Бухоро вилояти сайёҳлик салоҳияти ривожлантирилади

Бухоро

Ўзбекистон Республикаси Президенти томондан 2017 йил 19 май куни 2017-2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти сайёҳлик салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги 2980-сонли қарор қабул қилинди.

Қарорда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти сайёҳлик салоҳиятини янада ривожлантириш, сайёҳларнинг маданий меросимизнинг ноёб объектлари билан кенг танишишлари учун максимал қулай шароитларни яратиш, минтақада замонавий сайёҳлик инфратузилмасининг жадал ривожланишини таъминлаш, сайёҳлик, меҳмонхона ва транспорт хизматларининг замонавий талабларга мувофиқ ҳолда турларини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш мақсадида қуйидагиларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экилади

такрорий экин

Республиканинг иссиқ иқлим шароитини ҳисобга олиб  ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экинларни экиб етиштириш ўта муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистоннинг суғориладиган тупроқлари шароитида такрорий экинларни экиб ўстириш, ҳар бир гектар ердан қўшимча маҳсулот етиштиришга имконият яратади. Ушбу мақсадда 2017 йилда ғалладан бўшаган 954 343 гектар майдонларга такрорий экин экилиши режалаштирилган бўлиб, майдонларнинг асосий қисмига экспортбоп сабзавот, полиз ва картошка экинларини экиш кўзда тутилган.

 Қадимий қўлёзмаларни сақлаш яхшиланади

кулезма

Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти тарихий-маданий аҳамиятга молик қадимий қўлёзмалар ва замонавий ёзма манбаларни сақлаш ва ўрганиш бўйича Ўзбекистоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасаси сифатида белгиланди. Ўзбекистон Президенти 24 май куни тегишли қарорини имзолади. Шарқ қўлёзмалар фондини сақлаш ва реставрация қилиш, араб ёзувидаги ёзма ёдгорликлар ва эпиграфика намуналарини тадқиқ қилиш, уларнинг аслияти ҳамда ўзбек ва хорижий тилларга таржимасини нашр қилиш институт вазифаларидан этиб белгиланди.

«Нуриллабой» тарихий мажмуа реконструкция қилинади

Хива нуриллибой

Хивадаги «Нуриллабой» тарихий мажмуаси реставрация ва реконструкция қилиш тўғрисида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 19 майда қарор қабул қилди. Ҳужжатга мувофиқ, реконструкция ишлари Хиванинг тарихий-архитектуравий ва туристик салоҳиятини ривожлантириш, жамоатчиликни тарихий ёдгорликлар ҳамда ноёб маданий ва тарихий намуналар билан таништириш, шунингдек миллий маданият ва анъаналарни сақлашга хизмат қилиши лозим. Йил давомида тарихий мажмуада янги бинолар ҳам қурилади. Унинг ҳудудида қабуллар уйи, амфитеатр, галерея, ҳунармандчилик устахоналари ва миллий таомлар ресторани бунёд этилади. «Нуриллабой» тарихий мажмуаси — Хива хонларининг ёзги саройи бўлиб, хорижий мамлакатлар элчиларини қабул қилиш учун қурилган.

Наргис Қосимова тайёрлади

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз