photo_2019-06-30_00-01-21

Иқлим ўзгариши муаммолари ва Оролбўйи ҳудудларида қишлоқ хўжалигининг мослашув чоралари муҳокамада

Жорий йилнинг 26-27 июнь кунлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳудудида жойлашган Лайнер оромгоҳи конференциялар залида иқлим ўзгариши ва унинг қишлоқ хўжалигига таъсири: иссиқхона газ ташламаларини камайтиришга доир ва мослашув чора-тадбирлари масалаларига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Мазкур анжуман Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига мослашиш ва Орол денгизи сув ҳавзасига унинг асоратларини камайтириш бўйича САМР4АSB дастури лойиҳаси доирасида Марказий Осиё минтақавий экология маркази ҳамда Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси илмий ахборот маркази томонидан ташкил этилди. Унда мувофиқлаштирув гуруҳи вакиллари, маҳаллий банклар вакиллари ва фермерлар иштирок этдилар.

Маълумки, Орол бўйи муаммолари билан боғлиқ иқлимий ўзгаришларнинг салбий таъсири аввало ҳаво таркибида буғланган газнинг кўпайиб бораётганлиги билан ифодаланади. Бу эса бугунги куннинг энг долзарб экологик муаммоси бўлиб қолмоқда. Ҳаво заҳарланишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган бир қатор чора-тадбирлар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши – чорвачилик, боғдорчилик, деҳқончилик каби фаолият турларини қамраб олган. Ишлаб чиқаришнинг мазкур йўналишларида ҳар томонлама тежамкор бўлган техникадан фойдаланиш механизмининг йўлга қўйилиши кўзда тутилган. Мутаҳассислар бу борада иқлимий инвестициялар турини тавсия этмоқда. Таъкидлаш жоизки, дастур лойиҳаси доирасида Жаҳон банки томонидан ажратилган иқлимий инвестициянинг дастлабки амалиётлари тадбиқ этилиш жараёнлари уч йил аввалроқ бошлаб юборилган бўлиб, ажратилган маблағнинг 95 фоизи Оролбўйи ҳудудларининг маҳаллий фермерлари ва ишбилармонлари фаолиятига сафарбар этилди.

Семинар-тренинг давомида фермерларга иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалигига таъсири ва мослашув чоралари борасида машғулот ўтилди. Унда қишлоқ хўжалигида иқлим компонентларини баҳолаш мезонлари, индикаторлари, мослашув технологиялари ҳақида назарий маълумотлар берилди. Шунингдек, экспертлар иқлим ўзгаришига мослашиш технологиялари, қайта тикланувчи энергия манбаларининг техник самарадорлигининг иқтисодий ва молиявий таҳлилларини тақдим этдилар.

Амалий машғулотлар давомида фермерлар иқлим инвестицияларини баҳолаш шаблонини тўлдиришда суб-лойиҳалар ҳудудида иқлим аномалияларини таърифлаш, уларнинг қишлоқ хўжалиги фаолиятига таъсири ҳамда аномалияларга мослашув чора-тадбирлари доирасида яшил технологияларни қўллаш усуллари билан таништирилди.

Шунингдек, Оролбўйи ҳудудларидан ташриф буюрган фермерлар тажриба алмашинуви доирасида қисқа савол-жавоблар, таништирувлар бўлиб ўтди. Бундан ташқари, маҳаллий банк ходимлари билан фермерларнинг мулоқоти ташкил этилиб, банк кредит сиёсати борасидаги масалаларга ойдинлик киритилди.