dolphins19

4-июль – Халқаро тутқунликдаги дельфинларни ҳимоя қилиш куни

Бутун дунё ҳамжамияти 4 июль куни тутқунликдаги дельфинларни ҳимоя қилиш кунини нишонлайди. Дельфинлар сутэмизувчилар синфининг китсимонлар  гуруҳига мансуб жониворлар бўлиб, ўта ҳаракатчан, асосан тўда бўлиб яшовчи, балиқ еб кун кўрувчи, инсонга энг яхши муносабатда бўлган  сутэмизувчидир. Дельфин сўзи юнон тилидаги δελφίς (delphis), сўзидан олинган бўлиб “янги тўғилган чақалоқ” маъносини англатади.  Ушбу атама дельфиннинг овози янги тўғилган чақалоқ овозига ўхшашлигидан келиб чиққан бўлса ажаб эмас.  Дельфинлар қўшилгач, 10—18 ой  модаси ҳомилани кўтариб юради. Дельфинлар дунёга фақатгина биттагина бола келтириб, 25-30 йилда вояга етади. 1970- йилда бир гуруҳ олимларнинг аниқланишича,  дельфинлар ухлаганда миясининг фақатгина бир томони ухлайди, иккинчиси уйғоқ бўлади. Дельфин мияси  танасига нисбатан анча катта бўлиб, 1700 грамм келса, инсон миясининг ўртача оғирлиги эса 1400 граммдир. Шунингдек, дельфинлардаги мия бурмалари  одамникидан икки баробар кўпдир.  Дельфинларнинг сўз бойлиги 14000  тагача товушлардан иборат бўлиб, уларнинг ўзаро мулоқотга киришишини таъминлаб беради. Дельфин танасининг узунлиги 2 метр, оғирлиги эса 40 кг. атрофида бўлади.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, 1960 йилларда АҚШ ва собиқ Иттифоқда дельфинлардан  ҳарбий мақсадларда фойдалана бошлашган. Махсус ўргатилган дельфинлар денгиз ва океанларда миналар, ўқув торпедаларини қидиришган ва кўпчилиги портлаш  оқибатида ҳалок бўлган. Совет Иттифоқи парчалангач, бу усулдан воз кечилди, аммо АҚШда ҳануз Ҳарбий денгиз қўшинларининг бешта марказида дельфинларни милитаристик мақсадларда фойдаланиш учун тутқинликда ушлаб, ўргатилади. Кўпгина дельфинлар кўнгилочар мақсадларда фойдаланиш учун дельфинарий ва океанариумларда боқилади. Табиатда дельфинлар 100 км.дан кўпроқ масофани бир кунда босиб ўтиб, 200 метр чуқурликкача тушишади. Албатта дельфинарийлар бундай имкониятга эга эмас. Улар томонидан чиқариладиган ультратовуш  аквариум деворларига урилиб, дельфиннинг ўзига қайтади ва соғлиғига зарар етказади. Хлорланган сув эса сутъмизувчиларнинг терисини зарарлаб, кўриш қобилиятини пасайтиради. Оқибатда дельфинларнинг ҳаёт давомийлиги 5–6 марта қисқаради.

Мазкур халқаро кунда биолог ва экологлар  денгиз ҳайвонларини озодликда яшашига имкон яратиб бериш, инсон ўз эҳтиёжларини қондириш мақсадида улардан фойдаланмасликка, тутқинликдаги дельфинларни озодликка қўйиб юборишга чақиради.

Дельфинлар билан боғлиқ қизиқ фактлар
- Ҳиндистон ҳукумати Коста-Рика, Венгрия ва Чилидан сўнг  расмий равишда дельфинларни ҳайвонлар қаторидан чиқариб, уларга “инсон турига оид бўлмаган шахс” мақомини берди ва уларнинг ақлий даражаси ва ўзлигини англай олишини тан олди. Шунингдек Ҳиндистон ҳукумати дельфинларни ўлдириш, қийнаш, улар иштирокидаги барча кўнгилочар тадбирларни тақиқлади;
- сувга ҳомиладор аёл тушса, дельфинлар   унинг ҳомиласи борлигини дарҳол аниқлашади ва уни қутқаришга ҳаракат қилишади;

- дельфинлар сувдан 6 метр баландликкача сакрашлари мумкин;

- тарихда инсонларни дельфинлар қутыариб қолгани ҳақида жуда кўплаб фактлар мавжуд. 2007 йил 28 августда  Калифорния қирғоқларида Родди Хэндрюс га  оқ акула ҳужум қилганида уни бир тўда дельфинлар ўлимдан қутқариб қолишган.

Н.ҚОСИМОВА тайёрлади

 

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз