиз эмас, албатта. «Қанотли дўст»лар дея атайдиганимиз  қушларнинг табиатда тутган ўрни, уларнинг инсонлар ҳаётига таъсири қай даражада эканлиги ҳақида ўйлайвериб, адоғига етишмайди киши.

…Калифорниянинг энг хушманзара оромгоҳ манзараларидан бирида «Клир-Лейк» кўли бўлиб, унинг узунлиги 30 километрга етади. Қачонлардир бу кўл балиқ овлайдиган, сув чанаси учадиган ва одамлар ҳордиқ чиқарадиган оромгоҳ бўлган. Ўша пайтларда ана шу соҳилларда дам олувчиларни миттигина пашшалар ташвишга солган. Энг қизиғи, улар одамларни чақмаган, фақат шам, чироқ ёққанларида, ёруғлик атрофида тўпланиб, асабларини бузишган. Ниҳоят 1949 йилда шу кўл янги ихтиро қилинган кимёвий ишланма билан «ҳимоя»лана бошланган. Натижада пашшалар деярли йўқолган. Кўл атрофида «асаббузарлар»нинг жуда камдан-кам индивидлари сақланиб қолган. Бироқ 1951 йилдан сўнг пашшалар сони яна кўпая бошлайди ва 1954 йилда кўл қайтадан дизенфекция қилинади. Пашшалар яна камаяди. Бироз вақг ўтгандан кейин, сувда сузиб юрувчи ҳамда кўл атрофида яшовчи қушлар пашшаларга қарши сепилган химикатлардан зарарланиб, нобуд бўла бошлагани аниқланган. Ана шу дамда соҳа мутахассисларини бир савол қийнай бошлайди. Пестицидлар қуш тўдалари келмайдиган жойларда қўлланилаётган эди. Нега бу жониворлар кўп миқдорда нобуд бўла бошлади? Маълум бўлишича, пашшалар химик ишланмага нисбатан мослашиб, заҳарни ўзига сингдирсада эркин яшай бошлаган. Пашшаларга табиий тарзда қирон келтирувчи қушлар ва турли сув жониворлари эса уларни еб нобуд бўла бошлаган.

Оқибатда биргина қушларнинг кескин камайиб кетиши ўша кўлнинг ўтган асрдаги манзарасининг буткул йўқолиб кетишига сабаб бўлган.

Кўпчилигимиз қушлар бошоқли экинлар пишиб етилганда уларга «ҳужум» қилиб ҳосилдорликка жиддий зарар етказади деб ўйлаймиз. Ана шундай пайтларда имкониятга қараб уларга қарши курашнинг турли чоралари кўрилади. Ҳуштак, шаққилдоқ, турли шаклдаги ясама «қўриқчи»лар… Лекин ўтган йилларда ҳосилдорликни сақлаб қолиш борасида амалда синалган хориж тажрибасининг аянчли «натижа»си ғалатироқ эди.

Хуллас, ўтган асрнинг эллигинчи йилларида мана шу муаммо Хитойда давлат аҳамиятига молик масала даражасига кўтарилиб, зараркунандаларни йўқотиш бўйича қарор қабул қилинади. «Қанотли дўстлар» ҳаракатлари жиддий кузатилиб, уларнинг ҳавода эркин ҳолатда 15 дақиқадан ортиқ учиб юролмаслиги аниқланади. Тадқиқотларга кўра, кўп сонли аҳоли уларни қўрқитиш ва беркинмаслиги учун ноғоралар чалиб, шовқин-сурон кўтариб туришлари оқибатида толиққан чумчуқларнинг ёмғирдек тўкилиши аниқланган.

Ниҳоят, ёз ойларида (1958 йил) уч кун давомида олиб борилган «кураш» туфайли Пекин ва Шанхайда 900 мингдан ортиқ чумчуқ нобуд бўлишига эришилган. Ўша йилнинг ноябрь ойидаги тўлиқ бўлмаган ҳисоблар бўйича 1,96 миллиард(!) чумчуқ йўқ қилинган. Бир йилдан кейин ҳосил чиндан ҳам мўл бўлишига эришилган. Лекин вазият кутилмаганда қалтис тус олиб, ҳашаротлар ва чигирткалар сони кескин кўпайиб кетган. Бир-икки йиллик чигиртка босқини сабабли ҳосилдорликнинг пасайиши рекорд даражага камайган. Оқибатда мамлакатда егулик етишмовчилиги ҳукмронлик қилиб, бир неча миллион нафарга яқин одам очликдан нобуд бўлган.

Кейинчалик, чумчуқларнинг табиатдаги ўта муҳим ўрнини тиклаш учун уларни ўзга мамлакатлардан катта харажатлар эвазига келтиришга мажбур бўлинган.

Бошоқли экинлардан ташқари асаларичилик билан кенг кўламда шуғулланадиган мамлакатлардан бир нечтаси ҳам ўтган яқин йилларда «зараркунанда» қушларга қирғин келтириш чораларини излай бошлаганликлари ҳақидаги маълумотлар бор. Лекин уларнинг суриштириш ва таҳлиллари «беминнат ёрдамчилар» фойдасига ҳал бўлади. Бугунги куннинг статистикаси бўйича айтадиган бўлсак, биргина Африка қитъасида ҳар йили зарарли чигирткаларга қарши 8-10 миллион гектар майдонда кураш тадбирлари олиб борилишига қарамасдан, уларнинг зарари бир неча миллиард АҚШ долларига етмоқда. Бунга қарши кураш учун табиатда қушларнинг сони ортишига имкониятлар яратиш зарур бўлмоқда.

Хулоса шуки, одатда, биз яшаётган дунёда аҳамиятсиздай кўринган митти организмларнинг ҳам табиий бутунликда тутган ўрнини бошқа бир нарса билан «тўлдириб» бўлмайди. Чунки табиат занжирида ҳар-бир мавжудод ўзи бир ҳалқа. Унинг узилиши ёки йўқотилиши оғир жудоликдир. Ҳатто қушлар-ки дарахт экар экан, биз боғни ҳам, «боғбон»ни ҳам бирдай кўрмоғимиз ва асрамоғимиз зарур.

                Икром ХОЛЙИГИТ

Тухум пўчоғи фойдалими?

egg_shell

        Тухумнинг фойдали, унинг оқсил билан биргаликда турли хил витамин ва минерал элементларга  бойлигини ҳамма билади. Бугунги кунда дунёда энг кўп истеъмол қилинадиган маҳсулотлар ичида тухум  гуруч, бўғдой, чой ва қаҳвадан сўнг  бешинчи ўринни эгаллайди. Одатда биз тухумни овқат тайёрлашда ишлатиш учун уни чақиб, пўчоғини ташлаб юборамиз. Аммо отағбоболаримиз қадимдан  уни  суяк синишларида фойдаланиб келишган. Бугунги кунда бу усул шифокорлар тилида  тухумпўчоғи терапияси деб аталади. Бунда майдаланган тухум пўчоғини шўрва, бўтқа, салатга қўшилади. Голландияда даволашнинг мазкур усули қонуний кучга эга, дорихоналарда эса тухум пўчоғидан тайёрланган бир нечта дори турлари мавжуд. Дарвоқе, товуқ, бедана тухумига саримсоқ, баъзи минерал моддалар аралаштирилган дорилар жуда қиммат нархда сотилади. Эски қўлёзмаларда ҳаётбахш қоришмалар таркибида товуқ тухуми ва тухум пўчоғи тез-тез тилга олинган. Маълумки, кальций ва кремний алмашинувининг бузилиши кўпинча рахит, тишларнинг нотўғри ўсиши, суякларнинг мўртлигига сабаб бўлади, камқонлик, аллергия, лабдаги учуқ, шамоллаш каби касалликлар билан бирга кечади. Бузилган кальций алмашинувини тиклаш қийин. Негаки, таркибида кальций бўлган тайёр препаратларни ичиш кальцийнинг ёмон ҳазм бўлишини кўрсатмоқда. Тухум пўчоғи нафақат кальцийни яхши сингдиради, балки таркибида организм учун зарур элементлар кўп: кремний, мис, магний, темир, марганец, молибден, фтор, фосфор, олтингугурт, рух – жами 27 та элемент. Тухум пўчоғи таркиби одам суяги ва тиши таркиби билан ҳайратланарли даражада мос келади. Бундан ташқари, иликнинг қон ҳосил қилиш функциясини рағбатлантиради.

Таомга майдаланган тухум пўчоғини қўшиш соч ва тирноқлар синувчанлигининг, милк қонашининг, қабзият, жиззакилик, уйқусизлик, астма, эшакемнинг олдини олади. Тухум пўчоғи терапияси, айниқса, ҳомиладорларга, 6 ёшгача бўлган болаларга, шунингдек, ўсмир ва ёшларга жуда фойдали. Катталар умуртқа касаллиги, тиш кариеси ва остеопорознинг олдини олиш учун йилига икки марта тухум пўчоғи терапиясини ўтказиш фойдали.

Тухум пўчоғи – организмдан радионуклеидларни чиқариб юборишда ажойиб восита, у иликда стронция-90 тўпланишига йўл қўймайди. Шу мақсадда кунига 2-6 грамм тухум пўчоғи ейиш тавсия этилади. Буни, яхшиси, кальций алмашинуви секинлашган давр – январь ва февраль ойларида қилиш керак. Тухум пўчоғи орқали организмга турли хил бактериалар тушмаслиги учун уни илиқ сувда совнлаб ювиб, обдон чайилади. Агар у кичик ёшдаги болалар учун ишлатиладиган бўлса 5 дақиқа қайнатиб олинади. Энг яхши натижа майдаланган тухум кукнини твороггв қўшиб истеъмол қилиш. Бунда кунлик меъёр 1,5-3 граммни ташкил этади. Даволаш учун фақатгина янги, эндигина арчилган тухум пўчоғини ишлатиш мақсадга мувофиқдир.

Ревматизм ёки артритда:

косага 100 мл. спиртни қуйиб, унга 50 г. камфара ва 60 г. хантални эритилади, ҳаммасини аралаштирилади. Алоҳида идишда 150 г. тухум оқини аралаштиргач, иккала идишдаги суюқликни яхшилаб  аралаштирилади. Суртмани терига суртгач, бир оз туради. Ҳавода қуригач, тери қуруқ латта билан артиб олинади.

Наргис ҚОСИМОВА

ВИҚОРЛИ ВИКТОРИЯ

victoria-regia-01

             Табиатнинг ғарйиб ўсимликларидан бири Виктория регия — ўлкан сув нилуфаридир. Унинг барги жуда ката — диаметри 2 метргача етади. Сув остида қалқиб турадиган баргининг шакли улкан баркашни эслатади. Баргнинг чеккалари 5—10 сантиметр кенгликда тепага қайрилган. Баркаш-баргни нуқсонлиги 5-10 сантиметр келадиган йщғон томирлар ушлаб туради. Виктория региянинг барги болаларни, 50 килограммлик хатто юзига бир текис қилиб сепилган 75 килограмм қумни хам кўтаради. Виктория регия иссиқ ва сернам шароитда ўсадиган кўп йиллик сув ўсимлиги бўлиб, асл ватани Жанубий Америкадир. Уни Амазонка, Ориноко ва Парана дарёлари ҳавзаларида  учратиш мумкин. Америка матбуотида Викторин регияни «Сув нилуфарларининг маликаси, «Сув атиргулларининг қироличаси», «Иссиқ Американинг сув мўъжизаси» деб аташади. Нилуфарни 1801 йилда инглиз ботаниги Ж.Линдлей кашф этган ва мазкур мафтункор ўсимликни Англиянинг эндигина тахтга ўтирган ўн саккиз яшар қироличаси Виктория шарафига Виктория регия (виқорли Виктория) деб ном берган.

Нилуфарни маданийлаштиришга ботаниклар бир неча маротаба уринишган, аммо уларнинг барчаси зое кетган. Фақатгина  1849  йили илк маротаба Англиянинг Кью-гарденс ботаника боғида Девоншир герцогининг боғбони Жозеф Пакстон меҳнатларининг натижасида гуллаган.  Очиқ сув ҳавзасида уни биринчи маротаба Германияда Борзиг етиштиришга муваффақ бўлган.

Виктория регия август ойида гуллайди, гулининг эни 30, хатто 40 сантиметрга етиши мумкин. Гули уч кун очилиб туради. Ғунчаси сув остида бўлиб, очилиши олдидан сув бетига чиқади. Ғунчанинг ранги оқ бўлсада, очилгач,  гули биринчи куни пушти ранг, иккинчи куни тўқ қизил, учинчи куни эса оч қизил рангга киради. Гулбарглари тўкилгач, гул барги сув остига тушади ва меваси сув остида етилади. Виктория региянинг ватанида маҳаллий халқ унинг мевасини истеъмол қилишади.

Н.ҚОСИМОВА 

ДУНЁ ЮЗ ЙИЛДАН СЎНГ…

EPCOT Center, 1979

Тасаввур қилинг, уйингиз остонасини ҳатлаб ўтишингиз билан ёқимли овоз “Ассалому-алайкум, қадрдон хонадонингиз, оилангиз багрига хуш келибсиз!” дея сизни олқишлаб, йўлак чироги ёқилади. Ошхонадан эса олдиндан дастурланган қозонда овқат пишганлигидан далолат берувчи ёқимли ҳид кайфиятингизни кўтаради. Роботлаштирилган столда аллақачон дастурхон ёзилган бўлиб, уй компьютери яна ўша хуш овозда оила аъзоларини кечки овқатга чорлайди. Сув билан уқалаш ва барча касалликларингизга ташхис қўя оладиган, даволовчи муолажаларини бажарувчи ювиниш хонасидан чиққач, сиз ўзингизни қушдай енгил ҳис қиласиз ва виртуал оламдаги денгиз бўйида дам олишга ёхуд Амазонка бўйи ўрмонларидаги энг йирик капалаклар паркига сайр қилиш учун суюқ кристаллардан иборат курсига ўтирасиз. Шу заҳоти у сиз истаган ҳолатга киради ва танангизга ором бахш этувчи енгил тебранишга ўтади…

Йўқ бу хаёл ҳам туш ҳам эмас, балки 100 йилдан сўнг сизнинг “ақлли уйингиз”нинг кўриниши, холос. Дарвоқе, дунё 2100 йилда қай кўринишда бўлади? Албатта, бу савол кўпчиликни қизиқтириши табиий. Зеро, биздан анча илгари яшаб ўтган ота-боболаримиз бугунги кунни ўз тасаввурларига сиғдира олмагандек, аксарият одамлар ҳам келажакни турлича тасаввур қиладилар. Биз айрим юртдошларимиздан шу вақт фикрларини сўрадик.

 Дармон Ибрагимов, Сирдарё вилоят телерадиокомпаниясининг директори:

— Ўзбекистон  дунёнинг энг ривожланган, яъни биринчи рақамли давлатларидан бирига айланган бўлади. Иқтисодиётимиз ривожи билан биргаликда миллий қадриятларнинг сақланиб қолиниши унинг жаҳондаги бошқа давлатлардан маънавий устунлигини таъминлайди.

Ёқуб бобо Хакимов, Жиззах вилояти Жиззах туманида истиқомат қилувчи уруш ва меҳнат фахрийси. 93 ёш.

-Аввало Ўзбекистон келажагига назар ташлайдиган бўлсак, унинг ривожи беқиёс бўлиши, барча инсон онги  билан яратилган технологиялар нафақат юртимизга тадбиқ этилиши, балки уларни яратиш бўйича Ватанимиз  биринчилар қаторига қўшилишига ишонаман. Мустақиликка эришгач, Ўзбекистонимиз 20 йил ичида 70 йиллик йўлни тинчлик билан босиб ўта олдими, 100 йилдан сўнг унинг янада қанотини кенг ёзишига ишончим комил.

 Дилафрўз Азаматова, Тошкент шаҳридаги Мирзо Улугбек туманидаги 207- мактабнинг кимё ва биология фани ўқитувчиси:

-100 йилдан сўнг шубҳасиз, дунё қиёфаси тубдан ўзгаради. Менимча одамлар ўртасида меҳр-оқибат кейинги ўринларни эгаллаши мумкин. Кўпчилик фақат ўзини ўйлайдиган бўлади. Бизнинг юртимизда эса, бу ҳолат дунёнинг бошқа юртларига нисбатан анча ижобий ҳолда сақланиб қолади.

Хомосапиенс, яъни ақлли инсон пайдо бўлибдики у ўзини эртанги кунини  билишга ҳаракат қилади. Бундан албатта турли хил фолбин ва башоратчилар самарали фойдаланишади. Аммо ўзини илм-фанга багишлаган олимларнинг башоратлари нисбатан тўгри чиқади. Масалан, америкалик муҳандис  Жон Уоткинс 1900 йили дунё 2000 йилда қандай кўринишга эга бўлиши ҳақида аёллар учун мўлжалланган «Ladies Home Journal» журналида чоп этилган  “100 йилдан сўнг дунёнинг қиёфаси” мақоласи қуйидагича бошланган эди: “Ушбу башоратлар сизга галати ва ақл бовар қилмас бўлиб туюлиши мумкин, аммо юз йилдан сўнг бу ҳақиқатга айланади”.

Муҳандис 100 йилдан сўнг рақамли фотоаппаратлар пайдо бўлишини, одамлар симсиз телефонлар орқали дунёнинг исталган бурчагидан туриб бир-бирлари билан гаплаша олишларини,  озиқ-овқат маҳсулотларини яримфабрикатлар эгаллашини, фермерлар  қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини катта ойна билан ўралган уйлар –иссиқхоналарда қишин-ёзин етиштиришларини, мева ва сабзавотларнинг улкан навлари пайдо бўлишини, телевизор ихтиро этилишини айтиб ўтган эди. Унинг амалга ошмаган башоратлари эса 100 йилдан сўнг ер юзида барча ҳайвонлар, шу билан биргаликда пашша- чивинлар йўқолиб кетишини, барча одамлар яёв юриб,  автомобиллар катта шаҳарларга кириши тақиқланишини айтган.

Физика бўйича 2012 йилда Нобель мукофотининг соҳиби бўлган  америкалик профессор Мичио Каку 100 йил эмас, яқин 20 йилдан сўнг дунё қиёфасини чизар экан, аввало Интернетга чиқувчи янги контакт линзаларнинг пайдо бўлиши, инсон танаси учун зарур “қисм”ларнинг очиқ савдога чиқиши, жамият аъзолари телепатия сирларидан бохабар бўлиб, ҳар бир одам бошқасининг фикрини ўқий олиши ҳақида башорат қилади. 2070 йилга келиб, йўқолиб кетган ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг кўпгина вакилларини уларнинг ДНКсини тиклаш орқали  қайта ерга қайтариш имкониятлари мавжуд бўлишига олимнинг  ишончи комил. Бундан ташқари неандертал инсон ҳаётга қайтарилади. Бунинг жамиятга нима фойдаси борлигидан бехабармизу, аммо олимларга ҳамма нарса қизиқлиги аниқ.. Энг асосийси, ҳар бир одам орзуси, яъни инсон танаси қаришининг олди олинади.

2100 йилга келиб дунёда “материани дастурлаш” технологиялари яратилади, яъни дунёда компьютерлар томонидан шакли ва фаолияти дастурланадиган материялар – биоодамлар пайдо бўлади. 100 йилдан сўнг ҳар бир фуқаро коинотнинг исталган юлдузига сайр қила олади. Одамларнинг сони  тез кўпайиши натижасида 18 минг оламдаги яшаш учун мақбул сайёралар излаб топилиб, инсонлар уларга кўчиб ўта бошлайдилар. Албатта, инсоният саратон, ОИТС каби даҳшатли касалликлар давосини топади. Танага махсус нанокомпьютерлар, яъни “санитарлар” киритилиб, улар организмни касал ҳужайралардан тозалайдилар.

Инсон танасига биометрик паспортни ўзига жамлаган чиплар киритилади. Қоғозбозлик йўқолиб, давлат функциялари қисқаради. Атом қуввати биринчи ўринга чиқади.

Машҳур башоратчилар ва олимларнинг келажак истиқболини кўришлари замирида нисбатан ҳақиқат мавжуд. Дунё башоратчиларига сайёрамизнинг кўриниши 100 йилдан сўнг ўзгарадими, деган саволга шунингдек И. В. Бестужев-Лада,  Иэн Пирсон, Ферейдун М. Эсфендиари ҳамда «Institute For The Future», «Popular Science»  каби футурологик журналлар қуйидагича жавоб беришган:

2016  йил. Олимлар аутизм касаллигини давосини топадилар. Дунёда чучук сув етишмовчилиги яққол сезилади.

2016 йил. Осиё ва Европани бирлаштирувчи, 17 та мамлакатни кесиб ўтувчи темир йўл қурилади. Сотувга сунъий равишда етиштирилган гўшт чиқади. Дунёдаги сайловларнинг 60 фоизи интернет орқали ўтади.

2018  йил. Ниҳоят дунё мамлакатлари  молиявий –иқтисодий  инқирозни енгиб, енгил нафас олишади.

2020 -30 йиллар. Само сайёҳлиги ривожланади. Инсон миясига микрочипларнинг ўрнатилиши, масофадан туриб фикрни ўқиш имконини беради. Ер шари аҳолисининг сони  8 миллиард нафарга етади. Инсон клони пайдо бўлади. Барча транспорт турлари автопилот – роботлар ёрдамида бошқарилади ва йўл-ҳаракат транспорти ҳодисаларининг олди олинади.

2035 йиллар. Учар автомашиналар оммалашади. Шаҳарлар ҳар бир қаватига дарахт ва гуллар экаилган экологик тоза бинолардан ташкил топади. Барча чиқиндилар тўлиқ қайта ишланади ва ёнилғи фақат улардан олинади.

2040-70 йиллар. Инсоннинг ўртача ёши 150 га етади.

2080-2100 йиллар. Компьютер ўрнига танасига ўрнатилган чиплар асосида инсон барча ахборотни саралаб, фақат кераклигисинигина қабул қилади. Инсонсюқ қувват билан озиқланиб, боқийлик сирини очади

Албатта, буларнинг барчаси тахминий башоратлар холос. Аммо бугунги кунда инсониятнинг келажакка интилиши замирида яширинган ҳақиқатлар ҳам атиги бир асрдан сўнг дунё қиёфасини худди шундай ўзгартириши мумкин.

Хўш, инсон ўз ақли билан иш кўрмай, ҳамма ишини роботлар бажариб, у фақатгина уларни бошқариш билан шуҚулланса, ҳаёт лаззатини фақатгина  ўзининг виртал дунёсига шўнғиб олса, унинг виртуал дўстлари оиласига айланса, ҳаттоки болалари ҳам пробиркада бунёд этилса, бундай келажакнинг нима кераги бор?

Балки 100 йил эмас, атиги 10 йилдан сўнг инсоният  бугунги куннинг тинчлиги, Она-юрт тупроғи, яқинлари меҳрини асраш ва қадрлаш келажакда дунё қиёфасини фақат яхшилик томон ўзгаришига олиб келишини тушуниб етишига ишончимиз комил.

Бу башоратларнинг қанчалик тўғри ёхуд нотўғри эканлигини Яратганнинг ўзига маълум.

Наргис ҚОСИМОВА

КУЛГИ ДАРАХТИ

цветок смеха

     Она табиатимизнинг мўъжизалари жуда ҳам кўп. Инсоният ўзининг аксарият хислатларини табиатдаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан олган бўлса ажаб эмас. Табиат нафақат  инсонларни асрлар давомида яшаши учун зарур озуқа билан таъминлаган, балки унга хушкайфият ҳам баҳш этган.

Яқин Шарқ мамлакатларида бир ўсимлик борки, ўзига хос ажойиб хислати учун уни маҳаллий халқ “кулги дарахти” деб аташади. Дарахт паст бўйли ва кўримсиз, меваси ловиядек келади. Мевасини истеъмол қилган киши қийқириб кула бошлайди. Кулги дарахти кишига чамаси бир соат ҳангома бахш этади. Омади келмаган киши, иши юришмаган савдогар, овдан ўлжасиз қайтган сайёҳ, тиш оғриғига дучор бўлган одам ёки оиласидан ранжиб чиққан киши бу дарахтнинг мевасидан истеъмол қилиб, кўнглини ёзиши ҳам мумкин.

Наргис ҚОСИМОВА