АНХЕЛ ШАРШАРАСИ

анхелИлк бор устидан учиб ўтган учувчи Жеймс Анхел шарафига номланган, дунёда энг баланд ҳисобланган, яъни умумий баландлиги 979 метр бўлган бу шаршара Венесуэланинг тропик ўрмонларида, Канайим Миллий парки ҳудудида жойлашган.

Унинг Ауянтепуй чўққисидан келувчи суви баландлик катталигидан тушиш жараёнида туман ҳолатига келади ва Кереп дарёсига қуйилади. Туманни эса бир неча километр наридан кўриш мумкин. Шаршаранинг кашф қилиниш тарихи қизиқ. Маҳаллий аҳоли вакилларидан олинган йўлбошловчилар америкалик учувчиларга чўққининг тепасида оппоқ, худди камалакка ўхшаб товланувчи тошлар борлигини айтишади.

Жеймс Анхел буни олмос деб ўйлайди ва кон топиш ниятида ёнига икки ёрдамчиси ҳамда хотинини олиб, самолётига ўтиради ва ўша томонга учиб кетади. Маҳаллий аҳоли айтган тошни топади ҳам. Аммо у олмос эмас, балки томчилар сачрагач, қуёшда товланувчи кварц эди. Анхел тош баҳона шу пайтгача биров билмаган шаршарани кашф этган эди. Бироқ тепадан пастга яёв тушишга тўғри келди. Чунки Ауянтепуй чўққисига қўниш чоғида самолётга шикаст етганди. Тепадан пастга тушиш учун уларга 11 кун керак бўлган. Шундай бўлса-да, бу жамоанинг саргузаштлари тез тарқалади. Самолёт эса орадан 33 йил ўтгач, вертолётлар ёрдамида олиб келинади ҳамда таъмирланиб, Маракай шаҳри музейига топширилади.

1949 йил Миллий география жамияти бу шаршарани тўла ўрганиб чиқади. 1994 йилда эса Канайим Миллий парки, табиийки, шаршара ҳам ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилади. У Венесуэланинг ўзлаштирилмаган ҳудудида жойлашганлиги сабабли, сайёҳларга самолётда ёки дарё орқали кемада бориш тавсия этилади.

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз