All posts by Nargis Qosimova

ҚОР ҚОПЛОНИ ХАВФ ОСТИДА

B1666157Табиатда учрайдиган ноёб ҳайвон турларидан бири қор қоплони (Илвирс) бугунги кунга келиб ер юзида йўқолиб кетиш хавфи остида бўлганлиги учун ҳам Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро иттифоқи ва Ўзбекистон Республикаси Қизил китобларига киритилган. Жаҳонда у сақланиб қолган Хитой, Хиндистон, Покистон, Непал, Афғонистон, Манголия, Бутан, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон мамлакатларининг ташаббуси билан қор қоплонларини  ҳимоя қилиш халқаро нодавлат фонди ташкил қилинган. Ушбу фонд тамонидан 2012 йил декабр ойида Қирғизистон Республикасининг пойтахти Бишкек шаҳрида ташкил қилинган «Жаҳонда қор қоплонларини сақлаб қолиш стратегияси ва келгусида ўтказилиши лозим бўлган тадбирлар» хусусидаги халқаро анжуманда Ўзбекистон делегацияси таркибида иштирок этган қоплоншунос олим, қор қоплони бўйича халқаро эксперт, Хисор давлат қўриқхонаси директорининг ўринбосари Б.Оромовнинг сўзларига кўра, бугунги кунда ер юзида сақланиб қолган қор қоплонларининг сони 4500-7000 бош атрофида эканлиги олимлар томонидан таҳмин қилинмоқда.

Ўзбекистон худудида қор қоплони Жиззах вилоятидаги Зомин, Тошкент вилоятидаги Чотқол  ва Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Қамаши ва Шахрисабз туманлари худудида жойлашган Хисор давлат қўриқхоналари-да учрайди.  Хисор давлат қўриқхонаси ташкил килинган даврларда, яъни 1983-1985 йилларда қўриқхона илмий ходимлари тамонидан олиб борилган изланишлар натижасида ушбу худудда 4-6 бош Қор қоплони яшаши аниқланган. Бугунги кунга келиб Хисор давлат қўриқхонаси худудида қор қоплонларининг сони таҳминан 20-25 бош атрофида. Қор қоплони мушуксимонлар оиласига мансуб бўлиб, у Хисор давлат қўриқхонасининг денгиз сатҳидан 2500 – 4400 метргача баландликдаги тоғ қояларида яшайди. Унинг ранги жуда оч, деярли оқ тутунсимон тусли, катта қисмида йирик халқасимон ва қўшилиб кетган майда қора доғлари бор. Узун ва қалин юнги, узун думи, калта бармоқли кенг оёқлари ва кучли ривожланган кўкрак мушаклари баланд тоғ чўққиларида чаққон югуриб ов қилиш ва қишнинг  қаҳрли совуқларига дош беришга асқотади. Танасининг узунлиги 110-125 см, думининг узунлиги 90-105 см.гача бўлиб, урғочиларининг оғирлиги 35-40, эркаклариники эса  50 килограммгача етади. Жаҳон қоплоншунос олимларининг таъкидлашларича, қор қоплонлари табиатда 20 йилгача умр куришади. Улар хар икки йилда бир маротаба битта, гоҳида иккита болалайдилар. Хисор қўриқхонаси ҳудудида қор қоплонларининг асосий озуқа манбаи Сибирь тоғ эчкилари (маҳаллий халқ тилида кийиклар), қизил суғур, ёввоий тўнғизлар, хилол ва какликлардир. Улар аҳён-аҳёнда яйловда юрган уй ҳайвонларига ҳам хужум қилиб туради. Қишда қоплонлар баланд  чўққиларидан қочиб, тоғ эчкиларининг ортидан арча ўрмонзорлари ҳудудига, яъни денгиз сатҳидан 2300-2500 метр баландликларгача тушиб келиб яшайдилар.

Ўтган йилнинг ноябр ва декабр ойларида «Ёввоий табиатни асраш халқаро фонди» (WWF) ва  «Халқаро Пантера жамғармаси»  вакиллари билан Хисор давлат қўриқхонаси ходимлари ҳамкорлигида қўриқхона худудида мавжуд қор қоплонларини сонини аниқлаш мақсадида Қизилсув бўлимининг Қизилдарё  дарё ўзани бўйлаб ҳар қандай шарпани сезиб, автоматик тарзда   ишловчи 40 дона «Пантера» русумидаги фотоқопқонлар ўрнатилди. Йигирма кундан сўнг йиғиштириб олинган фотоқопқонлар олган суратлар ўрганилганда натижа кутилганидан хам аъло бўлиб чиқди. Ушбу тадбир натижасида Қизил китобга киритилган Тянь Шянь қўнғир айиғини 4, Туркистон силовсинини 6, Марказий Осиё қундузини 2, қор қоплонининг асосий озуқаси бўлмиш ёввоий тўнғизни 17 ва Сибирь тоғ эчкиларининг 100 дан   ортиқ суратларини олиш билан бирга Ўзбекистон тарихида илк бор 2 дона қор қоплонининг ҳам суратини олишга муваффақ бўлинди. Ушбу муваффақият жаҳон қоплоншунос олимлари тамонидан кенг эътироф этилди ва бу хақида «Ёввоий табиатни асраш халқаро фонди (WWF) интернет сайтларида мақолалар берилди.

Мамлакатимиз мустақилликга эришганидан сўнг ўтган давр мобайнида табиатда йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб флора ва фауна турларини сақлаб қолиш давлатимиз сиёсатининг энг долзарб соҳаларидан бирига айланди ва борада жуда кўплаб ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, соҳага оид қонунлар, қарорлар қабул қилинмоқда ва яна Ўзбекистон биохилма-хиллигини сақлаб қолиш стратегияси ишлаб чиқилди.

Хулоса қилиб шуни таъкидлаш лозимки, фаунамизнинг ҳимояга муҳтож, ноёб вакилларидан бири қор қоплонини сақлаб қолиш ва келгуси авлодларга етказиш ҳар биримизнинг она-табиат олдидаги бурчимиздир.

Сарвар ОЧИЛОВ

 

 

 

Ҳазрати Башир зиёратгоҳи

Хазрати Бешир зиёратгохиЎзбек ҳалқи  маънавий қадриятларининг таянч устунларидан бири бўлган муқаддас қадамжо ва ва зиёратгоҳлар азиз-авлиёлар, буюк инсонлар ҳаётидан ибрат олишга, одамларни  яхшилик қилишга, инсофли-диёнатли, меҳрли, сабрли ва саҳоватли бўлишга ундаб, асрлар мобанийда ўзига хос маънавий тарбия вазифасини бажариб келган.  Биргина  Қашқадарё вилоятида бугунги кунда жами 1022 та моддий -маданий мерос объекти бўлиб, улардан археологик объектлари 775 та, меъморчилик объектлари 173 та ва ҳайкалтарошлик объектлари 54 та, зиёратгоҳлар 20 тани ташкил этади.   Ана шундай зиёратгоҳлардан бири Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида хушманзара тоғ бағридаги Ҳазрати Башир қишлоғида жойлашган. Зиёратгоҳ қишлоқнинг ўртасида Ниёзтепа номи билан аталган тепаликда қад ростлаган. Ниёзтепадан қайнаб чиқаётган булоқ  дунёнинг турли чеккаларидан ташриф буюрадиган минглаб зиёратчиларга куч бағишлаб, бу ерда ўсган улкан чинорлар, ёнғоқ, бодом дарахтлари кишининг баҳри-дилини очади.

Хазрати БеширҲазрати Башир шахси хусусидаги маълумотлар унчалик кўп бўлмасада, унинг кароматлари,  зиёратгоҳ ҳудудидан чиқаётган булоқ сувининг шифобахшлиги тилларда достон. Аҳмаджон Чориевнинг “Ҳазрати Султон тарихи ва Ҳазрати Башир миноқиби” китобида (Т., “Шарқ” нашриёти, 1996 й.) келтирилишича,  Соҳибқирон Амир Темурнинг Сайид Барака ва Сайид Неъматуллоҳ исмли ака-ука маслаҳатчилари бўлиб, саройдаги тинимсиз иғво ва фитналардан безган шайхлар уни тарк этишади. Аммо Соҳибқирон уларнинг орқага қайтишини  буюради. Сайид Барака буйруққа итоат этиб ортга қайтади, унинг укаси Неъматуллоҳ эса тоғдан ошиб, Китоб томон йўл олади ва тоғ этагидаги Қоплотун қишлоғига киради. Бу ерда пиёз ўтоқ қилаётган деҳқон Ҳожи Хасан Отага дуч келиб, каромат қилган ҳолда пайкалларни бир зумда бегона ўтлардан тозалайди. Ҳожи Хасан Ота эса: “Эй тақсир, нотўғри қилдингиз, меҳнат билан тозалансаа ширин бўлур эди” , дейди.  Сайид Неъматуллоҳ Ҳожи Хасан Отаникида маълум муддат меҳмон бўлади ва мезбоннинг фарзанди йўқлигидан куйинишини кўриб, унинг аёли Биби Малокотни дуо қилади. Ҳазрати Башир Отанинг ибратли ҳаёт йўли битилган форс тилидаги “Мири ҳақиқат” қўлёзмасида (Китоб туманидаги мачитнинг имом-хатиби мулла Сайфуддин Қамариддин ўғли томонидан ўзбек тилига ўгирилган) қайд этилишича, орадан 9 ой ўтгач, таҳминан 1379 йилда оилада ўғил фарзанд тўғилади ва унга Султон Сайид Аҳмад дея исм қўядилар. Ота-онаси қари бўлганлиги сабабли чақалоқ кўкрак сутидан маҳрум эди. Шу сабабли, уни кичиклигиданоқ Бешир, яъни сутсиз деб атайдилар ва у булоқ сувини ичиб катта бўлади, табиат унинг иккинчи онаси бўлиб, Ҳазрати башир бир умр табиат қўйнида истиқомат қилади.

Ҳазрати Башир 4-5 ёшларигача ота-онаси билан яшагач, сўнг мустақил равишда  Ғори Ҳакимда умргузаронлик қилади. Қулёзмада келтирилишича, “Шайхи Бузрукворнинг (Ҳазрати Башир) ёшлигиданоқ одамлар девона деб айтардилар. Аммо у жуда ҳам ақли расо, парҳезкор, мутаккий эдилар. Аллоҳнинг ибодатига ниҳоятда мустаҳкам бўлиб, инсонларнинг ҳақидан парҳез қилганлар. Агарчи бир дон бўлса, шуни ҳам етим-есирларга берганлар”. 25 ёшларида Ҳазрати Башир қишлоқдан 10 чақирим юқорида, Қизилқояга кўчиб ўтади. 35 ёшида унинг илми, кароматининг довруғи Самарқандга етиб боради. У Хожа Аҳмад Яссавийни ғойибдан ўзининг пири деб ҳисоблагани боис, унинг дунёқарашида тасаввуф ғоялари кучлидир. Юртининг турли гўшаларига сафар қилар экан Ҳазрати Башир маълум муддат Андижонда истиқомат қилади, у ердан қайтгач, Мирзо Улуғбек билан ёзишмада бўлади, улар турли илмлар борасида фикр алмашишади. Қайд қилинишича, Мирзо Улуғбек Самарқанд хирожининг бир қисмини Ҳазрати баширга бериб турган, у бўлса ушбу  маблағни ҳозирги Панжикенда катта масжид қуриш учун сарфлаган. Ҳазрати Башир ота қарий бошлагач Сандиқтош деган жойга кўчиб келади ва ривоят қилишларича, яшаб турган жойидан қўлидаги арчадан қилинган ҳассани отади. У Ниёзтепага қадалиб қолади. Вақт ўтиши билан ҳасса кўкаради ва у ҳозир ҳам Ҳазрати Башир Ота мақбараси ёнида яшнаб турибди.

Тахминан саксон ёшларида унинг олдига Самарқанддан  Али Қушчи келиб, бу ерда 7 йилча яшайди Аммо Улуғбек сафдошларининг уламолар томонидан қувғинга олиниши натижасида Ҳазрати Башир Отанинг маслаҳатига биноан у Она- юртини тарк этади. Ҳазрати Башир Ота умри давомида одамларни меҳрли, оқибатли, диёнатли  бўлишга, ҳалол ризқ топишга, ўз қўл кучи билан яратилган маҳсулотни истеъмол қилишга чақирган ва ўзи ҳам бунга ўрнак бўлиб келган. У ўз шогирдлари ва муридлари ёрдамида одамларни тўғри йўлга бошлаган. “Мири ҳақиқат”да ёзилишича, “Ҳазрати Шайх пуранвор бекорликни ёмон кўрарди. Дарвешлар бирлан даштга чиқиб, ҳар йили беш мин ман ун, минг ман ҳалво тайёрлар ва беҳ узар, уларни бозорларга юбориб, соттирар эрди. Пулининг бир қисмини рўзғорга харж қилур, қолганини бева-бечораларга тақсимлаб берурди”

Ҳазрати Башир Ота 96 ёшида оламдан ўтган. Унинг қабри арча кўкарган тепаликка қўйилиб, Қашқадарё вилоятининг энг машҳур муқаддас қадамжоларидан бирига айланди.

Наргис ҚОСИМОВА,

 

 

ЭМАН ИПАК ҚУРТИ ВА “ЁРУҒ КУНЛАР” БОҒЛАРИ

Ўзбекистон ва Жанубий Корея – самарали ҳамкорлик

8692081454e150f44c1e6b_0

           Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг юртимизга  давлат ташрифи  Ўзбекистон — Жанубий Корея ҳамкорлиги тарихидаги муҳим сиёсий воқеа, томонларнинг олий даражадаги анъанавий мулоқотларни давом эттиришга, дўстлик ва стратегик ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга қатъий интилиши ифодаси бўлди, десак муболаға бўлмайди.  Ўзбекистон билан Тонг бокиралиги ўлкаси ўртасида катта масофа бўлса-да, халқларимизни яқин қадимий дўстлик ришталари боғлаб туради. Эл-юртга садоқат, аждодлар мероси ва қадриятларини эъзозлаш, меҳр-оқибат, бағрикенглик, очиқкўнгиллик, саховат, каттага ҳурмат, кичикка иззат,  меҳнатсеварлик каби фазилатлар ўзбек ва корейс халқлари учун бирдек хосдир. Бугунги кунда изчил мулоқотлар ва муштарак интилишлар туфайли давлатларимиз ўртасида очиқлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч, яқин стратегик ҳамкорликка асосланган муносабатлар қарор топган ва бу алоқалар кундан-кунга янги-янги мазмун билан бойиб бормоқда.  Корея Республикаси Ўзбекистон Республикаси учун иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш бўйича миллий дастурларни амалга оширишда ҳамда жаҳон ҳамжамиятига босқичма-босқич интеграциялашишда мамлакатимизни кенг қўллаб-қувватлаган, вақт синовидан ўтган ва ҳар жиҳатдан ишончли стратегик шерикдир.

Жанубий Корея  Жанубий-Шарқий  Осиёда жойлашган давлат. Майдони: 99 392 кв. км., аҳолиси: 49 000 000 дан ортиқ. Пойтахти: Сеул шаҳри. Маъмурий тузилиши: 1 та алоҳида мақомдаги шаҳар (тыкпёлси), 6 та вилоят мақомидаги шаҳар (кванъёкси),

9 та вилоят (до)га бўлинади. Йирик шаҳарлари: Сеул, Пусан, Кван-жу, Инчхон, Тэчжон, Улсан. Пул бирлиги: вон.

Корея сўзи ҳудуддаги қадимий Корё сулоласи (918–1392) номидан келиб чиққан. Корё номи эса ундан ҳам олдинги Когурё давлатига бориб тақалади. Корея  Республикаси Корея ярим оролининг жанубий қисмида жойлашган, шу сабабли уни норасмий тилда Жанубий Корея деб аташади. Корея қирғоқларини ғарбда Сариқ денгиз, шарқда Япон денгизи, жанубда эса Корея бўғози ва Шимолий Хитой денгизи ювиб туради. Шимолда Корея Халқ Демократик Республикаси билан чегарадош. Мамлакат ҳудуди асосан тоғликлардан иборат, текислик ўттиз фоизни ташкил этади.

15 август – Корея озодлиги куни (1945); 3 октябрь – Давлатга асос солинган кун. Ўзбекистон билан 1992 йил 29 январдан бошлаб турли соҳаларда ҳамкорлик қилиб келади.

— Буюк Ипак йўли маркази сифатида азалдан ривожланган Ўзбекистон бугунги кунда жадал иқтисодий тараққиёти, қулай сармоявий муҳити билан дунё мамлакатларини ўзига жалб этмоқда. Ўзбекистон Жанубий Кореянинг Марказий Осиёдаги энг йирик ҳамкоридир. Бу ерда илк бор меҳмон бўлиб турган эсам-да, дўстона муносабат, очиқлик ва самимийлик туфайли ўзимни узоқ йиллик дўстларим ҳузурига келгандек ҳис этмоқдаман. Бундай қулай муҳит ва яхши кайфият давлатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик алоқаларининг белгиси ва унинг мунтазам ривожланиб боришининг далолатидир, — деди Пак Кин Хэ.

Музокарада сиёсий мулоқотларни изчил давом эттириш, эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этишни мониторинг қилиб бориш, ахборот технологиялари, қуёш энергетикаси, қишлоқ хўжалиги, таълим каби соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди. Томонлар бундан буён ҳам халқаро ташкилотлар ва минтақавий тузилмалар, жумладан, “Корея Республикаси — Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, терроризм, диний экстремизм, уюшган трансмиллий жиноятчилик ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишда изчил ҳамкорлик қилади.  Президентлар мулоқоти икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом этди. Томонлар савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга оид масалаларни муҳокама қилдилар.

Савдо-сотиқ соҳасида мамлакатларимиз ўртасида 1992 йилдан буён энг кўп қулайлик яратиш тартиби амал қилади. 2013 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,1 миллиард доллардан ошди. Жорий йилнинг январь — апрель ойларида бу борадаги кўрсаткич 669,3 миллион долларга етди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўмита мунтазам мажлислар ўтказиб келмоқда. Ўтган ойда унинг навбатдаги мажлисига Тошкент мезбонлик қилди. Шунингдек, молия вазирларининг, Энергетика ва табиий ресурслар бўйича идоралараро қўмитанинг йиғилишлари ўтказилмоқда. 2012 йилдан Ахборотлаштириш бўйича кенгаш фаолият олиб бормоқда.

“Корея Республикаси — Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми доирасида савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт, маданий-гуманитар соҳаларда минтақавий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинмоқда.

Корея Республикасининг мамлакатимиз иқтисодиётига киритган сармояси ҳажми 5 миллиард доллардан ошади. Ўзбекистонда жанубий кореялик сармоядорлар билан ҳамкорликда ташкил этилган 412 корхона, ушбу мамлакатдаги 81 компаниянинг ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея муваффақиятли иқтисодий ҳамкорлик борасида катта тажриба тўплаган. Сурғил кони негизида барпо этилаётган Устюрт газ-кимё мажмуаси кўлами жиҳатидан ғоят йирик лойиҳа сифатида халқаро миқёсда эътироф этилди. Корея газ корпорацияси, “Лотте групп” ва “Эс-Ти-Икс Энержи” компаниялари консорциуми иштирокида қурилаётган бу мажмуа келгусида 4,5 миллиард куб метр газни қайта ишлаш ва бунинг натижасида 3,7 миллиард куб метр газ, 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен, 102 минг тонна пиролиз бензини ва бошқа қимматбаҳо маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беради. Жанубий Корея компаниялари мамлакатимизнинг турли минтақаларида истиқболли углеводород конларини аниқлаш, геология-разведка ишларини амалга ошириш, ўзлаштириш борасида фаолият кўрсатмоқда.

Тоғ-кон саноати соҳасида “Шиндонг Рисорсез” компанияси билан вольфрам кони ўзлаштирилаётганини, “Неоплант” компанияси билан ҳамкорликда техник кремний ишлаб чиқарувчи завод ишга туширилганини таъкидлаш жоиз.

Автомобилсозлик — жанубий кореялик шериклар билан биргаликда Ўзбекистонда ўзлаштирилган юқори технологияли энг машҳур ишлаб чиқариш соҳаси. Айни пайтда Андижон ва Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида автомобилсозлик корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистонда саноатнинг бу соҳасига Жанубий Кореянинг 20 компанияси жалб қилинган, 18 қўшма корхона тузилган.

Тўқимачилик ҳам ҳамкорликнинг устувор соҳаларидан биридир. Бу йўналишда Ўзбекистонда кореялик шериклар билан биргаликда умумий қиймати 212 миллион долларга тенг 10 қўшма лойиҳа амалга оширилди. Хусусан, “ДЭУ Интернэшнл” компанияси билан Фарғона ва Бухоро вилоятларида, “Шиндонг Энерком” ва “Текстайл Текноложиз” компаниялари билан Сурхондарё вилоятида тўқимачилик корхоналари ишга туширилди. Айни пайтда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти негизида Тўқимачилик технологияларининг инновацион марказини очиш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Корея Республикаси билан ҳамкорликда юртимизда “электрон ҳукумат” тизими жорий этилмоқда.  Тошкент ахборот технологиялари университетида Ахборот технологиялари маркази ва Ахборот олиш маркази очилган. Жорий йил март ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан пойтахтимизда Жанубий Кореядаги етакчи олий ўқув юртларидан бири — Инха университетининг филиали ташкил этилди.

“Кореан Эйр” компанияси билан ҳамкорликда “Навоий” интермодал логистика маркази фаол ривожлантирилмоқда. Бугунги кунда марказ бир кеча-кундузда 1000 тоннагача юкни қайта ишлаш, юк терминалида 300 тонна юкни қайта ишлаш ва сақлаш, йигирмата самолётга хизмат кўрсатиш қувватига эга. Айни пайтда ушбу авиахабдан Сеул, Милан, Брюссель, Вена, Париж, Деҳли, Мумбай, Истанбул, Ханой каби шаҳарларга ҳафтада 29 парвоз амалга оширилмоқда.

Жанубий Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОИКА) ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси билан биргаликда молиявий-техник ҳамкорлик ривожлантирилмоқда. Беғараз асосда асбоб-ускуна тақдим этиш, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, кореялик мутахассисларни Ўзбекистонга йўналтириш КОИКА билан ҳамкорликнинг асосий йўналишларидир. Бу борада соғлиқни сақлаш, таълим, ахборот технологиялари, коммунал хўжалик, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика каби соҳаларда умумий қиймати 54,5 миллион доллардан зиёд 21 лойиҳа амалга оширилди. Яна тўрт лойиҳанинг ижроси давом этмоқда. Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси билан ҳамкорликда қиймати 114,1 миллион долларга тенг тўрт сармоявий лойиҳа амалга оширилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон — Жанубий Корея муносабатлари давлатлараро ва ҳукуматлараро даражада, иқтисодий ва тижорий тузилмалар, фирма ва компаниялар ҳамкорлиги нуқтаи назаридан, жумладан, гуманитар соҳада ҳам том маънода етуклик, ҳар томонлама пухталик касб этиб, ўзаро манфаатдорлик асосида ривожланмоқда ва мамлакатларимиз халқлари манфаатларига хизмат қилмоқда.

Музокаралар якунида Президент Ислом Каримов ва Президент Пак Кин Хэ Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида Стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар. Шунингдек, 2014 — 2017 йилларга мўлжалланган Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси кредитлари тўғрисидаги ҳукуматлараро келишув, Икки томонлама инвестициявий ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ва Корея Республикаси Экспорт-импорт банки ўртасида молиявий битим ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.

                                              Қишлоқ хўжалиги тарихи

1347263696_yuzhnaya-koreya

          Кoрeя иқлими — мўтaдил, бир-биридaн кeскин фaрқ қилaдигaн тўрт фaслгa эга. Бaҳoр қисқa бўлишигa қaрaмaсдaн жудa ҳaм ёқимли вa қуёшли бўлaди. Ёздa эсa иссиқ вa нaмлик юқoри бўлиб, июль oйлaридa ёмғиргa бойдир. Куз фaсли ёрқин тиллa вa қизил рaнглaр билaн бўялиб,  aжoйиб рaнг-бaрaнг пaнoрaмaни ярaтaди. Қиш сoвуқ вa қуруқ кeлиб вaқти-вaқти билaн қoр ёғaди. Жaнуби-ғaрбдaги Жeжу-дo oрoли юмшoқ субтрoпик иқлимгa эга. Кoрeя тумaнлaри ўртaсидaги ҳaрoрaт фaрқи жудa кaттa, ўртaчa ҳисoбдa 6 °C дaн 16 °C гaчaлир. Йилнинг энг иссиқ ойи бўлгaн aвгустдa эсa ҳaрoрaт 19 °C вa 35 °C oрaсидa бўлиб,, энг сoвуқ oйи янвaрдa ҳaрoрaт минус 8 °C гaчa тушиб кeтaди. Бaҳoр фaслининг бoшлaридa шaмoл Xитoйнинг шимoлий қисмидaги чўллaридaн сaриқ қум вa тупрoқлaрни учириб кeлaди. Aммo aпрeль oйи ўртaлaридa ҳaқиқий бaҳoр нaфaсини ҳис қилиш мумкин. Тoғлaр вa мaйсaзoрлaр aжoйиб гуллaргa бурканади. Шу вaқтдa дeҳқoнлaр дaлaлaрни шоли экишгa тaйёрлaйди.

Кoрeйслaрнинг йил фaсллaри oрaсидa сeвимлиси бўлгaни куз oдaмни тeтиклaштирaдигaн ҳaвo вa мусaффo oсмoнгa эга. Куз — ҳoсиллaрни йиғиштириш вaқти ҳaмдa турли бaйрaм вa тaриxий aнъaнaлaргa бoй фaсл. Жанубий Кореянинг  қишлоқ хўжалигига назар ташлайдиган бўлсак, унинг иқлими қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун жуда ҳам қулай бўлиб, жанубида йилига икки маротаба ҳосил олинади. Бугунги кунда мамлакатнинг 5,1 млн. гектарини қайта ишланадиган ерлар ташкил этиб, бу  республика ҳудудини  23 фоизини ташкил этади. Шундан  5 096 минг гектарининг  1 646 минги сўғориладиган ерлар  ташкил этиб, бу уларда  асосан шоли экилади. Кореяликлар таомномасидан асосий ўрин эгаллаган шоли етиштириш 1945 йилгача   4-4,5 млн. тоннани ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб қишлоқ хўжалигида инновацион технологияларнинг ишлатилиши натижасида  8 млн. тоннадан ошган.

1946 йили амалга оширилган аграр ислоҳат  феодал ижара тизимига барҳам берди. Корея ва япон помешчикларининг ерлари конфискация қилиниб, деҳқонларга бўлиб берилди. Натижада 724 522 нафар ерсиз ва жуда ҳам кичик ер эгалари бир миллион гектардан ортиқ ерга эга бўлишди.  Хукумат  энг камбағал деҳқонларни уруғлик,  қишлоқ хўжалиги жиҳозлари, чорва билан таъминлади. Йирик ирригация иншоатлари қурди.  1953 йилдан бошлаб  қишлоқ хўжалигини кооперациялаш бошланиб, мазкур ҳаракат 1958 йили якунланди.

Иқтисoдиёт aсoсий қисмини қишлoқ xўжaлиги тaшкил қилгaн йиллaр ҳaм бўлгaн. Эндиликдa эса Жaнубий Кoрeя қaйтa ишлaш сoҳaси билaн ғурурлaнсa бўлaди, чунки 1997-йилнинг ўзидa қайта ишлаб чиқариш 25,7% га, 1997-йилда 5% гa, 1996-йили  6,8% гa, 1995-йилда эса 8,9% гa ўсиш кузaтилгaн эди. 1998-йили қайта ишлаб чиқаришнинг ўсиши 6,7% мaнфий кўрсaткични тaшкил этди. Бунинг aсoсий сaбaби 1997-йилдa Жaнубий-шaрқий Oсиё дaвлaтлaридaги иқтисoдий бўҳрoн oқибaтидaдир. Xoрижий сaрмoядoрлaрнинг Xитoй кaби бoшқa ривoжлaнaётгaн дaвлaтлaргa сaрмoялaрини кўчириши билaн иқтисoдий aҳвoл янaдa сaлбий oқибaтлaрни кeлтириб чиқaришигa қaрaмaй, 1999-йили ялпи маҳсулотнинг ўсиши 10,9% ни, 2000-йили 9,3% ни, 2001-йили 3% ни, 2002-йили 6,3% ни, 20013-йили 4,8% ни вa миқдoри 2 миллиaрд AҚШ дoллaрини тaшкил этди.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида деҳқончиликдан келаётган даромаднинг асосий қисмини, яъни 92,7 фоизини  ташкил этади.  Йилига икки маротаба ҳосил олиниши мумкин бўлган жанубий ҳудудларда шоли йиғиштириб олингач, унинг ўрнига сули экилади. Мазкур ғалладан йилига  ўртача  4,5  млн. тонна, буғдойдан – 3 млн.290 минг. тонна, чумиза – 5 млн. тонна, соя – 6 млн. тонна бўлиб,   озиқ-овқат маҳсулотлари буткул мамлакатнинг ички эҳтиёжини қоплайди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Жанубий Корея қишлоқ хўжалигининг асосини шоличилик ташкил этиб, маҳаллий аҳоли  уни неолит давридан буён етиштириб келади. Шоли  намгарчиликни хўш кўрувчи ўсимлик бўлганлиги сабабли деҳқонлар уни асосан текисликларга, бир хил қарталарга экишади. Дарёлардан пастда жойлашган ер майдонлари гравитацион усулда, сув насосларисиз суғорилади. Шоли  даласини қоплаб турган сув сатҳи бир хил бўлиши лозим. Шоли май-июль ойларида кщчат сифатида экилади. Бундай экиш усули ХII асрдан қўлланила бошланган. Лалми ерлар ва тоғёнбағирларида эса шолининг суқсизликка бардошли навлари етиштирилади.

Мамлакатнинг тоғли ҳудудларида маккажўхори экилиб, бугунги кунда барча лалми ерларнинг 40 фоизини мазкур қишлоқ хўжалиги экини эгаллаган. Бундан ташқари кореяликлар севиб истеъмол қиладиган  чумиза (тариқнинг тури) ва сорго (жўхори)  ҳам кўплаб экилиб, уларнинг поялари  чорвага озуқа бўлибгина қолмай, ёнилғи ва  қурилиш материали сифатида ҳам ишлатилади.  Шунингдек  сули, арпа, буғдой, гаолян, нўхот, мош, маккажўхори, картошка, сабзи, шолғом, қовоқ, бақлажон, бодринг, саримсоқпиёз, булғори ва чаён қалампири, пиёз, дайкон  ва бошқа сабзавотлар етиштирилади. Албатта, қишлоқ хўжалигида  техник экинларни етиштириш ҳам яхши йўлга қўйилган. Булар пахта, зиғир, рами, тамаки, женьшень, перилла, кунжут, канакунжут ва шакар лавлагидир. Шойи  ишлаб чиқишда пиллачилик муҳим ўрин эгаллайди.

Техник экинларнинг етакчиси бўлган пахта, зиғир тоғ ёнбағирларида минг йил давомида экилиб келинаётган бўлса,  шакар лавлагини етиштириш усулини деҳқонлар  атиги 50 йил олдин ўзлаштирдилар. Мамлакатга катта даромад келтираётган яна бир ўсимлик бу женьшендир. Ёввойи ҳолда мазкур доривор ўсимлик Жанубий Кореянинг жанубий ҳудудларида, ўрмонлар ичида учрайди. ХYII асрдан бошлаб  женьшень, яъни “одамгиёҳ” сунъий равишда экила бошланди. Бугунги кунда Кэсон ҳудуди женьшень етиштириш бўйича етакчилик қилиб келмоқда.

                                                “Ёруғ кунлар”  боғлари

f3325

Минг йиллар давомида деҳқончилик  билан шуғулланиб келган кореяликлар аста-секинлик билан боғдорчилик сирларини ўрганишди. Бугунги кунда  Жанубий Корея фермерларининг ичида айнан боғдорчиликка ихтисослашаётганликлари кўпчиликни ташкил этади. Улар  етиштираётган  олма, нок, шафтоли, олхўри, гилос, ўрик, анор, хурмо, ёнғоқ, цитрус мевалари  нафақат кореяликлар, балки дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатлари аҳолиси дастурхонини безамоқда.  Олмани кореяликлар атиги 80 йил олдин эка бошлашган бўлишсада, бугунга келиб мамлакатнинг шимолий ҳудудларида унинг 100 дан ортиқ навидан мўл ҳосил олинади. Жанубда цитрус мевалари, Сэул, Тэгу ва Пусанда эса узум етиштирилади.

Мамлакатнинг йирик шаҳарларида эса декоратив боғдорчилик  ривожланмоқда. Бу нафақат уларнинг экологиясини яхшилашга, балки  ахборот ва техника асрида инсонларни табиатга яқинлаштиришга имкон беради. Кореяда  шаҳарда барпо этиладиган манзарали боғларни “ёруғ кунлар боғлари” деб аташади. Уларнинг япон боғларидан фарқи танланган жойнинг ўзига хосликларини бўрттириб кўрсатиш ва иложи борича табиийликни сақлашдан иборат. Сўнгги йилларда  мазкур боғларга кўплаб мевали дарахтлар ва доривор гиёҳлар экилмоқда. Боғбонларнинг фикрига кўра, бу нафақат ердан унумли фойдаланишга, балки дам олувчиларни улар билан таништиришга ҳам имкон беради.

 Чорва ва парранда - ёрдамчи тармоқ

        Жанубий Кореяда чорвачилик қишлоқ хўжалиги соҳасида етиштирилаётган ялпи маҳсулотнинг атиги 6 % ни ташкил этади ва фермерларнинг ёрдамчи хўжалиги ҳисобланади. Яйловларнинг камлиги натижасида  қорамол асосан бир жойда турли хил сабзавотлар, арпа, сули ва хашак билан боқилади. Бугунги кунда ҳукумат сутчиликни ривожлантириш мақсадида  чорвачилик кооперативларини ва мамлакатнинг тоғли ҳудудларида экологияга зарар етказмаган ҳолда  яйловлар ташкил этиш борасида бош қотирмоқда.  Майда туёқлилардан асосан чўчқачилик яхши ривожланган, қўйчилик охирги ўринлардан бирини эгаллайди, холос. Паррандачилик ҳам жадал суръатлар билан ривожланиб, фермерлар асосан товуқ ва ўрдак боқишади. Чунки айнан ўрдак гўшти кореяликлар томонидан энг кўп сотиб олинадиган маҳсулот ҳисобланади.

 

Асалнинг 50 нави ва эман  ипак қурти  ватани

         Асаларичилик асосан мамлакатнинг жанубида ривожланмоқда. Мазкур ҳудуднинг юмшоқ иқлими, йил давомида  субтропик гулларнинг очилиб туриши ушбу соҳа мухлисларининг кўпайишига омил бўлаётир.  Асалари уялари фермерларнинг уйлари ёнида жойлаштирилади. Айниқса баҳор ойлари асалариларнинг бир маромида ғўнғиллаши кореяликларга алоҳида завқ бағишлаб, яшашга иштиёқини кучайтириши кўплаб халқ ашулаларида ўз аксини топган. Бу ерда асалнинг 50 дан ортиқ тури етиштирилиб, сўнгги 20 йилда  унинг дунё мамлакатларига экспорти яхши йўлга қўйилди.

Ёрдамчи хўжалик ҳисобланган пиллачилик мамлакатда қадимги соҳалардан бири ҳисобланиб, Жанубий Корея пилласидан олинаётган тола ва ундан тўқилган шойи матолар сифат жиҳатдан дунёда етакчи ўринни эгаллаб келмоқда.  Пиллачиликни янада ривожлантириш мақсадида  ҳукумат тут кўчатлари ва ипак қуртининг уруғини фермерларга арзон нархда етказиб беради. Деярли ҳар бир фермер хўжалигида тут дарахтлари плантациялари мавжуд бўлиб, Шимолий Пхёнанда эса дунёда биринчи маротаба эман ипак қурти етиштириш йўлга қўйилди. Унинг толасидан асосан жужунча матоси ишлаб чиқаришда фойдаланилади.

 

Жанубий Корея ҳақида 10 та факт

1.      “Forbs” журналининг фикрига кўра дунёдаги энг меҳнаткаш инсонлар, бу жанубий кореяликлардир.

2.      Мамлакатда бепул интернетни ҳар бир ташкилот, корхона, муассаса ва жамоат жойлари ва транспортларида топиш мумкин.

3.      Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган товарлар қадрланиб, маҳаллий аҳоли томонидан биринчи галда улар сотиб олинади.

4.      Қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг етакчи бўғими ҳисобланади.

5.      Стомотология хизматлари қиммат бўлганлиги боис ҳар бир кореялик оғиз бўшлиғи гигиенасига жуда ҳам қаттиқ риоя этади ва доимо ёнида тиш чўткасини олиб юради.

6.      Таълим кореяликлар учун  жуда ҳам муҳим.Улар ўз ўқув ва меҳнат таътилларидан қўшимча курсларга бориш учун фойдаланадилар.

7.      Жанубий Кореяда таътил деган деган тушунчанинг ўзи йўқ. Дам олиш ёки чет элга бориш учун  ишчи ва хизматчилар август ойи бошларида бир неча кунга раҳбарларидан  рухсат сўрайдилар, холос.

8.      Жанубий Кореяда атиги 2 та миллий байрам- Янги йил ва кузги фестиваль бўлиб, уларда атиги 3 кун дам олинади.

9.      Энг нуфузли ва юқори иш ҳақига эга бўлган касблардан бири ўқитувчилик бўлиб, давлат университетларидаги профессор ўқитувчиларни ишдан бўшатиш учун мамлакат президентнинг розилиги зарур.

10.   Кореяликлар соғлиқлари учун жуда ҳам қайғурадилар ва ўзларининг ҳар бир таомларининг фойдаси ҳақида соатлаб гапиришлари мумкин.

Наргис ҚОСИМОВА .

 

Самарқандда экожурналистлар учун Ёзги Академия – 2014 ўз ишини бошлади

300px-Registan_-_Samarkand_-_15-10-2005

  Самарқанд шаҳрида  Атроф-муҳит муҳофазаси бўйича энг яхши журналистик ишлар учун «Қоплон-2014» республика кўрик-танлови доирасида  экожурналистлар учун Ёзги Академия ўз ишини бошлади.
 Академия  ташкилотчилари:  »CHINOR ENK» экологик ноширлик компанияси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори офиси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси.
  «Қоплон» кўрик-танлови  ўтказилиб келинаётган 4 йиллик давр мобайнида    жуда кўп мақолалар чоп этилди, радио ва телерепортажлар ҳамда кўрсатувлар эфирга чиқди.  Ўзбекистон ОАВ томонидан чоп этилаётган мақолаларни таҳлил қиладиган бўлсак, улар  аксарият ҳолларда   воқеа-ҳодисаларнинг тавсифи билан чекланган бўлиб, уларда таҳлилий материаллар деярли мавжуд эмас, дейиш мумкин. Шу боис жорий йилда Академия томонидан таҳлил қила оладиган, мулоҳаза юритадиган журналистларни тайёрлаш, иштирокчиларни нафақат маълумот олишга, балки уни тўғри шарҳлаш ҳамда таҳлилий изоҳлашга  ўргатиш  режалаштирилган.
Бундан ташқари, Академия доирасида иштирокчилар фотосуратга олиш дарсларида иштирок этишлари мумкин.  Сайёрамиздаги инсонларнинг аксарияти маълумотларни визуал равишда  яхши қабул қиладилар, шунинг учун мақола  билан бирга  сифатли ва  ўзига хос  фотоиллюстрацияларнинг берилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Академиянинг мақсади  экологик мавзуда таҳлилий мақолалар ёзадиган  иқтидорли ёшларнинг янги  оқими юзага келишига  ёрдам бериш, журналистларнинг атроф-муҳит муҳофазаси, барқарор ривожланиш ва экологик хавфсизлик  соҳасидаги  хабардорлик даражасини  ошириш ҳамда ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини  профессионал тарзда фотосуратга олиш малакаларини ривожлантиришдан иборат.
Ёзги Академия доирасида ёш эко-журналистлар билимини оширишувчи  ва қизиқиш доирасини кенгайтирувчи ҳамда  кўпроқ сифатли босма материаллар, теле-радиосюжетлар яратиш мақсадида экология ва атроф-муҳит муҳофазаси мавзусини чуқур сингдирувчи қатор ахборот-маърифий  тадбирлар  ўтказиш режалаштирилмоқда. Академиядаги иш жараёнида барча иштирокчилар экспертлар томонидан маслаҳатлар берилиб, қўллаб-қувватланадилар.
Академияда иштирок этиш натижасида ёш журналистларда оламга ўзгача  назар билан боқиш имконияти яратилади.  Академиянинг мазмунга бой дастурига нафақат назарий, балки амалий машғулотлар ҳам киритилган. Табиий объектларга чиқишлар, иштирокчиларга ҳамроҳлик қиладиган ва зарур маълумотлар берувчи  миллий экспертлар билан учрашувлар бўлиб ўтади.
Сифатли таҳлилий материаллар тайёрлашда  журналистика соҳасида 37 ёзги жаҳон тажрибасига эга  таниқли хорижий мустақил медиа консультант Оливер Уайтс (Буюк Британия) ва  фотожурналистика соҳасида 13 йиллик иш тажрибасига эга, БМТнинг Марказий Осиё, Европа, Нью-Йорк ва Либериядаги  Агентликлари  билан ҳамкорликда ишлаган  Кристофер Харвиг (АҚШ) кўмак беради.

 

Манба: econews.uz

ХОНБАЛИҚ – ДАРОМАДГА КОН БАЛИҚ

Уни Ўзбекистон ҳудудида етиштириш имкониятлари

image022Юртимизда балиқчилик, айниқса уни сунъий шароитларда етиштириш катта иқтисодий фойда манбаига айланиб бормоқда. Чунки балиқ таннархига кўра озуқаси учун қилинган сарфлар ҳаражатини ҳам 50-70 фоизгача қоплай олади. Демак, озуқа қанчалик оқилона ишлатилса, балиқчиликдан шу қадар кўп фойда олинади.

Куни кеча Ўзбекистондаги Глобал Экологик Фонднинг Кичик Грантлар дастурига мувофиқ фермерлар учун Ўзбекистоннинг географик ва ижтимоий-иқтисодий шароитларига мўлжалланган хонбалиқни етиштиришга доир ўтказилган “Хонбалиқчилик – Ўзбекистон фермерлари учун истиқболли бизнес” мавзусида ташкил этилган семинар-тренинг ишларида ҳудди ана шу соҳага доир қизиқарли таклиф ўрганилди.

Биламизки, Ўзбекистон шароитида балиқларнинг асосан зоғора, дўнгпешона, оқ амур турлари етиштирилади. Бу балиқларнинг очиқ сув ҳавзаларида йилига атига 3 ой яхши ўсиши фактининг ўзиёқ уларни етиштириш тармоғи деярли ярим йил «ишламаслиги”дан далолатдир. Хўш, мазкур муаммони қандай йўл билан ҳал этиш мумкин? Республика шароитига мос, ўта мақбул қайси балиқ турларини кенг миқёсда етиштириш имкони мавжуд? Умуман, балиқчиликнинг нафақат фойда манбаи, балки табиат фаунасини яхшилашдаги асосий омил сифатида мавжуд бўлиши учун нималарга аҳамият қаратиш керак?

– Бу саволларга жавоб бериш мақсадида биз фермерлар ва шу соҳага қизиқувчилар учун хонбалиқ турини тавсия этишни лозим топдик. Маълумки, хонбалиқни кўпчиликка “форель” номи билан таниш. Яна кўпчилик эса унинг мазали гўштидан ҳатто татиб ҳам кўрмаган. Чунки форель – Ғаройиб балиқ тури бўлиб, унинг асосий хусусияти фақат тоза ва совуқ сувлардагина яшаши билан боғлиқдир. Шу боис бу балиқ тури дунёда камёб ва қимматли, инсон саломатлиги учун ўта муҳим ҳисобланган турли витаминларга бой деликатес маҳсулоти сифатида тан олинган. Ўзбекистоннинг табиий шароити ва мавжуд сув ҳавзаларнинг ҳарорати эса мазкур балиқ турини кўпайтиришни нафақат ривожлантириш, балки уни товар даражасига етказиш, экспорт қилиш имкониятларини ҳам яратишда қўл келади, — дейди Ўзбекистондаги мазкур Фонд дастурининг жамоат билан ишлаш бўйича ўринбосари Махсад Бауетдинов. — Кўп йиллик кузатувлар Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларидаги дарё ва каналлардаги сув ҳарорати йил давомида 18оС дан ошмаслигини кўрсатган. Бу Орол денгизи ҳавзасидаги дарёлар баланд тоғлардан сув олиб, музлик ёки қордан ҳосил бўлиши билан боғлиқдир. Шунингдек, мамлакатимиздаги дарёларнинг сув оқими шиддатли бўлгани учун ҳатто ёз жазирамасида ҳам дарё ва каналлардаги сув токи ўрта оқимга қадар қизишга улгурмайди. Бунга Чирчиқ дарёсининг Тошкент ва Чирчиқ шаҳарлари ўрта қисмидаги сув ҳарорати ҳам мисол бўла олади. Шундай экан, бу муҳит совуқ сувда яшовчи балиқлар, яъни хонбалиқни етиштириш энг қулай имкон эмасми? Қолаверса, тўғри озиқлантирилганда хонбалиқ йил давомида ўсади, ҳатто ҳатто 6-7 ойда ҳам анча йириклашади. Бу эса дўнгпешона ва зоғорабалиққа қараганда кўпроқ маҳсулот, яъни даромад олиш, демакдир. Республика майдонининг қарийб 25 фоизини эгаллайдиган тоғолди ҳудудларида бутун аҳолининг 75 фоизга яқини истиқомат қилишини ҳам ҳисобга оладиган бўлсак, Фарғона водийсининг барча вилоятларидан тортиб, Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида ҳам мазкур соҳани ривожлантириш имкони жуда каттадир.

Шу ўринда мазкур балиқ тури ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак:

Бутунжаҳон миқёсида аквамаданият эҳтиёжлари учун ўтказилган жойлаштириш натижасида камалак хонбалиғи 5 та қитъада, географик жойлашувдан қатъий назар денгиз сатҳидан 4500 метр баландликкача бўлган жойларда яшай бошлагани боис ҳозирда у жаҳоннинг 115 дан ортиқ мамлакатида етиштирилмоқда. Аквамаданиятда камалак хонбалиғини етиштиришнинг умумий ҳажми – йилига 100 минг тоннага яқинни ташкил этади.

Лосос оиласига мансуб бўлган камалак хонбалиқ (rainbow trout), Oncorhynchus mykiss, сой хонбалиғи (brown trout), Salmo trutta, гольца (лосослар оиласига мансуб) (Brook trout) – Salvelinus fontinalis турларини кўпайтиришнинг глобал ишлаб чиқаришда устунлик қилаётганининг асосий сабаби ҳам айнан шу жиҳат – уни етиштириш деярли барча минтақаларда ўзлаштирилгани билан боғлиқдир. Бежизга эндиликда «совуқ сувли балиқчилик» ўрнига «хонбалиқчилик» атамаси қўлланилмайди.

Аммо Ўзбекистонда хонбалиқчилиққа доир билимлар кам. Масалан, бу ерда ўзлаштирилган Экстенсив балиқчиликда балиқлар фақат кўлдаги табиий озуқа базаси организмлари билан озиқланиб, бу организмлар кўлга ўғит солиш орқали кўпайтирилса, ярим интенсив усулда етиштирилаётган балиқлар ҳам табиий озуқа базаси организмлари, ҳам қўшимча озуқа, яъни ўғит ва омухта ем солиш орқали боқилади. Балиқ кўпайтиришнинг бу усулларида балиқ маҳсулдорлиги табиий кечадиган экологик жараёнлар табиий озуқа базасини кўпайтириш билан чеклангани боис, маҳсулдорлик кўпи билан 0,13 ва 0,26 кг/м3 ни ташкил этади (бошқача ҳисоблаганда 10 ва 30 ц/га). Бугунги кунда жаҳон балиқчилиги, шу жумладан хонбалиқчиликда ҳосилдорлик 40 кг/м3 ва ундан ортиқ эканлигини ҳисобга олсак, бу мамлакатимиздаги кўрсаткичдан юз барорар ортиқ демакдир. Шунинг учун биз нафақат кўптармоқли соҳа йўналишларидан бири сифатида балиқчиликни йўлга қўяётган фермерлар, балки оддий балиқчилар, уларни тайёрловчи ўқитувчилар, тадқиқотчилар, балиқлар касалликлари бўйича мутахассислар ва бошқаларга ривожланиш таркиби бу қадар зич бўлган балиқ етиштиришни ўрганишлари ва уни амалга тадбиқ этишдан чўчимасликлари лозимлигини айтмоқчимиз, — дейди Ўзбекистон шароитида хонбалиқ етиштириш бўйича қўшма лойиҳа раҳбари Бахтиёр Комилов. – Чунки бу балиқчилик турини ривожлантириши, биринчидан, жуда истиқболли бўлгани, иккинчидан мамлакатда сув ресурслари танқислиги мавжудлигига қарамай уни кўпайтириш у қадар мураккаб эмаслиги билан ҳам аҳамиятлидир. Масалан, бизнинг тажрибамизда Тошкент ёнидаги бўш турган майдонда бир нечта хонбалиқ етиштириш фермалари, уларга қўшиб питомник ва ҳавза хўжалиги ташкил этишга кўмаклашилиб, «НТ Фищ Фарм» балиқчилик хўжалигида ҳам 2008 — 2010 йилларда Сиэтлдан (Тошкентдан соат минтақалари бўйича Ернинг энг узоқ нуқтаси, бошқача айтганда – дунёнинг нариги томони) уруғлантирилган увилдириғ етказилиб, унинг инкубацияси ҳамда 6-7 ой давомида увилдириғ шаклидан товарбоп балиқ шаклигача етиштириш йўлга қўйилди. Навбатдаги лойиҳа Глобал экологик фонднинг Кичик грантлар дастури доирасида Ғазалкент ёнида хонбалиқ хўжалигини ташкил этишдан иборат бўлди. Айни пайтгача яна 2 та хонбалиқ хўжалиги бунёд этилди.

Ана шу ўтган вақт давомида камалак хонбалиғининг 0 – 25оС оралиқдаги ҳароратга дош бера олиши, уруғнинг ривожланиши учун мақбул ҳарорат — 6-12°С, увилдириғ ва майда балиқларни парвариш қилиш учун -14-16°С, катта хонбалиқ учун -14-18°С талаб этилиши жиҳатлари туфайли Ўзбекистон иқлимида етиштиришда энг мақбул балиқ турларидан бири эканлиги исботини топа олди. Қолаверса, сув ҳарорати 20-22оС дан ортиқ бўлганда хонбалиқ озиқланишни тўхтатиб, ҳарорат оптимал даражадан пасайганда эса унинг озиқланиш рациони ҳам камайиб бориши жиҳатлари хонбалиқнинг табиий сув ҳавзалардаги чучук сувларда қишлаши нормал ўтиб, нолга (музлашга) яқин ҳароратга ҳам дош бера олишини ифодалайди.

- Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ҳудудида Дарбанд дарёси билан Панжоб дарёси қўшилиб, Шерободга дарёсига оқади. Шунинг учун ҳам бу ҳудуднинг суви шўр. Фермерчилик хўжалигим ана шу Панжоб дарёси ҳудуди яқинида. Қўшимча тармоқ сифатида қуёнчилик фермасини ташкил этганман. Аммо океан ва денгиз сувларида ривожланувчи хонбалиқ шўр сувли дарёларда ҳам ривожланармикин? – дейди Бойсун туманидан ташриф буюрган “Раҳмон Нур” фермер хўжалигининг раҳбари Аҳмад Тангриқулов. – Ҳозир хонбалиқни етиштириш учун тузли сув ҳаттоки фойдали эканлиги, балиқларни касалликлардан асраши мумкинлигини билиш мен учун янгилик бўлди. Демак, мен табиий шароитда ҳам бу балиқни етиштиришим мумкин экан.

Ўақиқатдан ҳам, хонбалиқ тузли сувнинг минусли ҳароратида ҳам яшай олади. Муҳими у оксифил балиқ тури бўлгани учун кислородга яхши тўйинган сув талаб этади. Бу балиқ тури сув кислород билан 90-100 фоизга тўйинганда, яъни унинг таркиби 7-8 мг/л бўлганда ўзини яхши ҳис қилади. Аралашган кислород концентрацияси 3,5-6 мг/л бўлганда хонбалиқ ўзини ёмон ҳис этади, 1,5 мг/л бўлганда хонбалиқ нобуд бўлади. Шунинг учун муҳитнинг фаол реакцияси (pH) нейтралга яқин бўлиши ва 6,5-8,5 меъёридан чиқиб кетмаслиги лозим.

– Қолаверса, ҳонбалиқ ёрқин қуёш нурларини хуш кўрмайди, имкон борича сояга, тошлар, илдизлар остига яширинади, чуқур жойларга кетади. Табиий шароитларда булутли кунларда, кеч ёки тонгда фаол бўлади. Айни пайтда бошқа балиқлардан фарқли ўлароқ хонбалиқ доимо сув юзасига яқинроқ бўлади, чунки сузиш қопини ҳаво билан тўлдириш бу балиқда фақат атмосферадан ҳаво ушлаш орқали рўй беради. Шу сабабли ёпиқ кўлмакларда у тўлиқ сувга ботган ҳолда, ҳамда қишда тўлиқ музлаб қоладиган ҳавзаларда яшай олмайди.

Катта камалак хонбалиққа келсак, у океаник туз даражаси 32 фоиз бўлган ҳолда ҳам яшайди. Вазни 250-500 граммгача етгач товарбоп балиққа айланади. Личинкалари 5-8 даражадаги тузликни, шу йил туғилган балиқчалар 12-18, бир йиллик балиқлар -20-25 фоизгача тузликка бардош беришини ҳисобга олсак, бу соҳани ривожлантириш имкониятлари кенглигидан далолат беради, — дейди Фонднинг балиқчилик бўйича мутахассиси Иброҳим Халилов.

Мазкур тренинг давомида иштирокчилар амалий машғулот сифатида сунъий сув ҳавзаларида ташкил этилган хонбалиқ фермаси билан ҳам танишишди. Бу ерда балиқларнинг увулдириқ ҳолатидан тортиб, ёшига кўра ҳам алоҳида-алоҳида ҳовузларда жойлаштирилишининг сабаблари, уларни озиқлантириш тартиби, тўғри сақлаш шароитларини қай тарзда тўҚри ташкил этиш батафсил тушунтирилди. Шунингдек, балиқларда жинсий етуклик 3-4 ёшлигида бошланиб, сув ҳавзасининг жойлашуви, ҳудуднинг иқлим шароитлари, демак, сув ҳавзасининг термик режимига қараб ўзгариб туриши, эркак балиқлар урғочи балиқлардан бир йил аввал балоҚатга етиши ҳақида маълумотлар берилди.

Муҳими,кўпайтириш шароитидаги хонбалиқнининг ўсиш тезлиги сув ҳарорати 16 — 18оС бўлганда оптимал даражага етар экан. Етиштириш даври 280-300 сутка бўлганда хонбалиқ танасининг оғирлиги 250 — 300 граммгача тош босади. Бундай ўсиш тезлигига эса ҳатто ёпиқ тизимли, грунт ва ерости сувлардаги (яъни ҳарорат йил давомида доимий ва мақбул даражага яқин бўлган) қурилмаларда эришиш мумкин. Хонбалиқни сув ҳарорати табиий бўлган қурилмаларда (очиқ тизимларда) етиштиришда унинг ўсиш тезлиги иқлим шароитлари (аввало – сув ҳарорати) ва сув ҳавзасининг характерига боғлиқдир.

Ҳозирги кунда камалак хонбалиқнинг вазни атроф-муҳит шароитлари, ижтимоий-иқтисодий ҳусусиятларига кўра ҳар бир мамлакатда қандай мақсадларда етиштирилишига кўра айрим жойларда 150-250 грамм, бошқа мамлакатларда – 1 килограмм бўлиши мақсадга мувофиқ ҳисобланмоқда. Шунга кўра бу ҳолат балиқчилик фермаларининг айримлари учун ўсиш суръатларининг тезлиги, айримлари учун эса юқори серпуштлиги билан муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур балиқ тури бўйича жаҳоннинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган мутахассислар қанчадан қанча селекция ишларини ҳам олиб боришгани учун ҳозирги кунда хонбалиқнинг кўплаб зотлари яратилди. Улар орасида камалак хонбалиҚи юқори мослашувчанлиги, озуқани фаол истеъмол қилиши, ўсиш суръатлари юқорилиги ва аъло таъми билан ажралиб туради. Умумий ҳаёт кечириш даври 11 йилни ташкил этган бу балиқ турининг уруҚланиш муддатлари сув ҳавзасининг ҳарорат режимига қараб ўзгариб туриши билан ҳам қизиқ. Масалан, уруҚ сочиш баҳор фаслига тўҚри келсада, сув ҳароратининг ортиши куз-қиш ва ҳатто ёз ойларида ҳам уруғ сочиши, унинг ҳатто йил давомида уруғланадиган зотлари мавжуд. Шунинг учун ҳам камалак хонбалиқ балиқчилик билан шуҚулланадиган фермерларда катта қизиқиш уйҚотди.

Камалак хонбалиқнинг селекция қилинган серпушт ва тез ўсувчи яна бир шакли Дональдсон хонбалиғи бўлиб, у 2 йилда 2-3 килограмм оғирлик билан балоғатга етади, ўртача ҳосилдорлиги 5-7 минг увилдириқни, уч йилликлариники эса 5 дан 12 мингтагача увилдириқни, яъни 10 баробар кўпни ташкил этиши билан аҳамиятлидир. 1982 йилда АҚШдан юртимизга ҳам келтирилган бу балиқ тури ҳаётининг илк йилида 0,25 дан 1 килограммгача, иккинчи йилда — 0,5 дан 2 илограммгача, учинчи йилда 2 дан 4,5 килограммгача етади. Бир урҚочи балиқнинг ҳосилдорлиги 20 мингдан ортиқ увилдриқни ташкил этиб, уруғ сочиши сув ҳароратидан келиб чиқиб декабрь-март ойларида ҳам ўтиши мумкин.

Увилдириқ инкубацияси учун оптимал ҳарорат — 8-12°С. Бўлиб, бу балиқ ҳам гранулали, ҳам пастасимон емни фаол истеъмол қилади. Гўшти олий сифатли бўлган бу балиқни кўпайтириш ва етиштиришда мулойим, эҳтиёткорона муносабат талаб этилади. Бу шартларга риоя қилмаслик оқибатида увилдириқ, майда балиқлар ва ҳатто ишлаб чиқарувчи балиқлар нобуд бўлиши мумкин.

Шунингдек, семинар иштирокчилари Калифорния тилла хонбалиҚи, камплоопс хонбалиқ турлари билан ҳам танишишди. Мазкур балиқ оддий камалак хонбалиқдан қатор жиҳатлари билан ажралиб туради.

Мазкур қизиқарли амалий-ўқув семинарида қатнашган иштирокчилардан бири, фермер Шоимқул Очиловнинг айтишига кўра, айни пайтда у истиқомат қиладиган Сирдарё вилоятида 300 дан ортиқ фермер ва хўжаликлар балиқчилик билан шуғулланар экан.

Дарвоқе, яна бир муҳим маълумот: хонбалиқ – йиртқич балиқлар тоифасига мансуб бўлгани учун мамлакатимизда зоғорабалиқчиликда қўлланиладиган анъанавий ёндашув – балиқларнинг асосан ҳовузнинг табиий озуқа базаси ҳисобидан овқатланиши усули қўлланилмайди. Биринчидан, хонбалиқ сақланадиган ҳавзалар кичкина, иккинчидан – назарий жиҳатдан, майда балиқлар ёки бошқа мавжудотлар озуқа базаси бўлиши мумкин, аммо йил давомида совуқ сувли ҳавзаларда катта миқдорда бунча кўп балиқни қаердан олиш мумкин? Учинчидан, сув ҳавзасининг табиий озуқа базасидан етиштирилаётган объект учун асос сифатида фойдаланишда балиқ маҳсулдорлиги жуда паст — 0,2 км3 дан кам бўлади, қўшимча озиқлантириш ҳам ёрдам бермаслиги мумкин. Ўтказилган мазкур тренингда ана шу ва бошқа сабабларга кўра хонбалиқни қуйи қадаш зичлигида ҳам сунъий ем билан боқиш лозимлиги таъкидланди. Муҳими, хонбалиқ етиштириш давомида одам ҳузурида озуқа олишга тезда кўникади.

Энг муҳими, фермерлар, балиқчилик билан шуғулланувчилар ҳамда мутахассилар томонидан хонбалиқчилик – тадбиркор ва фермерлар учун самарали бизнес турларидан бири эканлигига эътибор қарата бошланганидадир.

Дилфуза ҚЎЗИЕВА

 

 

ҚУШЛАР ҲАМ ДАРАХТ ЭКАДИ

7a4fedcb42fa6959ae5016c86296672fБаҳорнинг майин эсаётган эпкини бутун борлиқни қиш мудроқлигидан оҳиста уйғота бошлади. Қурт-қумурсқалардан тортиб, дов дарахтларгача жон энди. Боғимиз адоғидаги ариқ ёқасини тартибга келтирар эканман эндигина ниш уришга чоғланган ёнғоқ ниҳолига кўзим тушиб, қувониб кетдим. Худди шу ерга ёнғоқ экмоқчи эдима, ҳаёлдан ўтказаман, ўзимча. Кейин ўйланиб қоламан. Бу дарахтни ким экди экан? Шу чоғ мияда яшин чаққандек бўлади. Қарға эккан! Чунки кузда ғарқ пишган ёнғоқни еб, қорни ҳам, кўзи ҳам тўйган қарға, эҳтиёт шарт ёнғоқларни у ер-бу ерга кўмиб яшира бошлайди. Қарабсизки, баҳор келиши билан уруғ униб чиқади…

Назаримда бу табиатнинг оддий қонуни эмас. Қандайдир куч қушларни шу ҳолга ундайди. Бошқаради. Сабаби нимаики ихтиро қилинмасин унинг табиатга, экологияга уйғунлиги бор. Бу бежиз эмас, албатта. «Қанотли дўст»лар дея атайдиганимиз  қушларнинг табиатда тутган ўрни, уларнинг инсонлар ҳаётига таъсири қай даражада эканлиги ҳақида ўйлайвериб, адоғига етишмайди киши.

…Калифорниянинг энг хушманзара оромгоҳ манзараларидан бирида «Клир-Лейк» кўли бўлиб, унинг узунлиги 30 километрга етади. Қачонлардир бу кўл балиқ овлайдиган, сув чанаси учадиган ва одамлар ҳордиқ чиқарадиган оромгоҳ бўлган. Ўша пайтларда ана шу соҳилларда дам олувчиларни миттигина пашшалар ташвишга солган. Энг қизиғи, улар одамларни чақмаган, фақат шам, чироқ ёққанларида, ёруғлик атрофида тўпланиб, асабларини бузишган. Ниҳоят 1949 йилда шу кўл янги ихтиро қилинган кимёвий ишланма билан «ҳимоя»лана бошланган. Натижада пашшалар деярли йўқолган. Кўл атрофида «асаббузарлар»нинг жуда камдан-кам индивидлари сақланиб қолган. Бироқ 1951 йилдан сўнг пашшалар сони яна кўпая бошлайди ва 1954 йилда кўл қайтадан дизенфекция қилинади. Пашшалар яна камаяди. Бироз вақг ўтгандан кейин, сувда сузиб юрувчи ҳамда кўл атрофида яшовчи қушлар пашшаларга қарши сепилган химикатлардан зарарланиб, нобуд бўла бошлагани аниқланган. Ана шу дамда соҳа мутахассисларини бир савол қийнай бошлайди. Пестицидлар қуш тўдалари келмайдиган жойларда қўлланилаётган эди. Нега бу жониворлар кўп миқдорда нобуд бўла бошлади? Маълум бўлишича, пашшалар химик ишланмага нисбатан мослашиб, заҳарни ўзига сингдирсада эркин яшай бошлаган. Пашшаларга табиий тарзда қирон келтирувчи қушлар ва турли сув жониворлари эса уларни еб нобуд бўла бошлаган.

Оқибатда биргина қушларнинг кескин камайиб кетиши ўша кўлнинг ўтган асрдаги манзарасининг буткул йўқолиб кетишига сабаб бўлган.

Кўпчилигимиз қушлар бошоқли экинлар пишиб етилганда уларга «ҳужум» қилиб ҳосилдорликка жиддий зарар етказади деб ўйлаймиз. Ана шундай пайтларда имкониятга қараб уларга қарши курашнинг турли чоралари кўрилади. Ҳуштак, шаққилдоқ, турли шаклдаги ясама «қўриқчи»лар… Лекин ўтган йилларда ҳосилдорликни сақлаб қолиш борасида амалда синалган хориж тажрибасининг аянчли «натижа»си ғалатироқ эди.

Хуллас, ўтган асрнинг эллигинчи йилларида мана шу муаммо Хитойда давлат аҳамиятига молик масала даражасига кўтарилиб, зараркунандаларни йўқотиш бўйича қарор қабул қилинади. «Қанотли дўстлар» ҳаракатлари жиддий кузатилиб, уларнинг ҳавода эркин ҳолатда 15 дақиқадан ортиқ учиб юролмаслиги аниқланади. Тадқиқотларга кўра, кўп сонли аҳоли уларни қўрқитиш ва беркинмаслиги учун ноғоралар чалиб, шовқин-сурон кўтариб туришлари оқибатида толиққан чумчуқларнинг ёмғирдек тўкилиши аниқланган.

Ниҳоят, ёз ойларида (1958 йил) уч кун давомида олиб борилган «кураш» туфайли Пекин ва Шанхайда 900 мингдан ортиқ чумчуқ нобуд бўлишига эришилган. Ўша йилнинг ноябрь ойидаги тўлиқ бўлмаган ҳисоблар бўйича 1,96 миллиард(!) чумчуқ йўқ қилинган. Бир йилдан кейин ҳосил чиндан ҳам мўл бўлишига эришилган. Лекин вазият кутилмаганда қалтис тус олиб, ҳашаротлар ва чигирткалар сони кескин кўпайиб кетган. Бир-икки йиллик чигиртка босқини сабабли ҳосилдорликнинг пасайиши рекорд даражага камайган. Оқибатда мамлакатда егулик етишмовчилиги ҳукмронлик қилиб, бир неча миллион нафарга яқин одам очликдан нобуд бўлган.

Кейинчалик, чумчуқларнинг табиатдаги ўта муҳим ўрнини тиклаш учун уларни ўзга мамлакатлардан катта харажатлар эвазига келтиришга мажбур бўлинган.

Бошоқли экинлардан ташқари асаларичилик билан кенг кўламда шуғулланадиган мамлакатлардан бир нечтаси ҳам ўтган яқин йилларда «зараркунанда» қушларга қирғин келтириш чораларини излай бошлаганликлари ҳақидаги маълумотлар бор. Лекин уларнинг суриштириш ва таҳлиллари «беминнат ёрдамчилар» фойдасига ҳал бўлади. Бугунги куннинг статистикаси бўйича айтадиган бўлсак, биргина Африка қитъасида ҳар йили зарарли чигирткаларга қарши 8-10 миллион гектар майдонда кураш тадбирлари олиб борилишига қарамасдан, уларнинг зарари бир неча миллиард АҚШ долларига етмоқда. Бунга қарши кураш учун табиатда қушларнинг сони ортишига имкониятлар яратиш зарур бўлмоқда.

Хулоса шуки, одатда, биз яшаётган дунёда аҳамиятсиздай кўринган митти организмларнинг ҳам табиий бутунликда тутган ўрнини бошқа бир нарса билан «тўлдириб» бўлмайди. Чунки табиат занжирида ҳар-бир мавжудод ўзи бир ҳалқа. Унинг узилиши ёки йўқотилиши оғир жудоликдир. Ҳатто қушлар-ки дарахт экар экан, биз боғни ҳам, «боғбон»ни ҳам бирдай кўрмоғимиз ва асрамоғимиз зарур.

                Икром ХОЛЙИГИТ

Пистачилик – Ўзбекистонда иқлим ўзгариши шароитида лалмикор ерлардаги деҳқончиликнинг энг даромадли туридир

Пистазорлар плантацияларининг яратилиши – ерларнинг емирилишига қарши кураш усули ҳамда табиат ва инсон учун ўзаро манфаатли ечимлардан биридир.

2014 йилнинг 11 июлида Андижон шаҳрида фермерлар ва деҳқонлар учун ташкил қилинган семинарнинг мавзуси  — «Навли пистазорлар плантацияларини қандай яратиш  мумкин – Фарғона водийсидаги лалмикор ерлардан самарали фойдаланиш бўйича янги иқтисодий фойдали ечим» деб аталади. Мазкур семинар Ўзбекистон Фермерлар Кенгаши, Андижон вилояти ҳокимлиги, Глобал Экологик Фонднинг Ўзбекистондаги Кичик Грантлар Дастури (ГЭФ КГД) томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги  Ривожланиш Дастури (БМТРД),  Михаэл Зукков фонди ва  Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги республика  илмий-ишлаб чиқариш институти (МБ ва ЎХ РИИМ) кўмагида ташкил қилинди.

alt

Фарғона водийсининг учта вилояти Ўзбекистоннинг аҳоли энг зич жойлашган ҳудудларидан ҳисобланади. Бу ерда қишлоқ хўжалиги асосий фаолият тури ва ҳудуд иқтисодиётининг асосий тармоғи ҳисобланади. Фарғона водийсида хандон писта  (лот. Pistacia vera) етиштириш учун қулай ҳисобланадиган лалмикор деҳқончилик зонаси кўп жойни эгаллайди. Бугунги кунда ушбу ерлар, аввалги йиллардаги каби бошқли, мойли экинларни лалимкор усулда етиширишда қўлланилади, айни пайтда аҳоли улардан яйловлар сифатида кенг  фойдаланади.

Сўнгги йилларда сув тақчиллиги кучайиб бораётганлиги натижасида ҳар йил ҳам бошоқли экинлардан мўл ҳосил олиб бўлмаяпти. Кўпинча ҳосил фақат уруғлик харажатларини қоплайди, ёки умуман даромад олинмайди. Бутун ер аҳоли томонидан майда участкаларга бўлинган ва асосан яйлов сифатида фойдаланилмоқда. Натижада бу ерлар чорванинг ортиқча боқилиши туфайли
емирилиб бормоқда ва кам ҳосилдор ерларга айланмоқда. Бошқача айтганда, ушбу ерларга бу турдаги хўжалик юкламасининг тушиши уларнинг емирилишини кучайтириши ва саҳролашув ёқасига олиб келиши мумкин. Бу турдаги таҳдидларнинг олдини олиш ва лалмикор ерлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасида янги чораларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.

alt

Ўзбекистон Фермерлар Кенгаши Глобал Экологик Фонднинг Ўзбекистондаги Кичик Грантлар Дастури ҳамда унинг миллий шериклари билан ҳамкорликни кучайтиришда давом этмоқда, ушбу семинар бу борадаги навбатдаги қадам бўлди. Ушбу ташаббус қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ўртасида муқобил деҳқончилик ҳамда қурғоқчил ва кам унумдор ерлардан фойдаланиш тажрибасини – писта ва бодом дарахтлари плантацияларини яратишни оммалаштиришга йўналтирилган. Ушбу амалиёт тупроқнинг биологик функцияларини сақлашга, даромад олиш ҳамда фермерлар ва маҳаллий жамоалар турмуш даражасини оширишга хизмат қилади.

alt

Семинарда фермерлар навли пистазорлар плантацияларини яратиш учун жойни танлаш усуллари; уруғларни экиш ёки ёпиқ илдиз тизимли кўчатларни экиш учун тупроқни тайёрлаш бўйича маълумотлар билан танишдилар; экиш жойларини белгилаш техникасини ўзлаштирдилар.

«Бугунги семинаримиз Ўзбекистонда фермер хўжаликларини кўп профилли хўжаликларга айлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар руҳига мос. Мен бугун ўзим учун айрим режаларни туздим, писта дарахтини ўстириш бўйича маслаҳатлар олдим, ва биз туманимизда албатта пистазорлар плантацияларини яратамиз. Чет элда писта дарахтлари етиширилиши ҳақида, барқарор экин бўлгани ҳолда иқтисодий жиҳатдан манфаатли эканлигини билиб олдим. Табиатни асраш, фермерларимиз турмуш даражасини ҳамда хўжаликлар самарадорлигини ошириш учун биз ҳам пистазорлар яратишимиз керак, — дейди Андижон вилояти, Жалақудуқ тумани Фермерлар кенгашининг раиси Обиджон Носиров.

alt

Семинарнинг назарий қисмига фермерлар  Рустамжон Позилов ва Ибодат Йўлдошева хулоса сифатида пистазорлар плантацияларини яратиш бўйича ўз тажрибаларни сўзлаб беришди.

Масаланинг амалий жиҳатларини намойиш этиш учун иштирокчиларнинг Асака туманига чиқиб,  «Кўҳна дала сардори» фермер хўжалиги билан танишуви  ташкил қилинди. У ерда мутахассислар томонидан ёш пистазорлар плантацияларини  пайванд қилиш ишлари бажарилди.

Семинарда Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларидан юзга яқин фермерлар, жалб қилинган  вазирликлар, идоралар, ўқув юртлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, журналистлар ва бошқа манфаатдор шахслар  иштирок этди.

alt

«Писта дарахтларини ўстириш имкониятлари ҳақида газета мақоласидан ўқиб билдим, — дейди Ибодат Йўлдошева. — Уч йил аввал 2 гектар ерга 560 та писта дарахти кўчатларини экдим. Кўчатлар етказиб берилган контейнерлардаги тупроқни йўқотишдан қўрқиб, уларни ушбу пластик контейнерларда экдик. Йўқотишлар кўп бўлди, шунга қарамай, 437 та кўчатни сақлашга ва ўстиршга эришдик. Ҳозир уларнинг баландлиги одам бўйига етиб қолган. Шу кунларда Тошкентдан келган мутахассислар менинг участкамда пайвандлаш ишларини амалга оширди ва эндиликда плантациямизда пистанинг 17 та тури ўсмоқда. Келгусида менинг хўжалигим «ўсиш нуқтасига» айланиб,  бошқа фермерларга кўчатларнинг юқори унумдор навларини етказиб бериши мумкин бўлади».

Манба:  http://sgp.uz

РЎЯН СИРИ

Stitched PanoramaРўянни Ҳисор давлат қўриқхонасининг Танхоздарё ва Мироқи бўлимларида, Қизилсув бўлимининг Кўҳна қишлоқ, Арратош, Қамарбоши сойларида кўпроқ учратиш мумкин. У ариқ ва дарё бўйларида тоғ ёнбағирларида ўсади.

Рўян кўп йиллик ўсимлик, меваси қора, думалоқ, сершира. Июнь ойида гуллаб, июль-августда пишади.

Рўянннинг доривор маҳсулоти илдизпояларидир. Ўсимлик илдизлари одатда меваси пишиб тўкилгандан сўнг, куз палласида териб олингач, сувда ювилиб, бўлакчаларга ажратилган ҳолда очиқ ҳавода қуритиб олинади. Рўяннинг илдизи ва илдизпоялари таркибида 5-6 фоиз бўёвчи моддалар бўлади. Булардан ташқари, рўян илдизларида органик кислоталар, пектин моддалари, қанд бор. Рўяннинг доривор маҳсулотлари халқ табобати амалиётида қўлланиб келинади. Жумладан, рўян илдизи асосида тайёрланадиган дамламадан буйрак ва ўт йўлларидаги тошларни туширишда, никриз хасталигини даволашда фойдаланилади. Қайнатилиб, асал билан аралаштирилган илдиз қайнатмаси зеҳн пасайганда, сариқ касаллигида фойдали ҳисобланиб, сийдик ҳайдаш хусусиятига эга.

Ҳисор давлат қўриқхонаси илмий ходими

Толмас АРОМОВ тайёрлади.