Ҳазрати Башир зиёратгоҳи

Хазрати Бешир зиёратгохиЎзбек ҳалқи  маънавий қадриятларининг таянч устунларидан бири бўлган муқаддас қадамжо ва ва зиёратгоҳлар азиз-авлиёлар, буюк инсонлар ҳаётидан ибрат олишга, одамларни  яхшилик қилишга, инсофли-диёнатли, меҳрли, сабрли ва саҳоватли бўлишга ундаб, асрлар мобанийда ўзига хос маънавий тарбия вазифасини бажариб келган.  Биргина  Қашқадарё вилоятида бугунги кунда жами 1022 та моддий -маданий мерос объекти бўлиб, улардан археологик объектлари 775 та, меъморчилик объектлари 173 та ва ҳайкалтарошлик объектлари 54 та, зиёратгоҳлар 20 тани ташкил этади.   Ана шундай зиёратгоҳлардан бири Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида хушманзара тоғ бағридаги Ҳазрати Башир қишлоғида жойлашган. Зиёратгоҳ қишлоқнинг ўртасида Ниёзтепа номи билан аталган тепаликда қад ростлаган. Ниёзтепадан қайнаб чиқаётган булоқ  дунёнинг турли чеккаларидан ташриф буюрадиган минглаб зиёратчиларга куч бағишлаб, бу ерда ўсган улкан чинорлар, ёнғоқ, бодом дарахтлари кишининг баҳри-дилини очади.

Хазрати БеширҲазрати Башир шахси хусусидаги маълумотлар унчалик кўп бўлмасада, унинг кароматлари,  зиёратгоҳ ҳудудидан чиқаётган булоқ сувининг шифобахшлиги тилларда достон. Аҳмаджон Чориевнинг “Ҳазрати Султон тарихи ва Ҳазрати Башир миноқиби” китобида (Т., “Шарқ” нашриёти, 1996 й.) келтирилишича,  Соҳибқирон Амир Темурнинг Сайид Барака ва Сайид Неъматуллоҳ исмли ака-ука маслаҳатчилари бўлиб, саройдаги тинимсиз иғво ва фитналардан безган шайхлар уни тарк этишади. Аммо Соҳибқирон уларнинг орқага қайтишини  буюради. Сайид Барака буйруққа итоат этиб ортга қайтади, унинг укаси Неъматуллоҳ эса тоғдан ошиб, Китоб томон йўл олади ва тоғ этагидаги Қоплотун қишлоғига киради. Бу ерда пиёз ўтоқ қилаётган деҳқон Ҳожи Хасан Отага дуч келиб, каромат қилган ҳолда пайкалларни бир зумда бегона ўтлардан тозалайди. Ҳожи Хасан Ота эса: “Эй тақсир, нотўғри қилдингиз, меҳнат билан тозалансаа ширин бўлур эди” , дейди.  Сайид Неъматуллоҳ Ҳожи Хасан Отаникида маълум муддат меҳмон бўлади ва мезбоннинг фарзанди йўқлигидан куйинишини кўриб, унинг аёли Биби Малокотни дуо қилади. Ҳазрати Башир Отанинг ибратли ҳаёт йўли битилган форс тилидаги “Мири ҳақиқат” қўлёзмасида (Китоб туманидаги мачитнинг имом-хатиби мулла Сайфуддин Қамариддин ўғли томонидан ўзбек тилига ўгирилган) қайд этилишича, орадан 9 ой ўтгач, таҳминан 1379 йилда оилада ўғил фарзанд тўғилади ва унга Султон Сайид Аҳмад дея исм қўядилар. Ота-онаси қари бўлганлиги сабабли чақалоқ кўкрак сутидан маҳрум эди. Шу сабабли, уни кичиклигиданоқ Бешир, яъни сутсиз деб атайдилар ва у булоқ сувини ичиб катта бўлади, табиат унинг иккинчи онаси бўлиб, Ҳазрати башир бир умр табиат қўйнида истиқомат қилади.

Ҳазрати Башир 4-5 ёшларигача ота-онаси билан яшагач, сўнг мустақил равишда  Ғори Ҳакимда умргузаронлик қилади. Қулёзмада келтирилишича, “Шайхи Бузрукворнинг (Ҳазрати Башир) ёшлигиданоқ одамлар девона деб айтардилар. Аммо у жуда ҳам ақли расо, парҳезкор, мутаккий эдилар. Аллоҳнинг ибодатига ниҳоятда мустаҳкам бўлиб, инсонларнинг ҳақидан парҳез қилганлар. Агарчи бир дон бўлса, шуни ҳам етим-есирларга берганлар”. 25 ёшларида Ҳазрати Башир қишлоқдан 10 чақирим юқорида, Қизилқояга кўчиб ўтади. 35 ёшида унинг илми, кароматининг довруғи Самарқандга етиб боради. У Хожа Аҳмад Яссавийни ғойибдан ўзининг пири деб ҳисоблагани боис, унинг дунёқарашида тасаввуф ғоялари кучлидир. Юртининг турли гўшаларига сафар қилар экан Ҳазрати Башир маълум муддат Андижонда истиқомат қилади, у ердан қайтгач, Мирзо Улуғбек билан ёзишмада бўлади, улар турли илмлар борасида фикр алмашишади. Қайд қилинишича, Мирзо Улуғбек Самарқанд хирожининг бир қисмини Ҳазрати баширга бериб турган, у бўлса ушбу  маблағни ҳозирги Панжикенда катта масжид қуриш учун сарфлаган. Ҳазрати Башир ота қарий бошлагач Сандиқтош деган жойга кўчиб келади ва ривоят қилишларича, яшаб турган жойидан қўлидаги арчадан қилинган ҳассани отади. У Ниёзтепага қадалиб қолади. Вақт ўтиши билан ҳасса кўкаради ва у ҳозир ҳам Ҳазрати Башир Ота мақбараси ёнида яшнаб турибди.

Тахминан саксон ёшларида унинг олдига Самарқанддан  Али Қушчи келиб, бу ерда 7 йилча яшайди Аммо Улуғбек сафдошларининг уламолар томонидан қувғинга олиниши натижасида Ҳазрати Башир Отанинг маслаҳатига биноан у Она- юртини тарк этади. Ҳазрати Башир Ота умри давомида одамларни меҳрли, оқибатли, диёнатли  бўлишга, ҳалол ризқ топишга, ўз қўл кучи билан яратилган маҳсулотни истеъмол қилишга чақирган ва ўзи ҳам бунга ўрнак бўлиб келган. У ўз шогирдлари ва муридлари ёрдамида одамларни тўғри йўлга бошлаган. “Мири ҳақиқат”да ёзилишича, “Ҳазрати Шайх пуранвор бекорликни ёмон кўрарди. Дарвешлар бирлан даштга чиқиб, ҳар йили беш мин ман ун, минг ман ҳалво тайёрлар ва беҳ узар, уларни бозорларга юбориб, соттирар эрди. Пулининг бир қисмини рўзғорга харж қилур, қолганини бева-бечораларга тақсимлаб берурди”

Ҳазрати Башир Ота 96 ёшида оламдан ўтган. Унинг қабри арча кўкарган тепаликка қўйилиб, Қашқадарё вилоятининг энг машҳур муқаддас қадамжоларидан бирига айланди.

Наргис ҚОСИМОВА,

 

 

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз