атмосфера

АТМОСФЕРАДА CО2 ДАРАЖАСИ ЭНГ ЮҚОРИ КЎРСАТКИЧГА ЕТДИ

Атмосферадаги карбонат ангидрид (CО2) гази даражаси 2016 йилда миллионга 403 қисмдан (403 ppm) ошди, бу 800 минг йил учун энг юқори кўрсаткичдир. Шундай маълумотлар Бутунжаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) томонидан душанба куни Женевада эълон қилинди.

«Ўтган 800 минг йил давомида саноатдан аввалги даврдаги атмосферада CО 2 миқдори 280 ppm’дан кам бўлган бўлса, 2016 йилга келиб жаҳон миқёсида 403,3 ppm’га кўтарилган», — дея таъкидланади ЖМТ’нинг парник газлар тўғрисидаги хабарномасида. 2015 йилга нисбатан ўсиш 3,3 ppm’ни ташкил этди, карбонат ангидрид даражаси саноатдан аввалги даврга нисбатан (1750 йилгача) 145%га етди. Метеорологлар бунда икки омил — инсон фаолияти ва 2015-2016 йилларда тропик минтақаларда қурғоқчиликка сабаб бўлган Эл-Ниньо кучли табиат феномени комбинациясини кўришмоқда.

Ўтган 70 йил ичида атмосферада карбонат ангидрид даражасининг ўсиш суръати сўнгги музлик даври охирига қараганда деярли 100 баробарга кўп бўлди. Бу каби кескин ўзгаришлар олдин ҳеч қачон кузатилмаган, дея таъкидланади хабарномада. Тадқиқотларга кўра, CО2’нинг ҳозирги даражаси билан тенг ҳолат Ерда 3-5 миллион йил аввал мавжуд бўлган: ўшанда сайёрада ҳарорат Цельсий бўйича ўртача 2-3 даражага иссиқроқ, денгиз сатҳи эса 10-20 метрга баландроқ бўлган.

ЖМТ маълумотларига кўра, нафақат карбонад ангидрид, балки бошқа парник газлар даражаси ҳам ҳозирда саноатга қадар даврга нисбатан анча юқори. Хусусан, метан (CH4) даражаси 2016 йилда миллиардга 1853 қисмга (1853 mmb) тенг бўлди, яъни 1750 йилдан аввалги даражадан 226 фоиз. Азот оксиди (N2O) ҳозирда 328,9 mmb даражага эга, ёки саноат давридан аввалги ҳолатдан 128 фоиз.

З.ЯРАШЕВА тайёрлади

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз