Бир томчи сув олтиндан қиммат(ми?)

i    Тирикликни таъминлаб турувчи шундай мухим омиллар борки, уларсиз ҳаётни бир лаҳза ҳам тасаввур этиб бўлмайди. Улар сув, ҳаво, қуёш нури. Хайриятки, бу неъматлар бепул ва бисёр. Уларни яратиш учун одамият заҳмат ва меҳнат сарфламаган. Бироқ бу дунёда чексиз-чегарасиз нарсанинг ўзи йўқ. Ҳамма нарсанинг меъёри, миқдори мавжуд.

Қадимда араб ва Африка мамлакатларида одамлар тоғдан эриб тушган қор-ёмғир сувларини мешоб орқали олиб келиб гумбазсимон қурилган махсус сардобаларда тўплаб, келаси баҳоргача фойдаланишган. Сувнинг тозалигини асраб туриш учун эса ўзларининг қимматбаҳо тилла буюмлари ва тақинчоқларини ўша сувга солиб қўйганлар. Демак, улар сувнинг баҳосини, қадрини олтиндан баланд тутганлар.

Маълумки, Ер юзидаги умумий сув манбаини юз фоиз деб оладиган бўлсак, шундан 2,5 фоизи ичимлик сувига тўғри келади. Инсон вужудини эса ўртача 85 фоизини сув ташкил этади. Шу рақамларнинг ўзиёқ табиат ва инсондаги сувга бўлган эҳтиёжнинг чексизлигидан далолатдир.

Кексалар ҳамиша «Сувни исроф қилма, болам, сувнинг уволи тутса — ёмон тутади» дейишади. Маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда дунё бўйича ҳар йили 4 миллиондан ортиқ киши тоза сув ичмаслик оқибатида касалликка чалиниб, қурбон бўлаяпти. Умуман сув билан боғлиқ сабаблар туфайли касалланаётганлар сони 1,2 миллиардни ташкил этади.

Бугун мамлакатимизда сувга муносабат қандай? Ундан фойдаланиш маданияти қай даражада? Сувни тежаш, асраш, уни софлигича сақлаш учун нима қилаяпмиз? АҚШдек ривожланган мамлакатда ичимлик суви махсус идишларда сотилади. Одамлар сувни граммлаб, ёки литрлаб сотиб олиб ичадилар. Бошқа жуда кўплаб давлатларда ҳам ахвол шунақа. Биз-чи? Сарфлаётган сувимизнинг ҳисобини ҳеч ўйлаб кўрганмизми? Биргина тиш ювиш жараёнида қанча сув жўмракдан беҳуда оқишини-чи?

Тошкент шаҳрида ҳар киши учун бир кеча-кундузда сарфланган сувнинг микдори ўртача 370 литрни ташкил этади. Демак, пойтахт аҳолисини таъминлаш учун йилига 324 миллион куб метр сув керак. Бу сувнинг қанчаси зарурий эҳтиёжлар учун ишлатиляпти, қанчаси бехуда исроф бўляпти? Дунёда сувга ташна юртлар камми?

Бир нарсага шукр қилиш керак: халқимиз сувнинг ва ернинг тилини тушунган миришкор, мироб халқ. Тасаввур қилинг: бундан минг йиллар илгари бобокалонимиз Аҳмад Фарғоний сув сатҳини ўлчовчи нилометр асбобини кашф этган ва уни Қоҳира яқинидаги Равзо оролида синаб кўрган. Қизиқ, ўша пайтда сув сатҳини ўлчаш зарурати нимадан келиб чиққан бўлиши мумкин? Бундан мақсад-сувнинг миқдорини сатҳига қараб ўлчаш ва уни суғориладиган майдонларга текис тақсимлаш бўлганлиги табиий, албатта.

Машҳур океанолог Жак Ив Кусто “Ер – ҳаммамизнинг умумий уйимиз, сув эса танамизнинг қони”, деган эди. Биламизки, томирдаги қон бузилса, организм касалликка чалиниб, оғир аҳволга тушади. Шундай экан, сувга ҳам жон каби эътибор қаратиб, ҳар томчисини муқаддас билиш ва буни фарзанд­ларимизга ҳам ўргатиш барчамизнинг бурчимиздир.

Сарвиноз ХОШИМОВА

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз